1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бузишга яроқли инсонлар қуришга қодир эмаслар

12:00 / 21.11.2021 3012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Султон Сулаймон Қонуний эски саройларидан бирини бузиб уни янгидан қурмоқчи бўлди. Мамлакатдаги энг моҳир муҳандисни суриштирди. Унга муҳандис-меъмор Синон бу ишда моҳир эканлигини айтишди. Султон муҳандисни топдириб унга мақсадини айтди. Меъмор Синон ушбу вазифани гарданига олиб тезлик билан ишга киришди.

Шу ергача масала табиий кўринади. Ғайритабиийсига келсак, султон Сулаймон қурилишнинг икир-чикиригача ўзи назорат қилиб борди. У меъмор Синоннинг саройни бузишда ишлатган ишчиларни янги саройни қуришда ишлатмаганлигини кўрди. У меъморни чақиртириб сўради:

- Нега эски саройни бузишда ишлатган ишчиларни янги саройни қуришда ишлатмадинг?

Меъмор жавоб берди:

- Султон ҳазратлари! Бузишга яроқли инсонлар қуришга яроқли бўлишмайди!

Биродарлар! Мана шуни ўзимизга қоида-асос қилиб олишимиз лозим. Бузишга яроқли инсонлар қуришга қодир эмаслар.

Сизга жароҳат етказганлар сизни даволашга қодир эмаслар. Дардингизга давони сизни жароҳатлаганлар ҳузуридан қидирманг.

Кўзингизни ёшлатганлар кўз ёшингизни артишга қодир эмаслар.

Юзингизга тарсаки урганлар сизни ўша қўллари билан қучоқлашга қодир эмаслар.

Қалбингизни жароҳатлаганлар кўнглингизни олишга қодир эмаслар.

Инсонларга қўшимча фурсат беришдан тийилинг. Баъзи инсонлардан яхшилик кутмаслик ҳам етуклик ҳисобланади.

Қалби қаттиқ бўлинг, демоқчи эмасман. Мен юмшоқликни севаман ва унга даъват қиламан. Жароҳатларини маҳкам ушлаб инсонларни кечирадиганлар мени асир қилади. Мен айтмоқчи бўлган гап шуки, инсонларнинг қўлларида ўйинчоқ бўлиб қолмайлик. Бизни соддалигимиздан инсонлар кулишмасин!

Ҳаммамиз ҳам хато қиламиз, ёмонлик қилиб қўямиз. Бошқалар ҳам хато қилганимизда кечиришлари учун кечиримли бўлишга эҳтиёжимиз бор.

Ортидан узр сўраладиган, кўнгил олинадиган, силанадиган, кўз ёши артиладиган ўткинчи хато бу бошқа нарса.

Ҳукумат бошқарувида ҳам бу фикрдан фойдаланса бўлади. Вайрон қилганларни ҳадеб мансаб-вазифага қўявермаслик керак. Миллат мулкига зарар етказаётганларни, ўғирлаётганларни мансаблардан четлаштириш лозим. Улар вайрон қилишдан бошқа нарсани билишмайди.

Ёмонликдан доимий эҳтиёт бўлмоғимиз лозим!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тўпланган молмулкнинг ҳисобкитоби ўта қаттиқ, шиддатли бўлади. Аллоҳ таоло молдунёга эга қилган инсонлар ҳаром йўллар билан қўлга киритилган мулк ва бойликнинг давоми...

3406 16:03 / 06.10.2018
Савол Мени шундай савол қизиқтиради юртимизда Қуръони Каримнинг қандай кўҳна ва нодир қўлёзмалари борСалом билан, Нодирбек Абдулҳафиз ўғлиМарғилон давоми...

3316 07:00 / 11.06.2020
Салафи солиҳларимиз ҳикматни қаерда ё кимда кўрса, уни ғанимат деб биладиган, илмнинг қадрига етадиган ҳимматли зотлар бўлишган. Уларда ўзларидан ёши кичик давоми...

3388 08:10 / 22.02.2019
Ислом дини сизу бизларгача етиб келишига саҳобалар бор куч қувватлари ва имкониятларини сарфлаганлари ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда улардан давоми...

10806 12:20 / 22.01.2019
Аудиолар

232048 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150561 09:35 / 11.08.2021