1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Таровеҳ намози

17:44 / 15.06.2017 4473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилидаги «таровеҳ» сўзи луғатда «дам олиш; роҳатланиш» маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракъатли намознинг ҳар тўрт ракъатини ўқигач, бир оз дам олингани учун шундай ном берилган. Унинг вақти Рамазон ойида хуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунича давом этади.

Таровеҳ намози таъкидланган суннатлардандир. Жамоат бўлиб ўқиш эса маҳалла кишилари учун кифоя суннат ҳисобланади. Яъни айримлар жамоат бўлиб таровеҳни ўқишса, қолганлардан жамоат бўлиб ўқиш суннати соқит бўлади. Аммо бир маҳаллада ҳеч ким жамоат бўлмаса, шу маҳалладаги ҳамма одам суннатни тарк қилган ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. У зот: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар. Иш шундайлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб кетдилар. Сўнгра Абу Бакрнинг халифалигида ва Умарнинг халифалиги бошида ҳам иш шундай эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Рамазон ойи кечалари ибодат қилиш жуда ҳам фазилатли иш. Гуноҳларнинг мағфират бўлиши ҳам шу иш туфайли бўлади. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга тарғиб қилиш билан бирга, маълум бир ибодатга қатъиян амр қилмаганлар, балки умумий тарғиб қилиш билан кифояланганлар. Худди шу ҳолат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам давом этган. Кишиларга Рамазон кечаларида маълум ибодатни тайин қилмаслик Умар розияллоҳу анҳунинг дастлабки халифалик йилларида ҳам давом этган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқиб масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у зотга иқтидо қилишди. Тонг отгандан сўнг одамлар бу ҳақда гапиришди. Кейин бундан ҳам кўп тўпланишди ва у зот билан намоз ўқишди. Одамлар бу ҳақда ҳам гапиришди. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб намоз ўқидилар. Улар у зотга иқтидо қилишди. Тўртинчи кеча масжид одамларни сиғдиришга ожизлик қилиб қолди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва: «Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ислом ҳукмлари жорий бўлиб турар, аммо ҳали ҳаммаси жорий бўлиб тугамаган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан тунда жамоат бўлиб намоз ўқишни давом эттираверсалар, ушбу намоз сизларга фарз бўлди, деб амри илоҳий тушиб қолишидан, кейин эса одамлар Рамазон кечалари бу намозни ўқий олмай, гуноҳкор бўлишларидан қўрққанлар.

Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тар­қоқ ҳолда: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди. Умар: «Бу қандай яхши бидъат (янгилик). Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Халифа Умар розияллоҳу анҳу Рамазони шариф кечаларида мусулмонларнинг тарқоқ ҳолда ибодат қилаётганини кўриб, ана шундай қарорга келган.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида саҳобаларга ўзлари бош бўлиб, кечаларни бедор ўтказар эдилар. Лекин Рамазон кечасидаги ибодат бутун умматга фарз бўлиб қолиб, оғир келмасин дебгина кечаси жамоат билан намоз ўқишни доимий ташкил қилмаган эдилар.

Қолаверса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шариат ҳукмлари давомли равишда тўлдириб борилар эди. Бугун бир ҳукм жорий қилинса, эртага бошқаси ва ҳоказо. Ҳукмларнинг жорий бўлишига баъзи одамларнинг саволлари, гоҳида қилган ишлари, гоҳида яна бошқа нарсалар сабаб бўлар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ўзича тўпланиб, кечаси жамоат бўлиб намоз ўқишлари туфайли шу намоз фарз бўлиб қолишидан истиҳола қилган эдилар. Агар Рамазон кечаларида ана шундай намоз фарз бўлиб қолса, баъзи кишиларга оғир келиб, қийналиб қолишлари мумкин эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирдан-бир мулоҳазалари шу эди. Бўлмаса, бошқа ҳеч бир нарса у зотни Рамазон кечаларида мусулмонлар билан жамоат бўлиб, нафл намоз ўқишдан тўсмас эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимо бу намозни ўқир, саҳобаларни ҳам унга тарғиб қилар эдилар.

Энди бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога риҳлат қилдилар. Шариат аҳкомлари мукаммал бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Аллоҳ таоло ҳеч кимга ваҳий нозил қилмайди. Бирор ибодатнинг фарз ёки вожиб бўлиши мумкин эмас. Жумладан, энди мусулмонлар кечаси жамоат бўлиб, нафл намоз ўқисалар ҳам фарз ёки вожиб бўлиб қолиши асло мумкин эмас. Уларнинг ҳозиргига ўхшаб тарқоқ юрганларидан, Рамазон кечаларини турлича ўтказишларидан кўра жамоат бўлиб намоз ўқишлари яхши эмасми?

Ровий Абдурраҳмон ибн Абд розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам бундан хурсанд бўлганлар ва: «Бу қандай яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деганлар. Шу ерда бидъатнинг икки хил, яъни яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлиги, буни Умардек улуғ зот таъкидлаганларини алоҳида эслаб ўтишимиз лозим.

