1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Дунёни гапхонага, чойхонага айлантирдик

12:46 / 24.03.2025 1891 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бизлар дунёни гапхонага, чойхонага эмас, китобхонага, илмхонага айлантирган уммат эдик…

Мавлоно Румийнинг бир гаплари бор: «Оқил одам еган муштининг соҳибини эмас, сабабини қидиради». Сиз ҳам бошимизга тушаётган савдоларнинг сабабини таҳлил қилиб кўрган бўлишингиз керак. Менинг назаримда, тилимизни тишлаб қолишимизга сабаб бўлаётган апперкот зарбаларнинг бош сабаби – ҳайбатимизни йўқотганимиздир. Мўминлик ҳайбатимиз деярли қолмади ҳисоб. Ўзимизни иккинчи сорт одамдек ҳис қилишни одатга айлантирдик. Аллоҳнинг амрларини бажараётганимиз учун қисинамиз-қимтинамиз, ҳақ сўзни айтишга ботинолмаймиз. Елкамизга санчилган пичоқни бир-икки сантим орқага тортсалар, буни бир лутф деб билиб, севинамиз. Ҳақни айтиб балога қолган мўмин қардошимизнинг ёнини олмаслигимиз мумкин, аммо ҳалол-ҳаромни фарқламайдиган пулдор бир бойнинг ҳар гапини тавозе ила маъқуллаймиз. Ҳеч нарсага аралашмай, бир четда юришни касбга айлантириб олдик.

Эдмунд Бёркнинг бир гапи бор: «Жаҳолат тантана қилиши учун яхши одамларнинг ҳеч нарса қилмасликлари кифоя», дейди у.

Яна шу ҳолимизда, асҳоби киром билан Жаннатларда жамланишни орзу қиламиз. Ўзини билиб, жимгина, уй ичида Қуръон ўқиб, фақат ўз болаларига насиҳат қилиб, «Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз. Бир кишилик амал қилиб олсак ҳам катта гап. Қўлимиздан нимаям келарди», дея бўйин қисиб юрган саҳоба ҳақида ким эшитган?! Асҳоби киром: «Санинг домланг унақа деди, мани домлам бунақа деган», «Санинг устозинг ноҳақ, мани устозим ҳақ», «Сан фалонийлардансан, ман писмадонийларданман» дея майдалашиб, бир-бирининг ҳар айтган сўзини ижикилаб текширганми?! Фитна бу! Оёғимиз остида ер силкиниб, ёрилиб ютвораман деб турибди, биз бир-биримиз билан гап талашиб ётибмиз. Энг ёмони, болаларимизни ҳам ўзимизга ўхшатиб тарбиялаяпмиз. Бизлар ўз наздимизда Жаннатталабмиз. Малаклар наздида-чи? Уларнинг наздида балки ислоҳталабдирмиз, балки таъмирталаб... Аввал ўзимизни ислоҳ қилайлик, нотўғри программада ишлаётган миямизни таъмирлайлик, букчаяверганимиздан букрига ўхшаб кетган қаддимизни тиклайлик, сўқирлашган кўзларимизни очайлик, йўқотган йўлимизни топиб олайлик... Ўзимизни ўзгартирмагунимизча, аҳволимиз ўнгланмайди. Зотан, бизлар дунёни гапхонага, чойхонага эмас, китобхонага, илмхонага айлантирган уммат эдик; малаклар билан бўйлашган уммат эдик; мадад учун кўклардан фаришталар индирилган уммат эдик. Эндиги ҳолимизга боқинг...

Дилфуза Комил

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 4 мартдаги 03-07/1462-сонли рухсати асосида тақдим қилинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Никоҳ маросимида меҳмонлардан бири 35 йил аввал бошланғич синфда дарс берган биринчи устозини кўриб қолди. Шу заҳоти ўрнидан турдию устози томон шавқ ва ҳаяжон давоми...

2705 15:31 / 21.11.2022
Ниҳоят ўзингизни танлашга қарор қилдингиз...Энди бировларга осилмайсиз....Чунки чўкаётган кишини сомон қутқармаслигини англаб етдингиз...Тешик кемани ижарага давоми...

2969 14:41 / 21.01.2023
Кўпроқ китоб ўқишни ҳаммамиз ҳам истайман, албатта. Лекин бунга доим ҳам имкон топмаймиз ёки ҳафсала бўлмайди. Қуйида берилаётган баъзи тавсияларга амал қилган давоми...

3697 10:02 / 16.10.2021
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Аззуҳд, номли китобида Абил Жуъддан қуйидаги воқеани келтиради.Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми ичида бир киши бор эди. У давоми...

2807 14:00 / 16.02.2023