1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида (3-қисм)

20:53 / 18.11.2017 4823 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2662. «Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Тавротда Муҳаммаднинг сифати ва Ийсо ибн Марям алайҳимуссаломнинг сифати ва Ийсонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга дафн қилиниши ёзилгандир».

Олтовини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятнинг ровийси Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу яҳудийларнинг олимларидан бўлганлар. Инсофли ва ҳақиқий олим бўлганлари учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан «Тавротда васфи келган пайғамбар шу киши экан», деб, у зотга иймон келтирганлар.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳунинг иймонлари гўзал бўлди. У киши энг машҳур саҳобийлар сафидан ўрин олдилар. Мана, ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида Тавротда келган маълумот тўғрисида ахборот бермоқдалар:

«Тавротда Муҳаммаднинг сифати ва Ийсо ибн Марям алайҳимуссаломнинг сифати ва Ийсонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга дафн қилиниши ёзилгандир», демоқдалар.

Бундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари яна бир бор намоён бўлади. У зотнинг сифатлари ўтган илоҳий китобларда келгани олиймақом фазилат бўлмаса, нима ҳам бўлар эди?!

Шунингдек, бу ерда Ийсо алайҳиссаломнинг фазл­лари ҳам кўриниб турибди. У зотнинг сифатлари ҳам ўзларидан олдин Мусо алайҳиссаломга берилган илоҳий китоб, яъни Тавротда зикр қилинган экан. Бунинг устига, яна бир қўшимча маълумот ҳам бор экан. Ийсо алайҳиссалом Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир жойга дафн қилинишлари бор экан. Бу дафн охири замонда бўлиб, Ийсо алайҳиссалом ер юзига қайта тушганларидан ва ўзларига юклатилган вазифаларни адо этиб, қайтадан вафот этганларидан кейин Муҳаммад мус­тафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳозирги равзаларида у зотнинг ёнларига дафн бўладилар.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ўзларидан олдин келган илоҳий китобларда васф қилинганлиги Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган. Мисол учун, Аллоҳ таоло «Соф» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Ийсо ибн Марямнинг: «Эй Бану Исроил! Албатта, мен сизларга Аллоҳнинг ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган Аҳмад исмли Расул ҳақида башорат қилувчи Расулиман», деганини эсла. (У – Аҳмад) уларга мўъжизалар олиб келганда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар» (6-оят).

Ушбу оятда Ийсо алайҳиссаломнинг умматларига айтган гаплари муҳим гаплар бўлиб, диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.

Биз учун ҳозирги мақомда керак масала: «... ва мендан кейин келадиган Аҳмад исмли Расул ҳақида башорат қилувчи» дейилган жумлададир.

Аҳмад – Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари. Аҳмад, Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизнинг исмлари бўлиб, араб тилида шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олинган.

Ийсо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинг­лар: мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун Форқилатни талаб қиламан», дейилган. Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.

Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан:

«Фор­қилатнинг маъноси нима?» деб сўрасалар, у киши:

«Роҳиблар «мъази» деб айтишади», дебди.

Шунда устоз Нажжор:

«Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар. Шу гапдан сўнг ажнабий доктор:

«Бу сўзнинг асл маъноси «ҳамд», яъни «кўп шукр», дебди. Сўнгра устоз Нажжор:

«Арабча «ҳамд» сўзининг Аҳмад шаклида ишлатилишига тўғри келадими?» десалар, доктор Карлу:

«Ҳа», деб жавоб қилибди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари аввалги илоҳий китобларда келганлиги ҳақида алоҳида китоблар ҳам ёзилган.

2663. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, албатта, бирингизга бир кун келадики, мени кўра олмайди. Сўнгра албатта мени кўриши унинг учун аҳлидан ва улар ила бўлган молидан ҳам маҳбуб бўлиб қолади», дедилар».

Муслим ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларига ўзларининг ғанимат эканликларини баён қилиб, бир лаҳза бўлса ҳам суҳбатларини топиб қолишга тарғиб қилмоқдалар.

Дарҳақиқат, мўмин-мусулмон киши учун Муҳаммад мустафо алайҳиссаломнинг суҳбатларини топишдан ҳам каттароқ бахт бўлиши мумкинми? Саҳобаи киромлар бу бахтга сазовор бўлган улуғ инсонлардир. Улар одам боласи ичидаги энг афзал зот – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, иймон келтирган саодатманд инсонлардир.

Саҳобалик бахти ҳақида сўз кетар экан, ўтган азизлардан қилинган бир ривоят ёдимга келади. Катта кишиларнинг биридан одамлар «Муовия афзалми, Умар ибн Абдулазиз афзалми?» деб сўрашибди.

