1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Суҳбатдош танлаш

18:08 / 01.07.2017 5803 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло жин ва инсонларни яратишдаги мақсадни баён этиб, шундай марҳамат қилади:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зарийат сураси, 56-оят);

«Батаҳқиқ, ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», – деб расул юборганмиз.» (Наҳл сураси, 36-оят);

« Подшоҳлик Ўз қўлида бўлган Зот баракотли, улуғ бўлди. У ҳар бир нарсага ўта қодирдир. У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир» (Мулк сураси, 1–2-оятлар).

Булардан бошқа одамзотнинг яратилиш ғояси Аллоҳ таолога ибодат қилиш эканини таъкидлаган кўплаб оятлар ҳам бор.

Аллоҳ таоло инсоннинг бошқалар билан аралашиш, бирга ўтириш ва тўпланишга табиатан мойил бўлишини тақозо қилди.

Бирга ўтириш ва унга менгзаган нарсаларнинг одамзотнинг фикрлаши, манҳажи ҳамда сулукига катта таъсири бўлиб, бу инсоннинг оқибати, дунёвий ва ухровий саодатининг фаол омилидир. Зеро, шахс ўзи билан бирга ўтирган кишидан таъсирланиб, ундан фикр, эътиқод, сулук ва амалда ўрнак олади.

Бунга шариат, ақл, воқеълик, тажриба ва мушоҳадалар далолат қилади.

Шариатнинг далолати – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиёмат кунидаги пушаймонга, адашган кимсаларнинг адашишларига ва (тўғри йўлдан) оғишларига золимнинг дўсти сабаб бўлгани ҳақида шундай хабар беради:

«У Кунда золим икки қўлини тишлаб: «Эҳ, қани эди Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!» – дер. «Эвоҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам», – дер. «Батаҳқиқ, менга Зикр келганидан сўнг, у мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчидир»

 (Фурқон сураси, 27−29-оятлар).

Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида шундай дейди: «У куни Аллоҳга бепарво бўлгани ва ўзи Роббининг йўлидан тўсган дўстига итоат этгани боис (кофир) куфр ҳалокатига улоқтирилгани учун пушаймон бўлиб: «Кошки эди, дунё ҳаётида пайғамбар билан бирга азобдан қутқарадиган йўлдан юрсайдим», дейди». 

Аллоҳ таоло «Батаҳқиқ, менга Зикр келганидан сўнг, у мени адаштирди». (Фурқон сураси, 29-оят) қавли билан дунё ҳаётида дўстига итоат этиб, Роббига қилган осийлигига чеккан пушаймонлигидан «У мени Аллоҳнинг даргоҳидан келган зикр – Қуръондан тўсди!» дея дарак бермоқда [Табарий тафсири]. Суютий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирида ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан санади саҳиҳ бўлган осорни зикр қилди. Унга кўра, оятнинг нозил бўлиш сабаби шундай эди: Уқба ибн Абу Муъайт мусулмон бўлди. Бироқ кўп манбаларда шомлик экани айтилган ҳамда Уқбанинг олдига келиб, ундан аччиқланган кофир дўстининг рағбатига қараб, Ислом динидан чиқди. Лекин «Усул» фанида «Ибрат – сабабнинг хослигида эмас, лафзнинг умумийлигидадир», деган қоида бор. Шунинг учун ҳам Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ: «Нозил бўлиш сабаби Уқба ибн Абу Муъайт ёки бошқа бахтиқаролар бўлишидан қатъий назар, ушбу оят(нинг ҳукми) барча золим учун умумийдир», деганлар (Ибн Касир тафсири, 6/116)]. 

Аллоҳ таоло:

« Ўша Кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир », деди (Зухруф сураси, 67-оят).

