1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тоатнинг фойдаси ва маъсиятнинг зарари (1-қисм)

00:10 / 20.11.2017 4436 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоатинг У Зотга манфаат бермас. Маъсиятинг У Зотга зарар етказмас. Фақатгина ўзингга қайтадиган фойда учун У Зот сени унисига амр этди ва бунисидан қайтарди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматини яхшироқ тушуниш учун аввало «тоат» ва «маъсият» сўзларининг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини ҳамда унинг динимизда тутган ўрнини яхшилаб англаб олмоғимиз керак бўлади.

– «Тоат» сўзи араб тилида ибодат қилиш, бўйсуниш, бировнинг амрида юриш, бировга мувофиқ бўлиш каби маъноларни билдиради.

Тоатнинг шаръий маъноси ҳақида уламолар бир неча таърифларни келтиришган:

– Журжоний: «Тоат биз(Аҳли сунна)нинг наздимизда ишнинг мувофиқ бўлишидир. Мўътазилийларнинг наздида эса ироданинг мувофиқ бўлишидир».

– Кафавий: «Тоат амр қилинган нарсаларни қилишдир, мандуб бўлса ҳам. Ва қайтарилган нарсалардан қайтишдир, макруҳ бўлса ҳам. Қарзни узиш, аёлини ва маҳрамларини нафақа билан таъминлаш ҳамда шунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таолонинг тоатидир, ибодат эмас».

– Ибн Муновий Журжонийнинг гапини нақл қилганидан сўнг айтади: «Тоатни яна «Аллоҳ таолонинг розилигига ва У Зотга қурбат ҳосил қилишга сабаб бўладиган ҳар бир нарсадир», дея таъриф қилишган».

– Ибн Аллон айтади: «Тоат Аллоҳ таолонинг, У Зотнинг Расулининг ва уларга даъват қиладиганнинг айтганига сиртдан бўйсуниш  ҳамда ичдан рози бўлишдир».

Ушбу таърифлар ичида маънони кенг олгани ҳам, тор олгани ҳам, ўртача олгани ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш бор. Ана шу ҳақиқатни унутмаслик зарур.

– «Маъсият», «осийлик», «исён»  сўзлари бир ўзакдан ясалган бўлиб, луғатда «тоатдан чиқиш» деган маънони билдиради.

Уламолар истилоҳида «маъсият» Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсунишни тарк қилишдир.

Бошқа бир таърифда айтилишича, маъсият – амрларни тарк қилишдир. Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулининг тилидан фарз ва вожиб қилинган нарсаларни тарк қилиш ҳамда Аллоҳ таоло амр этган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган зоҳир ва ботин амалларни бажармасликдир.

Осийлар икки хил бўлади:

1. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатдан ҳам бош тортади. Бу энг ёмони ҳисобланади.

2. Маъсиятни қилиш билан бирга, тоатларни ҳам адо этади. Бундай банда маъсиятига яраша жазо олади.

Маъсият катта ёки кичиклигига қараб, унинг ҳукми ҳам ўзгаради. Аммо кичик гуноҳни давомли қилиш катта гуноҳни келтириб чиқаради.

Ким катта гуноҳ қилса, фосиқ бўлади ва гувоҳлиги ўтмайди.

Шунингдек, кичик гуноҳларни давомли қилиш уни кабийрага айлантиради ва эгаси фосиқ бўлиб, гувоҳлиги рад этилади.

Аллоҳ таоло маъсиятни қаттиқ қоралаган ва унинг оқибатидан ҳазир бўлишга чақирган. У Зот Нисо сурасида: 

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига исён қилса ва Унинг чегарасидан тажовуз қилса, У Зот уни абадий қолиши учун дўзахга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир», деган (14-оят).

Охиратда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этмай, маъсият қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий дўзахга киритилади. У ерда, албатта, хорловчи азоблар ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида:

«Ҳеч бир мўмин эркак ва ҳеч бир мўмина аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишга ҳукм қилганида ўз ишларини ўзларича (қилишга) ихтиёр йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди», деган (36-оят).

Барча мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукмлари ҳамма нарсадан устун туради. 

Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганлари турганида мўмин киши, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, ўзича бир иш қила олмайди. Бу мумкин ҳам эмас. 

Ким Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг ҳукмини қўйиб, ўзича иш тутса, Аллоҳ таборака ва таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлади.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди».

