1447 йил 16 шаъбон | 2026 йил 04 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Энг катта касод

14:00 / 13.09.2021 8643 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.

«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.

«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.

Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».

Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.

Аммо у бу каби ибодатлар билан келган бўлса ҳам, ўша даҳшатли кунда оғир аҳволда қолади. Чунки у бу дунёда буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одам бўлган эди.

Шу ерда кишини касодга учратадиган, унинг ибодатларини ҳам пучга чиқарадиган ёмонликлардан ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганларини санаб ўтайлик:

1. Бировни сўкиш.

2. Бировнинг обрўсини тўкиш.

3. Бировнинг молини ейиш.

4. Бировнинг қонини тўкиш.

5. Бировни уриш.

Мана шу ишларни қилган одам қиёмат куни касодга учраши турган гап. Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.

Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.

Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.

Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бировга унинг обрўсидами ёки бошқа нарсадами, озгина зулм қилган бўлса, бугун – динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолмасдан аввал ундан розилик сўраб олсин. Агар унинг солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорича олинади. Агар унинг савоблари бўлмаса, соҳибининг (ҳақ эгасининг) гуноҳларидан олиб, унга юкланади», дедилар».

Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бирорта золим ўзининг заррача зулмига жазо олмай қолмайди. Агар у бу дунёда жазодан қочиб қутулган бўлса ҳам, у дунёда қочиб қутула олмайди. Золимдан олинадиган ўчнинг энг оддийси – қиёматда унинг савобини мазлумга ёки мазлумнинг гуноҳини унга олиб бериш билан бўлади.

Шунинг учун бу дунёда ҳар қанча кичик зулмни ҳам оз санамасдан, мазлумдан ўз ҳаққини ҳалол қилишни сўраб олиш зарур. Акс ҳолда, охиратда қийин бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Бировга унинг обрўсидами ёки бошқа нарсадами, озгина бўлса ҳам зулм қилиш мумкин эмаслиги.

2. Ким бировга зулм қилган бўлса, ўлимидан аввал ундан розилик сўраб олиши зарурлиги.

3. Агар бировга зулм қилган одамнинг солиҳ амали бўлса, қиёматда ундан қилган зулми миқдорича олиниши.

4. Агар бировга зулм қилган одамнинг савоблари етмаса, қиёматда соҳибининг (ҳақ эгасининг) гуноҳларидан олиб, унга юкланиши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилинур. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».

Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар.

Ҳаттоки бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг «шох»ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик тажвид курслари йўқлигидан, шу сабаб Қуръон ўргана олмаётганидан ёзғиради. Бу борада мутлақ чеклов бор деб ўйлайди. Аслида эса...Устозларнинг боши омон давоми...

3502 09:00 / 31.12.2021
Таътилга берилган муддат ниҳоясига етиб, юртига қайтиш учун бир йигит самолётга чиқди. Йигитнинг ёнида содда, кекса бир онахон ўтирарди. Самолёт манзил сари давоми...

3836 17:00 / 01.08.2022
Бу иллат қадимги жоҳилиятда ўзига хос равишда авж олган. Хоҳ одамга бўлсин, хоҳ ҳайвонга бўлсин, .касал фалончидан юқди, шуни қилмаса бўлар эди,, .у эди, бу эди, каби давоми...

2230 18:48 / 19.05.2024
Тишингиз қаттиқ оғриб, даволашга ҳам имкон бўлмаганда, оғриқнинг зўридан сизнинг ягона ташвишингиз, уни олдириб ташлаш бўлиб қолади. Уни олдириб давоми...

3403 14:00 / 18.02.2023
Аудиолар

227848 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146575 14:35 / 11.08.2021