1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Нафл рўзани биродари учун очиб юбориш жоиз

14:25 / 10.06.2017 7050 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафл рўза тутиб олган кишининг биродари уни пешиндан олдин таомга таклиф қилса, биродари ўша таомни у билан бирга ейишдан хурсанд бўлса, рўзадор одам биродари учун оғзини очиб юбориши мумкин. Шунингдек, нафл рўза тутган одамнинг ота-онасини ёки улардан бирини хурсанд қилиш учун пешиндан кейин бўлса ҳам оғзини очиб, улар билан бирга таомланиши мумкин. Аммо кун охирлаб қолган бўлса, рўзасини охирига етказгани афзалдир.

Имом Бухорий Абу Жуҳайфадан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон билан Абу Дардони биродар тутинтириб қўйдилар. Бир куни Салмон Абу Дардоникига келди. Умму Дардонинг жулдур кийим кийиб юрганини кўриб, «Сенга нима бўлди?» деди. У: «Биродаринг Абу Дардонинг дунё билан сира иши йўқ», деди. Абу Дардо келиб, унга таом тайёрлади-да, «Сен еявер, мен рўзадорман», деди. Аммо у: «Сен емагунингча мен ҳам емайман», деди. Шунда у ҳам бирга еди. Кеч киргач, Абу Дардо (таҳажжудга) турмоқчи бўлган эди, (Салмон) «Ухла!» деди. У бироз ухлади. Сўнг яна турмоқчи бўлган эди, у яна «Ухла!» деди. У яна бироз ухлади. Тун охирлаганда Салмон: «Энди тур», деди. Икковлари намоз ўқишди. Шунда Салмон унга: «Сенинг зиммангда Роббингнинг ҳам ҳаққи бор, нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бергин», деди. Кейин (Абу Дардо) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга буни сўзлаб берган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Салмон тўғри айтибди», дедилар».

Бир киши рўзадор бўлса-ю, бир қавмникига меҳмонга борса ҳаму ерда оғзини очмаслиги, рўзасини тугал қилиши жоиз.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг ҳузурига кирдилар. Умму Сулайм у зотга хурмо билан ёғ келтирди. У зот: «Ёғни мешкобига, хурмони идишига қайтаринглар, мен рўзадорман», дедилар. Сўнгра уйнинг бир четига ўтиб, фарздан бошқа намоз ўқидилар ҳамда Умму Сулайм ва унинг оила аъзолари хаққига дуо қилдилар. Шунда Умму Сулайм: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кичик бир хос ҳожатим бор», деди. У зот: «Нима у?» дедилар. У: «Ходимингиз Анас...» деди. Шунда у зот дунёю охиратнинг бирор яхшилигини қўймай, «Аллоҳим! Унинг молу давлатига, авлоду зурриётига барака бергин» деб хаққимга дуо қилдилар.

Мана, ҳозир мен ансорларнинг энг бадавлатлариданман. Қизим Умайнанинг айтишича, Ҳажжож Басрага келганда менинг пушти камаримдан бир юз йигирма нечаси дафн қилинган экан».

Жума кунининг ўзидагина рўза тутишнинг ҳукми

Жума кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир. Фақат ундан олдин ёки ундан кейин бир кунни қўшиб тутиш мумкин.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирортангиз жума куни рўза тутмасин, фақат ундан олдинги ёки кейинги кун(ни қўшиб тутса майли)», деганларини эшитганман».

Имом Бухорий Жувайрия бинт Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бизникига кирдилар. Мен рўзадор эдим. У зот: «Кеча рўза тутганмидинг?» дедилар. «Йўқ», дедим. «Эртага тутмоқчимисан?» дедилар. «Йўқ», дедим. «Унда оғзингни очиб юбор», дедилар».

Арафа ҳамда Ашуро куни рўзасининг ҳукми

Имом Муслим Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Арафа кунининг рўзаси ҳақида сўради. У зот: «Умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ўзидан олдинги ва кейинги йил учун каффорат бўлади. Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар».

Ашуро тўққизинчи кун экани ҳақидаги ривоятлар

Илм аҳли Ашуро куни ҳақида ихтилоф қилишган. Баъзилари уни муҳаррам ойининг тўққизинчи куни, баъзилари эса ўнинчи куни дейишган. Шунингдек, тўққизинчи ва ўнинчи кунлари деганлар ҳам бор.

Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни ўзлари ҳам рўза тутиб, бошқаларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга амр қилганларида одамлар: «Эй Аллоҳниниг Расули, бу кун яҳудий ва насоролар улуғлайдиган кун эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Келаси йил, иншааллоҳ, (ўнинчи кун билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар».

Ҳожилар заифлашиб, дуо ва зикрдан қолиб кетмаслиги учун Арафа куни рўза тутмасилик мустаҳаб саналади. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари буни очиқлаб беради:

Имом Бухорий Умму Фазл бинт Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Бир гуруҳ одамлар Арафа куни менинг олдимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзалари ҳақида тортишиб қолишди. Баъзилари «У зот рўзалар», деди, баъзилари «Рўза эмаслар», деди. Шунда мен у зотга бир қадаҳ сут юбордим. У зот туяда турган жойларида уни ичдилар». 

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога У Зотнинг мукаммал сифатларига муносиб ҳамду давоми...

9926 00:46 / 26.06.2017
1342. Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Макка фатҳи куни Фотима келиб, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап томонларига, Умму Ҳониъ ўнг давоми...

5534 17:19 / 21.06.2017
Рўзадор одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳақоратдан ва сўкишдан сақлаши керак.Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

4360 16:09 / 03.06.2017
Жуда қартайиб қолган киши рўза тутишга ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейинроқ рўза давоми...

4712 20:51 / 11.06.2017