Бу саволнинг сўралишига сабаб бор. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу саҳобий бўлсалар ҳам, халифаликлари ҳақидаги баъзи мулоҳазалар учун у кишининг ҳақларида одамлар ўртасида турли гаплар бўлган. Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлсалар ҳам адолатли халифа бўлганларидан кўпчилик у кишини бешинчи одил халифа деб атаган. Ҳалиги улуғ киши мазкур саволга «Умар ибн Абдулазиз Муовиянинг бурнидаги чангга арзимайди, чунки Муовиянинг бурнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқларидан чиққан чанг кирар эди», деб жавоб берган эканлар.

Ҳа, биродарлар, биз ана шундай афзал пайғамбарнинг умматларимиз. Бу билан қанчалар шодлансак, арзийди. Фақат ўшандоқ зотга уммат бўлишдек улуғ бахтга муносиб бўлсак бўлгани.

Биз юқорида ўрганган маълумотлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ҳақидаги маълумотлар уммонидан бир томчи, холос. У зотнинг фазллари ҳақида оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳаммаси ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари нақадар улуғлигини таъкидлайди.

Бас, шундай улуғ пайғамбарга уммат бўлган кишилар ўшал улуғ зотнинг ҳаётлари, сифатлари, қилган ишлари, хуллас, ўз пайғамбарларига тегишли бўлган ҳар бир нарсани ўта аниқлик ва ихлос билан ўрганишлари лозим. Чунки у зотга тегишли ҳар бир нарса дину диёнатга, иймон-эътиқодга, шариат аҳкомига тегишлидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳар бир мусулмон учун ибрат ва ўрнакдир. Шунинг учун ҳам мусулмон уммати саҳобаи киромлардан тортиб, ҳозирги кунимизгача бу ишни шараф ила адо этиб келмоқда.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига, сифатларига, айтган сўзлари ва қилган амалларига оид ҳар бир нарса атрофлича ўрганилган. Ҳозирда ҳам янги илмий изланишлар олиб борилмоқда, янги қирралар очилмоқда.

Мусулмонларнинг ўз пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ўрганиш учун олиб борган илмий изланишлари ўзининг ўта аниқлиги, ҳар бир ҳодиса, ҳар бир ҳаракат ва саканотнинг эътибордан четда қолмаслиги ила тарих илми соҳасида энг пок, энг ишончли ва энг беғараз саҳифалар очди. Бу нарса тарихчилик соҳасида катта инқилоб юз беришига сабаб бўлди.

Мусулмонлар бошқаларга ўхшаб, тарихий маълумотларга ўз фикр ва мулоҳазаларини қўшмадилар. Улар тарихий маълумотларни тўғри келган кишидан олмадилар. Улар фақатгина ҳадис ривоят қилиш шартига тўғри келган ишончли, тақводор, зеҳнли ва одил кишиларнинг ривоятларинигина қабул қилдилар.

Ана шундай йўл билан дунёдаги энг улуғ зотнинг энг соф сийратлари вужудга келди.

Келгуси сатрларда биз ҳам ўша маълумотлардан фойдаланиб, қўлимиздан келганича бу муборак сийратни қисқа бўлса ҳам баён қилишга уриниб кўрамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишда ёрдамчимиз бўлсин.

Юқорида ўтган ҳадиси шарифлардан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг энг афзал бандаси ва пайғамбари эканликларини ўргандик. Бу улкан ҳақиқатда заррача ҳам шубҳа йўқ. Шундай бўлганидан кейин ана ўша энг афзал зотнинг дунёга келишларига Аллоҳ таоло энг муносиб жамият, энг афзал макон ва энг афзал замонни танлашида ҳам заррача шубҳа бўлмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун араб жамиятини энг муносиб деб топди. Бу жамият ўша вақтдаги энг жоҳил жамият эди. Чунки бу жамият ўз тарихида ёзиш-ўқиш, фан-маданият, илм-маърифат, дину диёнат, қонун-қоида, тартиб­-интизом деган нарсаларни билмаган.

