1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Инфоқ-харажатдаги исроф

18:01 / 10.07.2017 6129 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда қандай сарф-харажат бўлмасин, унда исрофга йўл қўймаслик доимий равишда таъкидланади. Бу маъно Қуръони Карим оятларида ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

«Нафақа қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар» (67-оят).

Араб тилида «нафақа» ибораси мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда бу сўзни бировга садақа қилиш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиш кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф қилмаслиги ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош ҳам тортмаслиги лозим.

Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкини ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш ман қилинган.

Шунингдек, мол-мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» номини бериб, мусулмонлар исрофдан қайтарилган. Мол-мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одам «сафийҳ» – «эсипаст» дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг молу мулки музлатиб қўйилади. Керак бўлганида маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.

Шу билан бирга, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама ҳақларини олиб беради.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«У киши Аллоҳ азза ва жалланинг «Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У Зот ризқ берувчиларнинг яхшисидир» деган сўзи ҳақида: «Исроф ҳам, мумсиклик ҳам қилмасдан», деган».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, банданинг моли бўлатуриб, уни исроф қилиб юборса ҳам, Аллоҳ таоло бунинг ўрнини тўлдириб бермас экан. Шунингдек, хасислик қилиб, маҳкам ушлаб турса ҳам, мол кетганда унинг ўрнига бошқа мол бермас экан.

Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам қилмасдан, исроф ҳам қилмасдан, молини Аллоҳ таоло айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф қилса, Аллоҳ таоло унинг садақаси, хайр-эҳсонининг ўрнига ўзи кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато этар, баракасини бериб қўяр экан.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди».

Аҳмад ва Табароний ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда ман қилинаётган нарсалардан бири – молни зое қилиш. Товламачилик, зўравонлик, ўғрилик, рибохўрлик, ҳаром моллар савдосидан тушган моллар ҳаром ҳисобланиши шубҳасиз. Лекин ҳалол йўл билан топилган молни ҳам ҳою-ҳавасга, риёкорликка, хўжакўрсинга, одамлар орасида шуҳрат топиш учун беҳуда ишларга ва ҳаром-харишга сарфлаш ҳам молни зое қилиш, исроф қилиш ҳисобланади.

Бир банданинг қўлидаги мол фақат ўзиники эмас, балки бу молда унинг оила аъзолари, ўзи яшаб турган жамиятнинг ҳам ҳаққи бўлади. Шунинг учун ҳам унга омонат сифатида қараш, исрофдан сақлаш лозимдир.

Исрофчилик мўмин кишига тўғри келмайди, мўмин киши молини тежаб, тадбир билан ишлатиши, зое қилмаслиги лозим.

Мол-мулкни зое қилиш Аллоҳ таоло берган неъматни беҳуда сарфлашдир. Бу нарсани қилувчилар шайтоннинг биродари бўладилар. Ушбу номаъқул иш инсонларнинг ўзига ҳам, улар яшаётган жамиятга ҳам катта зарар келтиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бу ишдан қайтариб, бир нечта оятлар нозил қилган.

Аллоҳ таоло бандага мол ато этгач, уни исроф қилмасликни тайинлади. Жойини топиб, Аллоҳ таолонинг йўлида, Аллоҳни рози қиладиган ҳолатда, шариатнинг кўрсатмасига мувофиқ равишда сарф қилиш, ишлатиш, бериш керак бўлади.

Молни зое қилиш, исроф қилиш, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳисобланади. Буни доимо ёдимизда тутишимиз лозим.

Абул Убайдайндан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳдан исрофчилар ҳақида сўраган эдим, «Улар молни ноҳақдан сарфлайдиганлар», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, ноҳақдан, ҳаром-хариш, беҳуда нарсаларга керагидан ортиқ мол сарфлаган киши Қуръони Каримда зикри келган «мубаззирийн», яъни исрофчилардан бўлиб қолар ва уларга аталган азоб-уқубатларга дучор бўлар экан. Шундай экан, мусулмон одам исрофчи бўлишдан ҳар томонлама сақланиши лозим.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади, у деди:

«Исрофгарлар ҳақдан бошқададирлар».

Бухорий ривоят қилган.

