1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Дуонинг шарт ва одоблари

10:49 / 04.06.2017 6725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуонинг шарт ва одоблари қуйидагилардир:

- холис ният;

- қалб уйғоқлиги;

- Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавоту салом билан бошлаш;

- дуодан аввал намоз;

- садақа ёки рўза тутиш каби солиҳ амални қилиш;

- гуноҳлардан узоқлашиш;

- ҳаром луқма емаслик;

- яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «(Ё) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар, ё Аллоҳ сизларга балосини юборади-да, дуолар қилсангиз ҳам, мустажоб бўлмайди» (Имом Термизий).

Дуо асносида овозни баланд кўтармаслик мустаҳабдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг» (Аъроф сураси, 55-оят).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Салафлар дуо қилишга берилишар, бироқ овозлари эшитилмас эди. Улар ўзлари билан Роббилари ўртасида пичирлар эдилар, холос».

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Бирон бир водийга кўтарилсак, таҳлил ва такбир айтардик, овозларимиз ҳам баландлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой одамлар, ўзингизни босинг! Сизлар кар ёки ғойиб бўлган Зотга дуо қилмаяпсизлар. У сизлар билан биргадир. У – эшитувчи, яқин, исми улуғ ва шаъни буюк бўлган Зотдир», дедилар»(«Фатҳул-Борий»).

Банда Аллоҳга чин юракдан ёлвориб, музтар одамдек илтижо қилса, унинг дуолари ижобатга яқин бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган Зот яхшими?!» (Намл сураси, 62-оят). 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят этилган дуоларни қилиш мустаҳабдир. Чунки имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавомиъул калим – пурмаъно сўзлар билан дуо қилишни яхши кўрар, ундай бўлмаганини ташлар эдилар»(Имом Абу Довуд).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига фасоҳат ва балоғат соҳиби бўлсалар-да, кенг қамровли ва махсус дуоларни ўргатар эдилар. Чунки у зот алайҳиссаломга пурмаъно сўзлар ато этилган эди. Шунинг учун ҳам саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳисссаломнинг дуоларини ёд олишга тиришар эдилар.

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп дуо қилдилар ва биз унинг ҳаммасини ёдлай олмадик. Биз: «Ё Расулуллоҳ, сиз кўп дуо қилдингиз ва биз уни ёдлай олмадик», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга буларнинг барчасини ўз ичига олган дуони ўргатайми? «Аллоҳим, биз Сендан пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган яхши нарсаларни сўраймиз ва Сендан пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ёмон нарсалардан паноҳ сўраймиз. Сенгина ёрдам сўраладиган Зотсан. Кўзланган мақсадга Сенинг ёрдаминг ила етилади, куч ва қудрат Аллоҳдандир», деб айтинглар», дедилар»(Имом Термизий).

Дуо қилаётганда бир матлаб остига кирган тафсилотларни кўпайтириш макруҳдир. Масалан, Аллоҳ таолодан жаннатни сўрар экан, унинг неъматларини бирма-бир санаб ўтиш ёки жаҳаннамдан паноҳ тилар экан, азоб турларини санаш ва уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида паноҳ сўраш керак эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни «тажовуз» (меъёрдан ошиш) деб таърифлаб: «Дуода тажовуз қиладиган қавмлар чиқади», дедилар(Имом Абу Довуд, Ибн Можа).

Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Дуода қофиядош сўзларни танлаш ёки сўз санъатига берилиш макруҳдир. Амри маҳол нарсалар тиланмайди. Умид қилинмайдиган нарсаларга оғиз очилмайди. Масалан, дунёда мангу қолиш сўралмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таологина мангуликни Ўзи учун танлаб, фонийликни бандаларига тақдир қилган. Гуноҳ амаллар, қариндошлик ришталарини узиш ва шу каби таъқиқланган нарсаларни сўраб ҳам дуо қилинмайди»( Хаттобий, «Шаънуд-дуот»).