Очиқ адашганларнинг ҳоли нима бўлиши ҳаммага маълум. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсиятдан сақланишни сўраб дуо қилганлар ва осий бўлмасликка ҳаракат қилганларнинг гўзал оқибатга эришишлари хабарини берганлар.

Маъсиятнинг зарарлари:

1. Маъсият Одам ва Ҳаввони жаннатдан чиқарди.

2. Маъсият иблисни Аллоҳ таолонинг лаънатига учратди.

3. Маъсият Нуҳ қавмини тўфонга гирифтор қилди.

4. Маъсият Од қавмини томири чириган дарахт­дек қулатди.

5. Маъсият Самуд қавмининг даҳшатли овоздан ҳалок бўлишига сабаб бўлди.

6. Маъсият Лут қавмини чаппа айлантирилган ер остида ҳалок қилди.

7. Маъсият Шуъайб қавмини булутдан ёққан азоб ила ҳалок қилди.

8. Маъсият Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилди.

9. Маъсият Қорун ва унинг молу мулкини ерга юттирди.

Маъсиятлар банда қалбининг моғор босишига, ғофил бўлишига ва муҳрланишига сабаб бўлади.

Гуноҳлардан сақланиш қалбнинг поклигини сақлаш учун хизмат қилади. Шунинг учун имкон қадар гуноҳлардан сақланиш керак. Бу иш икки дунё учун ҳам фойдалидир.

Вакийъ ибн Жарроҳ келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Гуноҳларни озайтиринглар! Албатта, сизлар Аллоҳ таолога гуноҳ озлигидан афзал нарса ила йўлиқа олмайсизлар».

Банда зоҳирий ва ботиний, катта ва кичик маъсиятлардан эҳтиёт бўлиши лозим. Кўпинча бир маъсият бошқа маъсиятга тортиши ҳам мумкин. Хусусан, қалб ва тил маъсиятлари каби ҳис қилиш қийин бўлган маъсиятлардан эҳтиёт бўлиш керак. 

Энди Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳикматини шарҳ қилишга ўтайлик.

«Тоатинг У Зотга манфаат бермас. Маъсиятинг У Зотга зарар етказмас». 

Аллоҳ таоло беҳожат Зотдир. Банданинг тоатига У Зотнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳаммадан устун Зотдир. У Зотга банданинг маъсияти зарар етказа олмас. Ушбу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннати мутоҳҳарада айтиб қўйганлар. Биргина мисол кетирамиз: 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалла дейди: «Эй Одам болалари! Мен афв қилгандан бошқа ҳаммангиз гуноҳкорсиз. Бас, Менга истиғфор айтинг, сизни мағфират қилурман. Мен беҳожат қилгандан бошқа ҳаммангиз ҳожатмандсиз. Мендан сўранглар, сизларга берурман. Эй Одам болалари! Мен ҳидоят қилгандан бошқа ҳаммангиз гумроҳсиз. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоят қилурман. Ким Менга истиғфор айтса ва албатта, Менинг уни мағфират қилиш учун қудрат соҳиби эканимни билса, уни мағфират қилурман, (нима қилганига) аҳамият бермасман. Агар аввалингиз ва охирингиз, тиригингиз ва ўлигингиз, ҳўлингиз ва қуруғингиз энг бадбахтингизнинг қалбига (ўхшаш бўлишда) жам бўлса, Менинг мулкимни чивиннинг қанотичалик камайтира олмайди. Агар аввалингиз ва охирингиз, тиригингиз ва ўлигингиз, ҳўлингиз ва қуруғингиз энг тақводорингизнинг қалбига (ўхшаш бўлишда) жам бўлса, Менинг мулкимни чивиннинг қанотичалик зиёда қила олмас. Агар аввалингиз ва охирингиз, тиригингиз ва ўлигингиз, ҳўлингиз ва қуруғингизнинг ҳар бири сўрови интиҳосига етгунича сўраса ҳам, уларга сўраган нарсаларини берсам-да, бу Менинг ҳузуримдаги нарсани бирингиз денгизга игнани суқиб олганчалик ҳам камайтирмас. Буларнинг барчаси Менинг ўта сахийлигимдандир ва ўта улуғворлигимдандир. Албатта, атоим ҳам каломдир, азобим ҳам каломдир. Албатта, Менинг ишим, агар бир нарсани ирода қилсам, унга «Бўл» демоғимдангина иборатдир. Бас, у бўлади».  

