1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Асосий мақсад – бизнес эмас

10:32 / 22.02.2022 1531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳалол туризм нима дегани? «Ҳалол» сертифакатига эга меҳмонхоналар бошқаларидан нимаси билан фарқланади? Туризмни ривожлантириш уюшмаси раиси, «Hotel Pro» компанияси асосчиси, 53 та меҳмонхона лойиҳасининг муаллифи – Дилшод Одилов билан ҳалол меҳмонхоналар тизими, бугунги кунда бу борада олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва истиқболда қўлга киритиш мумкин бўлган ютуқлар ҳақида дилдан суҳбатлашдик.

– Маълумки, туризм, яъни сайёҳлик соҳаси иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Меҳмонхона хизматини эса бу тармоқнинг таянч нуқтаси дейиш мумкин. Ўқувчиларда озгина тушунча ҳосил бўлиши учун суҳбатимизни меҳмонхона бизнеси, унинг Ўзбекистондаги аҳволи ҳақида бошласак.

– Меҳмонхона бизнесининг бош тамойили бирон меҳмоннинг ўзи яшаб турган манзилдан бошқа бир жойга борганида эътиқоди, яшаш тарзига, оилали бўлса, уларнинг ҳам талабларига мос, бир сўз билан айтганда, унинг учун зарур шарт-шароитни таъминлаб беришдан иборат. Иқтисодиётда туризм муҳим тармоқлардан ҳисоблангани учун меҳмонхона бизнеси ҳам бу жиҳатдан жуда катта аҳамият касб этади. Ҳатто баъзи давлатларда ялпи ички маҳсулот(ЯИМ)нинг 30 – 35 фоизигача бўлган қисмини туризм ташкил этади. Бу жудаям катта рақам.

Ўзбекистонда, афсуски, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп. Ўртача ҳисобда сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар ҳиссасига тўғри келадиган ЯИМнинг кўрсаткичи икки фоизга ҳам етмайди.

Меҳмонхона бизнесининг ривожлантиришнинг афзаллиги, масалан, бир маҳсулот ишлаб чиқариб, уни экспорт қиламан десангиз, у то охирги истеъмолчига етказиб берилгунгача бўлган давр мобайнида, аввал маълум бир жойда ишлаб чиқарилиши керак. Кейин эса манзилга етказиб бориш учун транспорт хизмати, божхонадан ўтказиш каби бир қанча босқичлардан ўтади. Айнитмай, бузилмай эсон-омон етказиб борганингиздан сўнг маҳсулотни сотиш масаласи кўндаланг бўлади. Туризмда эса маҳсулот ёки хизмат ишлаб чиқилади ва унинг харидори ўзи сизнинг олдингизга келади. Яъни ўтирган жойингизда маҳсулотингизни экспорт қиласиз.

Энди бу ҳам давлатга, ҳам ишбилармонга даромад келтирадиган соҳа бўлганидан кейин бошқа бизнес турлари каби бозорга мослашиши, унинг талабларига жавоб бериши керак. Узоқ йиллар давомида бизда асосан маданий туризм – тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёратига эътибор қаратилди. Аслида бу соҳанинг йўналишлари кўп. Масалан, альпинизм, ҳаво шарлари ёки дельтапланда парвоз қилиш кабиларни ўз ичига оладиган спорт туризмини айтиш мумкин. Ёки энг фойдалиларидан бири ҳисобланган MICE-туризмни олсак бўлади. Тадбирлар, дейлик, Жаҳон банкининг қайсидир йиғилиши ёки халқаро аҳамиятга эга анжуман, фестивалларнинг бирор давлатда ўтказилиши айнан шу туризмга мисол бўлади. Бунда жудаям кўп давлатлардан аҳамиятга молик шахслар, ишбилармон кишилар ташриф буюришади, меҳмонхоналарни банд қилишади, асосийси, маълум миқдорда пул кириб келади.

– Бугунги кунда меҳмонхона бизнесида янги атама – ҳалол меҳмонхоналар тармоғи деган тушунча пайдо бўлди. Бу тушунчанинг юзага келишига нима сабаб бўлди?

– Юқорида ҳам айтиб ўтилганидек, туризмда, хоссатан, меҳмонхоналарга қўйиладиган асосий талаб ташриф буюрувчи бу ерда ўзини ҳар томонлама таъминланган деб билиши, шунингдек, эътиқод масаласида ҳам қийинчилик сезмаслиги керак. Ҳар бир диннинг ўзига хос расм-русуми, таомланишдаги шартлари, яшаш тарзи бир-биридан фарқ қилади. Дунёда мусулмонлар сонининг сезиларли тарзда ошиб бораётгани исломий аҳкомларга жавоб бера оладиган стандартларни ишлаб чиқиш ва буни жорий қилиш масаласини ўртага қўйди.