Аллоҳга итоатсизлик асосида бир-бири билан дўстлашган ва биродарлашган кимсалар қиёмат кунида ўзаро душман бўлишади. Бу душманлик ва адоватнинг сабаби эса бирларининг бошқаларига ботил ишларда ёрдамчи бўлишлари, (тўғри йўлдан) озиш ва залолатга чорлашларидир. Тақволи дўстларнинг қиёмат кунидаги ўзаро муҳаббатлари дунёдагидан кўра қувватли ва комил бўлади. Чунки улар дунё ҳаётида бир-бирларига ёрдамчи, (Аллоҳга) итоат қилишга рағбатлантирувчи ва ёмонликлардан огоҳлантирувчи бўлишган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Яхши ва ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушку анбар ташиган (аттор) ва босқончининг мисолига ўхшайди. Мушку анбарни ташиган одам ё ундан сизга беради ёки сиз ундан сотиб оласиз ёхуд ундан хушбўй ҳидни оласиз (ҳис этасиз). Босқончи эса ё кийимингизни ёқади ёки ундан бадбўй ҳидни оласиз (ҳис этасиз)» (Имом Бухорий, Имом Муслим.).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатдошнинг яхшилик ва ёмонлик нисбатига қараб, салбий ёки ижобий таъсирлари борлигини айтиб ўтдилар ҳамда яхши суҳбатдошга мушку анбарни кўтариб юрган одамни ташбеҳ қилдилар. Чунки бу одам билан бирга ўтирсангиз, ундан сизга учта хислат кўчиб ўтади: ё у сизга мушкдан беради ёки ундан мушкни сотиб оласиз ёхуд ўзингиз, танангиз ва кийимларингизга унинг ширин ҳиди уради. Бинобарин, яхши суҳбатдошдан фойдаланасиз. Солиҳ ва саховатпеша одамлар билан бирга ўтириш манфаатлари ҳақида бир оздан кейин гапириб ўтамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон суҳбатдошни босқончига ўхшатдилар. Босқон – олов пуфланадиган ва ғализ теридан қилинган (темирчилик) асбоби(и) бўлиб («Умдатул Қорий»), ё ундан сачраган ёнилғи зарралари кийимингизни куйдиради ёки ҳеч бўлмаганда танангиз ва кийимингизга ундан чиққан қўланса ҳид ўрнашади. Бинобарин, сиз ёмон суҳбатдошлардан салбий таъсирлар оласиз ва бунинг тафсилотлари келгусида баён қилинади.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис ҳақида шундай дедилар: «Ушбу ҳадисда солиҳ ва эзгу ишларни қиладиган одамлар, мурувватли ва намунали ахлоқ эгалари билан бирга ўтиришнинг фазилати, бадкирдор, бидъатчи, ғийбатчи, ишсиз, фосиқ ва бошқа бадхулқ нарсалар билан шуғулланадиган одамлар билан суҳбатдош бўлишни таъқиқлаш баён қилинган» («Шарҳу Саҳиҳи Муслим»).

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Ҳадисда суҳбатдош бўлиш билан дин ва дунёга зарар берадиган одамлар ила бирга ўтиришга таъқиқ, дин ҳамда дунёга фойдаси бўлган одам билан бирга ўтиришга эса тарғиб бордир» («Фатҳул Борий»).

Саъдий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай дейдилар: «Мазкур икки мисол билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шуни баён қилдилар: «Сиз солиҳ суҳбатдошнинг барча ҳолатларида яхшилик ва катта фойдаларни қўлга киритасиз. У қўлидаги мушкини ё совға қилиш ёхуд сотиш билан сизга манфаат келтирадиган атторга ўхшайди. Унинг олдида озгина ўтирсангиз ҳам, келган мушк бўйларидан кўнглингиз фарах туяди. Солиҳ киши билан ҳамсуҳбат бўлиш эса ўткир ҳидли мушкдан кўра фойдалироқ бўлган яхшиликларга эришишга сабабдир. Чунки у сизга ё динингиз ва дунёингизга фойдали бўлган нарсани ўргатади ёки насиҳат қилади ёхуд зарарли ишларингиздан огоҳлантириб, Аллоҳ таолога итоат этиш, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғлар билан борди-келиш қилишга ташвиқ қилади, хатоларингизни айтади, гаплари, ишлари ва ҳолатлари билан олийжаноблик ҳамда гўзал ахлоққа чақиради. Чунки одамзот ўз дўсти ва суҳбатдоши билан таъсирланадиган қилиб яратилган. Табиат ва руҳлар эса сафарбар қилинган аскарлар бўлиб, бир-бирини яхшилик ёки ёмонликка етаклайди. Ҳеч бўлмаганда солиҳ суҳбатдошдан оладиган ҳамда ҳеч камситилмайдиган фойда – у билан бўлган дўстликни ўйлаб, яхшилик қилишда рақобатлашиб, ёмонликлардан узоқ туриб, қабоҳат ва гуноҳларга қўл урмайсиз. У сизни борлигингизда ҳам, йўқлигингизда ҳам унутмайди ҳамда муҳаббати ва дуолари тириклигингизда ҳам, ўлганингиздан кейин ҳам фойда беради. Сизнинг унга боғлиқлигингиз ва унинг сизга бўлган муҳаббати туфайли сизни доимо мудафаа қилади. Чунки сизнинг бошингизга шундай ишлар келиши мумкинки, ўзингиз ўзингизни бевосита ҳимоя қила олмайсиз. Жумладан, у сизга фойдаси тегадиган шахс ва ишларни тавсия қилиши ҳам мумкин...».

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир аёл кичик, совуқ қотган, оч қолган илонни кўриб, унга ёрдам бериш учун уйига олиб келди. Уни парваришлаб таом бера бошлади. Илон аёлга ўрганиб, кунданкун катта давоми...

10838 14:12 / 25.06.2022
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Аззуҳд, номли китобида Абил Жуъддан қуйидаги воқеани келтиради.Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми ичида бир киши бор эди. У давоми...

2092 14:00 / 16.02.2023
Бир бадавлат савдогар ёши бир жойга борганида ортида қолаётган молдавлатидан ташвишга туша бошлабди. Чунки унинг биргина ўғли бўлиб, у ҳам эрка ва тантиқ экан. давоми...

3339 09:00 / 04.01.2022
Яхши кўрган инсонингизни қадрлашингизнинг, унга ғамхўрлик қилишингизнинг энг афзал йўли mdash бу унга охирати учун фойдали бўлган китоб ҳадя қилишингиздир. Сиз давоми...

1569 09:00 / 25.01.2023