1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Илмга муҳаббати баланд эди

16:35 / 25 февраль 2058 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Зокиржон Исмоилов – муфтий муовини (1989 – 1993), Шайх ҳазратларининг сафдоши хотираларидан

Дўстимиз Муҳаммад Содиқ билан илк бор, тахминан, 1969 йили, у киши Мир Араб мадрасасига ўқишга кирган йили кўришганмиз. Ўшанда мен мадрасанинг иккинчи босқичида таҳсил олардим. Камина бир куни иккинчи қаватда турганимда мадраса саҳнидан майда қадамлар билан юриб, нималарнидир пичирлаб келаётган хушбичим йигитга кўзим тушди. Ёнимиздаги талабалардан бири унинг Андижондан, Булоқбоши имомининг ўғли эканини айтди. Туғилган жойимиз бир экан-да дея, у билан танишиб олдик. Суҳбатимиз мобайнида мақсадларимиз муштараклиги боис гапимиз бир-бирига қовушиб, яқин бўлиб қолдик. Юртимизни узоқ вақт руслар истило қилиши ҳисобига халқимиз диний тарбиядан узоқлашиб қолганди. Ҳар иккимизнинг ҳам мақсадимиз пухта илм эгаллаб, уни инсонларга ўргатиш эди. Аллоҳнинг изни билан шундай ҳам бўлди.


Муҳаммад Содиқ илмга борини бағишлаган, қачон қараманг, қўлидан китоб тушмас эди. Дарслардан танаффус бўлган пайтларда толиби илмлардан айримлари ҳовуз бўйидаги шийпонда гаплашиб ўтиришар, баъзилар чанқоғини қондиргани ошхонга кетарди. У эса устунга суянганча, юпқа муқовали китобини бошқаларнинг назари тушмайдиган қилиб буклаб олганча, тез-тез ўқирди. Одатда, тинимсиз мутолаадан китобхоннинг кўзи толиқиши ёки тоқати етмаслиги мумкин. Муҳаммад Содиқ эса ўзгалардан фарқли ўлароқ, машғулотидан завқ олар, китоблар оламига шўнғиб кетар эди. Дўстимга ҳавасим келар, шу билан бирга, унга эргашишга, ўхшашга ҳаракат қилардим.


Бир ҳодиса туфайли унинг диний китоблардан олдин жуда кўп бадиий китоблар ўқиганини ҳам билиб олгандим. Маъҳадда ўқиб юрганимизда Тошкентдан Андижонга самолёт орқали борадиган бўлдик. Ўтириб кетадиган жойларимиз олдинма-кейин бўлиб қолибди. Ҳар иккимизнинг ёнимизга университет талабалари ўтирди. Учоқда кетарканмиз, ҳамроҳим билан иккимиз ўртамизда ким ўзарга бадиий адабиётга оид савол-жавоб бошланиб кетди. Музокара қизғин кетаётган бир палла эди, ҳамроҳим сўраган бир китобни ўқимаган эканман. У ўзини ғолиб ҳисоблаб, кулиб қўйди. Қай бир маънода, университет талабалари Олий Маъҳад талабаларидан китоб ўқишда устун бўлиб қолди. Шунда орқамда ўтирган Муҳаммад Содиқ елкамга қоқиб, ўринларимизни алмашишимизни сўради. Билдимки, менинг билмай қолганим унга ботди. Жойимга ўтириб олди-да, ҳамроҳимни бир қанча бадиий адабиётларни қиёсий таҳлил қилиб сўроққа тута бошлади. Охирида зикр қилган икки-уч китобни университет талабаси ўқимаган экан, «Ҳали кўп ўқишингиз керак экан», деб қўйди ва туриб ўз жойига кетди. Ўшанда самолётдан хуш кайфиятда тушдик.


