1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Фарзанд ота-онанинг ойнасидир (иккинчи мақола)

09:00 / 28.05.2021 2324 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Фарзанд ва она ўртасидаги муносабатларнинг бардавом бўлиши учун нима тавсиялар бера оласиз?

– Бардавом муносабатга эришишнинг бир неча йўллари бор:

– Фарзанд билан ҳар куни 20 дақиқа дўстона суҳбат (панд-насиҳатсиз, мактаби, ўқиши ҳақида гапирмай);

– Фарзандга ҳар куни 5–10 марта ўз меҳр-муҳаббатини изҳор қилиш;

– Ҳар куни 5 марта фарзанднинг яхши ахлоқи, чиройли амалига мақтов айтиш;

– Ҳафтада бир марта беш дақиқа бўлса ҳам фарзанд билан уйдан ташқаридаги машғулотни бирга бажариш (пиёда юриш, спорт билан шуғулланиш, автоуловда сайр қилиш кабилар);

– Болада ҳаёт асосларини пайдо қилиш учун уйқудан олдин ҳар куни «Фалон яхши ишни бажарганингда ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилдим», «Укангга қараганинг – жуда катта иш», «Фалон келишувимизга амал қилганинг мен учун фахр» кабилар орқали ўз ризолигингизни билдириб туриш;

– Ҳафтада бир ёки икки марта оилавий маслаҳат ва суҳбат учун кечки таомни оила даврасида танoввул қилиш;

– Фарзандга бўлган муҳаббатни турли тарзда изҳор қилиш; бошнинг орқа тарафини силаш меҳрибонлик ва шафқатни ифодалайди, бошига қўлни қўйиш фахрланишни ифода қилади, қўлни пешонасига қўйиш тинчлантиради, қўлини тутиш ота-бола ўртасидаги алоқани кучайтиради, агар бола асабий бўлса, кўксини силаш билан тинчлантиринг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанд тарбиясида бизга ўрнак зотлар. У зот масжидда ёки саҳобалар ҳузурида Фотима розияллоҳу анҳонинг пешоналари, қўлларидан ўпар ва бағирларига босар эдилар.

Шу дастурга амал қилиб, фарзандингизга меҳрингизни изҳор қилиш, унинг нақадар улуғ неъмат эканини ҳис қилдириш орқали ўртангизда кучли бир алоқа вужудга келсинки, у сизнинг ҳузурингизда чиройли хулқ эгаси, итоатли, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатли ва ота-онасини рози қиладиган ҳақиқий муслим бўлиб улғайсин, ахлоқини руҳан ва жисман бузувчи омиллардан узоқлашиб, уларга дуч келганда ўзини тўғри тута оладиган инсон бўлиб етишсин.

Болалар учун айтиладиган энг яхши мақтовлар, улар болани яхши томонга ўзгаришига ва ўсишига ёрдам беради. Масалан, «Баракаллоҳ!», «Қойил!», «Ана кўрдингми, буни уддаладинг!», «Ажойиб!», «Қила олишингни билгандим!», «Зўр чиқибди!», «Табриклайман, болажоним!» каби эътирофлар болага ижобий таъсир кўрсатади.

Ва, албатта, фарзандингизни тез-тез бағрингизга босиб туринг. Бу иш кимгадир эриш туюлиши мумкин, аммо болажонлар учун жудаям муҳим.

– Хоҳлаймизми йўқми, бугун телефон ва интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳатто бу матоҳ болажонларимизни ҳам четлаб ўтмади. Турли мавзудаги хориж мультфильмлари ва шунга ўхшаш нарсаларга муккасидан кетган болаларнинг соатлаб телефонга тикилиб ўтиришига аксарият оналар беэътибор. Бу борада нима деган бўлардингиз?

– Ҳозирги кунда телефонга нафақат болалар, балки катталар ҳам жуда боғланиб қолган. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида инсоннинг ҳаётидаги бўшлиқни кўрсатса бўлади. Шунинг учун ҳам фарзандингиз ҳаётини қизиқарли, ривожлантирувчи машғулотлар билан тўлдирганингиз маъқул.

