1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Нубувват хонадони туҳфалари (2)

19:53 / 28.04.2017 3936 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг аччиқларини ҳам кўтарардилар ва уларни юпатардилар.

Бир гал Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламдан аччиқланиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: «Ўртамизда Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳакам бўлишига розимисан?» дедилар. «Йўқ, у мени деб сизга қарши ҳукм қилмайдиган одам», деди. У зот: «Умарга розимисан унда?» дедилар. Оиша онамиз: «Йўқ, мен Умардан қўрқаман», дедилар. «Бўлмаса, Абу Бакрга розимисан?» деган эдилар. У киши: «Ҳа» деди».

Имом Бухорий ривоят қилган узун ҳадисда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жумладан шундай дейди:

«(Бир куни) аёлимга бақирган эдим, менга гап қайтарди. Гап қайтаришини сингдира олмадим. У: «Нега сизга гап қайтаришимни сингдира олмайсиз? Аллоҳга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳам у зотга гап қайтаришади. Баъзи бирлари кун бўйи, кечгача у зотга араз қилиб юради ку», деди. Бу мени даҳшатга солди. Унга: «Улардан ким шуни қилса, маҳрум бўлибди», дедим. Кейин кийимимни кийдим да, тушиб, Ҳафсанинг олдига кирдим ва унга: «Ҳой Ҳафса, бирортангиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кун бўйи, кечгача араз қилиб юрадими?» дедим. «Ҳа», деди. «Маҳрум бўлибсан! Ютқазибсан! Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазаблари туфайли ғазаб қилиб, ҳалок бўлишингдан эминмисан?! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп нарса сўрама, у зотга бирор нарсада гап қайтарма! У зотга араз қилма! Сенга нима керак бўлса, мендан сўра. Қўшнингнинг, яъни Оишанинг сендан кўра хушрўйлиги, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга суюклироқлиги сени алдаб қўймасин», дедим».

Аввалда аёлларни одам ўрнида кўрилмаганидан оилада уларнинг гапи ҳам тингланмас эди. Айниқса, қурайшликларда бу ҳол ниҳоятда авжида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оилавий ҳаётлари орқали бу камчиликни ҳам ислоҳ қилдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларининг жаҳли чиққанда қўлларини унинг елкасига қўйиб: «Аллоҳим, унинг гуноҳини мағфират қил, қалбидан аччиғини кеткиз ва уни фитналардан асра», дердилар.


12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига хушхабар бериб, уларни шодлантирардилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Хадижа сизга бир идишда нонхуруш [ёки таом, ёки шарбат] олиб келяпти. Олдингизга келганда унга Роббининг ва менинг номимдан салом айтинг ҳамда унга жаннатда ичида ғавғо ҳам, чарчоқ ҳам бўлмаган, ғовак дурдан бўлган бир уйнинг башоратини беринг», деди».

Оиша розияллоҳу анҳо сўзлаб берди: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Жаброил сенга салом айтяпти», дедилар. «Ва алайҳиссалом ва раҳматуллоҳ», дедим».

Бу башоратларни тинглаганда оналаримизни қандай ширин туйғулар чулғаб олган экан­а!


13. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини эҳтиром қилар, уларга алоҳида иззат­икром кўрсатардилар.

Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эдилар. Ҳузурларида жуфти ҳалоллари бор эди. Улар кечки пайт қайтишди. У зот Сафийя бинт Ҳуяйга: «Шошмай тур, мен ҳам сен билан борай», дедилар. Унинг уйи Усоманинг ҳовлисида эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан бирга чиқдилар».


Ўзаро эҳтиром меҳр­муҳаббатнинг гаровидир. Эр­хотин ўртасидаги севги ҳам икки тарафнинг бир­бирига бўлган эҳтиромлари асосида бардавом бўлади.


14. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан ортган таомни ҳеч ийманмай тановул қилардилар ва бу илтифот оналаримиз учун бир умр фахру шараф омили бўлиб қолган.