Агар охирги замон пайғамбари ўзида мазкур омилларни мужассам қилган халқ ичидан танлаб олинганида, одамлар «Бу халқ эскитдан ҳамма нарсани билиб келган. Бу динни ҳам ўзлари ўйлаб, жорий қилдилар», дейишлари мумкин эди. Бу нарсалардан холи бўлган араблардан ўзларига ўхшаган уммий шахснинг пайғамбар бўлиши ва у зотнинг раҳбарликларида қисқа муддатда бутун дунёнинг жаҳолат ботқоғидан Ислом нурига олиб чиқилиши эса илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Арабларнинг сиртдан нуқсон бўлиб кўринган мазкур сифатлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан Ислом хизмати йўлида фазилатга айланди. Чунки мазкур омиллар туфайли уларнинг фикрига бирор мафкура чуқур ўрнашмаган эди. Бу эса арабларнинг бутун вужудига Ислом таълимотларининг таг-туби билан ўрнашиб кетишига ёрдам берар эди. Уларнинг ҳеч кимга бўйсунмаганликлари Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмаслик ишида ёрдам берар эди. Қолаверса, ана шундай жоҳил халқнинг қисқа муддат ичида инсониятга ҳидоят маёғи бўлиб қолишининг ўзи илоҳий мўъжиза бўлар эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунё­нинг энг муносиб ўлкаси – Арабистон ярим оролини танлади. Бу ўлка қадимий пайғамбарлардан кўпларига ватан бўлган ўлка эди. Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ алайҳиссалом шу ўлкада ўтган эдилар. Иброҳим алайҳиссалом шу ўлкага Байтуллоҳни қурган эдилар. Мусо алайҳиссаломга шу ўлканинг Мадян исм­ли жойида пайғамбарлик берилган эди. Бу ўлкадан Фиръавн ва унинг қавмининг тазйиқига учраган яҳудийлар паноҳ топган эдилар. Шунингдек, римликларнинг душманлигига дучор бўлган насронийлар ҳам шу ўлканинг Нажрон номли жойидан паноҳ топган эдилар. Аллоҳ таоло бу ўлкани табиий, жуғрофий ва сиёсий ҳолатларини ана шундай ишлар учун жуда ҳам қулай қилиб қўйган эди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун дунё­нинг энг афзал нуқтаси бўлмиш Маккаи Мукаррамани ихтиёр қилди. Аввало, бу муқаддас шаҳар ернинг қоқ киндигида жойлашган эди. Дунёдаги энг охирги, энг мукаммал, ҳамма замонлар, ҳамма маконлар, ҳамма халқлар учун кўзланган шариатнинг маркази айнан ана шундай жойда бўлиши матлуб эди.

Энг муҳими, бу шаҳарда анбиёларнинг отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломнинг ёрдамларида Аллоҳ таолонинг амри ила қурган Каъбаи Муаззама бор эди. Ўз нав­батида, Байтуллоҳни ҳамма араблар муқаддас ҳисоблар эдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён одамлар у ерга ҳаж қилар эдилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динини жорий қилиш учун бундан кўра афзалроқ макон бўлиши мумкин эмас эди.

Замонга келадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг чексиз ҳикмати ила Ислом пайғамбари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари учун энг муносиб замонни ихтиёр қилди.

Ўша пайт бутун дунёга, барча инсониятга аталган, барча замон ва маконларга салоҳияти бор, барчага қиёматгача икки дунёнинг бахтини таъмин эта оладиган дин жорий қилинишининг айни замони эди.

Анчадан буён самовий дин юборилмаётган эди. Аллоҳ таоло тарафидан юборилган самовий динларнинг барчаси одамлар томонидан бузилиб, ўз кучини ва таъсирини мутлақо йўқотган эди.

Яҳудийлик яҳудийлар томонидан шу даражада бузилган эдики, яҳудий бўлиб туғилмаган одам бу динга кира олмас эди. Яҳудийлар ўзларини Аллоҳнинг танланган халқи деб, бошқа халқларни эса ўзларига эшак деб эълон қилган эдилар. Албатта, бундай дин дунё халқ­ларига ҳеч қандай бахт ато этмас эди.

Масийҳийлик бўлса турли фалсафаларга қоришиб, тушуниб бўлмайдиган бутпарастликка айланиб қолган эди. Бу дин одамларнинг бузғунчилик ҳаракати ила тарки дунё ва қолоқликнинг жарчисига айланиб қолган эди. Албатта, бундай ҳолат ҳам талабга жавоб бермас эди.

Ўша вақтда масиҳийликнинг маркази бўлмиш ўлкаларда истибдод ва зулм авжига чиққан эди. Кучли кучсизни ер эди. Адолат, инсонпарварлик, камбағал ва бева-бечораларга раҳм-шафқат каби эзгуликлар ҳақида оғиз очишга ҳам ўрин йўқ эди.

Бутпарастликнинг ҳам шармандаси чиқиб, ҳеч ким унга эътибор бермай қўйган эди. Унга фақат мутаассиблик учунгина ота-боболардан қолган нарса сифатида қаралар эди. Турли бутпараст халқларнинг раҳбарлари ўз имтиёзларини сақлаш учун халқларни мажбурлаб, бутпарастликда ушлаб туришарди.

