1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Яхшиликни унутмаслик

18:00 / 07.07.2017 7940 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

295 Абу Туфайлдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жиъронада гўшт тақсимлаётганларини кўрдим. Ўша кунларда мен ёш бола эдим. Туя (гўшти)нинг парчаларини кўтариб кетаётган эдим. У зотнинг ҳузурларига бир аёл келди. Ул зот унга ридоларини ёздилар.

«Бу ким?» дедим.

«Бу у зотнинг эмизган оналари», дейишди».

Шарҳ: Ровий Абу Туфайл ёш болалик пайтларида Тоифга борадиган йўлдаги Жиърона деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларга гўшт тақсимлаётганларини кўрган эканлар. Ровий ҳам тақсимланган туя гўштининг бир парчасини олиб кетаётганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эгниларидаги ридоларини ерга ёзиб, ўша аёлни ўтирғизибдилар. Ҳайрон қолган Абу Туфайл одамлардан у аёлнинг кимлигини сўрабдилар. Одамлар «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни чақалоқликларида эмизган аёл», дейишган экан.

Ўша аёл Ҳалима бинти Абу Зуайб Саъдия бўлганлар.

Бир инсоннинг яхшилигини умрбод унутмаслик, кўрган жойида ўша инсонни ҳурматлаш, қадрлаш мўмин-мусулмонлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган муборак суннат экан.

Имом Байҳақий ва Ҳоким қилган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кампир келди. Ул зот унга:

«Сизлар қандайсиз? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин қандай бўлдингиз?» дедилар.

«Яхшимиз! Отам ва онам сизга фидо бўлсин! Эй ­Аллоҳнинг Расули!» деди.

У чиқиб кетганидан сўнг мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу кампирга шунчалар марҳамат кўрсатдингиз?» дедим.

«Эй Оиша! Бу аёл ҳузуримизга Хадичанинг замонида келар эди. Албатта, яхшиликни унутмаслик иймондандир», дедилар».

Бу маънони бизда «оқибатли бўлиш» деган ибора ила ифода қилинади. Халқда «Бир кун туз еган ерга қирқ кун салом бер» каби нақллар ҳам бор. Кишиларнинг бир-бирларига давомли эҳтиромли ва мурувватли бўлишларининг манбаи Ислом дини эканини унутмаслигимиз ва бу каби гўзал ахлоқларни маҳкам тутишимиз ҳамда ёш авлодни шу руҳда тарбиялаб боришимиз керак бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни қаттиқ ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. давоми...

6298 16:00 / 29.06.2021
Автобус ҳар кунги одатига кўра ўз йўналишида ҳаракатланарди. Кунларнинг бирида унга бўйи салкам икки метр келадиган гавдали киши чиқди. Кўринишидан курашчига давоми...

1639 11:39 / 24.09.2024
Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тариху Бағдод, китобида келтиради.Обидлардан Абу Усмон Ҳийрий анНасобурийнинг хотини Марямдан эшитдим. У шундай деди.Бир давоми...

2054 14:00 / 13.02.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларнинг ақидасини тузатиш учун шундай дедиларndash Касаллик юқиши йўқ, қушлардан шумланиш йўқ, бойқуш йўқ, давоми...

3987 11:28 / 27.12.2023
Аудиолар

213455 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132669 14:35 / 11.08.2021