Термизий, Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.   

Ушбу ҳадиси қудсийдан кўриниб турибдики, бандалар барчалари бир бўлиб дунёни тоатга кўмиб ташласалар ҳам Аллоҳ таолонинг хазинасига заррача нарса қўшилиб қолмайди. Шунингдек, барча бандалар бир бўлиб дунёни маъсиятга кўмиб ташласалар ҳам Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг хазинасидан заррача нарса камайиб қолмайди. Бандалар нима қилсалар, ўзлари учун қиладилар. 

Ўз-ўзидан «Ундай бўлса нима учун Аллоҳ таоло дин юбориб, шариат жорий қилиб, бандаларга Ўзига тоат қилишни амр қилди ва Ўзига маъсият қилишдан қайтарди?» деган савол пайдо бўлади. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу саволнинг жавобига ўзининг ушбу ҳикматининг иккинчи қисмида жавоб бермоқда:

«Фақатгина У Зот ўзингга қайтадиган фойда учун сени унисига амр қилди ва бунисидан қайтарди».

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло банданинг ўзига келадиган фойда учун уни тоатга амр қилди ва маъсиятдан қайтарди.

Ҳа, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг дин юбориб, шариат жорий қилиб, бандаларга Ўзига тоат қилишни амр этиши ва Ўзига маъсият қилишдан қайтариши бандаларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда етиши учундир. Бунда ҳукмнинг шариатга киритилиш ҳикмати, бирор фойда ёки манфаатни жалб қилиш ёхуд бузуқлик ва зарарни даф қилиш мақсади бўлади. Чунки ҳар қандай ҳукмнинг шариатга киритилишида одамларга бирор фойда олиб келиши ёки улардан бирор зарарни кетказиши кўзланган бўлади.

Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир:

1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади;

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат одам ўлдиришни ҳаром қилган ва одам ўлдиргандан қасос олиш ҳукмини жорий қилган.

2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш мақсади;

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат хамр ичишни ҳаром қилган ва хамр ичган одамга жазо қўллаш ҳукмини жорий қилган.

3. Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади;

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат динни муҳофаза қилишга оид ҳукмни жорий қилган.

4. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади;

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат зинони ҳаром қилган ва никоҳ ҳукмини жорий қилган.

5. Инсон мол-мулкини муҳофаза қилиш мақсади.

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат бировнинг молини ўзлаштириб олишнинг барча турларини ҳаром қилган ва бундай ишларни қилганларни жазолаш ҳукмини жорий этган.

Бу ерда келтирилган мисоллар асл бўлиб, кейинчалик мужтаҳидлар уларга қиёс қилиб кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Буларнинг барчасида шариат эътиборга олган маслаҳат(манфаат)лар асос бўлган.

Шариат аҳкомларининг кўпчилиги бу дунё ҳаётида мана шу бешта мақсадни юзага келтиришга қаратилган. 

Бирор ҳукмни шариатга киритишда, албатта, фойда жалб этиш ёки зарарни даф қилиш аниқ юзага чиқиши шарт. Агар «Фойда жалб бўлар» ёки «Зарар даф бўлса керак», деган гумон бўлса, унга амал қилиб бўлмайди.

Мисол учун, кўчмас мулкларни олди-сотди қилганда олди-сотди шартномасини ёзиб қўйиш йўлга қўйилди. Шу иш ҳақиқатан фойда беради, чунки шу бўлмаса, эсдан чиқиб қолиб, талашиб, бировларни олиб келиб, ёлғондан гувоҳлик бердириб, ҳеч ким бировнинг мулкини еб кетиш хавфи бор. Ёзиб қўйса, биров тона олмайди, эсдан чиқмайди, ёлғон гувоҳлар олиб келишга ҳам ҳожат қолмайди. Мана шу муомалаларнинг мустақил бўлишини, ҳаммаси жой-жойида туришини таъминлагани учун шу нарса шариатга киритилган.

Шариат ҳукмлари инсониятнинг фойдаларини эътиборга олган, уларга риоя қилган ҳолда, одамларга Аллонинг раҳматини тарқатиш учун юзага чиқарилган. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиб: «Биз сени фақатгина оламларга раҳмат қилиб юбордик», деган.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандаларига доимо фойда етиши ва улардан зарар қайтиши учун икки низомни ишга солгандир. Уларнинг биринчиси борлиқ низоми бўлса, иккинчиси шариат низомидир.

