1447 йил 29 шаъбон | 2026 йил 17 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳажингиз мабрур ҳаж бўлишини истасангиз

11:00 / 29.05.2023 3272 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозир биз муборак зулҳижжа ойида турибмиз. Ушбу ойда қилинадиган энг катта ибодат, шубҳасиз, ҳаждир. Дунёнинг турли ўлкаларидан миллионлаб мусулмонлар Исломдаги бешинчи рукн бўлмиш ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка ва Мадинага йўл оладилар.

Деярли барча бўлғуси ҳожилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир», (Муттафақун алайҳ) деган ҳадисларидан умидвор бўлиб ҳаж қилишади.

Аммо ҳамма ҳам ҳажининг мабрур бўлишига эриша олмайди.

Хўш, «мабрур ҳаж» нима ўзи?

«Мабрур» луғатда «яхшилик қилинган», «қабул қилинган», «холис» деган маъноларни англатади. Демак, мабрур ҳаж деганда холис Аллоҳ учун қилинган ва маъсиятлардан холи ўтган ҳажни тушунишимиз керак экан.

Муҳтарам бўлғуси ҳожи, сизга ҳажингиз мабрур бўлиши учун бир неча тавсиялар берамиз:

Аввало, ниятингизни холис қилинг.

Билингки, сиз улуғ ибодатни адо этиш учун ер юзининг энг муборак гўшаси томон кетмоқдасиз. Аллоҳ Ўзидан бошқасига қилинган ибодатни зинҳор қабул қилмас. Ниятингиз Аллоҳнинг розилиги, Расулининг шафоати ва мабрур ҳажга ваъда қилинган жаннат бўлсин. Бундан бошқа ният ила ҳаж қилиб мабрур ҳажни қўлга киритаман, деб хомтама бўлманг.

Ҳажнинг бирорта амалида хўжакўрсинликка йўл қўйманг. Бунинг учун қалбингиздаги учта иллатни - риё, сумъа ва ужубни йўқотинг. Ҳаж амаллари пайтида суратга тушишингиз ниятингизнинг холис эмаслигини англатишини унутманг.

Бир муддат дунёни унутиб, охиратга рағбат қилинг.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ҳаждан дунёдан зуҳд, охиратга эса рағбат қилган ҳолда қайтиш мабрур ҳаждир».

Машаққатларга сабр қилинг. Ахир сиз жаннат илинжида юрибсиз. Жаннатга кириш йўлида, албатта, қийинчиликлар бўлади.

Сиз ҳажга тижорат учун ҳам, саёҳат учун ҳам келмагансиз. Бор диққат эътиборингизни ибодатларга қаратинг.

Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» деганларида, хотин тасдиқ жавобини берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унга: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деганлар.

Ҳажнинг нафақат фарз ва вожиб амалларини, балки суннат ва мустаҳаб бўлган амалларини ҳам тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қилинг. Аммо суннатни қиламан деб бирорта мусулмонга азият етказиб қўйманг.

Ўзингизни ниҳоятда ҳокисор ва ҳалим тутинг. Гуноҳлардан эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳажнинг мабрур бўлишининг асосий шарти маъсиятлардан узоқ бўлишдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек (бегуноҳ) қайтади», деяётганларини эшитдим».

Бухорий ривояти.

Зикрларни кўпайтиринг. Талбияни овоз чиқариб кўп-кўп айтиб юринг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаждаги энг афзал амал сўралганда, у зот: «(Талбияда) овозни кўтариш ва қон оқизиш», деб жавоб берганлар.

Ҳаждан қайтгач, ибодатларга янада ҳарис бўлинг. Чунки уламолар ҳажнинг мабрур бўлганлик аломатларидан бири ҳаждан сўнг ҳожининг ибодатларни янада кўпроқ қилишидир, дейишган.

Хуллас, ким ниятини холис қилиб, ҳаж амалларининг арконларини, суннату мустаҳабларини жойига қўйиб, бирор гуноҳ қилмасдан, ҳусни хулқ ва тавозеъ билан ҳаж ибодатини адо қилса, «Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир» ҳадисидан насибадор бўлади, иншаАллоҳ.

Аллоҳ ҳар биримизнинг қилажак ҳажимизни мабрур ҳажлардан қилсин!

Шамсиддин Садриддин

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Сеҳр, сўзи луғатда чиқиб келган жойи дақиқ ва латиф, сабаби махфий бўлган нарсага нисбатан ишлатилади.Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

5690 17:12 / 06.10.2018
Намоз арабчада .Салот, дейилиб, луғатда яхшиликка дуо маъносини англатади. Шариатда эса .Такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган махсус шартлари бор гаплар давоми...

13375 05:00 / 04.01.2017
Ибн Ваҳб Ибн Зайддан ривоят қилади quotАллоҳ таоло жаннат аҳлини бу дунёда қўрқувчи, маҳзун, кўп йиғлайдиган, мушфиқ, шунинг оқибатида охиратда неъматланган ва шод давоми...

4791 13:06 / 25.11.2018
18. Рамазоннинг биринчи кечасининг ҳам алоҳида фазилати бор. Имом Термизий, Насоий ва Ибн Ҳиббонлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий давоми...

1756 15:40 / 30.04.2020
Аудиолар

231280 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

149804 14:35 / 11.08.2021