1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Улуғларнинг насиҳати ҳам улуғ

14:43 / 04.05.2017 5166 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5402. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши ўғлига:

«Эй ўғилчам! То ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса Қаламдир. У Зот унга: «Ёз», деди.

«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.

«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди», деганларини эшитганман.

Эй ўғилчам! Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганларини эшитганман», деган».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Улуғ саҳобийлардан бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўз ўғилларига дарс бермоқдалар. У киши ўз ўғилларига мурожаат қилиб:

«Эй ўғилчам! То ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан», демоқдалар.

Қаранг, иймон ҳақиқатининг таъми – қазои қадарга ишонишда экан!

Ўзига етган нарсани «Бу мени четлаб ўтиши мумкин эмас эди, албатта, шу нарса бўлиши керак эди», деб билишда экан!

Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган нарсани «Бу шундай бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда экан!

Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда.

«Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, яъни сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан! «Бу яхшилик менга ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди», деб ўзингдан кетма.

«Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди», деб Аллоҳга шукр айт!

Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча, иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан! «Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди. Агар ундай бўлмаганда, бундай бўлар эди», дейдиган бўлсанг, иймон ҳақиқатининг таъмини топишингга йўл бўлсин! Қачон «Шу нарса менга етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина, иймон ҳақиқатининг таъмини топишдан умид қилсанг бўлади».

Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни, самарасиз уриниш ва вақтни беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди. Шунинг учун бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат қилиш керак.

«Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан».

«Сени бир яхшилик четлаб ўтса, аттанг қилиб, «Ундай қилмай, бундай қилганимда, бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди?» деб юрма! Ёки «Бу иш Фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу яхшилик мени четлаб ўтмас эди», деб юрма! Ундай қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқатининг таъмини топа олмассан. «Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди, менга етиши мумкин эмаслиги учун етмади», десанггина иймон ҳақиқати таъмини топа олурсан! Чунки шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўлурсан!

Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса, «Усталик қилиб, бу ёмонликдан четлаб қолдим», деб қувонма! «Фалончининг ёрдами бўлмаганда, ишим чатоқ эди», деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан! «Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай бўлди», дегин. Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан».

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан келиб чиққанини билдириш учун:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса Қаламдир. У Зот унга:

«Ёз», деди.

«Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди.

«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди», деганларини эшитганман», деб, гапларини давом эттирдилар.

Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин, Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб, бу дунёда қиёмат қоимгача бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ҳар бир мусулмон ана шу нарсага иймон келтириши керак. Ана шунда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.

Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бу ақийдадан четга чиққан одам залолатга кетган бўлади. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «менинг йўлимда эмас» деганларидир. Бу эса жуда оғир гапдир. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа йўлда бўлишдан Аллоҳ асрасин.

Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз:

1. Ота боласига ақийда бўйича таълим бериши зарурлиги.

2. Иймон ҳақиқатининг таъми борлиги.

3. Мўмин-мусулмон одам ўзига етган нарса четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билиши лозимлиги.

4. Мўмин-мусулмон одам ўзини четлаб ўтган нарса унга етиши мумкин эмаслигини билиши зарурлиги.

5. Билган одам гапини ҳадис билан тасдиқлаши яхшилиги.

6. Қаламга ва у Аллоҳ яратган биринчи нарса эканига иймон келтириш.

7. Ҳамма нарсанинг тақдири яратилишидан олдин ёзиб қўйилганлиги.

8. Қазои қадардан бошқа ақийда билан ўлган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида бўлмаслиги.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Усома Абдул Азим Азҳар университетининг етук уламоларидан бўлиб, усулул фиқҳ бўйича забардаст мутахассислардан ҳисобланади. У киши замонамиздаги ноёб давоми...

4863 17:08 / 17.11.2022
20асрларда яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган ва кўплаб қориларни етиштирган олим, фозил ва мударрис бўлиб танилган Мавлон қори Муҳаммад Қатродхўжа ўғиллари мелодий давоми...

4790 09:09 / 29.09.2021
Ҳофиз Заҳабий .Маърифатулқурроилкибро аълаттабақоти валаъсор, ҳамда қорилар имоми, ҳофиз Ибн Жавзий .Ғоятунниҳоя фии табақотилқурро, китобларида 3951005 йили давоми...

1369 09:00 / 10.01.2022
ШЕЙХ МУХАММАД САДЫК МУХАММАД ЮСУФ РАХИМАХУЛЛАХВсевышний Аллах сказал .Поистине, боятся Аллаха из Его рабов лишь ученые знающие, Сура Фатир, аят 28.Посланник давоми...

30147 15:54 / 09.11.2017
Аудиолар

137661 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57723 14:35 / 11.08.2021