1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ҳазратни хотирлаб...

20:22 / 26.08.2017 6768 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниятлари пок эди

Абдуҳаким қори МАТҚУЛОВ,

Тошкентдаги Ислом ота жомеъ 

масжиди имом-хатиби

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бизга устоз, отадек меҳрибон, акадек яқин, самимий маслаҳатгўй ва энг яқин дўст эдилар. Мен у кишини эслаганимда баъзан ўттиз­-ўттиз беш йилга ёшариб кетаман.

Мен ҳазрат билан 1985 йили танишганман. Ўшанда у киши Тошкент Ислом институтида катта ўқитувчи, яъни устозлардан эдилар. 1986 йили институтга ўқишга кириш насиб бўлди. Ҳазратнинг талабалари сафидан жой олдим. Бизга тафсир ва улумул-Қуръондан ўзлари дарс берганлар.

У киши институтда жуда кўп ислоҳотларни амалга оширдилар. У пайтда юртимизда Қуръон илмлари борасида ҳеч қандай дарс йўқ эди. У киши ўзлари ҳаракат қилиб, рухсат олиб, институтда шу фаннинг ўқитилишини йўлга қўйдилар. Шунингдек, тафсир илмидан «Равоиъул-баён», ҳадис илмидан «Манҳалул­-ҳадис» каби замонавий қўлланмаларни ҳам ўқув дастурига киритганлар. Мустабид тузум даврида институтда бу каби ўзгариш қилиш жуда ҳам машаққатли, нозик иш эди. Ўзларининг айтишларича, бу ўзгаришларни Ўзбекистонда Диний идора ҳам, ҳукуматдаги масъуллар ҳам ҳал қила олмагач, Москвага бориб, тегишли идораларга учраб, рухсат олиб келган эканлар.

Мен Шайх ҳазратлари ҳақида сўзлар эканман, бир нуқтага эътибор қаратмоқчиман. У кишининг тақвоси, илму заковатлари барчага маълум, бу маънода у кишини бутун дунё уламолари эътироф этган. У киши аср уламоларидан ҳисобланардилар. Бу кишидек серқирра олим бизнинг юртимизда сўнгги асрларда бошқа чиқмаганини бугун кўпчилик таъкидламоқда. Бу айни ҳақиқат. У кишидаги одамийлик, меҳр­-оқибат ҳам намунавий даражада эди. Бунга устозимизнинг барча яқинлари ҳам гувоҳлик беришади. Аммо у кишидаги энг буюк фазилат ва асосий ютуқ ‒ ниятнинг поклиги эди. Ҳа, устозимизнинг ниятлари ўта пок, ҳар қандай шахсий, моддий манфаатлардан холи, холис эди. Кошки, ҳар биримизда, ҳар бир мўмин бандада шу хислат бўлса, ҳаммаёқ яна ҳам яшнаб кетарди.

Биз маъҳадда ўқиган йилларда у киши аввал катта ўқитувчи, кейин проректор, сўнг ректорлик вазифаларида хизмат қилдилар. Биз тўртинчи босқич талабаси бўлганимизда у киши ўша пайтдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасига раис, муфтий этиб сайландилар. Ўқишни битирганимизда у киши мени ёнларига чақириб, идорада ишда қолишни таклиф қилганлар. У кишининг тавсиялари билан Диний идоранинг Халқаро бўлимида иш бошлаганман.

Мен собиқ Иттифоқ таркибига кирган қўшни жумҳуриятларда, шунингдек, кўплаб араб ва Африка давлатларида у киши билан ҳамсафар бўлганман. Сафарлар турли мавзу ва муносабатлар билан бўлган. Аммо мен учун энг қадрлиси ва бир умрга хотирамда ўчмас из қолдиргани 2006 йилги муборак ҳаж сафарида у кишига ҳамроҳ бўлганимдир. Ҳазрат ўшанда аҳлиялари – ҳожи онамиз ва қизлари билан бирга боргандилар. Муфтий Усмонхон домла, Тошкент шаҳар бош имом­-хатиби Анвар қори ака ва бошқа кўплаб аҳли илмлар ҳам ўша йили устоз билан бирга ҳаж қилганмиз.