Яъни молни ноҳақ сарфлайдиган исрофчи одам ҳақдан узоқда бўлар экан.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни банданинг икки қадами то ундан умридан – уни нимада ўтказгани, илмидан – у билан нима қилгани, молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин банда алоҳида аҳамият бериши ва ҳеч қандай исрофга йўл қўмаслиги лозим бўлган тўрт буюк неъмат ҳақида сўз юритмоқдалар. Қиёмат куни бандадан энг аввал ва алоҳида таъкид билан сўраладиган неъматлар ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, қиёматда алоҳида ва ўта аҳамиятли сўроқ-савол қилинадиган неъматлар қуйидагилардир:

1. Банда ундан умридан – уни нимада ўтказгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди.

Умр банда учун энг азиз ва қимматли неъмат ҳисобланади. Унинг ҳар лаҳзаси ҳисоб-китоблидир. Умрнинг бирор лаҳзасини зое қилишга, исроф қилишга банданинг ҳаққи йўқ. Умрни беҳуда нарсаларга сарфлаш уни исроф қилишдир. Банда бу қилмиши учун охиратда жавоб беради. Буни одатда вақтни беҳуда ўтказиш, вақтни исроф қилиш ҳам дейилади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда ўзига берилган умрдан унумли фойдаланиш пайидан бўлиши керак.

2. Банда ундан илмидан – у билан нима қилгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди.

Илм неъмати бандага берилган энг қимматбаҳо неъматлардан биридир. Инсон ўзига берилган илм неъматини ўзи, оиласи, қавм-қариндоши, жамияти, ватани ва инсоният фойдаси учун сарфламоғи, уни исроф қилмаслиги лозим.

3. Банда ундан молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди. 

Бандага берилган мол-мулк Аллоҳ таолонинг катта неъмати экани ҳаммага маълум. Қиёматда ҳар бир неъматнинг ҳисоб-китоби бўлгани каби, молу мулк неъматининг ҳам алоҳида ҳисоб-китоби бор. Бу борада ҳукамоларимиз: «Мол-мулкнинг ҳалолининг ҳисоби, ҳаромининг азоби бор», деганлар. Шундай экан, ҳалол мол-мулкни сарфлашда зинҳор исрофга йўл қўймаслик, ҳаромдан эса ҳазар қилиш лозим.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўзингга ва аҳли байтингга исроф қилмасдан ва совурмасдан қилган харажатинг ва садақа қилган нарсанг сен учундир. Риё ва шуҳрат учун бўлгани шайтоннинг насибасидир».

Байҳақий ривоят қилган.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бу ҳикматли гаплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикмат булоғидан сув ичгандир. Мўмин киши ўзига ва оиласига қилган харажати фойдали бўлиши учун молни исроф қилмаслиги ва беҳуда совурмаслиги шарт экан.

4. Банда ундан жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди.

Аллоҳ таоло бандага ато қилган жисм ва жисмоний қобилиятлар ҳам катта неъматдир. Бу неъматнинг шукронаси уни Аллоҳ таоло кўрсатганидек тасарруф қилиш билан юзага чиқади. Жисмни беҳуда ишларга машғул қилиш уни зое қилиш ва исроф қилиш деб қаралади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Исроф китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Басралик бир савдогар Чин Хитой мамлакати томон сафарга тайёргарлик кўраётганида бир қария унинг кемасига яқинлашиб илтимос қилиб қолдиndash Эй хожа, ҳузурингизга давоми...

2809 18:00 / 05.02.2021
Фаластиндаги ушбу зайтун дарахтининг ёши Фаластин харитасини электрон харитадан ўчирган amazon, google дан ҳам қадимийроқ ҳисобланади. Ҳадисларда зикри келган, кўплаб давоми...

2640 14:00 / 16.06.2022
Европада ўзига хос салоҳиятга эга мамлакатлардан бири бўлган Францияда Ислом бундан ўн уч аср муқаддам пайдо бўлган. Бу ўлкага мусулмонлар милодий 717 йили Испания давоми...

2311 17:00 / 09.02.2021
Аллоҳ берган умрни яшаб, Унинг розилигини топиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом қуйидагиларга қатъий амал қилишимизни буюрадиларДоимо тоза ва покиза таомларни давоми...

2598 17:00 / 18.07.2022