1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Амалга ва касб қилишга ундаш

14:46 / 11.10.2017 4746 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг энг афзал касби қўл меҳнати билан қиладиган касбидир, агар холис бўлса», дедилар».

Молик ибн Динордан ривоят қилинишича, у Тавротда «Қўли билан меҳнат қилиб еган одамнинг ҳаётида саодат бўлсин, мамотида саодат бўлсин» деган гапни ўқиган экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича, у зот ўз аёлларига: «Яхшиларингиз қўли узунларингиздир», деганлар. Бошқа ривоятда: «Яхши йигирадиганингиз», дейилган. Улар жун йигирганлар. Яна бир ривоятда: «Сизлардан фақат қўли моҳирингизни назарда тутмоқдаман», дейилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Урчуқ ҳур мўминанинг қандай ҳам яхши эрмаги», дедилар».

Муҳаммад ибн Холид Доббийдан ривоят қилинади:

«Иброҳим раҳматуллоҳи алайҳ Умму Бакр исмли аёлнинг олдидан ўтаётиб, унга салом берди. У қўлида урчуғи билан ўтирган ҳолида алик олди. Шунда Иброҳим унга:

– Аллоҳ сенга раҳм қилсин, катта бўлмадингми? – деди.

– Худди шундай, – деди.

– Бу урчуқни ташлаш вақти келмадими? – деди.

– Уни қандай қилиб ташлайман?! Ахир Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг «У пок касблардандир» деганини эшитганман, – деди».

Ривоят қилинишича, Закарийё алайҳиссалом нажжор бўлганлар.

Ибн Мусайябдан ривоят қилинади: «Луқмон тикувчи бўлган».

Усмон ибн Ато отасидан ривоят қилади: «Сулаймон алайҳиссалом қўли билан хурмо баргларини тўқир, арпа нони ер ва Бану Исроилга сара нон ва гўшт егизар эди».

Икримадан Язид Наҳвий ривоят қилади: «Довуд салавотуллоҳи алайҳ ва саломуҳу тушида ўзи билан бозор аҳлидан бўлган бир одамни жаннатда кўрди. Сўнгра бозорни айлана бошлади. Қараса, бир одам бир боғ ўтин кўтариб олиб: «Ким покизани покиза эвазига сотиб олади?!» деб турган экан. Шунда унинг одига бориб:

– Бу покизанг нима ўзи? – деди.

– Бировга зулм қилмай терган ўтиним. Уни мендан ҳалол касбдан пул топадиган одам бир дирҳамга сотиб олишини хоҳлайман, – деди.

– Мана дирҳам, уни мен билан уйгача кўтариб бор, – деди. У кўтариб борди. Манзилга етиб боришганида:

– Бу дирҳамни нима қиласан? – деди.

– Учдан бири ота-онамга, учдан бири мискинларга, учдан бири менга ва оиламга, – деди.

– Мен сени ўзим билан жаннатда кўрдим. Мана бу меҳроб сенга, оилангга ва ота-онангга – барчангизга ризқ олиб келади. Унда бўлингиз, – деди.

– Сен набийлардан бирисан. Мени ўзинг билан жаннатда кўрибсан. Энди мени ундан чиқармоқчимисан? – деди».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, киши еган нарсанинг энг покизаси ўз касбидан еганидир», дедилар».

Уяйна ибн Ҳисндан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусо қорнини тўйдириш ва фаржининг иффатини сақлаш учун мардикорлик қилди», дедилар».

Бизга етган хабарга кўра:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг расули, мени тижоратларнинг қай бирига амр қиласиз?» деди.

«Баззни [1] лозим тут», дедилар.

Ва бошқа бировга:

«Сомонни лозим тут. Зотан, унинг сармояси енгил, фазли эса кўпдир», дедилар.

У киши сомон тижоратини қилиб, моли кўпайди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг расули, мен сиздан иш ҳақида сўраган эдим ва умид қиламанки, Аллоҳ унда менга барака берди. Мени сомондан кўра яхшироқ тижоратга амр қилинг», деди.

«Баззни лозим тут. У муборак бўлиб, отам Иброҳим алайҳиссаломнинг тижоратидир...» дедилар».

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг расули, менга тиланчилик қилишга изн беринг», деди.

«Тикувчилар бозорига бор(иб тижорат қил)», дедилар. Баъзилар: «Агар одамлар келиб, бирор нарса сотиб олсалар, уларга шерик бўл», дейишди.