Ҳазрат бизни ўзларига яқин олиб, сафарларда бирор нарсани илиниб қолсалар, “юринг бирга” деб ёнларига олар, айрим маълумотлар билан таништириб қолар эдилар. Бир куни Мадинаи мунавварада худди шундай ҳолат бўлди. У киши билан Масжиди Набавийга бордим. Хуфтон намозидан кейин равзаи мутоҳҳарани ҳам зиёрат қилдик. Шу ерда у киши менга «Ҳадис ва Ҳаёт» китобини ёзиш ҳақида қаерда истихора қилганлари, қаерда дуо қилганлари ва бу ерда шу мавзуда кимлар билан қайси жойда маслаҳатлашганларини ўзлари бирма­-бир кўрсатиб юриб, ҳикоя қилиб бердилар. Ўшанда икки-уч кун тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишора бўлиб, сўнг китобни ёзишга киришган эканлар.

Мадина зиёрати тугаб, юртимиз ҳожилари билан бирга Маккаи мукаррамага бордик. Биз ҳожилар билан бир меҳмонхонага тушдик. Ҳазрат Ислом Робитасига қарашли меҳмонхонага жойлашдилар. Ўзлари бошқа меҳмонхонада бўлсалар ҳам, кўпинча бирга бўлардик. Ҳарами Шарифга намозга бирга бориб келардик. Бир куни одатдагидек шом намозига бирга бордик. Намоздан сўнг Каъбаи муаззаманинг яқинига ўтирдик. Ўша ерда у киши сўз очиб, шундай дедилар: «Қори домла, бир таклиф бор, шуни сизга айтиш фикри шу ерда кўнглимга келиб қолди. Ҳозир юртимизда анча-­мунча китоблар нашр қилдик, халқимизнинг илмий савияси ҳам бироз ортди. Энди бир фиқҳий академия очсак, юртимиздаги илмий тадқиқот қила оладиган аҳли илмларни жалб қилсак. Унинг расмий ишларини сиз қилсангиз, биз илмий­амалий тарафини юргизсак, жуда яхши иш бўларди. Бу фақат илмий ҳаракат бўлади, давлат ва диний идора ишларига аралашилмайди. Бошқа диний илм даргоҳлари ҳам ўз ишини қилаверади. Бу академия мустақил равишда ва юқори илмий савияда халққа хизмат қилишга қаратилган бир тадқиқот маркази бўлади. Ҳозирда илмсизлик сабабли кўплаб ёшлар ҳар хил тоифаларга қўшилиб қоляпти, одамлар ўртасида ихтилофлар урчиб кетяпти. Ҳаммаси шариатни билмагандан, хусусан, фиқҳий ёндашув йўқлигидан бўляпти. Бу нарса ҳаммани ташвишга соляпти. Бизнинг ҳаракатимиз айни шу муаммони ҳал қилишга хизмат қилади, «Жаҳолатга қарши илм билан курашиш керак» деган шиорга айни жавоб берадиган иш бўлади. Биз адашган кимсалар билан илм қуроли ила кураш олиб борамиз. Юртимизда асрлар оша давом этиб келаётган аҳли сунна эътиқоди ва ҳанафий мазҳабини тарғиб қилиб, уни илмий асосда тушунтириб, шу йўлда мустаҳкам турсак, ҳаммасини енгамиз, анави бемаза ишлар ўзўзидан йўқ бўлиб кетади. Биздаги энг катта нуқсон – мазҳабни билмаслик, унда мустаҳкам турмаслик бўлмоқда. Биз бир илмий марказ қилиб, халқнинг диний саводини оширсак, ҳаммаси жойига тушади. Мана шу хайрли ишни шу муборак заминда ният қилиб борайлик, Ватанга қайтганда борибоқ тездан шу ишни амалга оширишга киришайлик. Сиз ҳам шуни дилдан астойдил қасд қилиб, шу ердан режани бошлаб, дуо қилинг, Аллоҳ Ўзи муваффақ қилса, ажаб эмас», дедилар. Хуфтондан кейин ҳазрат билан бир яқинларининг хонадонига меҳмонга бордик. У ерда ҳам шу мавзуда айрим фикрларни айтдилар. Жуда юқори бир кайфиятда, яхши умидлар билан мавзуни ёпдик.

