1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Рамазонда қалб ва тиллар саломатлиги

17:42 / 14.06.2017 4453 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳоким ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рўза ейиш ва ичишдан эмас. Балки рўза лаҳв ва беадаб сўзлардан (тийилишлик)дир. Агар сени бирор киши сўкса ва сенга жоҳиллик қилса: «Мен рўзадорман», деб айт».  [1] Имом Аҳмад Язид ибн Абдуллоҳ ибн Шиххирдан, у Аъробийдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим:

 «Сабр ойи ҳамда ҳар ойнинг уч кунлик рўзаси қалб васвасасини кетказади».  [2] 

Итоаткор рўзадорларнинг иймони комил, хулқлари олий, қалб ва тиллари мўмин биродарларига нисбатан саломат эканига далолат қилувчи улуғ аломат ва мукаррам сифатлардан бири, қалбларида нафрат, ҳасад ва адоват йўқлиги. Тилларида эса ғийбат, чақимчилик ёки ёлғон йўқ эканидир. Балки қалбларида фақат муҳаббат, хайр, раҳм, шафқат ва икром қилишликнигина кўтарганлар. Тилларида эса фақат фойдали калималар, манфаатли сўзлар ва чин чақириқлар айланади. Демак, улар Аллоҳ таоло олқиш айтиб, пок кишилар деб айтганлар гуруҳидадир:

««Ҳашр» Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», – дерлар» (Ҳашр сураси,  10-оят).

Роббилари уларни икки буюк хислат ва икки олий сифат билан васф қилди. Биринчиси, тилга боғлиқ бўлиб, улар тилларида мўмин биродарларига насиҳат ва дуо қиладилар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин». Иккинчиси эса, қалбга боғлиқ бўлиб, уларнинг қалблари мўмин биродарларига нисбатан саломатдирлар. Унда кек, ҳасад, нафрат, ғийбат ва шунга ўхшаш салбий иллатлар йўқ.

Қалб ва тил саломатлиги рўзанинг тўкис ва мукаммал эканига энг ёрқин далилдир. Дарҳақиқат, салафлар ораларида қалб ва тили саломатроғини афзалроқлари деб ҳисоблардилар. Иёс ибн Муовия ибн Қурро шундай деди: «Уларнинг наздида (яъни, салафлар) афзаллари қалблари саломатроқ ва ғийбати озроқлари эди».  [3] Суфён ибн Дийнор деди: «Абу Баширга шундай дедим (у Алийнинг асҳобларидан эди): «Менга бизлардан олдингиларнинг амаллари ҳақида хабар беринг». У айтди: «Улар оз амал қилиб, кўп ажрга эришардилар». (Ровий) айтади: Мен дедим: «Ахир бу қандай?» У: «Қалблари саломат бўлгани учун», деди».

Рамазон қалб ва тиллар ҳар қандай хиралигу дардлардан саломат бўлиш учун олтин фурсат ва илоҳий тортиқдир. Рўзангизнинг аҳамиятга молик жиҳати таом ва ичимликдан тийилишингизу, қалбингиз Аллоҳ таолонинг бандаларига нисбатан нафрат, ҳасад ва кек сақлашда ифтор қилиши ёки тилингиз ғийбат, чақимчилик, фириб билан муомала қилиш, ёлғон, ҳақорат ва сўкишликда ифтор қилиши эмас. Чунки кимнинг ҳоли шундай бўлса, бас, у рўзасидан фақат очлик ва чанқоқни «фойда» ўлароқ қўлга киритибди. Ҳадисда (айтилишича): «Гоҳида рўзадорнинг рўзасидан улуши очлик ва чанқоқ бўлади. Гоҳида (тунда) қоим бўлган кишининг қиёмидан улуши бедорлик бўлади». [5] Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга етадиган иснод, «марфуъ» ўлароқ ривоят қилди.

