1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Қўйларни қўриқлаган бўри

15:39 / 26.11.2022 6699 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сулаймон алайҳиссаломнинг даврларида улуғ Пайғамбарнинг қўйларини боқиб юрадиган чўпон бор эди. Кунларнинг бирида унинг олдига бўри келиб: «Менга битта қўйдан бер», деди. 
Чўпон йигит бўрига: «Қўйлар саййидимиз Сулаймон алайҳиссаломга тегишли. Мен уларни  қўриқлаб, ўтлатиб юрадиган оддий чўпонман», деди.
Шунда бўри: «Саййидимиз Сулаймон алайҳиссаломни олдиларига бориб, мен қўй сўраётганимнинг хабарини бер», деди.
Чўпон йигит: «Агар кетсам, қўйларга ҳужум қиласан деб қўрқаман-да», деб айтди.
Шунда бўри: «Мен қайтгунингча, қўйларни қўриқлаб тураман. Агар сенга хиёнат қилсам, баднафс бўри бўламан», деди.
Шундан кейин чўпон йигит Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳузурларига жўнаб кетди. Бироз йўл юргач, бир сигир боласини эмаётганини кўрди. Чўпон бу ҳолатдан ҳайрон бўлди. «Субҳаналлоҳ! Ҳа, бу ажойиб ҳолатку, бунақасини кўрмаганман, саййидимиз Сулаймон алайҳисаломдан бу воқеанинг ҳикматини сўрайман» деди. Сўнг йўлида давом этди. Бироз вақт ўтгач, бир гуруҳ шахсларни кўрди. Улар чириган, йиртилиб кетган кийимларни кийганча ўтирар, атрофларида тиллалар сочилиб ётар, қўлларида олтиндан бўлган халтачалар бор эди. Чўпон йигит бу воқеадан ҳам ҳайратланиб ўйга толди. «Субҳаналлоҳ! Яна бир ажойиб ҳолатку, бунақасини аввал кўрмаган эдим. Тиллалари бор, аммо ўзлари фақир» деди-да, йўлида давом этди. Яна бироз юриб узоқдан қудуқни кўриб қолди. Ундан сув отилиб чиқаётган эди. Ҳатто сувнинг шалдираб турганини ҳам эшитди. Сувдан ичиш учун ўша томонга қараб юра бошлади. Қудуққа яқинлашганда бадбўй ҳид димоғига урилди. Бориб қараса, ҳалиги чиқаётган сувнинг ҳиди бадбўй экан. Ҳайрон бўлиб ортга қайтди. «Субҳаналлоҳ! Буниси ҳам ажойиб ҳолатку, оқиб турган шарқироқ сув бўлса, ҳиди нега бадбўй. Бир жойда узоқ вақтдан бери туриб қолган сув бўлса ҳам тушунса бўлади. Бунинг ҳикматини саййидимиз Сулаймон алайҳиссаломдан сўрайман» деди-да, юриб-юриб, Сулаймон алайҳиссаломнинг олдиларига етиб борди. Ҳузурларига кириб у зотга салом берди ва бўрининг илтимосини етказди.
Сулаймон алайҳиссалом унга: «Қўйлардан танлаб олиб, ейишга бўрига рухсат бер», дедилар.
Чўпон йигит: «Амрингиз бош устига, эй Саййидим, сиздан ўзим йўлда кўрган ажойиботлар ҳақида сўрамоқчи эдим. Биринчи бўлиб, боласини эмаётган сигирни кўрдим. Бунинг ҳикмати недур», деди.
Сулаймон алайҳиссалом: «Бу ҳол замон охирлаганда юз беради. Ўшанда айрим хулқи бузуқ аёллар қизлар орқали пул топиб кун кечириш учун ўша қизларни балога жалб қиладилар», дедилар. 
Чўпон йигит: «Яна шундай бойларни кўрдимки, қўлларида тилла, аммо кийимлари чириган. Улар кимлар?», деб сўради. 
Сулаймон алайҳиссалом: «Улар қароқчилар ва ўғрилардир. Ўзларидаги ҳамма мол ҳаромдан келган. Охири замон бўлганда ҳаром мол кўпаяди, қаноат озаяди ва барака кўтарилади», дедилар.
Чўпон йигит: «Оқиб турган сувни кўрдим, ўзим ташна эдим, ичиш учун унинг олдига бордим, қарасам, сувдан ёқимсиз, бадбўй ҳид келаётган эди. Унинг ҳидига чидай олмай, ундан узоқлашдим. Бу қандай сув эди?», деб сўради. 
Сулаймон алайҳиссалом: «Бу замон охирлаган пайтларда дин аҳлининг кўпларининг ҳолидир. Уларни кўрганингда узоқдан диндор деб ўйлайсан. Аллоҳга яқинлаштирадиган бирор фойда топарман деб уларга яқин борганингда, уларнинг дунё ва шаҳватларга боғланганларини кўрасан», дедилар.
Шунда чўпон йигит: «Бундай ҳолатга тушиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз», деди. Сўнг Сулаймон алайҳиссаломдан дуо олиб яйловга қайтди. Қўйларининг ёнига бориб қараса, бўри қўриқчилик қилиб ўтирган экан. Унга: «Битта қўйни танлаб олишингга Сулаймон алайҳиссалом рухсат бердилар», деди. Бўри қўйларга назар солди-да, бир четда турган касал, заиф қўйни кўрди ва шуни олди.
Чўпон йигит ундан: «Нега бу қўйни танладинг», деб сўради.
Бўри: «Чунки бу қўй Роббисига тасбеҳ айтишдан ғафлатдадир. Кимда-ким Роббисига тасбеҳ айтишдан ғафлатда бўлса, у улкан балонинг ичидадир», деб жавоб берди. 
Азизлар, ғафлат уйқусидан уйғонайлик. Зикрсиз, ғафлат босган ҳаётга асло рози бўлмайлик, доимо тилларимиз Роббимизнинг зикри ила, дилларимиз Роббимизнинг ёди ила банд бўлсин.


Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ҳикоя ndash Охирги пайтларда Насимжон домла тилига жуда эрк бериб юборяптими ndash деди маҳалла оқсоқоли Юнусхон чойхонадаги сўрида ўтирган тўрт нафар ҳамсуҳбатига давоми...

3077 13:50 / 04.12.2024
Бир подшоҳнинг қўшини орасида қўй боқар оддий чўпон бор эди. Сарой қозиси уни ёқтирмас эди. У чўпонга нисбатан шундай ҳийла ишлатдики, оқибатда подшоҳ чўпонни қатл давоми...

2225 11:00 / 03.09.2022
4790. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ таоло қиёмат куни.Менинг жалолим учун бирбирларини яхши кўрганлар қани давоми...

5808 13:00 / 31.10.2021
Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит Имом Аъзам шундай ҳикоя қилади .Ҳаж ибодати пайтида бешта хатога йўл қўйган эканман. Бу хатоларни ўшанда бир сартарош ўнглаб қўйган давоми...

2421 19:00 / 11.11.2022
Видеолар

1000 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216627 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135787 14:35 / 11.08.2021