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Мен ичимлик ичиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга узатар эдим, у зот оғизларини менинг оғзим ўрнига қўярдилар. Устухонни ғажирдим, кейин у зот оғизларини менинг оғзим ўрнига қўярдилар». 

Имом Муслим ривояти. 



15. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари узрли бўлиб қолган пайтда улардан ўзларини тортиб, айримларга ўхшаб ижирғанмасдилар. 

Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Мен ҳайзли ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тарар эдим».

Иккинчи бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен ҳайзли бўлган пайтларимда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини бағримга қўйиб, Қуръон ўқир эдилар», деган.

Бухорий ривояти. 


16. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан бир идишда ғусл қилган ҳолатлари ҳам бўлган.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: 

«Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликда бир идишдан ғусл қилар эдик».

Бухорий ривояти.


Имом Насоий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Мен ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир идишдан ғусл қилар эдик. Бир у зот мендан олдин, бир мен у зотдан олдин сув олар эдим. Ҳатто у зот: «Менга ҳам қолдиргин», дердилар, мен ҳам: «Менга ҳам қолдиринг», дер эдим».


17. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари учун ўзларига эътибор қилар, покланар, зеб берар ва хушбўйланар эдилар. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фитрат бештадир: хатна қилиш, (қовуқни) қириш, мўйлабни қайчилаш, тирноқларни олиш ҳамда қўлтиқлар остини юлиш», деяётганларини эшитганман». 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бадандаги ортиқча тукларни тозалаб туришни фитратдан деб аташларидан бунга қаттиқ тарғиб қилганлари ва ўзлари қаттиқ амал қилганлари тушунилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдаликларида фарқларидаги хушбўйликнинг ялтираётгани ҳамон кўз ўнгимда». 

Бошқа бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларида бор энг яхши хушбўйликни суртиб қўяр эдим. Ҳатто соч соқолларида хушбўйликнинг ялтирашини кўрар эдим», деган.

Бухорий ва Муслим ривояти.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан нохуш ҳид келишини оғир олардилар».

Бошқа ривоятларда таъкидланишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, хусусан, аҳллари олдига кирганда ўзларида бирор нохуш ҳид бўлишини истамас, ҳамиша бунинг олдини олар эканлар. 

Имом Муслим ривоят қилишича, Оиша розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга киргандаишни нимадан бошлар эдилар?» деб сўралганда, у: «Мисвокдан», деди.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Мен ҳайзли ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тарар эдим».

Нафрат муҳаббатнинг зиддидир. Нохуш бўй, ёқимсиз кўриниш ҳеч қачон ҳеч бир соғлом одамга ёқмайди. Бинобарин, хушбўйликка, ювиниб­тараниб юришга эътибор бериш эр­хотин ўртасидаги муҳаббатнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Бу иш эр­хотиннинг бир­биридаги ҳаққи ҳисобланади. Аллоҳ инсонни ана шундай гўзаллик шайдоси қилиб яратган. Шунинг учун ҳам ушбу мақсадга хизмат қиладиган бир қатор ишлар ҳадисларда фитратдан деб таъкидланган.

Очиғини айтганда, бугунги кунда ҳам ушбу суннатдан йироқ кишиларни кўп учратиш мумкин. Улар гоҳида замонавий шароитлари тўкис эмаслигини баҳона қилишади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги шароит ҳам у қадар қулай бўлмаган, бугунги кунда ҳаммада етарли имконият бор. Покланиб, ўзидан нохуш ҳидни аритиш у ёқда турсин, турли бадбўй, ҳаром­хариш нарсаларни истеъмол қилиб, уйга сасиб келадиган эркаклар ҳақида сўз очмасак ҳам бўлади.

Шу билан бирга, эркак киши ўзига оро беришда меъёрни ушлаши лозимлигини ҳам таъкидлаб қўймоқ даркор. Аёлларга ўхшаб безаниш, исрофгарчиликка берилиш мутлақо жоиз эмас.


18. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон аёлларига қўполлик қилмас ва уларни таҳқирламас эдилар. У зот ҳеч бир аёлга қўл кўтармаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирорта ҳам аёлларини асло урмаганлар». 

Насоий ривояти. 


19. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳлу аёлларини қаттиқ койиб, айбламасдилар. 

Бунга Анас розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари далолат қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилдим. Бирор иш қилсам, асло «Нега бундай қилдинг?» демадилар». 

Доримий ривояти.


20. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини рашк қилардилар. 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убода: «Агар аёлимни бирор киши билан кўриб қолсам, уни қиличнинг тиғини кўндаланг қилмай чопиб ташлайман», деди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган эди, у зот: «Саъднинг рашкчилигига ажабланяпсизми? Мен ундан ҳам рашклироқман. Аллоҳ эса мендан ҳам рашклироқдир», дедилар».

Бухорий ривояти.

Бошқа бир ҳадисларида: «Рашк  иймондандир», деганлар.

Имом Ҳоким ривояти.


21. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг шаънини ҳам қаттиқ ҳимоя қилардилар. 

Ифк воқеасида жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳонинг поклиги тасдиқлангач, туҳмат уюштирганларга таъзир бериш учун шундай сўзлагандилар: «Эй мусулмонлар жамоаси! Ким аҳлим ҳақида менга озор етказган киши(ни жазолаш) хусусида мени маъзур тутади? Аллоҳга қасамки, аҳлим хусусида яхшиликдан бошқани билмайман», деб Оиша розияллоҳу анҳонинг поклигини зикр қилдилар»

Имом Бухорий ривояти.


22. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз аҳли аёлларига дугоналари билан суҳбат қилиш ва улар билан ўйин-кулги қилишларига имконият яратиб берар эдилар. 

Бу ҳам бўлса, у зотнинг аҳлу аёллари хурсандлигидан хурсанд бўлганларидан, уларнинг ишларини арзимас санамай, қадрлаганларидан эди.

Имом Бухорий «Саҳиҳ»да «Одамларга очиқ муомалада бўлиш ҳамда

аҳлу аёли билан мутойиба қилиш ҳақида» деган бобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Менинг ўртоқларим бор эди, мен билан ўйнашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганларида эса у зотдан яшириниб олишарди. Шунда у зот уларни аста мен томон юборардилар ва улар яна мен билан ўйнар эдилар».

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ҳадисда қизлар қўғирчоқ ва ўйинчоқлар ўйнаши жоизлигига далил бор. Бу сурат чизиш ҳақидаги умумий қайтариқдан истиснодир. Буни Қози Иёз қатъият билан айтган ва жумҳурдан нақл қилган», дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашар, ёш қизларга хос бўлган тасарруфларни тўғри қабул қилар эдилар.

Имом Абу Довуд Абу Салама ибн Абдурраҳмондан ривоят қилади:

«Оиша розияллоҳу анҳо айтадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ёки Хайбар ғазотидан келсалар, хонада парда бор экан, бирдан шамол эсиб, Оишанинг ўйинчоқлари турган тараф очилиб қолибди. Шунда у зот: «Эй Оиша, бу нима?» дебдилар. У: «Қўғирчоқларим», дебди. У зот улар орасида қийқимдан қаноти бор бир отни кўриб: «Ундай бўлса, уларнинг орасидаги мана бу нима?» дебдилар. У: «От», дебди. «Устидаги нима?» дебдилар. «Икки қаноти», дебди. «Отнинг ҳам қаноти бўлар эканми?» дебдилар. «Эшитмаганмисиз, Сулаймоннинг отининг қаноти бўлган­ку?» дебди. Шунда у зот кулиб юборибдилар, ҳатто озиқ тишлари кўриниб кетибди». 


23. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуфти ҳалоллари билан сафардалар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларида аёлларини ўзлари билан ҳамроҳ қилиб олар, улар билан ўзаро фикр алмашар, кечалари улар билан у ёқ­бу ёқдан гаплашиб, дилсўзларини эшитар эдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (сафарга) чиқсалар, аёллари орасида қуръа ташлар эдилар. (Бир сафар) қуръа Оиша билан Ҳафсага тушди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бўлса, Оиша билан бирга гаплашиб кетардилар. Ҳафса: «Бу кеча менинг туямни миниб олмайсанми? Мен сенинг туянгни миниб оламан. (Сен мен кўраётган нарсани) кўрасан, мен ҳам (сен кўраётган нарсани) кўраман», деди. У: «Майли», деди ва миниб олди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишанинг бўрасининг олдига келдилар. Унинг устида Ҳафса бор эди. Унга салом бердилар. Кейин тўхтагунча йўл юрдилар».

Бухорий ва Муслим ривояти.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда аёлларига хизмат қилишдан ийманмасдилар. Аёллари учун уловга ўриндиқ тўшаб, миниб олиши учун тиззаларини тутиб турар эдилар. 

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Кейин Мадинага йўлга чиқдик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Сафийяни орқаларига (мингаштириш учун) бир абоани (жундан тикилган, чопонга ўхшаш устки кийим) ўраб қўйганларини, сўнгра туялари олдида ўтириб, тиззаларини тутиб турганларини ва Сафийя у зотнинг тиззаларига оёғини қўйиб, уловга миниб олганини кўрдим» (Олтин Силсила, 3­жуз, 2235­ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда ҳам аёлларга алоҳида эътибор берар, уларни асрар, нозикликларини ҳисобга олар, уларни биллур идишни эҳтиётлагандек эҳтиётлар ва бошқаларга ҳам буни тайинлар эдилар. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг олдига келдилар. Умму Сулайм ҳам улар билан бирга эди. У зот: «Эй шўринг қурғур Анжаша, оҳистароқ, биллур олиб кетяпсан­а!» дедилар».

Бухорий ва Муслим ривояти.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарлари шунчаки саёҳат учун бўлмаган. У зот, кўпинча даъват, ибодат ё бошқа шу каби диний заруратлар юзасидан сафар қилганлар. Ана шунда ҳам аёлларини навбатма-навбат ҳамсафар қилиб олар эканлар. Шу билан бирга, сафар асносида аёллари учун керакли шароитни ҳам ҳозирлаб қўяр эканлар.

Афсуски, бугунги кунда мусулмонлар ўртасида бундай набавий одоб жуда ҳам ноёб бўлиб қолди. Эркаклар сафарда ёлғиз юришга одатланишган. Хотин ҳам кўп вақт эридан айри ҳолда яшашга кўникиб қолган. Бу эса оилага салбий таъсир кўрсатиб, эр-хотин ўртасидаги меҳр­оқибатнинг парчаланишига сабаб бўлмоқда. Эр­хотиннинг сафарларда бирга бўлиб, дардлашиб, суҳбатлашиши ўрталаридаги жуда кўп тушунмовчиликларни бартараф этиши, муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаши тажрибалардан маълум. 


24. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан суҳбатлашиб, уларни тинглаб, кўнгилларини олиш учун куннинг маълум вақтини ажратиб олган эдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кеча ёки кундузнинг бир вақтида аёллари билан айланар эдилар». 

Имом Бухорий ривояти. 


25. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан аёлларидан қисса ва латифаларни ҳам тинглардилар ва унга муносабат билдирардилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари билан ана шундай беғубор суҳбатларига энг ёрқин мисоллардан бири «Умму Заръ ҳадиси» дея машҳур бўлган қуйидаги нақлдир.

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Ўн битта аёл ўтириб, эрлари ҳақидаги гаплардан ҳеч нарсани яширмасликка аҳду паймон қилишибди. 

Биринчиси: «Менинг эрим тоғ тепасидаги ориқ туя гўштининг ўзгинаси: текис жойда эмаски, чиқиб бўлса, семиз эмаски, олиб кетилса», деди. 

Иккинчиси: «Мен эримнинг хабарини ёймайман, чунки барини айтиб, адоғига етолмайман деб қўрқаман. Агар гапирсам, авра астарини ағдариб ташлайман», деди.

