1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ёмон қўшни ҳақидаги боб

16:46 / 08.09.2017 4822 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

299. (225). Ҳасандан ривоят қилинади:

«Луқмон ўғлига: 

«Эй ўғлим! Харсанг ва темирни кўтардим. Лекин ёмон қўшнидан оғирроқ юкни кўтармадим.

Эй ўғлим! Аҳли байтинг сенинг ҳидоятинг каби ҳидоятда бўлсинлар», деди». 

Шарҳ: Ҳазрати Луқмон ўғилларига кўп насиҳат қилганлар. Бу ҳадисда ҳам ана шу насиҳатлардан баъзиси келган экан.

«Эй ўғлим! Харсанг ва темирни кўтардим. Лекин ёмон қўшнидан оғирроқ юкни кўтармадим».

Ҳазрати Луқмоннинг гапларидан ёмон қўшнининг юки оғир харсанг ва темирнинг юкидан ҳам оғирроқ эканини билиб оламиз. Ҳақиқатан ҳам, тош ёки темирни кўтаришда ўша ишни бажариш пайтидаги жисмоний қийинчилик бўлади, холос. Аммо ишни бажариб бўлгандан кейин енгиллик ҳис этилади ва бажарилган ишнинг самараси ва қувончидан мамнуният ҳосил бўлади.

Ёмон қўшнининг оғирлиги эса асосан руҳий-маънавий бўлади. Энг ёмони шуки, бу оғирлик давомли бўлади. Ёмон қўшни сенга ёмонлик қилмай турганда ҳам, барибир ёмонлиги соя солиб тураверади. Қачон ёмонлик қилар экан, деб ҳадиксираб турасан. 

«Эй ўғлим! Аҳли байтинг сенинг ҳидоятинг каби ҳидоятда бўлсинлар».

Ўзингда бор ҳидоятни ва яхшиликни уларга ҳам ўргат. Ўзингда бор ҳидоят ва яхшиликка уларни ҳам одатлантир.

 

300. (226). Абу Заррдан ривоят қилинади:

«Уч нарса умуртқани синдирадиган нарсалардан: 

Ёмон бошлиқ. Унга яхшилик қилсанг, хурсанд бўлмайди, ёмонлик қилсанг, кечирмайди. 

Ёмон хотин. Уни эри яхши кўради, у эса эрига ўз нафсида ва унинг молида хиёнат қилади. Эр уни талоқ қила олмайди.

Турар жойидаги ёмон қўшниси. Агар яхшилик кўрса, яширади, агар ёмонлик кўрса, ошкор қилади». 

Шарҳ: Тирик жоннинг тик туришига асосан умуртқа сабаб бўлади. Умуртқаси синган инсон ўзини тик тута олмайдиган яримта одамга айланиб қолади. Бошқача қилиб айтганда, расмана одам бўлмай қолади. 

Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг ўзаро алоқалари бобида уч тоифа одамлар ёмон бўлса, кишини умуртқа поғонаси сингандек ҳолатга солиб қўйиши, бошқача ибора билан айтганда, одамгарчиликдан чиқариб қўйиши ҳақида сўз бормоқда.

«Уч нарса умуртқани синдирадиган нарсалардан» 

Сўнг мазкур уч нарсанинг баёни келади: 

1. «Ёмон бошлиқ. Унга яхшилик қилсанг, хурсанд бўлмайди, ёмонлик қилсанг, кечирмайди». 

Албатта, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида унинг раҳбари билан ўзаро алоқалари муҳим ўрин тутади. Раҳбар яхши бўлса, у билан алоқаларинг яхши бўлса, катта бахт. Аммо раҳбарга яхшилик қилсанг, хурсанд бўлмаса, бора-бора унга яхшилик қилгинг келмай қолади. Одам боласи қилган яхши ишига муносиб тақдирлов олишни хуш кўради. Ўша тақдирлов йўқолса, яхшилик қилишга рағбати сўнади.

