1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Дунёнинг хираликларидан ҳайрон бўлмаслик

06:54 / 28.11.2017 4473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Модомики ушбу дунёда экансан, хираликлар воқе бўлишидан ҳайрон бўлма. Чунки улар фақатгина сифати ҳақ бўлган ва таърифи вожиб бўлган нарсанигина ошкор қилур.

– Сифати ҳақ бўлган – сифати ўзи билан доимий бўладиган оқ, қора, катта, кичик нарсалар.

– Таърифи вожиб бўлган – беморлик, соғлик, хурсандчилик ва хафаликка ўхшаш ўзгариб турадиган нарсалар.

Ушбу ҳикматда бу дунёда турли хираликлар бўлиши турган гап экани, мўмин инсон улардан ҳайрон бўлмаслиги лозимлиги таъкидланмоқда. Чунки ўша хираликлар бор нарсаларни акс эттирадилар. Бор нарсадан ҳайрон қолишнинг кераги йўқ.

Барча халқларда ҳам охиратга ишонадиганлар бу дунёни бевафо дунё, беш кунлик дунё, ҳасратли дунё, ғам-андуҳ дунёси каби сифатлар ила сифатлайдилар.

Ўз-ўзидан «Нима учун бундай бўлган?» деган савол пайдо бўлади. Нима учун бу дунё хираликлар дунёси бўлган? Нима учун бу дунёнинг роҳат-фароғатларига ғам-ғуссалар аралашган? Нима учун бу дунёнинг саодати шақоватига, хурсандчилиги хафачилигига, сурури мусибатига аралашган?

Ушбу зикр қилинган ва яна зикр қилинмаган шунга ўхшаш саволларга уламоларимизнинг жавоблари қуйидагича бўлади.

Аввало бу дунё синов ва имтиҳон дунёсидир. Аллоҳ таоло бу беш кунлик ва бевафо дунёни охиратнинг экинзори қилгандир. Инсон ушбу дунёдаги қисқа муддатли ҳаёти давомида абадийлик олами бўлмиш охират оламидан эгаллайдиган доимий ўрни учун имтиҳон ва синовдан ўтади. Банда балоғат ёшига етганда, унинг ҳар бир гап-сўзи ва иши ҳисобга олина бошлайди. Унга бириктирилган икки фариштанинг ўнг томондагиси банданинг яхшиликларини заррачасини ҳам қолдирмай «амаллар дафтари»га ёзиб боради. Чап томондаги фаришта эса банданинг ёмонликларини заррачасини ҳам қолдирмай ёзиб боради. Вақти-соати етиб, банда вафот этадиган бўлса, «амаллар дафтари» ёпилади. Дафн маросимида иштирок этган кишилар орқаларига қайтиб, оёқ дупурлари эшитилар-эшитилмас бўлганидаёқ фаришталар келиб, савол-жавобни бошлайдилар ва «амаллар дафтари»даги битикларга биноан банданинг охиратдаги жойи ўзига кўрсатилади. Ва у қиёматгача кутиб ётади. 

Бу дунё ана шундай дунё. Аллоҳ таоло инсонни бу дунёда Ўзига бандалик қилиб – буйруқларини бажариб, қайтарганларидан қайтиб, ҳукмларига бўйсуниб яшашга амр қилган. Ушбу нарса шариат истилоҳида «таклиф» дейилади. «Таклиф» сўзи чорлаш, масъулият ва оғирлик юклаш ҳамда кулфат маъноларини англатади. 

Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган банда томонидан таклифларни бажариш – амрларни адо этиш, қайтариқлардан қайтиш, ҳукмларга бўйсуниш ибодат дейилади. Ушбу ибодатларни – таклифларни бажарган бандаларга жаннат ва ундаги неъматлар ваъда қилинган. Уларни адо этмаган бандаларга дўзах ва ундаги азоблар ваъда қилинган. Жаннат ва дўзахдаги мартабалар савоб ва гуноҳларнинг ҳажмига қараб белгиланиши тайин қилинган. 

Ушбу таклифларни бажариш инсоннинг ихтиёри асосида бўлиши ирода қилинган. Яъни Аллоҳ таоло инсонни истаса-истамаса мазкур таклифларни мажбурий равишда адо этадиган қилиб яратмаган. Инсоннинг ихтиёрини ўзи билан бирга яратган. Унга ақл ва қалб берган, тўғри йўлга чорлаган ва нотўғри йўлдан қайтарган ва савоб касб қилганга жаннатни, гуноҳ касб қилганга дўзахни ваъда қилган. Таклифни адо этишни ихтиёрий қилган. 

