1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ризқ

15:00 / 08.09.2017 14861 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ризқ инсон ҳаётидаги ҳассос мавзулардан ҳисобланади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни яратиб, унинг ҳаёт кечириш сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйди, ер ва ундаги жонли ва жонсиз нарсаларни одамзотга беминнат хизматкор қилиб қўйди, ер юзини ўзлаштириш ва ер ости бойликларини чиқариб олиш йўлларини яратиб берди, осмондан қор-ёмғирлар ёғдирди, набототлар ўстирди ва одамзот қаерда бўлмасин, унга ёзиб қўйилган ризқини етказди.

Ризқ фақат мол-дунёга боғлиқ нарса эмас, балки у ҳаётнинг инсонга керакли барча жабҳаларига алоқадордир. Масалан, соғлик ҳам ризқ, фарзандлар ҳам ризқ, солиҳ дўст ҳам ризқдир, солиҳа завжа эри учун, эр аёли учун ризқдир, ота-она ҳам ризқ, иймон ҳам ризқ, банда қилаётган солиҳ амаллар ҳам ризқдир. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Мўмин инсоннинг иймони содиқ ва кучли бўлиши учун Аллоҳнинг Раззоқ эканига, барча махлуқотларни яратиб, уларнинг ризқларини Ўз зиммасига олганига эътиқод қилиши, қатъий ишониши вожибдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи кўплаб ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир», деган (Зарийат сураси, 56-58-оятлар).

Аллоҳ таоло бандаларини ризқ талабида ҳаракат қилишга ундаб, «У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг. Ва тирилиш ҳам Унинг саридир»деган (Мулк сураси, 15-оят). Бу ояти карима очиқчасига ризқ талаб қилишга чақирмоқда. Демак, инсон Аллоҳ тарафидан белгилаб қўйилган ризқни қўлга киритиш учун ҳаракат қилиши керак.

 

Ризқнинг маъноси

Инсон ҳаёти давомида фойдаланадиган ҳар бир мол, экин ёки бошқа нарсалар ризқдир. Одамлар ўйлаганидек, ризқ инсоннинг меҳнати орқали келмайди, у инсоннинг меҳнат махсули эмас. У Аллоҳ таоло бандаси учун тақсимлаб қўйган егулик, ичимлик, либос ва фойдаланса бўладиган барча нарсалар бўлиб, инсон уларни еб-ичиб, ҳазм қилса, кийиб чиритса ва ишлатиб эскиртирсагина унинг ризқига айланади. Акс ҳолда бу нарса унинг қўлида турган бир омонатдан бошқа нарса эмас. 

 

Қуръони Каримда ризқ

Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида ризққа қандай эришиш мумкинлиги ҳақида оятлар келган. Улар қуйидагилардир:

– «Агар шаҳар-қишлоқ аҳли иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни касб қилган нарсалари туфайли тутдик. Шаҳар-қишлоқлар аҳли баломиз уларга тунда, улар ухлаётган ҳолларида келишидан хотиржам бўлдиларми?! Шаҳар­қишлоқлар аҳли баломиз уларга чошгоҳда, улар ўйин-кулги қилаётганларида келишидан хотиржам бўлдиларми?! Аллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлдиларми?! Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмларгина хотиржам бўлурлар» (Аъроф сураси, 96-99-оятлар). Ушбу оятларда якка шахс бўлсин, жамоа бўлсин, Аллоҳга иймон келтирса, тақво қилса, Аллоҳ уларга ризқ ва барака беришини, У Зотга куфр келтириб гуноҳ-маъсиятлар қилишса, ризқини кесиб, баракасини ўчириб юбориши айтилмоқда. 

– «Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг» (Ҳуд сураси, 52-оят). 

– «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир», дедим». «Шунда устингизга ёмғирни мўл‑кўл қилиб юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир» (Нуҳ сураси, 11-13-оятлар). Бу оятларда ҳам ризқнинг кенг бўлиши ва зурриётни кўпайишига сабаб бўладиган нарса кўп истиғфор айтиш экани айтилмоқда.

 «Айт: «Албатта, Роббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У Зот тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ сураси, 39-оят). Аллоҳ бандаларини синаш мақсадида улардан хоҳлаганининг ризқини кенг, хоҳлаганининг ризқини тор қилиб қўйди. Аллоҳ учун қилинган инфоқ-эҳсон мол-дунёнинг камайишига сабаб бўлмайди, балки ризққа баракот келтиради. 