Шунингдек, беайб банда бўлиши мумкин эмас. Айб қилган эса кечиримга эҳтиёжли. Айби кечирилмаган одам жуда ноқулай ҳолатда қолади, руҳан эзилади, дунё кўзига қоронғу кўринади, қўли ишга бормай қолади. 

Энди шу икки нарса – яхшиликка хурсанд бўлмаслик ва айбни кечирмаслик жамланиб қолса нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверса бўлади. Нима бўларди, одамнинг умуртқаси синади-да. 

2. «Ёмон хотин. Уни эри яхши кўради, у эса эрига ўз нафсида ва унинг молида хиёнат қилади. Эр уни талоқ қила олмайди».

Ҳар бир эркакнинг доимий алоқада бўладиган, балки асосий алоқада бўладиган одами хотинидир. Айниқса эр хотинини яхши кўрса, бу ҳолат яна ҳам зиёда бўлади. Аммо ўша яхши кўрган хотини унга нафсида ва молида хиёнат қиладиган бўлса, иши расво бўлади. Яхши кўргани учун эр уни талоқ қила олмайди. Хотин эса буни билгани учун эрга хиёнат қилишда давом этаверади. Чунки унинг заиф томонини билиб олган.

Қарабсизки, эрнинг умуртқаси синиб, одамгарчиликдан чиқиб турибди-да. 

3. «Турар жойидаги ёмон қўшниси. Агар яхшилик кўрса, яширади, агар ёмонлик кўрса, ошкор қилади».

Қўшни ҳам доимий муомала қилиб туриладиган шахслардан. Ёмон қўшни ҳам одамнинг умуртқасини синдирадиган кимсалардан бири. Хусусан, у қилган яхшилигингни яшириб, ёмонлигингни ошкор қиладиган бўлса, жуда ноқулай. Маҳалла-кўйда, одамлар орасида тинмай сени ёмонлаб турса, сени одамгарчиликдан чиқариб қўйиши турган гап. 

Қўшнининг яхшилигини яшириб, ёмонлигини ошкор қилиш ҳам ёмон қўшничилик экан. Шундай экан, қўшнилар билан яхши алоқада бўлишга ҳаракат қилиш керак.

 

301. (261). Ҳасандан ривоят қилинади:

«Луқмон ўғлига:

«Эй ўғлим! Мен тошни, темирни, барча оғир юкларни кўтардим. Лекин ёмон қўшнидан оғирроқ нарсани кўтармадим», деди». 

Шарҳ: Луқмон алайҳиссалом ҳаётда жафо чеккан, бошларига мусибат тушган, буларнинг барчасига бардош берган бўлсалар-да, ёмон қўшнининг ёмонлигидек оғир нарсани кўрмаган эканлар. Ёмон қўшни кишининг бошига битган балодир. Ёмон қўшнининг ёмонлиги кечасию кундузи узлуксиз давом этиб туради. Бундай аҳволдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин ва доимо яхши қўшнилар насиб қилсин. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бировларнинг ҳақидан уриб қолиш ўғирлик, хиёнат ва ҳаром ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бу ишни қилганларга Аллоҳ .вайл, билан таҳдид солди. Вайл ndash шиддатли азоб, давоми...

1272 16:00 / 06.02.2023
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсинПайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салавоту дурудлар бўлсин . ,. .Абу давоми...

4750 12:16 / 30.04.2018
Сўнгги пайтларда Селфиrdquo деган қилиқ роса оммалашди. Селфи selfie аслида инглизча сўз бўлиб мен ўзимrdquo, ўзим ўзимниrdquo деган маъноларни билдиради. Яъни, давоми...

3162 08:05 / 07.10.2018
Ислом жиҳодига чақирувчилардан бири бундай деганди .Шариат ҳукмларини татбиқ этмаслик, умматнинг устига ёғаётган балоларнинг бош сабабчисидир. Мана шу давоми...

1961 15:00 / 01.12.2021
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021