1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажда ризқ талаб қилиш

18:24 / 07.08.2017 4856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари! (Оли Имрон, 197).

Демак, ҳаж доим бўлавермас экан, уни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар бор экан.

«Ҳаж маълум ойлардир».

Ҳаж ойлари – Шаввол ва Зулқаъда ойлари тўлиқ, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунидир. Мана шу пайтда ҳажни ният қилиб, эҳромга кирса бўлади. Албатта, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, яъни қурбон ҳайити куни бундан мустаснодир.

«Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир».

«Ўзига ҳажни фарз қилиш» – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш, деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва у ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш ва шунга ўхшаш нарсалар мумкин бўлмайди. Яна ҳажда:

Фисқ – катта-кичик гуноҳ ишларни қилиш;

Жанжал – одамлар билан талашиб-тортишиш ва сўкишиб, бир-бирининг жахлини чиқариш каби ишлар ҳам мумкин эмас. Чунки ҳаж қилувчи инсон улуғ мақомга эришган бўлади. У дунёнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ажраб, Аллоҳга юзланади, Роббул оламийннинг уйини зиёрат қилгани чиққан бўлади. Шу боис, олий даражадаги одоб билан одобланиши зарур. Ҳамма ёмон нарсаларни тарк этиб, яхши ишларни кўпроқ қилиши лозим. Чунки:

«Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир».

Шу билан бирга, ҳажга кетаётган одамга ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олиш тавсия қилинади ва руҳий озуқа муҳим экани таъкидланади:

«Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир».

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши:

«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккул қилувчилармиз», – дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди», – деганлар.

Бошқа бир ривоятда келишича, яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», – дейишар экан. Бу, албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Ҳам бу ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам оятда Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда:

«Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!»

Роббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ. Арафотдан қайтиб тушганингизда, Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг. Сизни ҳидоятга бошлагани учун У Зотни зикр қилинг. Дарҳақиқат, илгари адашувчилардан эдингиз. (Бақара сураси, 198-оят)

Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи «ризқ», «касб» маъноларини англатади. Одамлар ўртасида «Ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди» деган тушунча бор эди.

Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди» деган гапни тарқатганида шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган.

Имом Аҳмад қилган ривоятда Абу Умома айтадиларки:

«Абдуллоҳ ибн Умардан:

– Биз кира(га ижара бериб, тижорат) қиламиз, ҳажимиз ҳаж бўладими? – деб сўрадим. У:

– Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми? – деди. Биз:

– Албатта, – дедик. У киши:

– Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, ҳозир сен мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг «Жаброил «Сизга Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир» деган оятни олиб тушди», – дедилар».

Имом Бухорий қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос:

«Укоз, Мажална, Зул-Мажозлар жоҳилият бозорлари эди. Ҳаж мавсумида савдо қилиш гуноҳмикан, деб иккиланиб қолганларида, Аллоҳ тарафидан «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир» деган оят нозил бўлган», – дейдилар.

Ибн Жарирнинг ривоятларида Абу Солиҳ ҳазрати Умардан:

«Эй мўминларнинг амири! Ҳажда тижорат қилармидингиз?» – деб сўраганида у киши:

«Тирикчиликларим ҳаждан бўларди-да»,деб жавоб берган эканлар.

Айни чоғда уламолар: «Кимки ҳаж ва тижоратни ният қилса, тижорат нияти устун бўлса, ҳажнинг савоби қолмайди», – деганлар. Демак, олдин тижорат, кейин ҳаж бўлиши керак эмас. Ҳажга астойдил ҳаракат қилиб, орада бўш вақтларда тижорат қилса бўлаверади. Ҳалол йўл билан ризқ талаб қилиш ҳеч айб бўлмайди.

Ризқ талаб қилиш ҳақидаги гаплардан кейин бевосита ҳаж ибодатларининг баёни келиши ҳам бежиз эмас.

«Арафотдан қайтиб тушганингизда, Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг».