Агар бу дунё ҳаёти фақат яхшиликдан, нозу неъматдан, роҳат-фароғатдан, айшу ишратдан, ҳузур-ҳаловатдан иборат бўладиган бўлса-ю, бошқа нарсалар бўлмаса, бу ҳаётнинг синовлиги, имтиҳонлиги қаерда қолади? Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиш, қайтарганидан қайтиш, бир сўз билан айтганда, У Зотга ихтиёрий равишда бандачилик қилиш қаердан бўлади?

Агар бу дунё ҳаётида инсон бемор бўлмаса, қаримаса, бировдан сўкиш эшитмаса, озор топмаса, зулм кўрмаса, камбағалликка йўлиқмаса ва бошқа хираликларга йўлиқмаса, бу дунёнинг синовлиги қаерда қолади? 

Шунинг учун ҳам бу дунёда яшаётган инсон ҳаётида ҳаёт тақозосидан ва шаръий таклифдан келиб чиқадиган хираликлар бўлиб туриши айни ҳикматдир.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, шаръий таклифларни адо этиш учун асосан сабр ва шукр ишга тушиши керак бўлади. Қийинчилик, мусибат ва шиддатларга сабр керак бўлади. Нозу неъматлар ва орзу-умидларга эришганда шукр керак бўлади. Шаръий таклифларни адо этиш учун ушбу икки турдаги нарсалар аралаш бўлиши лозимдир.

Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу ҳақиқатни Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«...Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз» (35-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини гоҳида ёмонлик, гоҳида яхшилик билан синайди. Ёмонлик етганда банданинг қийинчиликка чидаши, ўша оғирликка сабр этиши, Аллоҳга бўлган ишончи ва Унинг раҳматидан умидворлиги қандай экани маълум бўлади. Бу синовларга кўпчилик чидайди, ундан муваффақиятли ўтиш ҳам мумкин.

Аммо яхшилик билан синаш жуда қийин синовдир. Бу синовдан ўтиш душвордир. Кўплар камбағаллик ва йўқчиликка чидайди. Аммо бойлик ва сероблик келса, ўзидан кетади. Қўлига бойлик тушса, ҳовлиқиб, ҳаром-хариш ишлар қилишга ўтади. Шунингдек, заифлик ва жабр-зулмларга чидайдиганлар кўп. Аммо куч-қувват ва соғломлик синовидан ўта олмайдиган, ўша неъматларни нотўғри йўлда сарфлайдиган одамлар ундан ҳам кўп. Бошқа нарсаларни ҳам шунга қиёс қилаверишимиз мумкин. Ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатади. Исломий таълимотлар эса ёмонлик ва яхшилик синовидан саломат ўтишга тарғиб қилади. Ёмонлик етганда, сабр қилишга, яхшилик етганда, шукр этишга чақиради.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг иши ажибдир. Унинг ҳамма ишида яхшилик бор. Бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда йўқдир. Агар унга яхшилик етса, шукр қилади. Бу унинг учун яхшилик бўлади. Агар унга ёмонлик етса, сабр қилади. Бу ҳам унга яхшилик бўлади», – деганлар.

«...ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз».

«Ҳеч ким Биздан ўзгага қайтарилмайди. Ўшанда Биз сизларга синов-имтиҳон натижасининг хабарини берамиз».

Синовлар турли хил бўлиши ҳам одатга айланган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

 «Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк келтирганлардан кўплаб озор эшитажаксиз. Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу азийматли ишлардандир» (186-оят).

Барча ҳолатларда албатта бало-офат ва синовлар бўлиши шартдир. Душманлардан озор эшитиш ва жафо кўриш ҳам бор нарса. Бундай пайтларда сабр-тоқатли, чидамли бўлиш ва Аллоҳ таолога тақво қилиш зарурдир. Чунки бу йўл олий мақсад йўлидир. Жаннат йўлидир. Жаннат йўли доимо тиканлар билан ўралган бўлади. Дўзах йўли эса шаҳвоний ишлар, лаззатлар билан ўралган бўлади. Қийинчиликсиз эришилган нарсанинг қиймати бўлмайди. Иймон, Ислом йўлида ҳаракат қилувчиларга молу мулкларида ҳам синов келади. Уларнинг молу мулкларини золимлар тортиб олиши ёки йўқ қилишга уриниши мумкин.

Шунингдек, баъзилар уларнинг жонига ҳам қасд қиладилар. Уларни азоблашлари, қийнашлари ва ҳатто ўлдиришлари ҳам мумкин. Фақат жону молга бало етганда, душманлардан озор кўрганда

«Агар сабр қилсангиз ва тақво қилсангиз, албатта, бу азийматли ишлардандир».

Ана шундагина кўзланган мақсадга эришилади. Ҳаммаси яхшилик билан тугайди. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер.

Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир» (155-156-оятлар).

Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Инсон қийинчиликларда, синовларда тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.

«Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».