Учинчиси: «Менинг эрим найнов. Гапирсам, талоқ бўламан, жим турсам, муаллақа (эри бор­у, бирга яшамайдиган) бўлиб юравераман», деди. 

Тўртинчиси: «Менинг эрим Тиҳоманинг тунига ўхшайди: иссиғи ҳам йўқ, совуғи ҳам йўқ, хавфи ҳам йўқ, зерикиш ҳам йўқ», деди.

Бешинчиси: «Менинг эрим кирса, қоплон (майдакашмас, беписандроқ), чиқса, шер. Қодирган нарсасини сўрамайди», деди.

Олтинчиси: «Менинг эрим еса паққос туширади, ичса, қуритиб битиради, ёнбошласа, ўраниб олади, ташвишимни билишга ҳаракат ҳам қилмайди», деди.

Еттинчиси: «Менинг эрим нотавон [ёки сустмизож], ношуд. Нима дардки бўлса, унда бор. Ё бошингни ёради, ё ўзингни жароҳатлайди ёки икковиниям қилади», деди. 

Саккизинчиси: «Менинг эрим қуёндек момиқ, зарнабдек (хушбўй ўсимлик) хушбўй», деди. 

Тўққизинчиси: «Менинг эримнинг устуни баланд (бўйдор), қиличининг қини узун (бўйига мос), (ўчоғининг) кули совимас (меҳмони аримас), уйи машваратхонага ўхшайди», деди. 

Ўнинчиси: «Менинг эрим мулкдор. Қандай мулкдор, дейсизми? Анавилардан яхши мулкдор. Унинг қўрада кўп туриб, яйловга кам чиқадиган туялари бор. Улар (меҳмон истиқболига чалинган) дуфнинг овозини эшитса, куни битганини аниқ билади», деди. 

Ўн биринчиси деди: «Менинг эрим Абу Заръ. Абу Заръ ким дейсизми? У қулоқларимни тақинчоққа, билакларимни ёққа тўлдирди. У мени озгина қўйи бор уйдан йилқию туяси, моли тўла уйга олиб келиб, хирмону ғалвирга эга қилди. Олдида гапирсам, сўкиш эшитмайман, ётсам, тонггача ухлайман, сув ичсам, қонгунимча ичаман.

Абу Зарънинг онаси... Абу Зарънинг онаси ким, дейсизми? Сандиқлари катта, уйлари кенгу мўл. 

Абу Зарънинг ўғли... Абу Зарънинг ўғли ким, дейсизми? Шилма пўстлоқда ҳам ётаверади, улоқчанинг пойчасига ҳам тўяверади. 

Абу Зарънинг қизи... Абу Зарънинг қизи ким, дейсизми? Отасига итоатли, онасига итоатли, кийимини тўлдирадиган қиз, кундошини куйдирадиган қиз.

Абу Зарънинг чўриси… Абу Зарънинг чўриси ким, дейсизми? Гапимизни ёймайди, озиғимизни ташиб кетмайди, уйимизни хас-чўпга тўлдирмайди.

(Бир куни) сут мешлари чайқалиб турган пайтда Абу Заръ ташқарига чиқди ю, қоплончалардек икки боласи қўлтиғи остидан икки анорини ўйнаб турган аёлни кўрди ва мени талоқ қилиб, уни никоҳлаб олди. 

Ундан кейин баобрў, учқур от минган, хаттий найза [Баҳрайн соҳилидаги Хат деб аталган жойдан келтирилган найза] тутган бир кишига тегдим. У менга мол ҳол, чорва берди, ҳар биридан жуфт жуфт берди ва: «Эй Умму Заръ, ўзинг ҳам егин, аҳлингга ҳам едиргин», деди. Аммо унинг менга берган ҳамма нарсасини тўпласам ҳам, Абу Зарънинг энг кичик идишича бўлмайди».

Оиша айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Заръ Умму Заръ учун қандай бўлган бўлса, мен ҳам сен учун шундайман», дедилар». 