Ўз жони, фарзандлари ва молу дунёси зарарига, силаи раҳмни узиш, гуноҳ учун дуо қилиш ҳамда дуони тез қабул қилишни сўрашдан қайтарган ҳадислар ворид бўлган: «Фарзандларингиз ва молларингизни баддуо қилманглар, Аллоҳдан сўраладиган – дуо ижобат бўладиган бир соатга мувофиқ бўлиб қолманглар, натижада Аллоҳ дуоингизни қабул қилиб қўяди»( Имом Муслим).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, гуноҳ бўладиган ишлар ёки қариндошлик ришталарини узиш билан дуо қилмас ва дуонинг тез ижобат бўлишини сўрамас экан, банданинг дуолари қабул бўлаверади», дедилар. Саҳобалар: «Тез қабул бўлишини сўраш нима дегани?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг «Дуо қилдим, дуо қилдим, дуоларим қабул бўлмади», деб умидсизланиб, дуо қилишдан тўхташидир», дея жавоб бердилар(Имом Муслим).

Дуонинг белгиланган замони ва макони йўқ бўлса-да, вақт ҳамда ҳудудларнинг баракалари бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Байтул-Ҳаром, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ва шу масжид ичидаги Набий алайҳиссаломнинг минбарлари билан уйлари ўртасидаги равза энг баракали жойлардан, саҳар пайти, азон билан иқомат ўртаси ва фарз намозлари ўқилганидан кейинги вақтлар дуо учун энг муносиб лаҳзалардан ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Дуоларнинг қайси бири қабул бўлади?» деб сўралганида «Кечанинг охирги қисми ва фарз намозлари сўнггида қилингани», деб жавоб бердилар (Имом Термизий).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Роббимиз таборака ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири (кечанинг учинчи қисми) қолганида дунё осмонига тушиб: «Ким Менга дуо қилади, дуосини ижобат қиламан, ким Мендан сўрайди, тилагини бераман, ким Мендан мағфират тилайди, уни мағфират қиламан», дейди»

( Имом Муслим).

Дуо қабул бўлиши умид қилинган вақтлар:

- кечанинг охирги учдан бири;

- азон пайти;

- азон билан такбир ўртаси;

- фарз намозлардан сўнг;

- имомнинг жума куни минбарга чиқиш пайтидан то жума намозининг фарзи ўқилгунича;

- жума куни аср пайтидан кейинги охирги лаҳзалар

(Ибн Қоййим, «Ал-жавобул-Кафий»).

Дуонинг мақбул бўлиши умид қилинган вақтлардан бири – сажда ҳолатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Банданинг Роббига энг яқин бўлган пайти – саждадаги онидир. Бас, (у вақтда) кўп дуо қилингиз!»(Имом Муслим)

Арафот куни, вақт ва фарзнинг шарафи бирлашган бир пайт ҳамда рамазон ойи дуолар ижобат бўлиши умид қилинган вақтлардандир.

Мусулмон дуо учун энг афзал онларни, хусусан, саҳарларни танласин. Аллоҳ таолога бор ҳиммати билан юзлансин. Роббига муножот қилар экан, дунёвий алоқаларидан айрилсин. Дуони ёлвориб, синиқлик, хокисорлик ва камтарлик билан қилсин. Таҳорат олиб, қиблага қараб, Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтсин. Сўнгра маъсур – Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ва пурмаъно сўзлар билан дуо қилсин. Маъсур бўлмаган сўзлар билан ҳам дуо қилса бўлаверади. Агар юқоридаги шартларга асосан бўлса, бу мумкин. Аллоҳ таоло: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман» (Ғофир сураси, 60-оят), деб айтган ваъдасига вафо қилади. Чунки У вафодорларнинг вафодоридир.

Агар дуо ижобат бўлмаса, мусулмон ниятни тузатиш, қалб самимийлиги ва ҳаром нарсаларни емаслик каби ижобат шартларида қўйган камчиликларига қарасин. Чунки ҳаром луқма ейиш, ҳадиси шарифда келганидек, дуонинг ижобат бўлишига катта монеъликлардан биридир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, Аллоҳ тоййиб – покдир, фақат пок нарсанигина қабул қилади. У Зот мўминларни пайғамбарларни буюрган нарсага буюрди. Аллоҳ таоло Муъминун сурасининг 51-оятида шундай деди: «Эй расуллар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар». (Сўнг) Бақара сурасининг 172-оятидаги «Эй иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар…» жумласини ўқиб, ундан кейин бир кишини зикр қилдилар: «Бу киши узоқ сафар қилган, соч-соқоли тўзиган, уст-боши чангга беланган, қўлини осмонга чўзиб: «Эй Роббим, эй Роббим», деб дуо қилади, ҳолбуки, емоғи – ҳаром, ичмоғи – ҳаром, кийим-боши – ҳаром, ҳаром билан боқилган, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!»( Имом Муслим)

