1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Таровеҳ намози ракъатларининг адади

18:18 / 16.06.2017 3789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да шундай деган: «Ушбу ривоятда (Умар ибн Хаттобнинг таровеҳ ҳақидаги амрлари келтирилган ривоятда) Убай ўқиб берган намознинг неча ракъатлиги айтилмаган. Бу борада уламолар турли фикрлар билдиришган. «Муватто»да Муҳаммад ибн Юсуфдан, у Соиб ибн Язиддан қилган ривоятда ўн бир ракъат дейилган. Буни бошқа санад билан Саъид ибн Мансур ривоят қилиб, қуйидагиларни қўшимча қилган: «Улар (саҳобалар) юзликларни* ўқишар эди. Узоқ қиёмда турилганидан ҳассаларга таяниб олишарди».

* Еттита узун сурадан кейинги суралар. Оятлари юзтадан кўп бўлгани учун ҳам шундай аталган.

Муҳаммад ибн Наср Муҳаммад ибн Исҳоқнинг санади орқали Муҳаммад ибн Юсуфдан қилган ривоятда ўн уч ракъат деган.

Абдурраззоқ бошқа санад билан Муҳаммад ибн Юсуфдан қилган ривоятда йигирма бир ракъат деган.

Молик Язид ибн Хусойфанинг санади орқали Соиб ибн Язиддан қилган ривоятида йигирма ракъат деган. Бу витр намозидан ташқаридир.

Язид ибн Рувмондан ривоят қилинади: «Одамлар Умарнинг даврида йигирма уч ракъат ўқишарди».

Муҳаммад ибн Наср Атонинг санади орқали қилган ривоятда: «Уларнинг Рамазонда йигирма ракъат (таровеҳ) ва уч ракъат витр ўқигани кўрганман», деган.

Ҳолатнинг ҳар хиллигини ҳисобга олиб, юқоридаги ривоятларни жамлаш мумкин. Бу ракъатларнинг сони қироатнинг узун-қисқалигига қараб ҳар хил бўлган бўлиши ҳам мумкин. Узун қироат қилинганида ракъатлар камайган, қисқа ўқилганда эса аксинча бўлган. Довудий ва бошқалар шуни таъкидлашган.

Биринчи адад «Саҳиҳи Бухорий»да ривоят қилинган Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисларига мувофиқдир.

Абу Салама ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади:

«У Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намозлари қандай эди?» деб сўраган экан, у шундай дебди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳам, ундан бошқа вақтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар: тўрт ракъат намоз ўқир эдилар. Уларнинг гўзаллигию узунлиги ҳақида асти сўрама. Сўнг яна тўрт ракъат ўқир эдилар. Уларнинг гўзаллигию узунлиги ҳақида асти сўрама. Кейин эса уч ракъат ўқир эдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Витр ўқимай туриб ухлайсизми?» десам, у зот: «Эй Оиша! Кўзларим ухлайди, аммо қалбим ухламайди», деганлар».

Муҳаммад ибн Наср Довуд ибн Қайснинг санади билан ривоят қилган ҳадисда шундай деган: «Абон ибн Усмон ва Умар ибн Абудулазизларнинг амирлигида – яъни Мадинада – одамларнинг ўттиз олти ракъат (таровеҳ) ва уч ракъат витр ўқиганини кўрганман. Молик айтади: «Бу бизни наздимизда қадимдан қилиб келинган иш. Бир юз неча йилдан бери шунга амал қилинмоқда». Алий Заъфароний Шофеъийдан ривоят қилади: «Одамларнинг Мадинада ўттиз тўққиз ракъат, Маккада эса йигирма уч ракъат (таровеҳ) ўқиганини кўрганман».

Ибн Абу Шайба Ибн Аббосдан заиф санад билан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда йигирма ракъат ўқир эдилар». Бу ривоят Оиша розияллоҳу анҳонинг икки саҳиҳ китобда («Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслимда») келган ҳадисига зиддир, чунки у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тундаги ҳолатларини бошқалардан кўра яхшироқ билган».

Сизлар билиб олишингиз учун уламоларнинг таровеҳ ҳақидаги сўзларини, унинг ракъатлари ададини келтирдим. Шу ўринда айтмоқчи бўлган нарсам шуки, ўзларини илмга мансуб деб билган айрим кимсалар одамларни икки саҳиҳ китобда келган ривоятга амал қилишга мажбур қилмоқчи бўлишади. Йигирма ракъат ўқиганларни қоралаб, зиёда қилса ҳам, камайтирса ҳам зиёни йўқ бўлган нафл ибодатда одамларини турли ихтилофга солишади. Ушбу масаладаги фиқҳий ҳукм эса сенга етиб келган саҳиҳ далилга амал қилиб, қолганларнинг ишини таъна қилмасликдир. Бу (таровеҳни йигирма ракъат ўқиш) илмни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача уланган силсиладан – ота-бобосидан олиб келаётган, кенгчилик берилган ушбу ишдан бохабар Мадина аҳлининг амалидир. Санади заиф ҳадисга мен «Шуъабул маҳабба»да зикр қилган шартлар асосида «фазоилул аъмол» учун (фазилатли амаллар учун) амал қилиш мумкин*.

* Заиф ҳадисга фазилатли ишларда, мавъизада, қиссаларда, тарғиботда, ёмонликдан қайтаришда ва шунга ўхшаш нарсаларда амал қилса бўлади.

Жумҳур уламолар: «Агар заиф ҳадис фазилатли амалларга хос бўлса, унга амал қилиш мустаҳабдир», дейдилар. Лекин унга амал қилишнинг учта шарти бор. Ҳофиз ибн Ҳажар мазкур учта шартни қуйидагича ифода қилади:

а) санаддаги заифлик жуда ҳам кучли бўлмаслиги керак;

б) ўша ҳадиснинг маъноси шариатда амал қилиниб турган бир аслга мувофиқ бўлиши керак;

в) санади заиф ҳадисга амал қилиш билан бирга, уни собит деб эътиқод қилмаслик керак, балки «эҳтиёт шарт» деган тушунчада бўлиш лозим. («Мусталаҳул ҳадис», шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ).

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Термизий ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар.Рамазоннинг илк кечаси давоми...

3680 12:39 / 12.06.2017
Отаонага яхшилик қилишЙўқликдан инсонни яратган ва унга кўп неъматларни берган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин Набий ва Расулларнинг шарафлиси бўлган Маҳаммад давоми...

3922 17:20 / 06.06.2017
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат давоми...

7028 17:25 / 17.06.2017
Рўза аҳкомлари ва рўзадорлар учун умумий огоҳлантиришКўз эгаларига ибрат бўлиши учун тунни кунга алиштириб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Кенгчилик неъмати учун давоми...

4255 13:59 / 02.06.2017