1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Муҳаммад алайҳиссолату васаллам инсонларнинг энг яхшисидир

20:49 / 02.12.2017 4106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлидни нишонлаш

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Сен: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар.», деб айт” (Юнус сураси, 59 оят).

Ҳеч бир инсон Қиёмат куни кимлар билан бирга бўлиши ҳақида билмайди. Аммо Аллоҳ таоло бизларга ҳаётлик пайтимиздаёқ Охират кунида қайси тоифа одамлар билан бирга бўлишимизни танлаш имкониятини бермоқда. Ҳадиси шарифда: «Қиёмат куни инсон яхши кўрганлари билан бирга бўлади» деб айтилган.

Аллоҳ таоло Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган кунни мусулмонлар учун шоду-хуррамлик куни қилиб берди. Маълумки, Набий алайҳиссалом Робиъул-аввал ойининг 12 кечасида эрталабки намоздан олдин дунёга келдилар. Шу пайтда қилган дуоларимиз ижобат бўлишининг эҳтимоли жуда катта. 

Бир кун Маккалик Шайх Муҳаммад ибн Алавий ибн Аббос ибн Моликийдан: «Нима сабабдан Расули акрам алайҳиссолату васаллам Ражаб, Шаъбон каби улуғ ойларда эмас, балки Робиъул-аввалда туғилганлар? » деб сўрашди. Шунда Шайх: «Агар Набий алайҳиссалом Рамазон ёки ражаб ойида туғилганларида, одамлар Аллоҳ таоло шу улуғ ой ҳурматидан Пайғамбарини дунёга келтирди деб ўйлашлари мумкин эди». Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло робиъул-аввални Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган кунлари билан безатди.

Шундай бир нақл бор: «Боласининг исми Муҳаммад бўлса, ўғли хонага кирганда отаси ўрнидан тургани яхшидир». Аллоҳ бу исмни шу даражада улуғ ва мўътабар қилди. 

Шунингдек, турли хил масалалар муҳокама этилаётган мажлисда Муҳаммад исмли инсон қатнашаётган бўлса, у ерда Аллоҳнинг баракоти бўлади. Шу сабабдан ечими топилмаётган муаммолар кўриб чиқилаётган йиғилишларга Муҳаммад исмли инсонлар таклиф қилинса, шунда мажлис ҳам, маслаҳат ҳам, иншааллоҳ, баракали бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари шунчалик фазилатлидир!

Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни оламларга раҳмат этиб юборди. У зот мўмин ва кофирлар, итоаткор ва осийлар, ҳайвон ва дарахтларга раҳмат этиб юборилганлар. Муҳаммад алайҳиссолату васаллам нафақат инсонлар, балки жинлар ва бошқаларга ҳам Пайғамбар қилиб юборилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари бизларга қурбонлик қилинаётган ҳайвонга раҳм қилишни ўргатишда намоён бўлади. Набий алайҳиссалом: «Қурбонлик ҳайвоннинг сўйилишини бошқасига кўрсатманглар. Унга сув ва овқат бериб пичоғингизни қайранглар» деганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату васалламга саловотлар айтилаётган, Аллоҳ таоло Ўз ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга ато этган хислат ва фазилатлар ҳақида суҳбатлар бўлаётган, у зотнинг умматлари эканликларидан шоду-ҳуррамликка бурканган мажлислар одамлар орасида мавлид деб номлана бошлади. Саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳам йиғилишиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиб, у зотга севиниб Набий алайҳиссалом ҳақларида суҳбатлар қуриб туришган. Бироқ улар бундай мажлисларни мавлид деб аташмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳаётининг мазмуни бўлганлар. Улар ҳамма жойда Набий алайҳиссаломни мақтаб, у зотга салавотлар айтишган. Мавлид учун йиғилмаслик керак деган гап бемаънидир. Расули акрам алайҳиссолату васаллам Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларида, мадиналиклар у зотни машҳур «Тала ал бадру алайна» нашидасини куйлаб кутиб олишган. Набий алайҳиссалом уларни бу ишларидан қайтармадилар. Бу саҳоба розияллоҳу анҳумлар Ҳабибуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирган қувончларининг яна бир ёрқин мисолидир.

Мавлид жуда гўзал ва савобли амал ҳисобланиб, асосан Расули акрам алайҳиссолату васаллам туғилган ойда ўтказилади. Мавлид шеърий шаклда айтилиб истиғфор, зикр, салавот ва Қуръон тиловатидан иборатдир. Илк бор бундай мажлислар Ирбил деб номланган жойда расман ўтказилган. У ернинг ҳокими ўта тақводор инсон бўлган. Бу каби мажлислар Ҳофиз ибн Ҳажар Аскалоний, Ҳофиз Саҳавий, Ҳофиз Суютий раҳимаҳуллоҳ сингари машҳур ва атоқли олимлар ҳамда Набий алайҳиссаллом суннатларини ҳимоя қилувчи ва бидъатларга қарши курашувчилар томонидан маъқулланган. Мавлид ўтказиш ўта фойдали тадбир бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга севги изҳор қилиниши, мусулмонлар хурсандчиликларини ифода этиши, мўминлар ўртасидаги биродарлик ва муҳаббат ришталари мустаҳкамланиши, эҳсон-садақалар тарқатилиши, Набий алайҳиссалом ҳақларида билим олиниши каби кўплаб маҳбуб ва мақбул амаллар ўрин олган бўлади.

