1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Тегирмон айлантирди

17:19 / 13 июль 2867 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг райҳоналари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетганидан, мешда сув ташийвериб елкалари шилинганидан, уй супуриб кийимлари чанг бўлганидан турмуш ўртоғи Али розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга асирлар келганини, у зотдан ходим сўраб кўришини айтдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо оталари ҳузурига бордилар. У ерда бир неча киши бор эди. Бошқаларнинг олдида эҳтиёжларини айта олмадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳуга секин нима сабабдан келганларини билдириб, сўнг қайтиб кетдилар.

Одамлар кетганидан сўнг Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотима розияллоҳу анҳо келиб кетганини айтдилар. У зот Фотима розияллоҳу анҳонинг уйларига бордилар. Улар ухламоқчи бўлиб туришган экан. Киришга изн сўрадилар. Сўнгра кириб уларга дедилар:

- Сизларга хизматкордан ҳам яхшироқ нарсани айтайми? Ухлаш учун тўшакка кирсангиз, ўттиз уч марта такбир айтинг, ўттиз уч марта тасбиҳ айтинг, ўттиз уч марта таҳмид айтинг. Ана шу калималарни айтиш сизлар учун хизматкордан яхшироқдир!

 

Бутун дунё аёлларининг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигарпоралари бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетибди. Сув ташийвериб елкалари шилинибди. Уй супуравериб, кийимлари чанг бўлибди. Бу билан Фотима розияллоҳу анҳонинг қадрлари эрлари наздида камайдими, оталари наздида камайдими, Роббилари наздида камайдими?!

Аслида уй ишларида ёрдам берадиган ходимнинг бўлиши айб эмас. Ишхонада битта иш, уйда эса мингта иш. Уй ишлари аёлларимизни эзиб ташлайди. Оиласига моддий кенгчилик ва иқтисодий жаннат яратиб қўйган эркак ҳақиқий мард ва олийжаноб эркакдир. Хотинига ёрдамчи қилиб бериш гуноҳ эмас. Қизининг эҳтиёжи борлигини билиб, унга ходима ҳозирлаган ота ундан ҳам олийжаноброқдир. Аммо бу иш уйдаги вожиботларни эрнинг зиммасидан соқит қилмайди. Эр ҳатто уй ишларида хотинига ёрдамлашиб туриши гўзал муомалот ва суннатдандир.

Аммо бугун шунга мубтало бўлдикки, баъзи овозлар «аёл ҳуррияти» номи остида бекитиш ва яширишга асосланган хонадонларни бузиш ва барбод қилишга уринишяпти. Уйида ўтирган муслимани чўридек эзилган қилиб кўрсатишяпти. «Бу башариятни хорлашдир!», деб жар солишяпти. Хотиннинг оиласини ўз қўли билан овқатлантиришида, эри ва фарзандларининг кийимларини ўзи ювишида, уйларини ўзи тозалашида қанақа хорлик бор!

Агар бу ишларни машаққат дейилса бунга муҳаббат бармоқлари ила имзо қўямиз. Аммо бу ҳаёт. Бунда ҳамманинг ўрни тайин. Ҳар бир ишда қийинчилик бор. Аммо мавзудан чеккага чиқиб буни қуллик дейиш, аёлларни хорлаш дейиш аҳмоқона даъводир. Аёлнинг озодлиги унинг фитрати бўлмиш оналик, завжалик ва уй бекасилигидан мосуво қилиш билан бўлмайди. Аёлнинг озодлиги уларни гап билан ҳам, амал билан ҳам тақдирлаш билан бўлади. Уларга ширин гапларни гапириш билан бўлади. Вақти-вақти билан уларга совғалар бериб, қучиб, пешанасидан ва қўлларидан ўпиб ҳаётда уларнинг ўрни катталигини айтиб мақташ билан бўлади.

Фотима розияллоҳу анҳо чўри эмасдилар. У кишини ҳеч ким хорламаган эди. Аммо уй ишлари чарчатган эди. Али розияллоҳу анҳунинг ходима олиб бермаганларига сабаб пуллари йўқлиги эди. Мақсад Фотима розияллоҳу анҳони қийнаш эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қизларига ходима бермадилар. Зеро, у киши одил эдилар. Агар Фотима розияллоҳу анҳога ходима берсалар, Мадинадаги бошқа аёлларга ҳам ходима беришлари лозим бўлиб қолар эди.

Азиз аёлларимиз! Сизлар ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Чунки сизлар бўлмасангиз уй ҳам бўлмайди, тирикчилик ҳам юрмайди. Ҳар-бир амалда ажрни ҳис қилинг. Уйда қилган ҳар-бир хизматингизда савобни ҳис этинг. Эркак киши хотинининг оғзига соладиган биргина луқмасида садақанинг ажри бўлса, аёл оиласи учун бу луқмани пишириб бериши, уларга чиройли тақдим қилиши, оиласининг кийимларини ювиши нега савоб бўлмасин?!

Азиз эркаклар! Аёлларимизга идишларни ювишда ёрдам беришимиз эркакликка зид эмас. Улар ювган ва дорда қуриган кийимларни йиғиштириб олишимиз мардликка тескари эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оламларнинг саййиди бўлсалар-да, уй ишларида аҳлларига ёрдам берар, қўйларини соғар, кийимларига ямоқ солар, йиртилган ковушларини ўзлари тикар эдилар!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Одамлар қачон меванинг аввалини кўрсалар, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келар эдилар. У зот уни олиб давоми...

4841 15:44 / 24.03.2018
Бизниг ишимиз, мансаб зинапояси, ойлик ndashҳаммаси Аллоҳнинг фазли марҳамати. Булар ҳар хил кўриниш ва шаклда биз етиб келсада, баъзан шу ҳақиқатни ишларимиз давоми...

5101 17:00 / 01.06.2021
Машҳур бўлишга интилиш, доимо диққат марказида бўлишга хоҳиш шаҳватдан ҳисобланади. Инсон бунга ўзи билмаган ҳолда ҳам интилади. Бу йўлда у кибр, риёкорлик ва давоми...

3429 14:00 / 29.06.2022
GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди. Сўровномага жавоб берган давоми...

1758 17:41 / 05.10.2021