Ҳалиги киши бориб, кўп ўтмай бир ғулом ва туя орттирди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– «Эй Аллоҳнинг расули, ғулом ва туя орттирдим. Шу иккиси мен учун етарли, мен сизни лозим тутишни истайман», деди. Шунда у зот:

 «Бозорингни лозим тут», дедилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳунинг қўли қавариб кетганини кўриб:

«Нимадан бунчалик қавариб кетди?» дедилар.

«Еримдаги оқ тошларни чўқмор билан урганимдан», деди.

«Эй Саъд! Гувоҳлик бераманки, албатта, бу қўлларга ҳеч қачон дўзах ўти тегмайди», дедилар».

Алий ибн Абу Толиб ризвонуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

«Бир марта Мадинада жуда қаттиқ оч қолдим-да, иш излаб чиқдим. Қарасам, бир аёл бир жойга қаттиқ лой тўплаб қўйибди. Уни юмшатмоқчи экан. Унинг олдига бордим ва ҳар бир пақир сув учун биттадан хурмога келишдим. Ўн олти катта пақир сув ташиб, қўлим қаварди. Сўнг аёлнинг олдига бордим. Унинг олдида бундай қилиб қўлимни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмони санаб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда айтган эдим, у зот мен билан бирга ундан едилар».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (узун) ҳадисда жумладан, қуйидагилар айтилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ансорлардан етмиш киши ила мадад бердилар. Уларни қорилар дейишарди. Улар кундузи ўтин териб, кечаси намоз ўқишар эди».

Абу Саъиддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир», дедилар».

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй қорилар жамоаси, бошларингизни кўтаринг! Йўл равшан бўлди. Яхшиликларда мусобақалашинг. Мусулмонларга боқиманда бўлманг!»

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Сизларнинг яхшингиз дунёси учун охиратидан, охиратини деб дунёсидан юз ўгирмаганингиздир».

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ибодат ўн жуздир – тўққизтаси касбда, биттаси намоз ва рўзада».

Собит Бунонийдан ҳам шу маънодаги ҳадис ривоят қилинган.

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Луқмон ўғлига деди: «Эй ўғлим, дунёдан охиратингга зарар етказмайдиганини ол. Ундан бир йўла бош тортиб, одамларга боқиманда бўлиб қолма. Лекин дунёдан етарлисини ол».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким дунёни ҳалоллик, тиланишдан иффатли бўлиш, аҳли учун кўшиш қилиш, қўшнисига меҳр кўрсатиш учун талаб қилса, қиёмат куни юзи тўлин ойдек бўлиб келади.

Ким ҳалол мол-дунёни фахрланиш, кўпайтириш ва риёкорлик қилиш учун талаб қилса, Аллоҳга У Зот ундан ғазабнок бўлган ҳолида учрайди».

Суфёндан ривоят қилинади:

«Тавротда ёзилмишки: «Уйда буғдой бўлса, ибодат қил. Агар бўлмаса, уни қидир».

Абу Усмон Наҳдийдан ривоят қилинади:

«Бир киши Салмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирса, у киши хурмо баргидан нарса тўқиб ўтирган экан. Шунда ҳалиги киши: «Атойинг тўрт минг бўлатуриб, қўлинг билан хурмо баргини тўқияпсанми?» деди.

«Ўз қўлим билан меҳнат қилиб, таом ейишни маҳбуб кўрдим», деди».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Касбнинг баёни китобидан)




[1] Базз (без) – пахтадан тўқиладиган мато.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Билинг Бошқаларнинг ёрдамидан фойдаланиш чиндан ҳам диний ва дунёвий мақсадлардандир. Бу фақат одамларга аралашиш орқали ҳосил бўлади. Аралашишнинг фойдалари давоми...

4032 05:00 / 03.03.2017
Сўзлаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим.Бунга кўз, қош, қўл ва бошқа аъзоларнинг ҳаракати ҳам киради. Суҳбатлашаётганда, суҳбатдошини туртиб, давоми...

8383 11:30 / 11.05.2022
Биринчи марта, Мисрлик олим профессор Абдулбосит Саййид Муҳаммад, Юсуф сурасидан таъсирланиб катаракта кўз гавҳарининг хира тортиши касаллигига тер томчиларида давоми...

5102 11:00 / 11.09.2020
Аллоҳ таоло айтади Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У Зот кўпини афв қилур.rdquo Шууро сураси 30 оят.Яъни инсонга ndash хоҳ жонига, хоҳ давоми...

5005 16:37 / 21.01.2018