Аввало, ушбу икки низомдан биринчиси ҳақида қисқача сўз юритайлик. Аллоҳ таоло борлиқни ва ундаги барча нарсаларни инсонларга хизмат қилиши учун яратгандир. У Зот Тоҳа сурасида марҳамат қилади: 

 «У: «Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир», деди» (50-оят).

«Роббимиз шундай Зотки, У ҳар нарсага, кўзга кўринмас ҳужайрага ҳам, кўз нури етмас улкан мавжудотларга ҳам ўзига хос яратилиш – хилқат берган. Ҳаммаси ўзига хос. Бир-бирига ўхшамайди. Ҳар бири ўзича бир олам. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган мавжудотларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусият, шакл-шамойил берган Зот Ҳақ субҳанаҳу ва таолодир.

У Зот ҳар бир нарсага ўзига хос хилқат бериб яратиш билан кифояланиб қолгани йўқ, балки яна

«...ҳамда уни ҳидоятга солган Зотдир...»

Аллоҳ ҳар бир мавжудотни ўзига хос хусусият, шакл-шамойил ила яратгани қаторида, ҳар бирига вазифа белгилаб, уни адо этишга ҳам йўллаб қўйгандир. Кўзга кўринмайдиган кичик ҳужайралардан тортиб, кўз нури етмас улкан махлуқотларгача – ҳамма-ҳаммаси ўз вазифасини адо этиш учун ҳаракатда. Ҳар бир зарра ўз бурчини ўташ учун ҳаракат қилади. Ҳар бир ҳужайра ўз вазифасини ўзига буюрилгани янглиғ, тўғри адо этади. Шунингдек, осмонлар ҳам, ер ҳам, тоғу тош, дарё-денгизлар ҳам ўз вазифаларини тўкис адо этадилар. Уларни бу ишга Аллоҳ ҳидоят қилган, йўллаган».

Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни яратган Зотдир. Яратганда ҳам, мутаносиб қилиб, яхшилаб, мўътадил қилиб, улардан кўзланган манфаатларга мослаб яратгандир. Ҳар бир инсон ёки ҳайвоннинг ҳазм қилиш, нафас олиш аъзолари ва уларнинг фаолиятини олиб кўринг. Шунингдек, кўриш ёки эшитиш аъзоларини олиб кўринг.

Ҳар бир нарса, ҳатто ақлсиз бўлса ҳам, Аллоҳ таоло берган ҳидоят орқали бу дунёда ўз ўрнини топади, вазифасини бажаради. Буни англаб етиш учун асаларилар ва чумолилар ҳаёти ҳақидаги илмий мақолаларни ўқиб, ўйлаб кўришнинг ўзи кифоя.

Аллоҳ таоло Қамар сурасида марҳамат қилади: 

 «Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» (49-оят).

Ушбу оятдаги «ўлчов» сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири «қазои қадар» маъносини, иккинчиси «миқдор», «ўлчов» маъносини англатади. Икки маъно ҳам бир-бирини тўлдириб келади.

«Қадар» маъносида келса, барча нарсаларни содир бўлишидан аввал билиб туришни англатади.

«Ўлчов» маъносида келса, барча нарса ва ҳодисаларнинг ўз миқдори, ўлчови борлигини англатади. Ушбу оят озгина сўзлардан иборат бўлишига қарамай, ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирганлиги ҳам мўъжизадир.

Инсон илми ҳозиргидек бўлмаган даврларда бу оятни одамлар ўзларича тушуниб юрганлар. Лекин илм-фан ривожланиб борган сари, янгидан-янги кашфиётлар қилиниши билан бу ояти кариманинг маънолари янада теранлашиб бормоқда. Бу кашфиётлар билан яқиндан, инсоф ила танишган кишиларнинг Исломга юрмай иложлари қолмаяпти. Оятнинг маъноси янада таъсирчан ва тушунарлироқ бўлиши учун уламоларимиз уларни тасдиқловчи кўпгина илмий далилларни келтирадилар. Келинг, биз ҳам уларга мурожаат қилиб кўрайлик.