Юртга қайтдик. Мен у пайтда «Кўкалдош» мадрасасида мудир эдим. Ҳазратнинг уйларига бордим. Китобларнинг нашри бўйича асосий ишни ҳазратнинг ўғиллари Исмоилжон бажарарди. У пайтда ҳозиргидек нашриёт йўқ, уйларида ўтириб маслаҳатлашдик. «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг биринчи «Муқаддима» жузи Диний қўмитага рухсат олиш учун топшириладиган бўлди. Қўмита раиси Шоазим ака Мунавваров эди. У киши Ҳазратни жуда ҳурмат қиларди. Мен китобни у кишига топшириш баробарида Ҳазратнинг менга Ҳарамда айтган ният ва режаларини батафсил етказдим. Ҳазратнинг режалари ичида ишни бирор жойни ижарага олиб, ўша ерда бошлаб туриш ва бошқа моддий тайёргарликлар ҳам бор эди. Уларни ҳам бироз гаплашган бўлдик. Шоазим ака таклифни жуда илиқ қабул қилиб, раҳбарият билан маслаҳатлашишини айтди.

Китобга рухсат чиққанда уни қабул қилиб олиш учун Диний қўмитага борадиган бўлдим. Ҳазрат: «Шоазим Мунавваров жанобларига биздан салом айтинг. Бизнинг таклифимиз бўйича бирор дарак бормикин, бир сўраб қўйинг», дедилар. Мен Шоазим акага ҳазратнинг саломларини етказиб, таклифлари бўйича жавоб кутаётганларини билдирдим. Шунда у киши эндигина рухсати олинган «Ҳадис ва Ҳаёт» китобини қўлига олиб, «У тарафдан жавоб йўқ-­ку, лекин мана шу китобга рухсат берилган куни сизлар «Фиқҳ академияси»ни очиб бўлдинглар, бемалол шундай ҳисоблайверинглар. Ҳазратга мендан салом айтиб, шу гапимни у кишига етказинг», деди. Мен қайтиб келиб, Ҳазратга бўлган гапларни айтиб бердим. У киши Шоазим аканинг мазкур талқинларига таҳсин ўқидилар, жуда ҳам мамнун бўлдилар.

Айтмоқчиманки, Ҳазратнинг ниятлари пок бўлгани учун биз уларнинг ҳаётда рўёбга чиққанига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бир неча йил муқаддам Аллоҳдан истихора қилиб, яхши умидлар билан Равзаи муборак қошида ният қилиб бошлаган ишлари ‒ «Ҳадис ва Ҳаёт» китоби нашр бўлиб, халқимизнинг қўлига етиб борди. Бугун бу асар ўзбек тилидаги ўзига хос ҳадис қомуси вазифасини бажариб турибди.

Маккаи мукаррамада билдирган ниятлари ҳам, воқеъликни олиб қарсак, деярли амалга ошди. У режа балки олдиндан бўлгандир, аммо қатъий ҳаракат нияти ўша муқаддас маконларда бўлди ва тавофу ибодатлар асносида дуо қилиб сўралди. Бу дуоларнинг ижобати бугун яққол намоён бўлиб турибди. Ҳазрат гарчи расмий жиҳатдан махсус ном билан академия очишга улгурмаган бўлсалар ҳам, амалда унинг вазифасини бажарадиган марказга асос солдилар. Ўнлаб толиби илмларни, аҳли илмларни жамлаб, уларни турли илмий хизматларга камарбаста қилдилар. Улар ҳозир ҳам устознинг ишларини давом эттириб, у зот кўрсатган йўлда фаолият юритмоқдалар. Шунингдек, мана «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ва у ерда ўтказилаётган тадбирлар, бир нечта китоб дўконлари фаолият юритаётгани, «Олтин силсила» лойиҳаси ‒ буларнинг ҳаммаси айни академиянинг ишлари ҳисобланади.