Бугун дунё аҳолисининг 2 миллиардга яқинини мусулмонлар ташкил этади. Уларнинг саёҳат учун сарфлайдиган сармоялари ҳам катта суммаларни ташкил этади. Тўғри, мусулмон сайёҳлар бошқа туристлар сингари қимматбаҳо алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиб олишмайди, меҳмонхоналарнинг тушум манбаи бўлган барлардан фойдаланишмайди. Лекин мусулмон сайёҳлар ўзининг яқинларига, танишларига совға сифатида ҳадялар, турли сувенирлар олишни яхши кўришади. Умумий миқдорда бирор давлатга кириб, чиқиб кетгунигача сарфлаган пули мусулмон бўлмаган ёки фақат кўнгилочар нарсаларни хуш кўрувчилар қолдираётган пулдан кам бўлмайди.

Энди шу жойда ҳалол туризм ёки ҳалол стандартлари нима керак, деган савол туғилади. Дунёда ҳамма давлат бир-бирини яхши танимайди. Масалан, Малайзия, Сингапур каби сайёҳлар кўп келиши мумкин бўлган давлатдан ташриф буюрувчилар Ўзбекистондаги ҳолатни билмаслиги табиий ҳол. Шунинг учун уларни биринчи навбатда маълум ташкилотлар томонидан берилган сертификатлар қизиқтиради. Бундай сертифакатларнинг тури ва шакли кўп бўлса-да, улар асосан икки турга – «ҳалол» ва «muslim friendly»га ажратилади. Уларнинг қай бирини танлаш меҳмонхонанинг ички имкониятларидан келиб чиқиб танланади.

– Ўрни келганда яна бир нарсага аниқлик киритиб кетсак. Мана ҳозир иккита сертикат – «ҳалол» ва «muslim friendly» сертификатлари ҳақида гапириб ўтдингиз. Ҳар иккисининг бир-биридан фарқи ва буларга қўйиладиган талаблар нималардан иборат? Шулар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– Ҳозир айтиб ўтганимдек, мусулмонларга мўлжалланган сертификатларнинг бир неча хили бор. Улар шу сертификатларни берадиган ташкилот ва ана шу ташкилотнинг ичидаги даражасига қараб фарқланади. Булардан «ҳалол» сертификати меҳмонхонадаги барча нарсанинг шаръий талабларга жавоб беришини билдиради. Яъни мусулмон киши меҳмонхонада ибодат қилиши учун шароит борми, ҳалол таом топса бўладими деган эҳтимолга ўрин қолдирилмайди. Бу тур меҳмонхоналарнинг нечта ресторани бўлса, ҳаммаси ҳалол ҳисобланади. Хизмат кўрсатувчиларнинг исломий тушунчаси борлиги, ибодатда экани ва асосийси жой эгасининг эътиқоди муҳим аҳамиятга эга.

Қолаверса, бу тур сертификатга қўйиладиган талаблар бошқалариникига қараганда оғирроқ. Масалан, ресторанимиздаги барча гўшт маҳсулотлар ҳалол, дейишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ўша гўштни етказиб бериладиган қассобхона ҳам суриштирилади. Яъни жонлиқни сўяётган қассоб шаръий сўйиш қоидаларини билиши ҳам жуда муҳим. Мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлмаслиги учун бундай сертификат бераётган ташкилот мана шу тарафларига ҳам ойдинлик киритишга, ҳар бир маҳсулот ва хизматни текширишга мажбур.

Мусулмонлар учун мўлжалланган «muslim friendly» эса Сингапурдаги «Crescent rating» ташкилотининг сертификати бўлиб, бироз енгилроқ ҳисобланади. «Muslim friendly» иборасини ўзбекчага «мусулмонларга шароит бор» деб талқин қилса ҳам бўлади. Бу сертификат «ҳалол» сертификат даражисида эътиборга олинмайди. Бундай сертификат билан фаолият олиб бораётган меҳмонхонанинг мусулмонлар учун ажратилган баридан ташқари яна бошқа қайсидир бурчагида алкоголь маҳсулотлари сотилиши ҳам мумкин. Худди шунингдек, ошхонаси ҳам иккита ёки бир нечта бўлиши мумкин.

«Muslim friendly»нинг ҳам бирдан еттигача даражаси бор. Етти баллик сертификат деярли «ҳалол» сертификатга яқин. Унинг ичида ибодатга, таҳоратга шароитлар бўлиши, намозхоналар эркак ва аёллар учун алоҳида-алоҳида ташкил этилиши, жамоат жойларида аёл ва эркакларнинг аралашиб кетмаслиги ҳисобга олиниши муҳим. Умум фойдаланадиган бассейн, спа-салон, спортзал каби жойлар ҳам алоҳида қилишнинг имкони топилмаганда, ҳеч бўлмаса, фалон соатдан фалон соатгача эркаклар, фалон соатдан фалон соатгача аёллар деб вақт белгиланиши керак. Ёки бир оила маълум бир вақтни банд қилганида у ерга меҳмонхонанинг хоҳ эркак, хоҳ аёл хизматчи кириши мумкин эмас.