«Арафот»нинг луғатдаги маъноси ҳақида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳазрати Жаброил алайҳиссаломни юбориб, ҳажни ўргатган. Арафотга келганларида: «Арафта?» (яъни «Танидингми?») – деб сўраган экан. Чунки Иброҳим алайҳиссалом у ерга бундан аввал ҳам бир марта келган эканлар. Шундан ўша жой Арафот деб номланиб қолган экан. Яъни бу сўз «билиш», «таниш» деган маъноларни англатади.

Арафотда туриш ҳажнинг бош ибодати, рукни ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: «Ҳаж Арафотдан иборатдир», – деганлар. Ҳожи арафа куни заволдан бошлаб, шу куннинг Шомигача бўлган муддатда Арафотнинг чегараси ичида бир оз бўлса ҳам турмаса, ҳажи ҳаж бўлмайди.

Набий алайҳиссалом видолашув ҳажини қилганларида, Пешинни ўқигандан сўнг қуёш ботгунча турганлар. Арафотдан қайтиб тушиш қуёш ботгандан сўнг бошланади. Оятда «Аллоҳни Машъарул Ҳаромда зикр қилинг», – дейилмоқда. Машъарул Ҳаром эса Муздалифа, деганидир. «Машъар»нинг маъноси – «очиқ аломат». Муздалифанинг бу ном билан аталиши у ер ҳарам ҳудудида бўлганидандир. «Муздалифа»нинг маъноси «яқинлашиш» бўлиб, ҳожилар у ерга тушганларида Байтуллоҳга яқинлашадилар. Ҳожилар Шом ва Хуфтон намозларини қўшиб, Муздалифада ўқийдилар. Ҳанафий мазҳабига кўра, Муздалифада ҳайит куни фажрдан кейин бир лаҳза бўлса ҳам туриш вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ҳам ўз ҳажларида Муздалифада бир азон икки иқома билан Шом ва Хуфтон намозларини қўшиб ўқиганлар. Сўнгра фажргача ёнбошлаб, тонг отгандан сўнг Бомдодни ўқиб, кейин туяларини миниб, Машъарул Ҳаромга келганлар ва қиблага қараб дуои такбирлар қилганлар. Тонг ёришгандан сўнг юриб кетганлар.

Аллоҳ таоло мусулмонларга Машъарул Ҳаромда Ўзини зикр қилишга буюрмоқда, уларни ҳидоятга бошлагани учун зикр қилмоқ ила шукр келтиришга амр этмоқда.

«Сизни ҳидоятга бошлагани учун У Зотни зикр қилинг. Дарҳақиқат, илгари адашганлардан эдингиз».

Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар. Ҳозирги кунда ҳам янги мусулмон бўлганларнинг кўплари фақат мусулмон бўлганларидан кейингина ўзларини ҳақиқий инсон деб ҳис қилаётганларини айтиб, уларни ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукр айтмоқдалар. Асли мусулмон бўлиб келаётганлар эса мусулмон бўлмаган кишиларни кўриб, уларнинг залолат ботқоғида тортаётган азобларини билиб, ўзларини ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукрлар айтадилар.

Инсон илоҳий таълимотдан узоқлашганда турли номаъқулчиликларни қилади. Жумладан, ўзини мақташ, мутакаббирлик қилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш каби хислатлар уларнинг асосий сифатларига айланади. Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи бошқа араблардан ўзларини юқори тутишар, улардан ажралиб турадиган баъзи имтиёзларни ўзларига раво кўришар эди. Ҳаж қилганда бошқаларга қўшилмас, Арафотда ҳам алоҳида туришар эди. Арафотдан қайтиб тушишда ҳам айрим бўлиб, одамлардан бошқа жойда имтиёзли бўлиб туришарди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Арафа куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. давоми...

1290 13:08 / 15 июнь
Аллоҳ таоло.Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир. Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир,, деган .Оли давоми...

5865 17:56 / 04.08.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Тонгга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам, Фажр 13 оятлар. .Жуфтга қасам, давоми...

34524 12:00 / 06 июнь
Аллоҳ таоло .Ҳаж маълум ойлардир,, деган .Бақара, сураси, 197оят. Демак, ҳажни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар эътиборга олинади. Шаввол ва Зулқаъда давоми...

950 15:31 / 07 июнь
Аудиолар

135337 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55590 14:35 / 11.08.2021