Қадимги араб аёлларидан ўн биттаси тўпланиб ўтириб, ҳар бири ўз эри ҳақида бор гапни рўй­рост айтишга, ёлғон аралаштирмасликка келишишди. Уларнинг гаплари балоғату фасоҳат жиҳатидан олий намуна бўлганидан тилларда достон бўлиб кетган эди. Бу ҳикояни Оиша розияллоҳу анҳо катталардан эшитиб, ёдлаб олган эканлар.

Оиша розияллоҳу анҳо ўта зеҳн­хотираси ўткир, уқувли, нодир қобилиятли аёл эдилар. У киши жоҳилият даврининг жуда кўп ҳикоялари ва қасидаларини ҳам ёддан билардилар. Бир куни ана шундай ҳикояларидан бирини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу эркатой аёлнинг гапини эшитиб туриб, «Ҳа, яхши экан, бўпти-да. Бошқа гапинг йўқми?» деб кетавермадилар. Ёш жиҳатдан катта фарқ бўлишига, қанча жиддий ишлар билан машғул бўлишларига қарамай, жуфти ҳалолларининг қиссасини бамайлихотир тинглаб, энг гўзал муносабатни изҳор қилдилар. Ҳикоядаги энг намунали эрни назарда тутиб: «Эй Оиша, Абу Заръ Умму Заръ учун қандай бўлган бўлса, мен ҳам сен учун шундайман», дедилар. Ўз эридан, бўлганда ҳам, охир замон пайғамбаридан шу гапни эшитган аёлни қандай ширин туйғулар чулғаб олишини бир тасаввур қилинг. Аслидаку, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига бўлган муносабатларида Абу Заръга ўхшаганларнинг мингтасидан устун эдилар. Аммо ҳикояга муносиб жавоб тарзида, аёлларини эркалаш, кўнглини шод этиш маъносида ана шу гапни айтган эканлар. Бошқа ривоятда келишича, яна: «Фақат севги ва вафода шундай, ажралиш ва ташлаб кетишда эмас», деб қўшимча ҳам қилганлар. Имом Насоийнинг ривоятларига кўра, доно аёл – Оиша розияллоҳу анҳо ўз эридан мазкур юксак илтифотни кўргач, бор ҳақиқатни изҳор қилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз Абу Заръ Умму Заръга бўлганидан ҳам яхшисиз».

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Киши ўз аҳли аёли билан самимий, гўзал муносабатда бўлиши, ғийбат, иғво каби шариатда ҳаром саналган гаплар аралашмаган мубоҳ суҳбатлар қуриб туриши керак экан.

2. Гоҳида ҳазил қилиб кўнгил ёзиш, мубоҳ ишлар борасида ўзаро суҳбатлашиш ва аёлига муҳаббат изҳор қилиш, уни эркалаб туриш лозим. Бунда аёлнинг ахлоқига, тасарруфига салбий таъсир кўрсатмайдиган шаклда иш тутишни унутмаслик тавсия этилади.

3. Эр ўз хотинига ўрталаридаги муносабатни гапириши, айниқса, аёл эрининг яхшиликларини инкор қилган пайтда унга ушбу риштани эслатиши керак.

4. Аёл эрининг яхшиликларини зикр қилиши мумкин. 

5. Бошқа умматлар ҳақида сўзлаш, уларни ҳурмат қилган ҳолда зарбулмасал қилиш, уларнинг фазилатларини, яхшиликларини намуна қилиб келтириш жоиз.

6. Аёлларни ва уларнинг эрларига бўлган яхши муносабатларини васф қилиш жоиз. Бироқ бунда аёлнинг шахсини ноаниқроқ қолдириш лозим.

7. Қадимги араб аёлларининг ақлу заковати, фасоҳату балоғати юксак бўлган. Қози Иёз: «Мазкур аёлларнинг сўзлари ўта фасоҳатли, гаплари ўта балоғатли ва ортиқча сўз йўқ», деган.

