1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рўза фазилатлари

16:26 / 22.06.2017 4725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

    Рўза энг улуғ ва фазилатли ибодатдир. Аллоҳ таоло рўзани барча умматларга фарз қилган: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят). Рўза тутишдан асосий мақсад, тақво қилишдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, Биз сиздан олдин китоб берилганларга ҳам, сизга ҳам: «Аллоҳга тақво қилинглар»,  деб тавсия қилдик» (Нисо сураси, 131-оят).

Рўза савоби муайян адад билан белгиланмаган. Унинг савоби чексиздир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло айтади: «Одам боласининг ҳар бир қилган амали ўзи учундир. Магар, рўзаси мен учундир. Рўзасига ажрни Мен ўзим бераман», деди. Рўза қалқондир. Сизлардан бирингиз рўза бўлса, ҳақоратомуз сўз сўзламасин, бақир-чақир қилмасин. Агар бирор киши сўкса ё урушса, «Мен рўзадорман» десин. Муҳаммаднинг нафси Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таолонинг ҳузурида мискнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадор икки хурсандчилик ила хурсанд бўлади. Ифторлик чоғида ифторлик сабабидан хурсанд бўлса, Роббисининг жамолини кўрганда рўзасидан хурсанд бўлади», дедилар». Имом Муслимнинг ривоятларида: «Одам боласининг ҳар бир амали икки баробар қилиб ёзилади. Бир яхшиликка ўнтадан етти юзгача яхшилик бордир. Аллоҳ таоло айтади: «Фақатгина рўза мен учундир. Рўзасига ажрни Мен Ўзим бераман. Чунки банда шаҳвати ва таомини мен сабабли тарк қилади», дейилган.

      Аллома Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Асимин раҳимаҳуллоҳ рўзанинг фазилатларини жамлаган бу улуғ ҳадисдаги фазилатларни бирма-бир келтиради:

«Биринчиси, Аллоҳ таоло бошқа амаллардан кўра рўзани ўзига хослади. Чунки рўза Аллоҳ таоло ҳузурида шарафли ва суюкли амалдир, у орқали Аллоҳ таоло учун бандаларнинг ихлоси зоҳир бўлади. Рўза банда ва Робби ўртасидаги сир бўлиб, бу сир ҳақида Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким хабардор бўлмайди. Албатта, рўзадор инсонлардан холи бир ўринда ҳам Аллоҳ таоло рўза сабабли маҳрум қилган нарсаларни ейишдан сақланган бўлади. Чунки у ёлғиз қолганда ҳам ундан хабардор бўлиб турадиган Роббиси борлигини билади. Роббисининг иқобидан қўрқиб, савобига рағбат қилиб, Аллоҳ таоло учун ўша нарсаларни тарк қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло рўзадор бандаларини шундай ихлослари туфайли мақтади. Бошқа амаллардан кўра рўзани ва унга савоб беришни Ўзига хослади. Зеро, ушбу хослашнинг фойдаси қиёмат куни зоҳир бўлади. Суфён ибн Уяйна шундай дейди: «Қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таоло бандасини ҳисоб қилади. Банданинг қилган зулмларини бошқа амалларидан адо қилади. Ҳатто фақатгина рўзаси қолганда, Аллоҳ таоло қолган зулмларини ўз бўйнига олиб, рўзаси туфайли жаннатга киргизади».

   Иккинчиси, Аллоҳ таоло рўза борасида унинг савобини Ўзим бераман, деди. Солиҳ амалларнинг ажри ададлар ила бир неча баробар кўпайтириб берилади. Битта яхшиликка ўнтадан етти юзгача ажр берилади. Лекин рўза ибодатининг мукофотини Роббимиз ададни эътибор қилмасдан туриб, ўзига нисбат берди. Зеро, У зот ўта икромли ва энг сахий Зотдир. Ҳадя уни берувчининг имкониятига қараб бўлади. Демак, рўзанинг ажри беҳисоб даражада жуда буюк бўлади, иншааллоҳ. Рўза ибодатида сабрнинг барча навлари жамланади. Аллоҳ таолонинг тоатига сабр, У зот қайтарган нарсалардан сабр, очлик, чанқоқ, бадан ва нафс заифлиги каби аламли қисматга сабр қилиш. Бу орқали рўзадор собир бандалардан бўлади. Натижада қуйидаги оятдаги Аллоҳ таолонинг ваъдаси юзага чиқади.

     «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур».  