Мажусийлик ҳукм сурган Форс, Хуросон ва уларга яқин бўлган ўлкаларда ҳаётнинг барча соҳаларида бебошлик ҳукм сурар эди. Уларда подшоҳ ва ҳукмдорлар халқнинг қонини ичар эдилар. Мажусийликнинг зардуштийлик, монавийлик ва маздакийлик мазҳаблари инсоннинг инсонийлигини йўқотиш учун барча чораларни кўриб бўлган эди. Уларда эр кишининг ўз онасига, синглисига ёки қизига уйланиши мақтовга сазовор иш ҳисобланар эди. Шунинг учун насл-насабнинг асари ҳам қолмаган эди. Бундай тузум ва таълимотларнинг инсониятга бирор эзгулик ато қилиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Ўша пайтдаги кенг тарқалган таълимотлардан бири – ҳиндукийликка келсак, аҳвол аввалгилардан ҳам баттар эди. Бу таълимотга биноан, кишилар турли табақаларга бўлинар эди. Бир табақа шоҳ, бошқаси гадо бўлиб яшаши муқаррар эди. Ибодат борасида ақл бовар қилмайдиган нарсалар содир этилар эди. Ҳиндистондаги баъзи тоифалар орасида ҳаттоки эркак ва аёл кишиларнинг жинсий аъзоларига ибодат қилиш йўлга қўйилган эди. Бундай нарсалар инсонга нима тақдим қила олиши мумкин?! Бундай нарсалар инсоният пешонасидаги ор эмасми?!

Арабистон ярим оролидаги ширк ва зулму бемазагарчиликлар ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Бошқалар қатори, бу ерда ҳам пасткашлик ва разолат ўзининг энг юқори нуқтасига чиққан, ҳаромхўрлик, зинокорлик, ароқхўрлик, зўравонлик, ўғрилик, қароқчилик ва бошқа разолатлар кенг тар­қалган эди.

Одамлар нимани кўрсалар, нимани топсалар – ҳайвон сўйилганида оққан қонми, ҳаром ўлган ҳайвоннинг гўштими ёки ундан ҳам баттарроқ нарсами, зўр иштаҳа билан ер эдилар.

Зинокорлик қилмаган одам аҳмоқ ҳисобланар эди. Зинонинг турли-туман услублари кенг тарқалган эди. Эр ўз хотинини аслзода ҳисобланган бош­қа бир эркакнинг олдига олиб бориб, «Сендан болали бўлиши учун хотиним билан зино қил», деб илтимос қилиши мардлик ҳисобланар эди.

Ароқхўрлик фахрга оид иш эди. Мардлик ва шижоати билан ном қозонган бирон киши ароқ ичиб ўтирганида отасининг ўлдирилганлиги ҳақида хабар келиб қолса, «Бугун хамр – эртага амр», деб, ароғини ичишда давом этаверар эди.

Жоҳилий арабларнинг оиласида туғилган қиз болани тириклай кўмиб юбориши, бир қабиланинг шу қабиладаги кампирнинг хаста туясини ўлдириб қўйган бошқа қабила ила юз йил уруш қилиши, ўз худосини уйида унутиб қолдирганда тўрвасидаги хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб, «худо» ясаб олиши ва унга ибодат қилиши, қорни очганда эса ўша «худо»ни еб қўйиши оддий бир ҳолат эди.

Гапнинг қисқасини айтадиган бўлсак, олтинчи милодий асрнинг иккинчи ярмига келиб, дунё жаҳолат ботқоғига тўла ботган, у мазкур ботқоқдан чиқишга ўта ҳожатманд эди.

Дунё турли тузум ва динларнинг зулмати ичида қолган бўлиб, у мазкур зулматдан нурга чиқишга муҳтож эди.

Дунё кенг тарқалган зулм ва истибдоддан инграб, адолат нашъасини суришга муҳтож эди.

Дунё бандаларнинг бандаларга ёки ўзлари қилиб олган сохта худоларга ибодати билан тўлган эди. Мазкур ҳолатдан қутулишнинг вақти келган, барча халқ, барча уммат ягона Роббига ибодат қилишга жуда-жуда муҳтож эди.

Ана шундай бир пайтда Аллоҳ таолонинг иродаси ила бир нур туғилди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душанба куни рўза тутишлари сўралганида у зот .У шундай давоми...

5304 16:00 / 30.11.2017
Аллоҳ таоло.Ана шундай, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима ndash идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан давоми...

4104 18:22 / 09.12.2017
2664. Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».2665. «Усмон ибн Аффон Қубоса ибн давоми...

4145 17:58 / 21.11.2017
Мавлид одоблариМавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга давоми...

1219 14:00 / 20.10.2021
Аудиолар

137961 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

58000 14:35 / 11.08.2021