Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида турли байрамларни нишонлаш кенг ёйилди. Хатто мусулмонларга ёт бўлган байрамлар ҳам пайдо бўлди. Кўплаб мусулмон фарзандлари ўз Пайғамбарларининг тавалуд кунларини билишмайди, қачон яшаб ўтганларидан тамоман бехабарлар, аммо «Валентин куни», ва яна бошқа қандайдир кунларни яхши ажратишади. Кўпчилик мусулмонлар ўзларининг саналари – ҳижрий сананинг қайси йилида ва ойида турганини билишмайди, йил алмашади, ҳеч кимнинг хабари йўқ, лекин мелодий санага бундай муносабатда бўлмайдилар. Бунга ўша кунларнинг турли тадбирлар билан ўтказилиши сабаб бўлаётганида шубҳа йўқ. Энди мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таништириш, у зотнинг қачон ва қандай яшаб ўтганларини эслатишнинг энг қулай воситаларидан бири, шубҳасиз, мавлид маросимларини уюштириш бўлиб қолди.
Кейинги даврларда мусулмонларнинг заифлиги боис бўлиб, бошқалар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳар хил нолойиқ сўзлар, беадабона ҳаракатлар содир бўлиши бироз кўпайиб қолди. Ушбу вазиятда мусулмонларнинг у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, у зотга бўлган муҳаббатларини, аҳдларини изҳор этиб, мавлид йиғинлари ташкил қилишлари мазкур нобақбул тасарруфларга бир нав муносиб жавоб ҳам бўлади. Бундай тадбирлар мусулмонларнинг ўзлари учун ҳам иймонларини, муҳаббатларини чархлаш, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган аҳдларини бир қатор янгилаш нуктаси бўлиб хизмат қилиши ҳам тажрибаларда ўз тасдиғини топиб келмоқда. Африкадаги мавлид маросимларида ҳар йили минглаб насронийларнинг Исломни қабул қилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.
Мавлидни аслида ким ўйлаб топган?
Мавлидни нишонлаш биринчи бўлиб айнан кимдан чиққани ҳақида аниқ маъулмот йўқ. Тахмин қилиш мумкинки, бу амал даставвал оммавий равишда нишонладиган маросим сифатида дунёга келмаган. Аввлига айрим кишилар ушбу мавлид ойида ўзаро, торроқ доирада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд кунларига алоҳида эътибор бериб, уни хурсандчилик билан ўтказишга, шу кунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ эслашга ҳаракат қилишган, ва бу ҳолат кўпчиликка ижобий таъсир қилиши натижасида, аста секин оммалишиб борган. Кейинроқ бу амал оммавий тарзда, давлат миқёсида ўтказиладиган тадбир тусини олган. Мағриблик тадқиқотчи устоз Аббос Жарорийнинг таъкидлашича, Аббосийлар халифалари ичида ҳам тор доирада бўлса да, мавлид кунини нишонлаш бўлган. Халифалар мавлид куни ҳадялар улашиб, хурсандчилик изҳор қилишган. Шунингдек, алавийларда ҳам мавлид кунини нишонлаш одати бўлган. Андалусиялик сайёҳ Ибн Жубайрнинг айтишича, 579/1183 санада Маккаи Мукаррамада Рабиулаввал ойининг душанбасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган уйларини ва бошқа ёдгорликларини зиёрат қилиш учун очиб қўйишар, одамлар ёппасига кириб у жойни зиёрат қилишар экан. Абу Аббос Азафий (в.633/1235) ўзининг «Ад Дуррул муназзом фи мавлиди ан Набиййил муъаззом» номли мавлид асарида келтиришича, ўша даврда Маккаи Мукаррамада Мавлид куни расман дам олиш куни ҳисобланган экан. Муаллиф ушбу асари орқали кишиларни мавлидни нишонлашга тарғиб қилган ва бунинг ўша даврдаги зарурати ҳақида қатор фикрларни билдирган. Жумладан, Андалусияда кўпчилик мусулмонларнинг билиб билмаган ҳолда насронийларнинг байрамларига аралашиб қолаётганларини, бу уларнинг эътиқодларига зарар етказишини ва мубоҳ иш билан бўлса да, бу хатарнинг олдини олиш лозимлигини таъкидлаган.
Кўпчилик тарихчиларнинг, жумладан, Жалолиддин Суютийнинг маълумотларига кўра, мавлид маросимини тантанали, оммавий ва мунтазам равишда биринчи бўлиб йўлга қўйган киши Айюубийлардан Арбил (ҳозирги Ироқнинг шимолида жойлашган шаҳар) ҳокими Абу Саъид Музаффаруддин Кўкбўри ибн Зайниддин Алий ибн Бектегин (в. 630/1232) бўлган.
