1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Кучли мўмин...

05:00 / 01.03.2017 3464 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий, камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Мусулмон уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки поясига ўхшатишади, яъни икки тараф баравар — тенг бўлишига эътибор бермоқлик лозимлиги уқдирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга дош бера оладиган бўлмоғи лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом кучли мўъмин киши Аллоҳ, ҳузурида кучсиз мўъминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир, деганлар. Бу ҳадиси шарифдан кучли, чиниққан бўлишнинг нақадар афзаллигини тушиниб оламиз.
Ҳозиргина эслаб ўтган ҳадисимизда таъкидланганидек, кучли мўъмин киши Аллоҳ ҳузурида маҳбуб бўлса, бундай фазилатга эга бўлиш ҳар бир мўъмин учун зарур. Башарти жисмоний мусобақа кишиларнинг кучли, чидамли бўлиши йўлида ташкил этилса маъқул.

Ўтган хафтанинг пайшанба куни халқаро кураш федератцияси таклифига биноан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари Кураш федератцияси қароргоҳида меҳмон бўлдилар.
Халқаро кураш федератцияси президенти билан кураш спортининг ривожланиши ва истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар.
Яқин кундарда www.islam.uz сайтида кураш спорти ҳақида қизиқарли мақолалар бериш ниятидамиз (Инша Аллоҳ)

 

БАДАНТАРБИЯ

Ҳозирги кунимизда соғликни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун баданратбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага айниқса ривожланган давлатларда одамлар жуда ҳам берилганлар. Ҳамманинг кучли бўлгиси, қувватли бўлгиси, чапдаст, эпчил бўлгиси, соғ-саломат бўлгиси ва хасталикларга чалинмаслиги келади. Бунинг учун эса бадантарбия ила шуғулланиш керак. Ривожланган давлатларда ана шу нарсани кишиларга яхшилаб англатилган. Шунинг учун уларда бу иш кенг тарқалган.
Исломда бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифларни ўргансак масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.
Имом Аҳмад ва Имом Абу Довудлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар мен У зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва, ҳалиги билан биру бир, дедилар».
Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса У зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади. Бу оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсуски кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан бехабарлар.
Қадимги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилар эканлар бир неча маъноларга урғу берганлар. Улар, Оишанинг ҳадисида; оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор, дейдилар.
Минг афсуслар бўлсинким, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчилар, манабу маънолардан йироқдадирлар. Улар бадантарбия ила шуғулланиш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб деб биладилар.
Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Биз йўлда юриб борар эдик. Аносрийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: «Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?» дея бошлади.
«Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлини шарафини риоя қилмайсанми?» дедим.
«Фақатгина Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни» деди.
«Эй, Аллоҳни расули, ота онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай», дедим.
«Хоҳишинг бўлса, майли», дедилар у зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим». 

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз. Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг, Аносрийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши, дейишлари шу маънога далолат қилади. Яъни, саҳобалар ичида мусобақаларда доимий равишда биринчи бўлиб ном қозонганлари ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса худди Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳуни спорт мусобақасига рағбатлантирганларидек ҳаммани рағбатлантириб турганлар.
Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар». 
Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қиладилар.
Имом Абу Довуд ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язийд қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва: «Эй, Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!» деди.
«Соврунга нима қўясан?» дедилар.
«Қўйларимдан бирини» деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона:
«Яна қайта тушасанми?» деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: «Эй, Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» деди-да Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон киши билан мусулмон киши орасида спорт мусобақаси ўтказилганидек, мусулмон кишининг мусулмонмас киши билан ҳам спорт мусобақаси ўтказиши мумкинлиги чиқади. Шунингдек, спорт мусобақаси орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна Руконага ўхшаб баъзи ховлиққанлар бўлса попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия ила шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.
Бошқа ривоятлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини кураштириб мусобақалар ўтишига ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларини аскарликка қабул қилишни талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб кўриб ғолиб келганларни қабул қилганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «ҳироб» ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тек қўй уларни! Эй Умар!» дедилар».
«Ҳироб» қурол ушлаб чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий-спорт ўйини. Мазкур ҳабашийларнинг бу ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳам бадантарбияга аҳамият беришнинг бир намунаси.
Имом Бухорий ва Имом Аҳмад Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётан асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: «Отинглар! Эй Бани Исмоиллар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга нима бўлди. Отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар: «Сиз улар билан бўлсангиз. Қандоқ қилиб ҳам отар эдик», дейишди. Бас, у зот: «Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» дедилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлодни соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни ўз фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У зот ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: «Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар.
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир», дейилган.
Бу маънолар ўта яхши маънолардир. Аммо ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиги билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Ўйлаб кўринг, бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жойига бориб икки ракъат намоз ўқигунча одамнинг ҳар бир бўғини қаначадан қанча ҳаракатга тушади.
Рўза ҳам шунга ўхшаш. Саҳарликка турилади. Ҳаракат қилинади. Хуфтонга қўшиб йигирма ракъат таровеҳ намози ўқилади.
Ҳаж ва умра бўлса, асосан қаттиқ ҳаракатдан иборат ибодатлардир.
Буларнинг ҳаммаси соғлик учун фойдали эканини мусулмонмас одамлар ҳам яхши биладиган ҳолга келишди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир яхшилик садақадир,, ndash дедилар,. Шарҳ Яхшилик, у қандай бўлмасин ndash каттами, давоми...

3368 05:00 / 04.03.2017
Маърифий суҳбатлар рукнида берилаётган навбатдаги суҳбат йигирма икки йилдан ошиқ вақт ўтса ҳам ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Шайх ҳазратларининг .Ўзбекистон давоми...

1681 09:30 / 19.03.2022
Аллоҳ таоло.Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос. Улар давоми...

3910 05:00 / 02.03.2017
Аскар қўмондонига .Жаноб, дўстим ҳали жанг майдонидан қайтмади. Бориб уни излашим учун рухсат беришингизни сўрайман,, деди.Қўмондон .Рухсат йўқ, бирор бир жойда давоми...

4150 17:00 / 04.06.2022