Узоққа бориб юрмай, ўзимиз учун ҳар лаҳзада зарур бўлган, агар бир оз етишмай қолса, ҳаётимизнинг тугашини муқаррар қилиб қўядиган ҳавони олайлик. Ҳавода кислороднинг миқдори 21 фоизни ташкил қилади. 22 ҳам эмас, 20 ҳам эмас. Уни ким қилди? Агар кислороднинг нисбати кўпайиб кетса, ҳамма тарафдан олов чиқиб, ёниб кетар экан.

Жонли зотлар кислороддан нафас олиб яшайди ва ўзидан карбонат ангидрид чиқаради. Наботот эса аксинча, карбонат ангидриддан озуқаланиб, ўзидан кислород чиқаради. Агар ушбу мувозанат бузилса, ер юзида ҳаёт қолмаслиги аниқ. Бундай нозик мувозанатни ким жорий қилди? Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмас!

Қуёш ер юзига маълум бир ўлчовдаги иссиқликни юбориб туради. Агар ўша ўлчов бузилиб, миқдор салгина озайса, ер юзи музлаб қолади, кўпайса, куйиб кетади. Хўш, бу мувозанатни ким ўрнатди ва уни ким давомли этиб турибди? Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмас!

Нима учун баъзи жонзотлар оз тухум қўяди-ю, бошқалари кўп қўяди? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Мисол учун лочинни олайлик. Ўзи ҳилват жойларда яшайди. Одатда лочиннинг тухумини ўз кўзи билан кўрган одамни учратмаймиз. Пашша бўлса ҳамма ёқни тухумига бостириб юборади. Ўн миллионлаб тухум қўяди. Агар лочин пашшага ўхшаб тухум қўйса, нима бўларди? Ёки аксинча бўлса-чи? Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло лочиннинг умрини узун, пашшаникини қисқа қилиб қўйган. Акс ҳолда ўлчов бузилиб, ҳаётда ноқулайлик туғиларди.

Нима учун илонларнинг кичкинаси заҳарли, каттаси заҳарсиз бўлади? Чунки кичиклари кучсиз, ўзини ҳимоя қилишга бошқа иложи йўқ. Катталари кучли ва кўп нарсага имконлари бор. Агар икковлари алмашиб, кичиги заҳарсиз, каттаси заҳарли бўлиб қолса борми? Нималар бўлишини кўз олдингизга келтиргандирсиз? Бу мувозанатни ким ўрнатган? Чарлз Дарвинми ёки Карл Марксми? Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким қодир эмас бунга!

Ҳар биримиз онамизнинг кўкрагини эмиб катта бўлганмиз. Лекин ўша она сутининг ўзи нима? Унда қандай моддалар бор? Бу ҳақда ўйлаб кўрганмизми?

Туғишдан олдин ва кейинги биринчи даврда оналарнинг кўкрагидан сарғиш-оқ суюқлик чиқар экан. Худди ўша суюқлик чақалоқни турли касалликлардан асровчи моддадан иборат экан. Во ажаб! Ҳар бир инсон учун ҳаводек зарур бу суюқликни онанинг кўкрагига айнан чақалоқ туғилиши пайтида ким келтирди экан? Кўкракка бола туғилганидан кейинги кундан бошлаб сут кела бошлайди. Буни онанинг ўзи қиладими? Кундан-кунга сут кўпайиб бориб, бир йилдан сўнг ҳар куни бир ярим литр сут келади. Чақалоқ ўсиши билан сутнинг миқдори ҳам кўпайиб бораверади. Мўъжиза шундаки, сутнинг фақат миқдори кўпайиб қолмай, ундаги озуқа бўладиган моддаларнинг таркиби ҳам эҳтиёжга қараб ўзгариб боради. Буни Аллоҳдан бошқа яна ким қила олиши мумкин?!

Бу масалада неча-неча жилдли китоблар битилган. Инсофи бор ҳар бир киши уларни ўқиб, тафаккур қилиб кўрса, мусулмон бўлмай иложи йўқ.

 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қай бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг қули бўласан. У Зот эса Ундан ўзгага қул бўлишингни севмас.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу давоми...

4264 16:47 / 15.10.2017
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга давоми...

3742 21:04 / 18.02.2018
Ўтган ҳафта сизларга муҳим бир масала ndash қалбнинг дунёга муҳаббат қўйиши ва бунинг оқибатида пайдо бўладиган ҳалокатли асоратлар ҳақида гапириб берган эдим. Ва давоми...

4395 16:42 / 02.12.2017
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, давоми...

6045 19:16 / 11.07.2017