Ҳофиз Суютий раҳимаҳуллоҳ Шариатда мавлиднинг ҳукми қандай деган саволга: «Мавлид ўтказишнинг асоси бўлиб мажлис, Қуръон тиловати ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида содир бўлган муҳим воқеалар ҳақидаги ҳикоялар хизмат қилади. Бундай тадбир Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш учун ўтказилади. Бу эса Шариат нуқтаи назаридан мақтовга сазовор ишдир» деб жавоб берган.

Ҳадиси шарифда: «Исломда бир яхши ишни бошлаб берган киши ҳамда Қиёмат кунигача ўша ишни давом эттирувчиларга ажру-мукофот бордир» дейилган. Яна бир ҳадисда: «Насронийлар Исо алайҳиссаломни ҳаддан зиёд улуғлагандек мени улуғламанглар» дейилган. Ушбу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умуман салавотлар ва мақтовлар айтиш ножоиз экан деган маънода эмас, балки мўмин-мусулмонлар Набий алайҳиссаломга Аллоҳнинг ўғли деб ном қўймасликлари керак деган маънода тушуниш лозим. Мусулмонлар ҳеч қачон Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга насронийлар Исо алайҳиссаломга бўлганчалик муносабатда бўлишмаган. Яъни Расули акрам алайҳиссолату васалламни Аллоҳнинг ўғли ва шунга ўхшаш сифатлар билан тақдирлашмаган. Ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг қулларидан биронтасини ҳаддан зиёд улуғлаш диндан чиқиб кетилишига сабаб бўлишини яхши билади. Шу сабабли мусулмонлар Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга шон-шарафлар келтиради деган айбловлар асоссиз ва бемаънидир.

Йиғилишиб олиб Набий алайҳиссаломга салавотлар айтиш мумкин эмас дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Улар бундай мажлис Исломдаги тақиқланган бидъатдир деб ҳисоблайдилар. Аммо ўзлари баъзи шайхларни туғилган кунларини нишонлаб ва шунга ўхшаш тадбирларда қатнашиб юрадилар. Демак, уларнинг ва бошқаларининг туғилган кунларини нишонласа бўладию, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг таваллуд топган кунлари муносабати билан хурсандчилик билдирилса бўлмайдими? Бу қандай гап бўлди?!

Одамларнинг жоҳиллиги ва билимсизлигининг чеки йўқ. Баъзилар халқ орасида мавлид деб ном олган Аллоҳ таоло зикр қилинадиган, Набий алайҳиссаломга салавот айтиладиган мажлисларни маън қилиб, аммо телевизор олдида ўтириб олиб кўрсатувлар муҳокама қилинадиган йиғилишларни тақиқлашмайди.

Мавлид шеърий шаклда айтилишини таъна қиладиганлар масаласига келадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: «Шеърда ҳикмат бор» деганлар (Бухорий).

Бир кун Қаҳб бин Зуҳайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида назм (шеър) айтиб бераётганида, Набий алайҳиссалом устки кийимларини унга ҳадя қилиб юбордилар.

Ҳикоя қилишларича, шоир Ҳассон ибн Собит масжидда шеър ўқиётганда, у ерга халифа Умар розияллоҳу анҳу кириб қолиб, унга таъна тўла нигоҳ билан қарайди. Шунда шоир Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни назарда тутиб: «Бу масжидда сизданда яхшироқ инсонга шеърлар ўқиб берганман» деган экан. Набий алайҳиссалом ҳозир бўлган мажлисларда саҳоба розияллоҳу анҳумлар шеър ўқиганликлари тўғрисида кўплаб ҳадислар мавжуд. Имом Шофеий: «Шеърият – бу нотиқликнинг мағзидир. Яхши шеър хайрлидир ва бўлмағур шеър ёмондир» деган экан.

Мавлид – бу Расули акрам алайҳиссолату васалламнинг сийратлари, хулқлари, сифатлари, хислатлари ва фазилатларини ёритувчи қиссадир. Набий алайҳиссалом даврларида ҳам ўтказиб турилган зикр мажлисларининг моҳияти айнан шундадир. Ўша мажлислар ўзгача ном билан аталгани эса бошқа бир масаладир. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида фиқҳ, тафсир, наҳв сингари атамалар ҳам бўлмаган. Шу сабабдан мавлид ўтказиб бўлмайди деб фикрлайдиганлар катта хатога йўл қўйишмоқда.

Аллоҳ таоло бизларни қайта тирилтириб, Қиёмат куни суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байроқлари остида тўпласин! Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳабибим Нeча йиллар ўтса ҳам орадан, гўё озгина аввал ташриф буюргандeксиз дунёга. Ҳалиҳамон хушбўй исингиз дунёимизни тарк этмади.Боғчалардаги гулларнинг давоми...

4060 16:48 / 08.12.2017
Чексиз ҳамду сано бирла каломлар,Бўлсин раҳмон ва раҳмли Раббим учунМукаммал, тугал салоту саломлар,Бўлсин суюклигим ndash Ҳабибим учун.Оламлар сарвари Расулим давоми...

2410 18:05 / 04.11.2019
Аллоҳ таоло.Ана шундай, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима ndash идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан давоми...

4098 18:22 / 09.12.2017
Имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳи ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади.Саййидимиз Аббос ибн Абдулмуттолиб Набий алайҳиссаломнинг давоми...

2918 09:22 / 02.11.2021
Аудиолар

137646 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57716 14:35 / 11.08.2021