Ривоят қилишларича, бир киши султон Маликшоҳ ҳузурида Низомулмулкни танқид қилиб: «У ҳар йили юз минглаб динорни илм излаган толибларга ва уламоларга сарф этмоқда. Ҳолбуки, бу маблағ билан Константинополь сурларига байроқ тика оладиган лашкарни таъминлаш мумкин эди!» деди. Маликшоҳ Низомулмулкни чорлаб, дашном берди ва мадрасаларни нега қураётганини сўради. Низомулмулк унга шундай жавоб берди: «Мен сиз учун «Тун лашкари» деб номланган лашкарни туздим. Сизнинг аскарларингиз кечалари ором олганида «Тун лашкари» Парвардигор ҳузурида сафга туриб, кўз ёшларини тўкади. Улар забонларини ишга соладилар. Аллоҳга сиз ва аскарларингиз учун қўлларини очадилар. Сиз ҳамда аскарларингиз уларнинг ҳимоялари билан яшайсиз, дуолари билан тунайсиз, баракалари билан устингиздан ёмғир ва ризқлар ёғади»( «Ал-Ироқ фит-тарих», 506–507).

Аллоҳ таоло «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят) оятида «Менга дуо қилинг», дейиш билан мўминларни Ўз тавҳиди, улуҳият ва ибодат билан ёлғизлашга чорламоқда.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга «Сизга дуо ибодатнинг ярми эканининг хабари етдими?» деб савол берилганида «Ундай эмас, (дуо) ибодатнинг барисидир!» деб жавоб бердилар(Табарий тафсири, 25/79).

Суфён раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Гуноҳларни қилмаслик ҳам дуодир» (аввалги манба).

Роббимиз Ўзига ибодат ва дуо қилишдан бош тортган кимсаларнинг жаҳаннамга хорланиб ва хўрланиб киришларининг ваъдасини берди. Аллоҳ таоло мазкур оятда муваҳҳидларнинггина дуоларини мустажоб қилишини шарт қилди. Шубҳасиз, ижобат – ўз шартлари ва муносиб дуолар билангина бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Мен ижобатнинг эмас, дуо қилишнинг ғамини чекаман. Агар дуо қилишга илҳом берилса, ижобат ҳам у билан бирга келади», деган эдилар(Ибн Қоййим, «Ал-Фаваид»).

Аллоҳ таоло одамларнинг дуолар билан ибодат қилишлари ва Ўзидан сўрашларини суяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади» ҳадиси ривоят қилинган

(Имом Термизий).

Дуо – яхшиликлар нозил бўлиши ва балоларнинг даф этилишидаги катта сабаблардан биридир. Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда: «Тақдирни дуогина қайтара олади. Умрни эзгу ишгина узайтиради. Банда қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади», дейилган(Имом Аҳмад).

Ушбу ҳадис ҳодисалар, умр ва ризқларнинг пешонага ёзиб қўйилгани ҳақидаги ҳадисларга зид эмасдир. Чунки у нарсаларнинг барчаси ўз сабаблари билан тақдир қилинган. Дуо эса энг катта сабаблардан биридир. «Банда сабабни қилар экан, тақдир амалга ошади. Сабабларни қилмас экан, тақдир ҳам амалга ошмайди. Худди тўйиш ва қониш таом ҳамда сув билан бўлганидек, жаннат-у жаҳаннамга кириш ҳам амаллар билан бўлади»( Ибн Қоййим, «Ал-жавобул-Кофий»)

Шунинг учун ҳам вабо йўқолгунича Шом тоғларига чиқиб туриш учун қайтаётганларида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир саҳобанинг «Аллоҳнинг тақдиридан қочяпсизми?!» деб берган саволига «Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочмоқдамиз!» деб жавоб берган эдилар(Имом Термизий). Бу сўзлар сабабларни ушлаш, тақдирни тақдир билан даф қилишнинг зарурати ва дуо – сабабларнинг энг афзали эканини баён қилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари розияллоҳу анҳумларнинг ишлари дуонинг таъсири ҳамда аҳамиятини очиқ кўрсатиб, «Дуонинг пешонага ёзиб қўйилган нарсага таъсири йўқ», деб айтилган сўзга раддия бермоқда.

