1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Солиҳларни яхши кўриш, уларни зиёрат қилиш ва улар билан бирга ўтириш ғаниматдир

18:31 / 25.10.2017 4883 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4782. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандирлар. Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўладилар. Руҳлар тайёрланган лашкар кабидир. Танишганлари улфат бўладир. Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида одамларнинг табиатлари ва уларнинг бир-бирлари билан улфат бўлишлари ва бўла олмасликлари ҳақида тушунтириш бермоқдалар.

«Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандирлар».

Ердаги маъданлар ўзига хос хусусиятларга, бошқаларидан фарқларга ва қийматларга эга бўлади. Баъзиси қаттиқ, бошқаси юмшоқ, баъзиси чидамли, бошқаси чидамсиз, бири нафис, бошқаси дағал ва ҳоказо. Худди шунингдек, одамлар ҳам ҳар хил бўладилар. Лекин одамларнинг яхшисини қандай ажратиб олиш мумкин? Одамларнинг

«Жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшилари бўладилар».

Демак, яхши одам бўлиш учун диндор бўлиш керак экан. Кишининг диндорлиги, диннинг дақиқ таълимотларини англаб, унга амал қилиши қанчалик кўп бўлса, яхшилиги ҳам шунчалик кўп бўлар экан.

«Руҳлар тайёрланган лашкар кабидир».

Одамларнинг руҳлари тайёрланган лашкар каби турадилар. Улар ўзларига бўладиган амрни бажо этишга шайлар.

«Улардан танишганлари улфат бўладир».

Ана ўша руҳлар бир-бирларини ёқтириб, танишадилар ва улфат бўладилар. Яхшиларнинг руҳлари яхшилар билан топишадилар. Улар билан улфат бўладилар. Руҳи яхши бўлган кишилар аҳли солиҳлар, тақводор уламолар билан улфат бўладилар. Улар билан бирга бўлганларида яйраб кетадилар. Аста-секин тажриба ким кимлигини аён қилади. Ёмонларнинг руҳлари ёмонлар билан топишадилар. Улар билан бирга бўлганда маза қилиб, ҳузур топадилар.

«Ёқтирмаганлари ихтилоф қиладир».

Яхшиларнинг руҳлари ёмонларнинг руҳлари билан топиша олмайдилар. Улар ёмонлар билан кўришганда ноқулай ҳолга тушиб қоладилар. Ёмонларнинг руҳлари ҳам яхшиларнинг руҳлари билан топиша олмайдилар. Улар бир-бирлари билан ихтилоф қиладилар. Шунинг учун ёмонлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар билан бирга бўла олмайдилар.

 

4783. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Киши дўстининг динида бўлади. Бирингиз кимни дўст тутаётганига боқсин», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Албатта, дўст-биродар бўлган кишилар бир-бирлари билан кўп вақт бирга бўлишлари турган гап. Доимий равишда бирга бўлганлар бир-бирларидан таъсирланишлари ҳам турган гап.

Шунинг учун дўст танлашда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Уламолар, аҳли солиҳлар ва тақводорлар билан дўст бўлганлар ўша азизлардан таъсирланишлари турган гап. Шунинг учун фақат яхшилар билан дўст бўлишга ҳаракат қилиш лозим.

 

4784. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Фақат мўмин ила соҳиб бўл. Таомингни тақводордан бошқа емасин», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам дўст танлашга алоҳида эътибор бериш кераклиги уқтирилмоқда. Лекин бу «Бошқалар билан алоқа қилмаслик керак экан-да», деган фикрга олиб бормаслиги лозим. Ҳамма билан алоқада, ҳусни муомалада бўлганга нима етсин. Аммо сирдош дўст бўлиш учун энг яхши фазилатларга соҳиб бўлган одамни танлаш лозим.

 

4785. Миқдаам ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир киши биродарини (Аллоҳ учун) яхши кўрса, унга ўзининг муҳаббатининг хабарини берсин», дедилар».

Иккисини Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ким бировни яхши кўрса, унга бу хабарни етказмоқ керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади.

Имом Термизий келтирган ривоятда:

«Бир киши бошқасини яхши кўрса, унинг исмини, отасининг исмини ва кимдан эканини сўрасин. Бу дўстликни мустаҳкамлайди», дейилган.

 

4786. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен мана буни (Аллоҳ учун) яхши кўраман», деди.

«Буни унга билдирдингми?» дедилар.

«Йўқ», деди

«Унга билдир», дедилар.

У унинг ортидан етиб борди ва:

«Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деди.

«Мени яхши кўришингга сабабчи бўлган Зот сени яхши кўрсин», деди». 

Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ўзидан аввалги келган ҳадиси шарифнинг таъкиди ва амалий татбиқидир.

 

4787. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Солиҳ улфат ва ёмон улфат худди аттор ва босқончига ўхшайди. Аттор ё сенга беради, ё сен ундан сотиб оласан, ёхуд ундан хушбўй ҳидни топасан. Босқончи бўлса ё кийимингни куйдиради, ё сен ундан қўланса ҳидни топасан», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳа, яхшиларга ёндашиш фойда келтиради. Ҳеч бўлмаганда уларнинг яхшилигини кўрган одам хурсанд бўлади. Аммо ёмонга ёр бўлган эса ёмон бўлади. Улар билан бирга бўлган одам ҳеч бўлмаганда «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади» деган мақолда айтилганидек ҳолга тушади. Шунинг учун доимо яхшилар, уламолар, фузалолар, тақводорлар билан бирга бўлишга ҳаракат қилиш керак.

 

4788. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда:

«Қаёққа бормоқчисан?» деди.

«Ушбу қишлоқдаги биродаримга бормоқчиман», деди.

«Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди.

«Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», деди.

«Албатта, мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен уни яхши кўрганингдек, Аллоҳ сени яхши кўрди», деди».

Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Беғараз муҳаббат ва беғараз зиёрат ўз соҳибини ана шундай улкан мартабага эриштиради.

 

4789. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ким бир беморни кўргани борса ёки ўзининг Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи:

«Қутлуғ бўлдинг. Босган қадаминг ҳам қутлуғ бўлди ва жаннатдан манзил олдинг!» дейди», дедилар».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.

Шарҳ: Албатта, дўстлик ришталари ўзаро зиёратлар билан мустаҳкамланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифларда бу савобли ишга алоҳида
эътибор берилган. Дўст-биродарлар доимо беғараз зиёратларини канда қилмасликлари керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобилдан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ўрнашгач, Бани Нажжор қабиласи Зайд ибн Собитни олиб келди. Ўшанда Зайднинг ёши ўн олтидан ўтмаган эди. Улар Эй давоми...

3623 11:51 / 09 январь
Гоҳида инсон барвақтроқ пишади. У учун олдинлари муҳим бўлган нарсалар энди аҳамиятсиз бўлиб қолади. Гоҳида чиқарган қарорларимизга замон ўтиб пушаймон давоми...

4018 09:05 / 09.08.2021
Тўрт ёшТўрт ёшда болалар ҳақиқий тадқиқотчи бўлишади ва ҳамма нарсани ўрганишни хоҳлашади. Бу ёшда давоми...

2129 15:00 / 14.08.2021
Намоз дунёдаги барча мусулмонлар учун фарз, яъни бажарилиши шарт бўлган ибодат бўлиб, ҳатто ушбу ибодатни мусулмон космонавт шайх Мусзафар коинотда ҳам адо давоми...

2376 13:00 / 17.12.2021