Бундан ташқари, меҳмонхонанинг масжидга яқин ёки узоқлиги ҳам ҳисобга олинади. Масжидга қанча яқин бўлса, шунча юқори баллни қўлга киритиш имкони пайдо бўлади. Меҳмонхона доирасида алкоголь маҳсулотлар бўлмаслиги ҳам шу талаблар сирасига киради. Шартлар қийин эмас. Аслида юртимиздаги меҳмонхоналарнинг аксари шундоқ ҳам «ҳалол» сертифакати талаблари доирасида фаолият юритади.

– Ўзбекистонда ҳам мусулмон сайёҳларнинг эътиборини жалб қилишга арзирли сабаблар кўплигини ҳисобга олсак, юртимизда ҳалол меҳмонхоналар тизими билан боғлиқ эҳтиёжни том маънода таъминланяптими?

– Ҳақиқатан ҳам, улуғ аждодларимизнинг қадамжоларининг, Ислом оламида катта аҳамиятга молик обидаларнинг кўплиги мусулмон сайёҳларнинг ҳам бу диёрларга ташриф буюришларига сабаб бўлади. Cоф бизнес нуқтаи назаридан қаралганда ҳам зиёрат туризми катта бир сектор ҳисобланади. Ва бундан, албатта, унумли фойдаланиш керак. Тан олиш керак, авваллари бу борада баъзи муаммолар бор эди. Лекин улар аста-секин бартараф этилмоқда.

Энди бевосита саволингизга тўхталадиган бўлсам, бугунги кунда Ислом динига эътиқод қилувчи Ўзбекистоннинг бирон фуқароси қайсидир вилоятга борса, асосий аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлгани сабабли меҳмонхоналарда кўрсатилаётган хизматлардан бемалол фойдаланаверади. Лекин бу нарсадан, баъзи мутахассисларни истисно қилганда, чет эллик, шунчаки ташриф буюраётган меҳмоннинг хабари бўлмаслиги табиий ҳол. Шунинг учун улар бу борада ўзлари ишонган, дунёда тан олинган ташкилотлар томонидан бериладиган сертификатларга қараб хулоса чиқаришади. Шуни ҳисобга олиб, охирги пайтларда биз меҳмонхона ва ресторанларга «ҳалол» ёки «muslim friendly» сертификатларини олишни тавсия қиляпмиз.

Айни дамда юртимизда «ҳалол» сертификати билан ҳам, «muslim friendly» сертификат билан ҳам фаолият юритаётган меҳмонхоналар бор. Баъзида улардан бошқа меҳмонхоналар хизмати ҳалол эмасми, деган эътирозлар ҳам учраб туради. Юртимиздаги меҳмонхоналарнинг жуда кўпи «ҳалол» ва «muslim friendly» сертификатлари талабига жавоб беради. Лекин улар иккиланиш деймизми ёки бошқа сабабларми сертификат учун ҳаракат қилишмайди. Аслида бу сертификатлар чет эллик мусулмон меҳмонларни жалб қилиш ва бошқа мусулмонларга ҳам хизматнинг кафолатини таъминлаш десак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистонда ҳалол меҳмонхоналар, ҳалол таомланадиган жойлар кўп деган тушунчани дунё туризм бозорида ёя олсак, бу бошқа туризмга халақит бермаган ҳолда янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш имконини беради.

– Ўқувчиларимизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин: Ўзбекистоннинг қайси вилоят ёки шаҳарларида ҳалол меҳмонхона талаблари бўйича ишлаётган меҳмонлар бор?

– Бизга маълуми, «ҳалол» сертификати билан «Central Palace», «muslim friendly» сертификат билан эса «Ark Billur» меҳмонхоналари фаолият юритяпти. «Hotel Pro» компанияси томонидан бошқарилаётган ҳар иккала меҳмонхона ҳам Тошкент шаҳрида жойлашган. Гарчи бошқа кўпгина меҳмонхоналарнинг ҳам хизмат кўрсатиши исломий нуқтаи назардан талабга жавоб берса-да, лекин сертификатга эга меҳмонхоналар ҳозирча фақат шулар. Туризм ва спорт вазирлигида ҳам бу жиҳатлар эътиборга олиниб, зиёрат департаменти томонидан вилоятларда тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Яқин кунларда бундай меҳмонхоналарнинг сони кўпайиб қолади деган умиддамиз.

Масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Биз юқорида тилга олиб ўтган меҳмонхоналар фақат мусулмонларга хизмат қилиш билан чекланиб қолмайди. Аксарият ўзга дин вакиллари гарчи диний қарашлари бошқача бўлса-да, спиртли ичимликлар йўқ, тамаки чекувчилардан холи ёки ҳар хил кўнгилочар томошаларсиз, осуда жойда дам олишини хоҳлашади. Бундай ҳолларда улар кўпинча ҳалол меҳмонхоналарни танлашади. Шунинг учун меҳмонхона эгалари «ҳалол» сертификатини олсам, мижозларни йўқотиб қўяман деб қўрқмасликлари керак. Бундай сертификатлар уларга қўшимча сайёҳлар оқимини таъминлаб беради.

– Сертификат олиш қай тартибда амалга оширилади?

– «Ҳалол» ва «muslim friendly» сертификатлари маълум бир ташкилот томонидан берилади. Ташкилот ходимлари келиб, меҳмонхона фаолиятини ўрганиб, улар берган хулосаси асосида сертификат топширилади. Шу ўринда бундай ташкилотлар қандай ташкил топган деган савол туғилади.

Дунёда катта нуфузли исломий уюшма ва қўмиталар ишлаб чиққан стандартлар асосида, улар ишонч билдирган ва уларнинг йўриқномаларига эга ташкилотларгина мусулмонлар учун меҳмонхоналарга сертификат бериш имтиёзига эга бўлади. Бу ташкилотларнинг ҳамма давлатда ҳам шаҳобчалари йўқ. Шунинг учун бу ҳолатда бошқача йўл тутилади. Масалан, Сингапурдаги «Crescent rating» ташкилотининг Ўзбекистонда шохобчаси йўқлиги сабабли ходимлар бошида қатнаб юришди. Кейинчалик шаръий асосларни яхши тушунадиган ҳамкор топилгач, уларнинг ўзларининг талаблари билан таништириб, имтиҳон қилиб, сўнг аккредитациядан ўтказишди. Энди ўша ўзбекистонлик вакил «Crescent rating» ташкилоти номидан иш юритиш ваколатига эга бўлди. Яъни у ўрганиб, сўнг юборган хулоса асосида ташкилот ҳалоллик сертификатини беради.

Халқаро исломий бизнес уюшмаси (IAIB)нинг эса ҳозирча юртимизда вакили йўқ. Шунинг учун бу ташкилотнинг сертификати талаб этилганда улар ўзларининг мутахассисларини юборишади.

Сертификат нархлари ҳам нисбатан арзон. Масалан, Ўзбекистоннинг ўзида мавжуд фаолият юритишга рухсатни ёки унинг даражасини белгиловчи юлдузни олиш учун тўлов меҳмонхонанинг нархи, қаерда жойлашгани каби омиллардан келиб чиқиб, жуда катта суммани ташкил этиши мумкин. Ҳалоллик сертификатини олиш учун эса тўлов тахминан 2–3 миллион атрофида бўлади. Бу ерда асосий мақсад бизнес эмас, мусулмонларга ишончли меҳмонхоналар тизимини яратиб беришдан иборат.

Албатта, юртимизда олиб борилаётган амалий ислоҳотлар яқин кунларда натижасини беради. Исломий туризм билан бирга ҳалол меҳмонхоналар тизими ҳам ривожланади.

– Бу хайрли ишларнинг ижобатига биз ҳам тилакдошмиз. Суҳбатга вақт ажратганингиз учун сизга ҳам миннатдорчилик билдирамиз.

 

Маҳмуд Маҳкам суҳбатлашди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бировларнинг ҳақидан уриб қолиш ўғирлик, хиёнат ва ҳаром ейишнинг бир кўриниши бўлиб, бу ишни қилганларга Аллоҳ .вайл, билан таҳдид солди. Вайл ndash шиддатли азоб, давоми...

1294 16:00 / 06.02.2023
Покистонлик шоир ва ёзувчи Мирзо Адиб .Мисбоҳ, деган китобида қуйидагиларни ёзади1960йиллари Деҳлига ишлагани бордим. Кунлардан бирида автобусдан тушиб, давоми...

3814 09:11 / 24 февраль
Ҳикоя қилинишича, жоҳилият даврида бир аъробий чодири ташқарисидан бақирчақир эшитиб қолади. Вазиятни билиш учун ташқарига чиқади. Ташқарида бир қанча кишилар давоми...

3622 14:38 / 12.01.2023
Сўнгги пайтларда Селфиrdquo деган қилиқ роса оммалашди. Селфи selfie аслида инглизча сўз бўлиб мен ўзимrdquo, ўзим ўзимниrdquo деган маъноларни билдиради. Яъни, давоми...

3185 08:05 / 07.10.2018