– «Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар). Аллоҳга барча ишларида тақво қилган ва Унга таваккул қилган одамнинг мушкулини осон қилиб, ўзи кутмаган тарафдан ризқини кенг қилиб қўяди.

 

Суннати набавийяда ризқ 

Ризқ ҳақида жуда кўп ҳадислар бор. Уларнинг айримлари қуйидагилар:

– Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ бир фариштани бачадонга вакил қилиб қўяди. У: «Эй Роббим, нутфа», «Эй Роббим, алақа», «Эй Роббим, музға»* деб айтиб туради. Аллоҳ унинг яратилишини ирода қилганда эса «Эй Роббим, у ўғилми, қизми? Бахтлими, бахтсизми? Ризқи қандай? Умри қандай?» дейди. Шундай қилиб(булар) онасининг қорнидалигидаёқ битиб қўйилади» (Бухорий ва Муслимлар ривоят қилишган). Демак, Аллоҳ таоло бандаларнинг ризқини улар онасини қорнидалигидаёқ битиб қўяр экан.

 

* Нутфа – маний. Алақа – лахта қон, зулук. Музға – тишланган гўшт. Булар – ҳомиланинг она қорнида ривожланиш босқичларидир.

 

– Алий ибн Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Алий ибн Абу Толиб, Абу Бакр, Умар ва Абу Убайда ибн Жарроҳлар бир қанча масалалар устида тортишиб қолишди. Шунда Алий ибн Абу Толиб уларга: «Юринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, булар ҳақида у зотдан сўраймиз», деди. Набий алайҳиссаломнинг олдиларига бориб, «Олдингизга бир нарсани сўрагани келдик», дейишди.  У зот: «Хоҳласанглар сўранглар, хоҳласанглар, сўрамоқчи бўлиб келган нарсаларингни айтиб берай», дедилар. «Айтиб берақолинг, эй Аллоҳнинг Расули!» дейишди. «Эҳсон-яхшилик ким учун қилиниши ҳақида сўраб келдинглар. Яхшилик насабли, диндор одамга қилиниши керак. Аллоҳнинг бандасига берадиган ризқ ҳақида сўраб келдинглар. Аллоҳ унга ризқ беради. Сизлар уни садақа билан талаб қилинглар... Ризқ қаердан ва қандай қилиб келиши ҳақида сўраб келдинглар. Аллоҳ мўмин бандасини у кутмаган тарафидан ризқини етказишини хоҳлади», дедилар» (Ибн Абдул Барр ривоят қилган). Садақа ризқ ва бараканинг катта эшикларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ мўмин бандасини кутмаган тарафидан ризқлантириб қўяди.

 

Ризқнинг баракали бўлиш сабаблари 

Ризққа барака келтирувчи бир қанча сабаблар бор:

– Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиш, У Зотдан қўрқиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган буйруқларни бажариш, қайтариқлардан қайтиш.

– Ҳар бири ишнинг сабабларини қоим қилгандан кейин Аллоҳ таолога таваккул қилиш, қалбни У Зотга боғлаш, ризқ талаб қилиш билан бирга ризқ берувчи Аллоҳ эканига қаттиқ ишониш.

– Аллоҳга кўп истиғфор айтиш, зикр қилиш, дуо ила илтижо қилиш.

– Аллоҳ берган катта-кичикми, озми-кўпми неъматларга  шукр қилиш.

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши у зотга йўлиқиб қўл олиб кўришса, ўша одам ўзи қўлини тортмагунча у зот қўлларини тортиб олмас эдилар. Унинг ўзи юзини давоми...

4239 05:00 / 03.03.2017
Бу маънодаги тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир. Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг расули, давоми...

3104 05:00 / 02.03.2017
Ҳинш ибн Ҳорисдан, у киши отасидан ривоят қилинади.Ичимиздан бир кишининг оти туғса, уни сўйиб ер ва буни мингунча яшармидим, дер эди. Умардан бизга .Аллоҳ сизларга давоми...

3063 05:00 / 03.03.2017
.Ғазаб, луғатда розиликнинг тескарисидир. Аслида, ғазаб шиддат ва қувват маъноларини англатади. Араблар қаттиқ харсангни .ғазба, дейишади. Ғазаб ҳам шундан давоми...

4801 23:54 / 28.04.2017