1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Мавлид ҳақида ўйлар (иккинчи мақола)

14:00 / 09.10.2021 2018 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мавлид» сўзи «таваллуд», «таваллуд они» каби маъноларни англатади. Истеъмолда эса, охир замон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудлари, таваллуд кунлари, ойлари ҳамда шу муносабат билан қилинадиган йиғин ва унда ўқиладиган асарларга нисбатан ишлатилади. 

Мавлид маросими қилишнинг шаръий ҳукми ҳақида турли илмий мақолалар, маърузалар халқимизга озми кўп тақдим қилинди. Хусусан, устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бу борада керакли, лўнда ва энг мўътадил хулослаларни эълон қилдилар. Бу маълумотлар айни оғриб турган жойга малҳам бўлди, кўплаб ихтилофлар барҳам топди. Шунингдек, Мубашшир Аҳмад домламиз ҳам мавлид ҳақида айрим хилофлар ва уларга жавобларни бир кичикроқ мақола ёрдамида тақдим қилдилар. Аслида бу ҳақда гапирилса, жуда ҳам гап кўп. Бу мавзуга бағишланган катта кичик ҳажмдаги китоблар кўплаб топилади. Насиб қилса, уларни батафсил ўрганишга ҳам имкон бўлиб қолар. Аммо, айни вақтда керакли хулоса чиқариш учун ақлли одамга мазкур маълумотлар ҳам етарли экани эътиборидан, мен ҳозир мавлиднинг жоиз ёки ножоизлиги ҳақидаги далилларга киришиб ўтирмай, ушбу мавзуга доир анчадан бери ўзим ўйлаб юрган айрим фикр мулоҳазаларни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқчиман. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан. У зотнинг Ўзидан хато камчиликларимни мағфират этишини умид қиламан ва сиз азизлардан ислоҳ йўлида кўмаклашишингизни илтимос қиламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

1435 ҳижрий Рабиулаввал ойи

 

Нега Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ва у зотдан кейинги мақталган асрларда мавлидни нишонлаш одати бўлмаган?

Ахир салафи солиҳларимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга биздан кўра муҳаббатлироқ ва итоатлироқ эдилар-ку?

Мавлидга қарши бўлган кишиларнинг асосий даъволари айнан шундай. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни мукаммал етказган бўлсалар, энди унга қилинган қўшимча бидъат бўлади да», дейишади. Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон одамларни тўплаб, ўзларининг таваллуд кунларини иншонламаганлар, бунда ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба рўза тутардилар ва у зотдан бунинг сабабини сўрашганда: «Бу мен туғилган кундир», деганлар. Демак, у зот туғилган кунларини эътиборда тутганлар, у кунни ўзига хос ибодатда ўтказишни маъқул кўрганлар. Қолаверса, мавлид маросимларини ташкил қилишга туртки бўлган сабаблар ва ундан кўзланган мақсадларга у зот ҳаётлик чоғларида умуман ўрин бўлмаган. Салафи солиҳлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳозирда жорий бўлиб турган кўп нарсалар йўқ эди. Қуръонни китоб қилиш, Рамазонда таровеҳда хатм қилиш, охирги ўн кунликда жамоат бўлиб таҳажжуд ўқиш, мадраса ва университетлар ташкил этиш, турли муносабатлар билан ҳар хил анжуманлар, йиғилишлар ўтказиш каби ишларнинг бирортаси бўлмаган. Шу билан бирга, бу каби ишлардан қайтарилмаган, балки уларнинг пойдеворлари барпо этилган, уларга кенг йўл очиб қўйилган, асослари белгилаб берилган. Ана шу асосларга кўра ҳар даврнинг уламолари ўзлари яшаб турган замондаги вазиятдан, мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, ўша пайт учун зарур бўлган турли хайрли ишларни йўлга қўйганлар. Шу тарзда Аллоҳ таоло Ўз инояти билан Уммати Муҳаммадияга ҳамма даврда Исломнинг ҳимоясига, ривожига сабаб бўладиган ишларни илҳом қилган. Мавлид ҳам ана шундай амаллардан бири, десак, хато бўлмайди. Эҳтимол, ўтган салафлар даврида мавлидни эҳтиёж йўқлиги сабабидан қилишмагандир. Кейинги пайтларда бунинг зарурати ва манфаатлари юзага чиққандирки, уламоларимиз бу ишни жорий қилишган. Мисол учун, айрим мусулмон ўлкаларда, жумладан, Андалусияда насронийлар ўзларининг байрамларини нишонлаб, турли тадбирлар қилишарди. Мусулмон ёшларининг онгида ўша байрамлар из қолдираётгани сезила бошлади. Шунда ушбу хатарнинг олдини олиш мақсадида Андалусиялик уламолар мавлид маросимларини ташкиллаштиришган, оммани мункардан сақаш учун мубоҳ амалларни фойдаланишни йўлга қўйишган. 

Иккинчидан, мавлидни ҳеч ким асли шариъатда жорий қилинган амал деб айтмаган. Балки, буни бир яхши одат сифатида кўришган ва шариатга хилоф бўлмаган, шаръий мақсадларга хизмат қиладиган восита, деб қарашган. Агар унга шаръий тус бериб, фарз, вожиб ё суннат амал дейилса эди, уни динда янгилик деса бўларди. Мавлид барча замонларда одатий бир тадбир ўлароқ амалга ошириб келинган. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотдан кейинги салафларнинг бирор ишни қилмаганлиги унинг ножоизлигини тақозо этмайди. Бу барча бир овоздан таъкидлаган машҳур фиқҳий қоидадир. Шариатда одатларга кенг йўл очиб қўйилган. Қуръон ва Суннатга хилоф бўлмаган одатлар мубоҳ саналади. Ана шундай амаллар агар шариат мақсадларига хизмат қилса, ҳамоҳанг бўлса, унда уларда ниятга кўра савоб ҳосил бўлади.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

1435 ҳижрий Рабиулаввал ойи

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган асрда яшаб ўтган Андижоннинг йирик уламолари, жумладан, Абдулмажид қози домла, Аминжон Махсум домла, Ҳабибуллоҳ ҳожи дада, Муҳаммад Мубин қори дадалар давоми...

1721 15:00 / 16.10.2021
Набий алайҳиссаломга муҳаббат қўйишдан кўзланган энг катта фойда у зот кўрсатган йўлда ва даъват қилган динида собитқадам бўлиш, амрларига бўйсиниш ва саҳобалар давоми...

7482 09:50 / 13.12.2017
2725. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Мен қачон Умарнинг «Мен буни шундай деб ўйлайман», деганини эшитсам, албатта, ўша нарса унинг айтганидек бўлмай давоми...

5241 19:33 / 07.12.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Сартарошнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб давоми...

1795 12:47 / 09.10.2023
Аудиолар

210834 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130097 14:35 / 11.08.2021