Дуонинг ижобатини тақозо этган сабаблардан баъзилари ушбу ҳадисда ўз аксини топган: «Учта дуо ижобатдир ва бунда ҳеч шубҳа йўқдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандига дуоси»( Имом Термизий).

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Сафар узоқ давом этгани сайин банда дуонинг ижобатига яқинроқ бўлади. Чунки унда туғилиб ўсган юртдан узоқдаги ғурбат ва сафардаги қийинчиликлар сабабли синиқлик пайдо бўлади. Қалбдаги бу синиқлик – дуонинг ижобат бўлиш сабабларидан биридир»( Ибн Ражаб, «Жомеъул-улуми вал-ҳиками»).

Эскирган кийимларни кийиш, чанг теккан ва тўзғиган сочлар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ифодаланганидек, дуо ижобатининг омилларидандир: «Сочлари тўзғиган, чанг теккан ва жулдур кийим кийган қанча одам борки, унга эътибор берилмайди. Бироқ у Аллоҳ номига қасам ичса, Аллоҳ унинг қасамини оқлайди!»( Имом Термизий)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир сўраш намози учун жулдур кийимда, тавозе ва ёлвориш билан чиққан эдилар(Ибн Ражаб, «Жомеъул-улуми вал-ҳиками»).

Мутарриф ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳнинг жияни қўлга тушиб қолди. Шунда Мутарриф раҳимаҳуллоҳ эгнига жулдур кийимларни кийиб, қўлига асо олди. Буни кўрганлар: «Нега бундай қилдингиз?» деб савол берганларида «Роббим учун хокисорлик қилмоқдаман. Шояд, У мени жияним учун ҳомий – шафоатчи қилса», деб жавоб берди (аввалги манба).

Дуо ижобат бўлишининг сабабларидан бири – қўлни осмонга кўтаришдир. Салмон розияллоҳу анҳу айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ ҳаёли ва саховатли Зот бўлиб, банда қўлларини осмонга (илтижо қилиб) кўтарса, унинг қўлларини ноумид ва бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Дуонинг ижобат сабабларидан яна бири – Аллоҳнинг рубубиятини такрор-такрор тилга олиб ёлворишдир. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Агар банда «Ё Роббим!» деб тўрт марта айтса (такрорласа), Аллоҳ: «Лаббай, бандам, сўра, тилагинг берилади!» дейди»( Баззор раҳимаҳуллоҳ, «Жомеъул-улум»).

Дуонинг ижобат бўлишига сабаб бўладиган нарсалардан бири – тоат-ибодатларни қилишдир. Бу ғорга кирганларида ғор оғзини ҳарсанг тош беркитиб қамалиб қолган, Аллоҳ учун холис қилган амалларини восита қилганларида эса тош сурилиб, ғор оғзи очилган уч кишининг ҳикояси келтирилган ҳадисда баён қилинган. Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ: «Солиҳ амал – дуони (Аллоҳга) етказади», дедилар-да: «Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни» (Фотир сураси, 10-оят) оятини ўқидилар(Ибн Ражаб, «Жомеъул-улуми вал-ҳиками»).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ Ўзи ҳаром қилган нарсалардан сақланилса, дуо ва тасбеҳларни қабул қилади»( Ибн Ражаб, «Жомеъул-улуми вал-ҳиками»).

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ дейдилар: «Озгина тақвонинг бўлиши дуонинг ижобат бўлишига кифоядир» (аввалги манба).