Дарҳақиқат, ўша афзал зотларнинг қалб ва тиллари саломат бўлиши учун энг улкан сабаб Аллоҳ таолога боғланишлари кучли ва Ундан ниҳоятда рози эканликлари эди. Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Розилик унга саломатлик эшигини очади. Натижада қалбини фириб билан муомала қилиш, айб (иллат) ва нафратдан саломат, тоза қилади. Аллоҳ таолонинг азобидан фақат Унинг ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади. Шунингдек, ғазаб ва норозилик билан қалб саломат бўлиши маҳолдир. Банданинг розилиги ошиб боргани сари қалби саломат бўлаверади. Тубанлик, иллат (айб) ва фириб билан муомала қилиш ғазабнинг шеригидир. Қалбнинг саломатлиги, унинг эзгулиги ва самимий экани розилик ҳамроҳидир. Шунингдек, ҳасад ғазабнинг самараларидан. Қалбнинг ундан саломат бўлиши розилик самараларидандир».  [6]

Розилик самараларидан бири бўлмиш қалб саломатлигининг самараларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Дил саломатлиги дунёда роҳат, унсият ва хотиржамликдир. Охиратдаги савоби эса энг яхши савоб. Ўлжасига келсак, зеро, бу энг катта ўлжадир. Хабар (асар)да келишича, Зайд ибн Аслам деди: «Абу Дужона розияллоҳу анҳу касал эканида ҳузурига кирилди, юзи хурсандликдан ёнарди. Шунда унга: «Юзингга нима бўлди, хурсанд кўринади?» дейилди. У эса: «Амалимдан бирортаси мени наздимда иккисидан кўра мустаҳкамроқ эмас, менга тегишли бўлмаган нарсалар ҳақида сўз очмасдим. Бошқаси эса, қалбим мусулмонларга нисбатан саломат эди»».  [7]

Мусулмонга биродарларига нисбатан қалби ва тили саломат бўлиши учун кўмак берадиган нарсалардан: Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилиш, ана шуни Ундан ростгўйлик ва ихлос билан сўраш, дунё ва охиратда ана шунинг самараси ўлароқ келадиган мақтовга сазовор оқибат ва муборак натижаларига назар ташлаш. Шунингдек, қалбида кек, нафрат, ҳасад бўлган кимса қўлга киритадиган ва тотиб кўрадиган ёмон оқибат ва хатарли натижаларга боқишлик.

<Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп дуоларида Аллоҳ таолодан қалб ҳидояти, саломат ва саботли бўлишини сўраганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

((اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا))

«Эй Аллоҳ! Нафсимга ўз тақвосини ато эт ва уни покла! Сен уни поклайдиганларнинг яхшисисан»;  [8] 

((اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ قَلْبٍ لَا يَخْشَعُ))

«Эй Аллоҳ! Мен Сендан бўйинсунмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман»; [9] 

((يَا مُقَلِّبَ الْقُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ))

«Эй қалбларни айлантирувчи (бурувчи)! Қалбимни динингда собитқадам қил» [10] 

((اللَّهُمَّ اجْعَلْ لِي فِي قَلْبِي نُورًا))

«Эй Аллоҳ! Мен учун қалбимга нур ато эт», дедилар.  [11] 

Бу муборак ойни қалб ва тил касалликларини муолажа қилиш учун ғанимат билайлик. Уларнинг пок ва саломат бўлиши учун бор вужудимиз ила ошиқайлик. Чунки уларни саломат бўлиши сабабли кишининг нафси, дини ва дунёси саломат қолади. Уларнинг фасодга юз тутиши сабабли эса дин ва дунё фасод бўлади.

