1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Дўстига нотўғри маслаҳат беришнинг гуноҳи

05:00 / 03.03.2017 3689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мен айтмаган нарсани мени айтган деб айтса, дўзахдаги ўрнига тайёрланаверсин.
Кимга бир мусулмон биродари маслаҳат сўраб келса-ю, у нотўғри маслаҳат берса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади.
Ким аниқ билмай туриб нотўғри фатво берса, гуноҳи ўша фатво берган одамга бўлади», дедилар
».

Шарҳ: Аллоҳ сақласин, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган деса, дўзахи бўлиши аниқ экан. Бу ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак бўлган нарса.
Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани ҳадис деб гапиравермаслик керак. Ким ривоят қилганини билса, аниқ, сўзма-сўз билса, қайси имом чиқарганлигини билсагина айтиш мумкин. Бўлмаса, ҳадисда бор экан, ҳадисда келган экан, мана бу ҳам ҳадис экан, деявериш мутлақо мумкин эмас.
«Ҳадис ва ҳаёт» силсиламизнинг бошида ҳам катта уламоларнинг: «Кимки, рухсат олмай, ровийларини билмай туриб, ҳадис айтса, ётқизиб, уриб, орқасини қонатиш керак» деганлари ёзилган.
Бунинг ҳикматини ҳозирги кунимизда яққол намоён бўлиб турибди – одамлар ўртасида ихтилоф чиқиб, жамиятни ташвишга солган нарса айнан шариатда йўқ нарсаларни шариатдан деб гапирадиганларнинг кўплиги бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапларни айтди, дейиш жуда оғир гуноҳдир.
Ҳадис илмининг ўз одоблари бор. Ҳадисни ривоят қилаётган одам ровийларни яхши билиши керак, имомлардан қайсилари бу ҳадисни ўз китобларида келтирганлигини яхши билиши керак, ҳадиснинг маъносини яхши билиши керак ва ҳоказо.
Бизда эса афсуски, ундай бўлмади. Ҳадис деб туриб, на ровийнинг, на ривоят қилган имомнинг исми бор, на қайси бобда келганлиги бор – ёзиб ташланаверди.
Бу ҳадис илмига алоқаси йўқ одамларнинг улуғ ишга аралашганларининг оқибатидир. Мана энди дуч келган гапни шариатда бор экан, ҳадис экан деб айтавериш одат бўлиб кетди.
Шахсан ўзимга ҳам ана шундай гаплардан бири айтилди. Бир киши катта бир жамоат ўртасида микрофондан туриб: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлиснинг бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам Қуръон ўқинглар, деганлар» деяпти.
Бундай мисоллар жуда кўпайиб кетган. Шунинг учун бундай гуноҳлардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.
Биродарига қасддан нотўғри маслаҳат бериш ҳам хиёнат экан. Хиёнатнинг қанчалик оғир гуноҳлигини биламиз.
Нотўғри фатво бериш ҳам оғир гуноҳлардан бири. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фатво беришга журъатлироғингиз жаҳаннамга тушишга журъатлироғингиздир», деганлар.
Бу ҳам жуда оғир нарса. Охирига етмай, собит бўлмай туриб, тагига етмай туриб нотўғри фатво бериш жаҳаннамга етаклайдиган катта гуноҳдир.
Ҳадисда айтилганидек, кимки бу ноғтўғри фатвога амал қилса, унга узр бор, чунки у киши билмаганлиги учун бошқалардан сўраган, сўнг эшитганига шариатнинг ҳукми, деб амал қилиб кетаверган. Бунинг гуноҳи ўша нотўғри фатво берганга бўлар экан.
Аллоҳ сақласин, бу ҳолат ҳам бугунги кунимизда жуда кўпайган. Оғзига келган гапни айтиб, фатво бериб юборилаверади. Бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким ризқининг кенг бўлишини ва орқасидан асари кўп қолишини яхши кўрса, силаи раҳм давоми...

3066 05:00 / 03.03.2017
Бир куни Чорсуда тушлик қилиб ўтирганмизда гапдан гап чиқиб, Муҳаммад Собир исмли дўстимиз .Қизиқ бир воқеани айтиб берайми, деб қолди. Ўтирганлар қулоқ тутди.Ҳеч давоми...

2685 14:00 / 08.02.2023
Ким айбдорАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсинСарлавҳадаги давоми...

4007 05:00 / 06.03.2017
Жамиятда олий маълумотли, олий даражали шахслар борки, барчалари институт ёки университетларда таҳсил олишган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, биринчи университет давоми...

2509 15:30 / 24.12.2021
Аудиолар

227901 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146620 14:35 / 11.08.2021