Ривоят қилинишича, саҳобаларнинг «Ё Расулуллоҳ, Роббимиз яқинми – Унга пичирлаб гапирсак ёки узоқми – товушимизни кўтариб сўзласак?!» деб берган саволлари Аллоҳ таолонинг «Қачон бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман»( Бақара, 186) оятининг нозил бўлишига сабаб бўлган (Табарий). Аллоҳ яқин бўлгани учун ҳам бандалар товушларини кўтаришга эҳтиёжни ҳис этмайдилар. Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломни «У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла» (Марям сураси, 3-оят), дея мақтади. Бу Закариё алайҳиссаломнинг Ўз Роббисининг яқин эканини ва Унинг махфий дуоларни эшитишини билиши туфайли эди. Дуони ичда қилиш одобдан экан, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: «Ошкора ва махфий дуо ўртасида етмиш даража бор», деганлар(Ибн Қоййим, «Ат-тафсирул-Қоййим»). Аллоҳ таоло айтади: «Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 55-оят).

Тазарру, хушуъ, синиқлик ва хокисорликнинг дуо ижобат бўлиш сабабларидан бири эканида ҳеч шубҳа йўқдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло ёқтирмайдиган тажовуз – «баланд товуш билан дуо қилиш» деб ҳам тафсир қилинди. Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Товушни кўтариш, бақириб, қичқириш – дуо қилишдаги тажовуздан ҳисобланади».

Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ давом этиб дейдилар: «Дуони тазарру, хокисорлик ва қўрқиб қилмаган одам – тажовузкордир».

Аллоҳ таолога Ўзи жорий қилмаган ибодат билан сиғинишингиз, Ўзи айтмаган ва изн бермаган сўзлар билан ҳамду санолар айтишингиз ҳам тажовуздир. Чунки бу – ҳамду сано ва дуодаги тажовуздир. Бу тажовуз – сўраш ва талаб қилишдаги тажовузнинг ўзгинасидир(Ибн Қоййим, «Ат-тафсирул-Қоййим»).

Шубҳасиз, қалблар ҳаёти – Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш ва Унга яқин бўлиш биландир.

Серобчилик пайтида Аллоҳ таолони таниш – оғир ва машаққатли ҳолатларда қилинган дуолар ижобатининг катта омилларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сиз Аллоҳни серобчилик пайтида унутманг, У сизни қийинчилик пайтида унутмайди»( Имом Аҳмад).

Аллоҳ учун қилинадиган ибодат, дуо ва зикрлардан бандани Аллоҳ ато этган неъматлар тўсади. Банданинг дунё неъматларига бўлган эътибори, молу дунё тўплашга харислиги, фарзандларни кўпайтиришга иштиёқи кучайгани, ўз жонига жабр қилишдан қўрқиб, ўзини сарҳисоб қилишга муҳтож бўлгани сайин тоат-ибодатдан осийликка, зикрдан эса ғафлатга ўтиб кета бошлайди. Солиҳ бандалардан бири бўлган Иброҳим Адҳам раҳимаҳуллоҳга «Дуо қилсак, нега дуоларимиз мустажоб бўлмайди? Ахир Аллоҳ таоло: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман» (Ғофир сураси, 60-оят), демоқда-ку!» деб савол берилганида «Чунки сизларнинг қалбларингиз ўлгандир!» деб жавоб бердилар.

– Қалбимизни нималар ўлдирди?

– Уни саккиз хислат ўлдирган:

1) Аллоҳнинг ҳаққини танидингиз, бироқ ҳаққини бермадингиз;

2) Қуръонни ўқидингиз, бироқ унинг ҳукмларига амал қилмадингиз;

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз, дедингиз, бироқ у зотнинг суннатларига риоя қилмадингиз;

4) Ўлимдан қўрқамиз, дедингиз, бироқ унга тайёргарлик қилмадингиз;

5) Аллоҳ таоло: «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг», деди (Фотир сураси, 6-оят), сиз бўлсангиз, у билан гуноҳларда бирга бўлдингиз;

6) Жаҳаннамдан қўрқамиз, дедингиз, бироқ баданларингизни унга ҳозирладингиз;

7) Биз жаннатни севамиз, дедингиз, аммо унга яраша амал қилмадингиз;