Ҳазратнинг умрлари охирида ёзган китобларидан, ҳаётларининг сўнги кунларида нашр қилиниб, халқимизга тақдим қилган асарларидан бири ‒ «Амаллар ниятларга боғлиқдир» номли китоблари бўлди. Бу асар «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркуми остида чиқди. У киши бу рисолада шу ҳадисга юз саҳифадан ортиқ шарҳ берибдилар. Қаранг, биргина ният ҳақида у кишининг қалбларида шунча илм жамланган экан. Китобни ўқир эканман, Ҳазратнинг ўша ҳаж асносида қилган ниятлари ва уларнинг амалга ошгани эсимга тушаверди, ҳазратнинг ният поклиги борасидаги фазилатларига яна бир бор тан бердим. У кишининг ниятлари ана шундай соф ва мустажоб бўлар эди.

Шайх ҳазратлари ҳақиқий халқпарвар, ватанпарвар, забардаст олим эдилар. Ўзлари жаҳонгашта бўлсалар ҳам, Ватанни, Ўзбекистонни бошқача яхши кўрардилар. Ҳамиша эл­-юрт ташвишида, яхши ниятлар билан яшадилар ва шу йўлда бор имкониятларини ишга солдилар. Шу билан бирга, Ватан ҳақида ҳам фақат хайрли дуо қилардилар, бу маънода у кишидек дуо қиладиган одамни кўрмаганман. Ҳар қандай вазиятда ҳам фақат яхшиликни кутар, гумонлари яхши, ниятлари яхшилик бўларди. Мана, у кишининг ўша пок ниятлари ўзлари ҳаётлик даврда ҳам, ўтганларидан кейин ҳам бирин-­кетин амалга ошиб бормоқда.

У киши халқнинг илм-­маърифатли бўлишини, ихтилофлар йўқолиб, диний савияси юксалишини, ёшларнинг илмга ошно бўлишини ният қилгандилар, буларнинг ҳаммаси амалга ошяпти. У киши диний соҳада эркинлик, раҳбарларнинг халқ билан яқин бўлишини истардилар. Ҳазрат ўзлари мавқелари қанча юксак бўлишига қарамай, оддий халқ билан ҳамиша мулоқотда бўлардилар, эшиклари ҳамма учун ҳамиша очиқ эди ва бошқаларнинг ҳам шундай бўлишини орзу қилардилар. Бугун мана шу ниятлари ҳам рўёбга чиқиб турибди.

Ҳазрат адашган кишиларга, айрим тоифаларга қарши даҳанаки олишувларни ёқламасдилар, балки уларга илм-­маърифат билан, тақво билан қарши туриш тарафдори эдилар. У киши мана шу йўсинни бутун омма халққа ёйдилар ва бунда ўзлари етакчилик қилдилар. Халқнинг бирлиги, юртнинг тинчлигини таъминлашга жуда катта ҳисса қўшдилар.

Ҳазратнинг жуда кўп фазилатларига гувоҳ бўлганман. Фазилатларини санаб адоғига етиш қийин. Аммо менимча, ҳамма-­ҳамма фазилатлари, хизматларининг замирида у кишининг ниятлари поклиги туради. Бирор ишда шахсий ёки моддий манфаатни кўзламасдилар. Шунинг учун йўллари ҳамиша очиқ бўлди, деб ўйлайман. Нима ишга киришсалар, ўша иш амалга ошиб, хайр-баракали бўларди. Жуда кўп кузатганман, бирор иш буюрсалар, уни қилишга киришар эканман, ҳаммаси ўз ўрнида, кутилгандан зиёда енгил кечарди.