Ошнамнинг баҳс-мусобақаларда ҳозиржавоблиги ўзига ҳам, бошқаларга маълум эди. Унинг фикрлари теран, сўзини нимадан бошлаш, қайси мавзуга ўтиш кераклигини хаёлида режа қилиб, навбати билан ўрнида ифода қилар эди. Китобда ёзилганини худди ўзидек ёдлаб қолиш қобилияти бор эди. Бу фазилатдан кўпроқ араблар насибадор бўлганлар. Қоҳирадалик вақтимда бир куни газета ўқиётиб, Муҳаммад Ғаззолийнинг хотираси акс этган мақолага кўзим тушди. Унда Ғаззолий Ал-Азҳар университетини битиргач, қозиликка ариза топширгани ҳақида баён қилинганди. Имтиҳон топшираётган шайх саволга худди китобда ёзилгани каби – гаплар кетма-кетлигини ўз тартибида, шунингдек, нуқта-вергулларини ҳам ўрнига қўйиб жавоб берганини хотирлаган. Шундан сўнг уни қозиликка қабул қилишган экан. Муҳаммад Содиқ шундай инсон эди. Унинг бу қобилиятига ҳатто таниқли уламолар ҳам таҳсин айтишган экан. Буни унинг ўзи уйида суҳбатлашиб ўтирганимизда юзида табассум билан хотирлаб берганди. Кўнглига хуш келадиган воқеа бўлиб ўтса, кулиб эслайдиган одати бор эди унинг. Ливияда ўқиб юрган кезлари устози Ислом оламида машҳур олимлар йиғилишига уни ҳам олиб борибди. Тадбирда сўзга чиққан ошнам нутқини тамомлаши билан мажлис раҳбари «Сўзлаганларингнинг барини қоғозга қарамай айтдингми?» дея сўраб, офарин айтган экан.


Мадрасани тамомлагач ҳам, муфтий этиб сайланганида, Олий маъҳадда ишлаб юрган кезлари, ҳижратдан сўнг ҳам юртимизнинг диний эътиқодини оёққа турғизиб, инсонларни ҳалол-пок, бировнинг ҳаққини емайдиган, қилган ишига охиратда мукофот кутадиган, катталарни иззат-икром қиладиган, кичикларга меҳр-шафқат кўрсатадиган қилиб тарбиялашга уринарди. Унинг бу ишида биз кўмакчи эдик.


Эсимда, талабалик йилларимиз Муҳаммад Содиққа деб, миллари маълум вақтга келганда қаттиқ бонг урадиган соат сотиб олдим. Унинг қутисига «Бу орқали эрта турасиз. Модомики эрта турар экансиз, дуоингизда Зокирни ҳам эслаб қўйинг. Сизни «мужтаҳид» деб атадим. Иймоним комилки, ўта ғайратли талабалардан бири бўласиз» мазмунида арабча жумлалар ёзиб, унга ҳадя қилдим. Уйининг деворига осиб қўйган эди. Орадан йиллар ўтди, ҳижратдан қайтиб келганидан сўнг кимдир мен ёзган сўзлар ҳақида ҳазратга эътироз билдирибди. Яъни мазҳаббошилар замонидан кейин ижтиҳод тўхтатилганини айтибди. Шунда мириқиб кулган экан. Аммо Муҳаммад Содиқ чин маънода умрини халқ тарбияси, юрт ислоҳи учун сарфлади, 200 дан ортиқ китоблар, видео ва аудиодарсликлар яратиш учун ғайрат қилди. Аллоҳ ғариқи раҳмат қилсин.

Флюра Умурзоқова оққа кўчирди
«Ҳилол» журналининг 6(51) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У кишининг тўлиқ исмлари Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Абул Барокат Ҳофизиддин ан Насафийдир. У киши замонасининг етук олимларидан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ, давоми...

5062 22:20 / 27.04.2017
Ҳомидхон махдум Эшон дада мулла Абдулғофур Ғофур қори махдум ўғли 1893 йил Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Заркент маҳалласи ҳозирги Ахси кўчасида зиёли хонадонда давоми...

2308 16:00 / 24.01.2022
Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез 1959 йилда Туркиянинг Газиантеп вилояти Низип туманида туғилган. Бошланғич таълимни Низипда, ўрта давоми...

359 13:07 / 14 октябрь
Шайх, муснид Абу Амр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Собир ибн Котиб Бухорий. Муаззин бўлганлар.Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара, Ҳомид ибн Саҳл, Муҳаммад ибн Ҳурайс, Ҳусайн ибн давоми...

1413 15:00 / 20.12.2020
Аудиолар

137649 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57718 14:35 / 11.08.2021