1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Шубҳа

17:20 / 14.09.2017 6335 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.

Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани «Икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлганлиги учун икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса дейилади», деганлар.

Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:

1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади. 

Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Муъобара» номли муомалани мисол қиладилар.

2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам маш­ҳур бўлмаганлиги учун кўпчилик билмайди. 

Мисол учун, калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик бўлган «зобб» номли ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.

3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.

4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчалик ёки доимий эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар.

Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқ­ҳий қоидалар билан солиштириб, ўрганиб чиқадилар. Сўнгра уларнинг ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотларга асосланади.

Аммо зоти ҳалол бўлган нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўла олишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:

Биринчи хили – ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.

Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушса-ю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа пайдо бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб, бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар шу ва шунга ўхшаш шубҳали ҳолатларда ҳаромлик устун эканлигига фатво чиқарганлар.

Бундай шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти ҳалол йўл билан сўйилган битта ёки ўнта ҳайвоннинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмаганлиги учун мазкур ҳалол гўштлар ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.

Яна бир мисол:

Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос. 

Ушбу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганлиги учун шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.

Иккинчи хили – чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундай ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.

Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканлигини яхши билади. Аммо ким эканлигини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёллар унга ҳаром, деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламоларнинг иттифоқи шундай.

Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг миқдори номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундай бўлса, кишилар катта танг­ликда қоладилар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар вақтларида рибохўрлик, ўғрилик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз «Бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суриштириб, четлашга уриниш васвасадир», дейдилар.

Учинчи хили – чегараланмаган ҳаром чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсагина ҳаром деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича, аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича, асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврларида ҳаромдан топилган мол-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи талаб олинган моллар аралашиб кетган. Мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, ҳеч ким бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган. 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу насроний аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридийн юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб, ишлатганлар. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб, тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундай масалаларни ниҳоятда яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар. 

Ҳозирги уламолар ана шу китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса Ислом фиқҳи мажмаъ (академия)ларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.

«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дийни ва обрўси учун покланган бўлади».

Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дийни ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг учун муайян шубҳали нарсадан узоқда бўлиш лозим.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзинг­ни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.

Шубҳали нарсага нисбатан муносабат бир неча хил бўлади:

1. Вожиб.

Ўзиники ёки ўзганики эканлиги аниқ бўлмаган молни олмаслик.

2. Мустаҳаб.

Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.

3. Макруҳ.

Аллоҳ таоло рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.

Имом Бухорий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: 

«Уқба ибн Ҳорис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мен бир хотинга уйланган эдим. Бир қора аёл келиб, мен билан хотинимни эмизганини даъво қилмоқда, у ёлғончи», деди. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар. У ўз гапини у зотга иккинчи бор қайтарди. Шунда у Зот:

«Қандай қилиб?! Ахир, у (аёл) икковингизни эмизганини даъво қилиб турибди-ку? Уни талоқ қил!» дедилар. Демак, шубҳа тушганлиги учун шундай қилдилар.

Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қи­йин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилиш васваса дейилади. 

Уламоларимиз бундай васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Шу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, бу ердан уйлансам, билмай, қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир. 

Имом Қуртубий «Бундай ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундай нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади», дейдилар. 

Имом Ҳарамайннинг оталари Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Жувайнийга янги кийимни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб, ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:

«Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеъинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ки­йимларни ювишга амр қилган бўлсалар, махфий қолмас эди», дедилар.

Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир. Лекин му­айян шуб­ҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар: 

«Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади». 

Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки:

«Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап». 

«Қўриқхона» деб, Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.

Табиийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага кириб қолиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки жуда яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми, молми ёки бошқа ҳайвонми, қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундай. Хоҳлаган лаҳзада ўзи билмай қолиб, ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин. 

Оқибатда обрўси тўкилиб, дийнига путур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам дийнини, обрўсини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.

Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар:

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир». 

Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бош­қа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъиян ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилганларидир».

Яъни Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалари худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса Унинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир.

Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсаларга бу дунёда соғлиқлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлиши ҳамда охиратда ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.

Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам қўлларини кесиш ва бошқа турли тан жазолари билан бирга, бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслик каби руҳий-маънавий жазолар бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап. 

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир».

Бу иқтибосда «солиҳ» сўзининг «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдариш»га нисбатан айтилади. У бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб турганлиги учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади. 

Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир.

У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётига тириклик бахш этади. 

Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ. 

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилинганидан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам «Қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир», дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. 

Ҳалол нима эканлигини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканлигини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим. 

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ўзимизга ҳалоллиги аниқ бўлган нарсанигина раво кўришимиз зарур. 

Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Дунё нима Унда зуҳд қилиш қандай бўлади, Шунга ўхшаш масалаларни сўраб, саволни кўпайтирдинг. Булар ҳақда сенга қисқа жавоб бераман.Албатта, бу икки диёр ҳам давоми...

5592 17:40 / 05.10.2017
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилар1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир.2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон давоми...

4403 12:53 / 07.03.2018
Бола отаонаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, ўшандай ўсади. Унинг савобига давоми...

3197 10:57 / 04.01.2019
Насиҳат. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади .Одам боласи билан доим бирга бўладиган фаришталар бор. Бир инсон биродарини яхшилик билан эсласа, ўша фаришталар унга .Сенга давоми...

4050 19:41 / 31.03.2018