Шу ерда бир воқеа эсимга тушиб қолди. Бир гал Қаршига бир маросимга бордик. Қайтаётганимизда йўлда аср вақти кириб қолди. Ҳайдовчи икки­-уч бор «аср ўқиб олмаймизми?» деб тўхталаверди. Ҳаммаёқ қуп-­қуруқ чўл, ҳеч бир шароит йўқ. Охири Ҳазрат сал зарда билан: «Сиз йўлингизга қаранг, ўзимиз айтамиз қаерда тўхташингизни», деб юбордилар. Мен хижолат тортиб кетдим. Ҳеч қанча ўтмай, чўлнинг ўртасида бир уй кўринди. Ҳазрат тўхташга ишора қилдилар. Тушиб, уйнинг кекса эгасидан намоз ўқишга жой сўрадик. Қария жойнамоз солиб, кутиб олди. Намозни ўқиб бўлишимизга дастурхон ёзиб, қозонда қайнаб турган, эндигина пишган шўрва билан бизни меҳмон қилди. У одам Ҳазратни танимас экан, аммо жуда самимий эҳтиром кўрсатди. Ҳазрат у кишига жуда чиройли илтифотлар кўрсатиб, ҳақларига дуо қилиб, йўлда давом этдик. Бу ҳам ният ва ихлос поклигидан эди. Бир қараганда бу ҳол тасодиф туюлса-­да, унда ўзига яраша ҳикмат бор. Бу Ҳазратнинг ишларини Аллоҳ Ўзи ўнглаб борганига кичик бир мисол эди.

Шайх ҳазратлари эл-­юртга беқиёс хизмат қилган бўлсалар-да, бирор марта бирор тарафдан манфаат ёки ташаккур кутмадилар. Муфтий бўлганларида ҳам фақат холис, пок ниятда хизмат қилдилар, бойлик орттиришни ёки бошқа бирор шахсий манфаатни кўзламадилар. Мен ўзим идорада ишлаганим учун яхши биламан, ҳазрат Идорага ҳамма учун деб келтирилган нарсаларга ҳам қўл узатмаганлар, дунё нарсаларига қиё ҳам боқиб қўймасдилар. Ҳатто кимдир у кишига «Мана бу сизнинг улушингиз» дейишга ҳам ботина олмасди. Доғистон ва Чеченистон мусулмонларига ҳам жуда кўп хизматлари сингган. Аммо ўшалардан ҳам бирор нима умид қилмадилар ва олмадилар ҳам. У киши ана шундай покдомонлик билан ҳаёт ўтказдилар.

Яна бир нарсани айтиб ўтгим келади. Ҳазратнинг ниятлари пок экани ҳақида сўзлар эканмиз, у киши ўзи аслида пок ниятларнинг меваси эканларини эслаб ўтишимиз керак. Ота­оналарининг ҳам ниятлари соф экан, фақат холис ҳаракат қилган эканлар, мана шундай улуғ фарзандни халққа тақдим қила олдилар. Бу ҳам ибратли ҳолат, албатта. Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини, у кишининг ота­-оналари, устозларини ҳам Ўз раҳматига олиб, гўзал мукофотлар билан тақдирласин. Қолганларимизга у кишининг йўлларидан бориб, пок ният, пок йўлда собит бўлишимизни насиб этсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илмий ndash адабий меросиШоир Мажзуб ўзбек ва форс тилларда қалам тебратган мутасаввиф шоир бўлиб, асарлари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган. Ундан бизга илмий ndash давоми...

1587 14:00 / 28.09.2021
Буюк вазир, салтанат устуни Абу Наср Муҳаммад ибн Мансур ибн Муҳаммад Кундурий. Султон Туғрулбекнинг вазири.Улуғлик, саховатпешалик, паҳлавонлик, китобатда давоми...

1724 18:00 / 25.07.2021
Доктор Усома Абдул Азим Азҳар университетининг етук уламоларидан бўлиб, усулул фиқҳ бўйича забардаст мутахассислардан ҳисобланади. У киши замонамиздаги ноёб давоми...

4863 17:08 / 17.11.2022
20 асрнинг машҳур олими ва фозили, таниқли уламо Мулла Фатҳиддин Абдуллоҳ махдум ўғли 1904 йил Наманган вилояти, Чортоқ тумани, .Кўшан, қишлоғида таваллуд топди.Отаси давоми...

3306 17:00 / 20.03.2022
Аудиолар

137674 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57733 14:35 / 11.08.2021