Ушбу ҳадислардан маълум бўладики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ва уни жамоат бўлиб ўқишни саҳобаларга суннат қилиб қолдирдилар. Лекин улар билан йигирма ракъат ўқимадилар. Ваҳоланки, Умар даврларидан ҳозирга қадар таровеҳ йигирма ракъат ўқиб келинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар гал масжидга чиқиб таровеҳни ўқиганларида, масжидда одам кўпаяверди. Учинчи бор чиққанларида масжидга одам сиғмай қолди. Шундан сўнг умматга таровеҳнинг фарз бўлиб қолишидан қўрқиб чиқмадилар. Бошқа бир ривоятларда шу хусусда ҳадислар келган.

Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларни Рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракъат қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Умардан кейинги Усмон ва Алийдек хулафои рошидинлар ҳам бу амални тўхтатишмади. Ваҳоланки, бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг қаршисида ҳаргиз сабр қилиб, томошабин бўлиб туришмаган, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: «Менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий (яъни ҳидоят, тўғри йўлдан юрувчи) халифаларимнинг суннатини лозим тутинглар, уни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракъатдир. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунча давом этади. Таровеҳ намозини витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир. Таровеҳ икки ракъатдан ўқилади, ҳар тўрт ракъат ўқилгач, истироҳат учун бир оз ўтирилади. Саҳобаи киромлар ҳам худди шундай қилишарди. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди.

Бизнинг диёрларда ушбу ўринда қуйидаги каби тасбеҳлар ўқиш одат бўлган:

«Субҳаана зил мулки вал малакуут, субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрийааи вал жабаруут. Субҳаанал маликил ҳаййиллазий лаа ямуут. Суббууҳун қуддуусур Роббунаа ва Роббул малааикати вар-рууҳ, Лаа илааҳа иллалоҳу настағфируллоҳ, нас-алукал жанната ва наъуузу бика минан наар».

Маъноси: «Мулк ва малакут Эгасини поклаб ёд этаман! Иззат, буюклик, қудрат, улуғворлик ва ҳукмронлик Эгасини поклаб ёд этаман! Ҳаргиз ўлмайдиган Ҳаййни, Маликни поклаб ёд этаман! У Зот Суббуҳдир, Қуддусдир, бизнинг Роббимиздир, фаришталарнинг ва Руҳнинг Роббидир. Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан мағфират сўраймиз. Сендан жаннат сўраймиз ва дўзахдан Ўзингдан паноҳ тилаймиз».

Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир бора хатм қилиш ҳам Рамазон ойининг суннат амалларидандир. Имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатни бир оз тезлатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин. Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишдан қавм малолланса, имом уларнинг малолланишини эътиборга олмайди, балки суннатни адо қилади. Таровеҳда Фотиҳадан кейинги зам сурани битта узун оятдан ёки учта қисқа оятдан кам ўқиб қўйиш таҳримий макруҳ ҳисобланади, чунки бунда вожибни тарк қилиш бор.

Таровеҳнинг ҳар икки ракъати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади, такбири таҳримадан сўнг эса сано ва «Аъузу...», «Бисмиллаҳ...»лар ўқилади. Қаъдада ташаҳҳудга қўшимча салавот, дуоларни ҳам қўшилади ва ҳоказо.

Таровеҳ намозларини қиёмга қодир бўлатуриб ўтириб ўқиш ҳам дурустдир. Аммо қиёмда туриб ўқиса, ўтириб ўқигандан кўра афзалроқ бўлади. Имомга эргашувчи ўтирган ҳолида ҳам иқтидо қилса дуруст, аммо қиёмга қодир бўлатуриб, то имом рукуъга боргунча қиёмни кечиктириш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ибодатга дангасалик қилгани зоҳир бўлади.

Таровеҳ намозини масжидда адо қилган маъқул. Зеро, шариатга кўра, жамоат бўлиб адо қилинадиган ибодатларнинг афзалроғи масжидда бўлганидир.

Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди, чунки қазо фарз ва вожиб амалларгагина хосланган. Мабодо бирор киши таровеҳнинг қазосини ўқиса ҳам, у мутлақ нафл намозлар жумласига кириб кетади, барибир таровеҳнинг ўрнига ўтмайди.

Таровеҳ намози рўзанинг суннати эмас, балки Рамазон ойидаги суннат амаллардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 (мўминниг қалқони китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтганидек, рўза уммати Муҳаммадияга аввал ўтган умматлардан ўрнак ўлароқ фарз қилинган. Оятдаги .сиздан аввалгиларга фарз давоми...

4494 16:55 / 27.05.2017
Рамазоннинг қазосини Рамазондан кейиноқ тутиб бериш вожиб эмас. Бунинг учун бир йил, яъни кейинги Рамазонгача муҳлат берилади. Қазо рўзани кетмакет эмас, давоми...

5122 23:36 / 07.06.2017
Дуонинг шарт ва одоблари қуйидагилардир холис ният қалб уйғоқлиги Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавоту салом билан бошлаш дуодан давоми...

6723 10:49 / 04.06.2017
Қўл билан истимно қилишнинг ҳукмиБир одам хаёлини чалғитувчи, ўта кучли шаҳватини сўндириш учун қўли билан истимно қилган бўлса, ўша одамнинг аёли йўқ бўйдоқ давоми...

16346 14:41 / 13.06.2017