Термизий ва Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ! Мени тонг оттириб, кеч киргазганимда айтадиган калималарга буюринг», деди. (Ровий) айтади: «Шундай деб айт:

اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ رَبَّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكَهُ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ

Эй Аллоҳ, осмонлар ва ерни илк Яратувчи, ғайб ва шаҳодатни Билувчи, ҳар бир нарсанинг Рабби ва Подшоҳи! Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Сендан нафсим ва шайтоннинг ёмонлиги ҳамда унинг ширкидан паноҳ сўрайман». (Ровий) айтади: «Уни тонг оттириб, кеч киргазганингда ва тўшагингга ётганингда айтгин». [12] Бошқа ривоятда эса: 

وَأَنْ أَقْتَرِفَ عَلَى نَفْسِي سُوءًا أَوْ أَجُرَّهُ إِلَى مُسْلِمٍ

«Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан (паноҳ сўрайман)» дейилган.  [13]

Муборак ҳадиси шариф Аллоҳ таолодан ёмонлик, унинг сабаб ва оқибатларидан паноҳ сўрашликни ўз ичига олади. Ёмонликнинг бари нафс ёки шайтондан содир бўлади. У зот Аллоҳ таолодан иккисидан паноҳ сўрадилар: «Сендан нафсим ва шайтоннинг ёмонлиги ҳамда унинг ширкидан паноҳ сўрайман». Ёмонликнинг оқибати амал қилувчининг ўзига ёки мусулмон биродарига қайтади. У зот Аллоҳ таолодан паноҳ сўрадилар: «Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан (паноҳ сўрайман)». Мукаммал, мақсади улкан, далолати қойилмақом, гўзал дуо. Рўзадор ҳам бу муборак дуоларни тонг ва кечки зикрларида, уйқу олдидан ўқишни одат тусига киргазса, ёмонликлардан, иллатлардан фориғ бўлади.

Эй Аллоҳ! Биз Сендан итоаткор қалб, зикр қилувчи тил, бўйинсунувчи, хотиржам нафс сўраймиз. Эй Аллоҳ! Сендан нафс ва амалларимизнинг ёмонлигидан, шайтон шарридан, ширкдан паноҳ сўраймиз.


[1] Ҳоким. «Мустадрок» (1/595), 1570-рақам.  

[2] Имом Аҳмад. «Муснад» (23070).

[3] Табароний. «Макаримул Ахлоқ».

[4] Ибн Суррий. «Зуҳд» китобида.

[5] Имом Аҳмад.«Муснад» (2/374), 8842-рақам.

[6] «Мадариж ас-Саликийн».

[7] Ибн Саъд. «Тобақотул Кубро» (3/557), Заҳабий. «Сияр Аълам ан-Нубала» (1/205), «Тарихул Ислам» (3/70).

[8] Муслим (2722), Насоий (5460) ва Аҳмад (19204).

[9] Термизий (3482) ва Насоий (5460).

[10] Термизий (2140).

[11] Бухорий (6316), Муслим (763).

[12] Термизий (3529), Абу Довуд (5067).

[13] Термизий (3529) Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғанимат ойБу ndash Қуръон ойидир, амал ойидир, ғаниматлар жамлаш ойидир Охирзамон аломатларидан бири илмнинг кенг тарқалиши, аммо амалларнинг камайишидир.Ахборот давоми...

5504 12:25 / 26.05.2017
Рамазоннинг руҳи, унинг фойдаси ҳозир ҳам дунё миқёсида яққол кўриниб турибди. Рамазони шариф кириши билан Ислом олами бутунлай бошқача оламга айланиб қолади. давоми...

4113 17:12 / 22.06.2017
Закотнинг афзаллиги мусулмонларга эътиқоднинг беш устунларидан бири сифатида фарз қилиб берилганлигидир. Бу жамият ичра иқтисодий, ижтимоий ва маънавий давоми...

4191 17:06 / 13.06.2017
Рўза аҳкомлари ва рўзадорлар учун умумий огоҳлантиришКўз эгаларига ибрат бўлиши учун тунни кунга алиштириб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Кенгчилик неъмати учун давоми...

4254 13:59 / 02.06.2017