8) Кўрпангиздан турганингиздан бошлаб ўз айбларингизни қўйиб, бошқаларнинг айблари билан шуғулландингиз-да, Роббингизнинг ғазабини келтирдингиз. Шундай экан, дуоларингиз қандай мустажоб бўлсин?!( Асбаҳоний «Ҳулятул-авлиё», 8/15,16)

Гуноҳ ишларга муккасидан кетган айрим одамлар умид ва раҳматларни ифодалаган оятларга ёпишиб оладилар. Маъруф Кархий раҳимаҳуллоҳ: «Ўзинг итоат қилмаган Зотнинг раҳматидан умидвор бўлишинг – аҳмоқлик ва хорликдан бошқа нарса эмас», дедилар. Оқил одам ҳушёр бўлади, гуноҳларига тавба қилади, ҳеч иккиланмай, Роббига ибодат қилишга шошилиб, динида собит этиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам каби дуолар қилади: «Аллоҳим! Эй қалбларни бурувчи Зот, менинг қалбимни динингда барқарор қил!»(Имом Термизий)

Дуо ижобат бўлиши учун ихлос бўлиши шартдир. Аллоҳ таоло айтди: «Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг» (Ғофир сураси, 65-оят).

Аллоҳ таоло инсонлар Аллоҳга дуо қилиш, Ундан тилаш ва Ундан паноҳ сўраш табиати билан яралганликлари, ҳатто улар ичидаги кофирлар ҳам бошларига оғир мусибат етса, ўз олиҳаларини қўйиб, Аллоҳнинг Ўзигагина ёлворганларини баён қилди: «Ёки музтар (ночор) одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган Зот яхшими?!» (Намл сураси, 62-оят.) Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кофирларнинг ўз фитратларидан воз кечишларини инкор этди: «Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми?! Қанчалик оз эслайсизлар-а?!» (Намл сураси, 62-оят.)

Музтар-ночор одамлардан бири – мазлум одамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлишга чақирдилар: «Мазлумнинг дуосидан қўрқ! Чунки у (дуо) билан Аллоҳ ўртасида ҳеч қандай парда йўқдир»( Имом Муслим).

«У (мазлумнинг дуоси) учун само дарвозалари очилади ва Робб азза ва жалла: «Иззатимга қасамки, сенга кейинроқ бўлса-да, албатта, ёрдам бераман!» дейди»( Имом Термизий).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадислари сиёсий ва ижтимоий адолатнинг кенг дарвозасини очиб, адолат ва садоқат меъёрлари асосида одамларнинг алоқаларини мустаҳкамлайди.

Ҳа, Ислом бандаларнинг Аллоҳга бўлган алоқаларини шундай ислоҳ қилиш учун келган: улар Аллоҳдан бошқасига на дуо ва на ибодат қиладилар. Аллоҳ уларга жон томирларидан ҳам яқинроқдир. У дуогўйнинг Қуръон кўрсатиб, суннат чеклаган шартлар асосида қилган дуосинигина қабул қилади ва одамларнинг ўзаро алоқаларини мутлақ адолат асосларига биноангина тузатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ЗакотИслом арконларини тўртинчиси закотдир. Аллоҳ азза ва жалла Ўз китобида ҳам закотни намоздан кейин зикр қилган.Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва давоми...

3921 18:48 / 25.06.2017
Рамазоннинг руҳи, унинг фойдаси ҳозир ҳам дунё миқёсида яққол кўриниб турибди. Рамазони шариф кириши билан Ислом олами бутунлай бошқача оламга айланиб қолади. давоми...

4115 17:12 / 22.06.2017
Бошимизга соябон бўлиб кириб келган моҳи Рамазон арафасида ушбу ойга оид билимларимизни янгилаб олишимиз, бу буюк ибодатга яхшилаб тайёргарлик кўришимиз лозим. давоми...

3637 16:05 / 27.05.2017
Рамазоннинг аввалида ибодатларга ҳимматимиз баланд бўлади. Таровеҳнинг илк кунларида масжидларни тўлдириб юборамиз. Лекин Рамазон ўтиб борар экан, ибодатларда давоми...

4151 17:41 / 14.06.2017