Маълумки, ҳижрий ўрта асрларда Ислом оламида тасаввуф уламоларининг фаолияти жадаллашган. Мавлид йиғинларини ташкиллаштиришда ҳам кўпроқ тасаввуф намояндалари муҳим ўрин тутган. Мазкур подшоҳ – Музаффаруддин ҳам тасаввуф аҳлига мухлис, ўзи ҳам шу сулукни тутган, зикр халқаларида фаол инсон бўлган. Умуман олганда, тасаввуф уламолари ички фиқҳга кўпроқ эътибор берганлари, Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббат изҳор қилишда ҳаммага намуна бўлганлари ва қалблари ўта ҳассос, шавқли бўлганидан мавлид маросимларига алоҳида эътибор беришган. Ўзларининг зикр халқаларини мавлид ойларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўроқ саловот айтишга, узотнинг сийратларини чуқурроқ ўрганишга, ҳақларида мадҳлар айтишга қаратишлари ҳам уларнинг мавлидни нишонлашларига боис бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, мавлидни нишонлаш қандайдир жоҳил, нодон инсонлар тарафидан ўйлаб топилган ўйин кулги маросими эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари қалбларида жўш урган, олим, солиҳ, тақводор кишилар томнидан жорий қилинган. Тўғри, мавлидга шиалар, алавийлар ҳам кўп эътибор берган, лекин бу фақат улар йўлга қўйган иш эмас. Балки аҳли сунна уламоларининг кўпчилиги мавлидни жоиз, мустаҳаб амал деган ва уни ўтказишда жонбозлик кўрсатган.
Мавлид фақатгина туғилган кунни нишонлаш маъносида юзага келмаган. Балки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ошиқ қалбларнинг ушбу кунларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ ёдга олишлари, у зотнинг таваллудларини эсга олганда ўзларида шодлик ҳис этишлари, шу кунда у зот алайҳиссаломнинг таваллудларининг хурсандчилиги тасаввурларида гавдаланиши, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган соғинч туртки бўлган. Бу аслида инсоний табиатнинг инъикосидир. Мисол учун, инсон ўтган яқин кишилари, ота онаси, фарзанду жигарларини уларга боғлиқ бўлган кунларда, хусусан, таваллуд ё вафот кунларида алоҳида хотирлайди, уларнинг яхшиликларини ёдга олиб, ўзини бир зум улар билан яна бирга бўлгандек ҳис этади, улар билан ўтказган энг ширин дамларини эсга олади, ёдгорликларини томоша қилиб, кўзларига суртади, шундай қилиб, бироз бўлса да, соғинчини қондиради. Бу оддий инсоний одат, табиий эҳтиёждир. Буни бидъат дейиш умуман тўғри бўлмайди. Мавлид йиғинлари ва уларни ўтказган кишилар билан танишсангиз, мавлид асарларини ўргансангиз, уларда ҳам худди ана шундай юксак бир кайфиятни ҳис этасиз. Шунинг учун ҳам мавлидни нишонлашда кўпроқ аҳли завқ кишилар, қалблари ҳассос бўлган зотлар, тасаввуф машойихлари жонбозлик кўрсатишган.
Ҳар нарсанинг ўз мавсуми бўлади. Мисол учун, мусулмонлар Қуръонни доимо ўқиб, ўрганиб юрадилар. Қуръон нозил бўлган ой – Рамазон ойида эса Қуръонга алоҳида эҳтимом берадилар, ҳар қачонгидан ҳам бу ойда Қуръонга кўпроқ боғланадилар. Бу бошқа ойларда Қуръонга эътибор бермасалар бўлаверади, дегани эмас. Балки шу ойда бир йилга етгудек захира тўплаб олишлари учун бир тадбирдир. Ана шундай қилиб, Қуръонга бўлган муҳаббатлари, қизиқишлари, аҳдлари ва бу борадаги билимларини ҳар йили янгилаб оладилар. Бу Шориъ Ўзи жорий қилган ишдир. Мавлид ойи ҳам ана шундай бир мавсум, холос. Сийратни ўрганиш мавсуми. Бунинг учун энг муносиб ой ушбу мавлид ойи бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Бу бугунги кундаги «Ёнғинга қарши кураш ойлиги», «Ҳаракат хавсизлиги ойлиги» каби мазмунда жорий бўлган.
Шунингдек, одатда мавлид, айрим кишилар ўйлаганидек, бошқа дин вакилларига эргашиб эмас, балки уларга муқобил равишда амалга оширилган. Мусулмон ёшларнинг ахлоқларини, рағбатларини бошқа дин вакилларининг байрамлари таъсиридан асрашни мақсад қилинган. Иккинчидан, бундай ишлар фақат тақлиддан келиб чиқмайди, балки ички ҳис туйғу турткиси бўлан ҳам бўлади. Хусусан, биз назарда тутган мавлидни жорий қилган зотлар улуғ олим кишилар, тақводор инсонлар бўлган. Улар бошқаларга тақлид қилишдан энг узоқ одамлар бўлишган.
Шу билан бирга, мавлидни маълум бир оят ёки ҳадиснинг далолатидан келиб чиқиб шаръан талаб қилинган амал шаклида эмас, балки шариат сукут қилган, яъни буюрмаган ёки қайтармаган одат, тадбир сифатида йўлга қўйганлар. Кейин бунга қарши чиққанларга унинг жоизлигини, балки мандублигини қўлловчи далиллар билан раддия билдирганлар.
Бир гуруҳ олимларни ҳисобга олмаганда, жумҳур уламолар асрлар оша мавлидни нишонлашни жоиз, мандуб, савобли амал, деб айтиб келишган. Бу ҳақда қатор асарлар битилган. Ўз асрининг ҳофизи даражасидаги олимлар алоҳида мавлид асарлар ёзишган, мавлид маросимларини тартибга солишга, турли булмағур одатлардан ҳоли тарзда ўтказишда жонбозлик кўрсатишган. Бу ҳақда мавлид асарлари ҳақида сўз юритганимизда алоҳида тўхталиб ўтамиз.
(Давоми бор)
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
1435 ҳижрий Рабиулаввал ойи