8. Оиша розияллоҳу анҳонинг фазилатлари, зарофатли гаплардан завқланишлари, мулойимликлари, ноёб хабарларни ёддан билишлари, аёллар орасидаги сирлар ва турли гап сўзлардан хабардор эканлари маълум бўлади.

9. Қиссада эрини мақтаган аёл, яъни Умму Заръгина эрининг номини айтган, бошқалари эрини таништирмаган. Бундан аёл киши эрининг камчиликларини, ундаги ўзи ёқтирмайдиган жиҳатларни бошқаларга гапирмаслиги кераклиги тушунилади, чунки бу энг камида ғийбат бўлади.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир дарахт бўлса, ундан ейилган бўлса, яна дов дарахтлар топсангиз, ундан ейилмаган бўлса, туянгизни қайси бирида ўтлатар эдингиз?» дедим. «Ўтлатилмаганида да», дедилар». 

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан бошқа бокирага уйланмаганларини назарда тутаётган эди.


26. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ ўйин-кулгига қаршилик қилмасдилар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам байрам кунларида ва айрим ўринларда шариатга зид бўлмаган, мубоҳ саналган ўйин-кулгиларни томоша қилган ҳоллар ҳам бўлган ва аёлларининг ўша ўйинларни томоша қилишларига ҳам эътироз билдирмаганлар. Айниқса, ёш аёлларга бу маънода йўлни кенгроқ олгандилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Ҳайит куни эди. Қора танлилар қалқон ва найза ўйнар эдилар. Ё мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим ёки у зот ўзлари: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?» дедилар. «Ҳа», дедим. Шунда мени орқаларига турғиздилар. Ёноғим ёноқларига тегиб турарди. У зот эса: «Давом этинглар, эй Бану Арфида», дер эдилар. Ниҳоят, зерикканимда: «Етадими?» дедилар. «Ҳа», дедим. «Боравер», дедилар». 

Имом Бухорий ривояти (Олтин Силсила, 1­жуз. 950­ҳадис).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида қуйидагиларни айтади: «Бу ҳадис мубоҳ ўйинга назар солиш жоизлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз аҳлларига нисбатан гўзал хулқда ва чиройли муносабатда бўлганларини баён қилган» («Фатҳул­Борий». (2/314) 454­ҳадис шарҳи).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужрамнинг эшиги олдида турган эдилар, масжидда эса ҳабашлар ўйин қилаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ридолари билан тўсиб турар, мен уларнинг ўйинларини томоша қилар эдим». 

Имом Бухорий ривояти (Олтин Силсила, 1­жуз, 454­ҳадис). 

Иккинчи бир ривоятда бундай: «Эсимда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени тўсиб турар, мен эса ҳабашларни томоша қилар эдим. Улар масжидда ўйин тушишарди. Шунда Умар уларга пўписа қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўявер уларни. Безовталанманглар, эй Бану Арфида!» дедилар».

Имом Бухорий ривояти (Олтин Силсила, 2­жуз, 988­ҳадис).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ридолари билан мени тўсиб турдилар, мен масжидда ўйин тушаётган ҳабашийларни зериккунимча томоша қилдим. Шунинг учун ўйин кулгига ўч бўлган ёш қизларнинг ҳисобини олинглар». 

Имом Бухорий ривояти (Олтин Силсила, 6­жуз, 5236­ҳадис).


Таъкидлаш лозимки, бу ерда аёл кишининг эркакларга умумий равишда, шаҳватсиз, рағбатсиз назар солиши ҳақида гап борган. Аммо айнан бир эркакка шаҳват билан назар солиш ёки авратлари очиқ эркакка қараш мутлақо ҳаромлигида шубҳа йўқ. Демак, аёл киши фитна хавфи бўлмаган ҳолатларда эркакларнинг шариат доирасидаги ҳарбий, чапдастлик ўйинларини томоша қилиши мумкин экан. Аммо эркакларга номаҳрам аёлларнинг ўйинларини томоша қилиш ҳеч қачон жоиз бўлмайди, чунки бу фитнадан ҳоли бўлмаслиги тайин.