Руҳшунослар 2 ёшга тўлмаган болага умуман телефон бермасликни таъкидлашади. Телефонга боғланиб қолган болани бу одатдан қайтариш учун бир нечта тавсия бериш мумкин:

1. Фарзандингиз ҳаётини қизиқарли машғулотлар билан тўлдиринг. Бунинг учун унинг ёшига мос ўйинчоқлардан фойдаланишингиз мумкин. Фақат ҳамма ўйинчоқларни бирданига берманг, баъзиларини яшириб, «соғинтириб» берсангиз, бола уларнинг ҳаммасини қадрлаб, маза қилиб ўйнайди. Ундан ташқари, уйдаги хавфсиз (қошиқ, юмшоқ буюмлар ва шунга ўхшаш) нарсаларни бир қутига солиб беришингиз ҳам мумкин, 3 ёшга тўлмаган бола учун бу қизиқарли машғулот.

2. Телефонингиздан фарзандингизга қизиқарли туюлиши мумкин бўлган нарсаларни ўчиринг (ранг-баранг мобил илова, мусиқа) ёки яширин қилиб қўйинг. Ўзингиз ҳам унинг олдида телефонингиздан камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг.

3. Чегара қўйишни ўрганинг. Фарзандингиз ниманидир жуда қаттиқ йиғи билан талаб қилса ҳам, қатъий қоидалар бўлишини ўргатинг. Пичоқ фарзандингиз танасига жароҳат етказганидек, телефон руҳий ривожланишига ёмон таъсир қилишини эътиборга олинг. Ақли етмаган кичик ёшдаги болаларнинг эса хаёлини чалғитиш усулидан фойдаланишингиз мумкин.

Албатта, одатлардан воз кечиш сизга ҳам, фарзандингиз учун ҳам оғир бўлиши мумкин. Айниқса, бу ўзгариш сиздан жуда кўп эътибор ва ҳаракат талаб қилади. Лекин натижа ҳаракатга арзийди, чунки ҳаётимиз мазмуни аслида уй ишларини қилиш эмас, болаларимизни яхши тарбиялаб, улғайтириш-ку!

– Болани китоб мутолаасига ўргатиш учун оналарга қандай маслаҳатлар бера оласиз?

– Фарзанд оиланинг ойнаси. Деярли ҳар бир ота-она фарзандини кичик ёшдан китобга қизиқтиришга ҳаракат қилади. Бунга эришиш учун болага ўрнак бўлиш, яъни ўзлари ҳам китоб ўқишлари, қизиқарли китоблар танлашлари ва уларни харид қилишлари лозим.

Фарзандингиз сиздан ўрнак олади. Оламни сиздан ўрганади. Сиздаги барча хислатлар болангизда намоён булади. Бизга олимлар, қорилар, халққa манфaати тегувчи етук ходимлар ва мутахассислар керак. Бу ўтиришингизда бизда яна сиздек телефонга ошиқ бўлганлар етишиб чиқади... ўзингизни ислоҳ қилинг! Келинг, шу матоҳдан бошингизни кўтаринг.

(Тамом)

Нозима Умарали қизи суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 5 (26) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир подшоҳнинг қўшини орасида қўй боқар оддий чўпон бор эди. Сарой қозиси уни ёқтирмас эди. У чўпонга нисбатан шундай ҳийла ишлатдики, оқибатда подшоҳ чўпонни қатл давоми...

1580 11:00 / 03.09.2022
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ўрнашгач, Бани Нажжор қабиласи Зайд ибн Собитни олиб келди. Ўшанда Зайднинг ёши ўн олтидан ўтмаган эди. Улар Эй давоми...

3623 11:51 / 09 январь
Бидъатлар асл жиҳатидан икки хил бўлади1. Эътиқодий2. Амалий.Эътиқодий бидъатлар ақийдага, амалий бидъатлар шариатга оиддир.Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодда давоми...

6403 20:28 / 03.07.2017
Замахшарий ҳақида Ибн алҚифтий қуйидагича ёзган .Замахшарий илм уладаб, грамматика ва луғат бобида ўзгаларга мисол бўладиган аллома эди. У ўз ҳаёти давомида давоми...

1081 15:45 / 15 апрель