«Хавф» деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, «Мол-мулкка ўғри уриши, офат етиши ёки золимларнинг тажовузи туфайли нуқсон етказиб; жонга турли хасталиклар билан, яқин кишиларнинг, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб; меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш ила синаб кўрамиз», – дейди Аллоҳ таоло. Бошига шундай синов келган, мусибат етган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кўрсатма бермоқда:

«Ва сабрлиларга хушхабар бер. Улар ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», – деганлардир».

Демак, мусулмон киши мусибат етганда сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:

«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтиш қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.

«Албатта, биз Аллоҳникимиз…», яъни «Барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани қачон қандай тасарруф қилишни Ўзи билади».

«…ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни «Эртами-кечми, барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам». Шу боис, истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.

Юқорида зикр этилган машаққатларнинг, хавфу хатарга, очликка учрашнинг, молу жонга ва меваларга нуқсон етиб, зарар кўришларнинг ва уларга сабр қилиб, истиржоъни айтиб, унинг маъносини ақийда этиб яшашнинг мукофоти келаси оятда зикр қилинади:

«Ана ўшаларга Роббларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар, ўшаларгина ҳидоят топганлардир» (157-оят).

Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот тарзида ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловотлари, меҳри, шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. 

Иккинчидан, бу дунё қисқа муддатлидир. Ўлим эса инсоннинг йўқ бўлиши эмас, бевафо, ўткинчи ва синов дунёсидан вафоли ва бақоли охиратга кўчиб ўтишидир. Агар бу дунё фақатгина неъматдан, ҳузур-ҳаловатдангина иборат бўлса, унда ҳеч қандай хиралик бўлмаса, одамлар ундан зинҳор ажрагиси келмай қолади. Охират уларни заррача қизиқтирмай қўяди. Бу дунёда хурсандчилик, ҳузур-ҳаловат билан бир қаторда хираликлар ҳам бўлиши Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати ила жорий қилинган. Улар бандани охиратни ўйлашга, унга тайёргарлик кўришга ундайди.

Яқин танишларимиздан бирини беморликларида кўргани бордик. Мустаҳкам эътиқодли, серибодат ва ҳуснихулқли зот эдилар. Бизга ўзлари пешвоз чиқиб, кутиб олдилар. Меҳмоннавозлик кўрсатдилар. Суҳбат давомида «Аллоҳ таолонинг Ўзи чевар экан, одамни у ёққа сафар қилишга рози қилиб қўяр экан. Одам буни бемор бўлганда билар экан», дедилар. Биз у кишига тасалли бериб, яхши гаплар айтдик. Лекин у киши ўз фикрларини қайта-қайта таъкидлар эдилар. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтгач, вафот топганларининг хабари келди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат қилсин! Ўшандан буён ҳақиқий иймон соҳиблари, охиратга иймони бор кишилар ўлимни хурсандлик билан кутиб олишларининг ҳикматини эслаб юраман. Чунки бундай кишилар бу дунё ҳаёти вақтинчалик матоҳ эканини ва асосий ҳаёт охират ҳаёти эканини яхши биладилар.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«Бу беш кунлик дунё ҳаёти вақтинчалик бир матоҳ, холос. Албатта, охират барқарорлик диёридир» (39-оят).

Ҳақиқий барқарорлик, бардавомлик, ҳақиқий роҳат-фароғат фақат охиратдагина бўлади. Шунинг учун дунёни эмас, охиратни кўзлаб иш қилинг. Мазкур амални қилиш жараёнида ушбу насиҳат эсда бўлсин:

«Модомики ушбу дунёда экансан, хираликлар воқе бўлишидан ҳайрон бўлма. Чунки улар фақатгина сифати ҳақ бўлган ва таърифи вожиб бўлган нарсанигина ошкор қилур».

Модомики ушбу дунёда эканмиз, Аллоҳ таоло барчамизни хираликлар воқе бўлишидан ҳайрон бўлмаслигимизни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1638. Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас, у зот савдо қилаётган одамларни давоми...

4598 20:06 / 15.09.2017
Еттинчи зарар қиёматда ҳасрат ва надоматга қолиш.Саъдий раҳимаҳулоҳ айтади Сар аз жайби ғафлат баровар кунун,Ки, фардо намонад ба ҳасрат нигун.Назмий маъносиСен давоми...

3405 21:16 / 18.04.2018
Насиҳат. Фузайл ибн Иёзнинг1 ёнига бир киши келиб .Менга насиҳат қилинг,, деди. У киши шундай деди .Мендан беш нарсани ёдлаб ол1. Сенга нима етса, Аллоҳнинг қазосидан давоми...

3517 15:07 / 23.03.2018
Ҳадис. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбада шундай дедилар .Кишининг судхўрликдан топган бир дирҳами гуноҳ жиҳатидан Аллоҳнинг наздида ўттиз давоми...

3527 14:19 / 20.03.2018