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ шу ва шу маънодаги ҳадисларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилгач, уларда айтилган ҳодиса биттага ўхшаб кўринса­да, аслида бошқа­бошқа воқеалар эканини, биринчиси ҳайит куни, кейингиси ҳайит бўлмаган кунда бўлиб ўтганини аниқлаган ва: «Мен ушбу ҳадисларга суяниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳа ва саллам байрам кунларидан бошқа кунларда ҳам аҳлларининг мубоҳ ўйинларни томоша қилишларига эътироз билдирмаганлар», дея оламан», деган («Фатҳул Борий»).

Имом Термизий ва Насоий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар. Бирдан шовқин­сурон ва болаларнинг овозини эшитиб қолдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар. Бир ҳабаш аёл рақсга тушар, атрофида болалар бор эди. У зот менга: «Эй Оиша, кел, қарагин», дедилар. Мен келиб, иягимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг елкаларига қўйиб, у зотнинг бошлари ва елкалари орасидан томоша қилиб турдим. У зот менга: «Тўйдингми, тўйдингми?» дедилар. Мен у зотнинг наздларида тутган ўрнимни кўрайчи, деб: «Йўқ», деб турдим. Шунда бирдан Умар кўриниб қолди. Одамлар тирқираб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен жин ва инсон шайтонларининг Умардан қочаётганини кўраяпман», дедилар. Мен ҳам қайтдим». 

Мазкур воқелар хусусида келган ривоятларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Яҳудийлар бизнинг динимизда кенгчилик борлигини ва мен мурувватли ҳақ дин билан юборилганимни билиб қўйишсин», деганлар. 

Имом Аҳмад ривоят қилган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр кирди. Ҳузуримда икки ансория қизча ансорлар Буос куни айтган нарсани куйлаётган эди. Аслида, иккови ҳам қўшиқчи эмас эди. Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтон нағмаларими?!» деди. Бу ҳайит куни эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиз», дедилар».

Имом Бухорий ривояти (Олтин Силсила, 2­жуз, 952­ҳадис).

Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар ҳақида жумладан шундай дейди: «Бу ҳадисдан аёлига мулойим бўлиш, унинг меҳрини қозониш, дин шиорлари бўлган ҳайит кунларида хурсандчилик изҳор қилиш ва киши ўз аҳли оиласига ҳайит кунлари ибодатнинг чарчоғидан танани дам олдирадиган кўнгилочар ишларга кенгроқ имконият яратиб бериши кераклиги тушунилади».

Бу ҳадисдан фитна хавфи бўлмаганда бегона аёл­қизларнинг овозини эшитиш, шунингдек, кези келганда шариатда мубоҳ саналган, ҳаром ё макруҳ бўлмаган куй­қўшиқларни тинглаш жоизлигини ҳам англаш мумкин. Аммо аёлларнинг гўзаллигини, ҳаром­хариш ишларни таърифлайдиган, ҳирсни, шаҳвоний туйғуларни жунбушга келтирадиган қўшиқларни эшитиш мутлақо ножоиздир (Имом Қуртубий сўзларидан).

Шу билан бирга, бу каби кўнгилочар ишлар вақти­вақти билан, хордиқ чиқариш маъносида қилинади. Уларга муккасидан кетиш ғафлатга элтиши, гуноҳга олиб бориши мумкин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
812. Абдуллоҳ ибн Аббос ва Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Зарар етказиш ҳам, зарарга зарар давоми...

2299 19:00 / 23.12.2022
373. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Масжид атрофидаги ерлар бўшаб қолди. Бану Салама масжид яқинига кўчиб ўтмоқчи бўлди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3508 13:30 / 12.06.2020
Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ердаги тешикка бавл қилишдан қайтардилар. Одамлар Қатодага.Нима учун давоми...

4298 13:55 / 01.09.2019
277. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилдилар ва мен у киши учун яҳудийларнинг ёзувини ndash бошқа давоми...

4200 14:35 / 18.10.2019