   Учинчиси, албатта, рўза қалқондир. У рўзадорни беҳуда ишлардан, ўйин-кулгудан  сақловчи пардадир. Шунинг учун Набий алайҳиссалом: «Сизлардан бирингиз рўза бўлса, ҳақоратомуз сўз сўзламасин, бақир-чақир қилмасин», дедилар. Шу билан бирга, рўза бизни дўзах оловидан сақловчидир. Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай дедилар: «Рўза қалқондир. У ила банда дўзахдан қалқонланади».

   Тўртинчиси, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таолонинг ҳузурида мискнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзанинг белгиларидан бўлмиш бу ҳид соҳиби, яъни рўзадор банда Аллоҳ таоло ҳузурида пок ва суюкли бандалардан ҳисобланади. Бу ҳам рўза ибодати Аллоҳ таолонинг ҳузурида шаъни буюклигидан дарак беради. Инсонлар наздида бу ҳид ёқимли бўлмаслиги мумкин, лекин Аллоҳ таолонинг ҳузурида рўза тутиш орқали ҳосил бўлганлиги учун энг пок ва суюклидир.

   Бешинчиси, рўзадор учун икки хурсандчилик бордир.  Биринчиси − ифторлик пайтидаги хурсандчилик. Банда солиҳ амалларнинг афзали бўлган рўза ибодатини қоим қилгани ҳамда ифторликдаги Аллоҳ таоло берган неъматларини кўргани сабабли хурсанд бўлади. Шу билан бирга, рўза туфайли маҳрум бўлиб турган таом, ичимлик, никоҳ каби Аллоҳ таоло мубоҳ қилган неъматлардан баҳра олиб, хурсанд бўлади. Қанчадан-қанча инсонлар борки, рўза тутмайдилар, улар бу неъматлардан ҳам маҳрум бўладилар. Иккинчиси − банда Роббисига йўлиққан пайтда тутган рўзасидан хурсанд бўлади. Банда қиёмат куни Роббисига йўлиққанда, савобга муҳтож бўлиб турганда, «Рўзадорлар қаерда? Келсинлар, улардан ўзга кирмайдиган Райён эшигидан Жаннатга кирсинлар», дейилганда рўзаси сабаб Роббисининг Ўзидан мукофотини мукаммал қилиб олади».

  Рўза қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтади: «Эй Роббим! Бу бандангни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсгандим. Унинг борасида мени шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Эй Роббим! Мен уни кечалари уйқудан тўсгандим. Унинг борасида мени шафоатчи қилгин». Бас, улар шафоатчи қилинадилар», дедилар».

   Жаннатда Райён номли эшик бор. Ундан фақатгина рўзадорлар киради. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Жаннатда қиёмат куни рўзадорлар кирадиган Райён номли эшик бўлиб, улардан ўзга ундан кирмайди. Шунда  «Рўзадорлар қаерда?” деган нидо бўлганда, улар қоим бўладилар. У эшикдан улардан ўзга кирмайди. Вақтики, у ерга кирсалар, эшик ёпилади ва ундан бирон кимса киролмайди».

Агар банда рўзани шариат буюргандек  адо этса, унга кўплаб яхшиликлар берилади.   Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Рўзанинг манфаатлари соғлом ақл ва инсоний фитратга жуда ҳам аҳамиятли бўлгани боис, Аллоҳ таоло уни бандаларга раҳмат, яхшилик, парҳез ҳамда қалқон қилиб жорий этиб қўйгандир».

Эй Аллоҳим! Рўзамизни Сени рози қиладиган кўринишда, ихлос ва муҳаббат ила адо қилмоғимизни насиб айла! Бизни ўзинг севадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилгин.


   Фарҳодбек АСАТУЛЛАЕВ 

таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жуда кекса ёшдаги, мункиллаб қолган чолкампирлар рўза тутишдан ожиз бўлса, рўза тутмайдилар. Агар ўзига тўқ бўлса, фидя беради, бўлмаса Аллоҳга истиғфор айтади. Бу давоми...

4488 18:56 / 21.06.2017
Умра ва эътикофУмрани адо этиш улуғ фазлдир. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам .Умра умрагача бўлган гуноҳларни ўчиради. Ҳажжи давоми...

3634 19:22 / 25.06.2017
Шайх Асъад Муҳаммад Саъийд СоғуржийРўзаБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймМуқаддимаАллоҳим, Сенга Ўзинг яхши кўрганингдек кўп, пок ва муборак ҳамдлар бўлсин. давоми...

7095 16:41 / 26.05.2017
Рамазон ойи ойларнинг энг фазилатлисидир. Рамазоннинг охириги ўн кечаси Зулҳижжа ойининг илк ўн кечасидан кўра фазилатлироқдир. Чунки ушбу кечаларда Қадр кечаси давоми...

4915 18:40 / 10.06.2017