1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Исро ва меърож

15:13 / 02.01.2018 6864 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У Самийъ ва Басийрдир», деган («Исро» сураси, 1-оят).

Шарҳ: «Исро» сўзи араб тилида «кечаси юргизиш, сайр қилдириш» деган маънони англатади. 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кечанинг бир қисмида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни Маккаи Мукаррамадан Қуддуси шарифга олиб боргани ҳақида сўз юритилган.

Исро ҳодисаси Ислом даъвати тарихидаги энг машаққатли ва оғир дамларда содир бўлди. Бу давр­га келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги оз сонли мусулмонларга нисбатан мушрикларнинг озорлари, қийноқлари кучайган, уларнинг мусулмонларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги чиранишлари ҳаддидан ошган эди. Мусулмонлар учун ғоятда қийин бир ҳолат пайдо бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мушрикларнинг ҳужумларидан ҳимоя қиладиган шахслар – Абу Толиб ва Ҳадийжа онамиз ҳам вафот этган ва қийинчиликлар ниҳоятда авжига чиққан эди. Ана шундай мудҳиш бир пайтда Исро ва Меърож ҳодисаси бўлиб ўтди. 

Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга олиб борди ва у ердан Меърожга олиб чиқди. Бу эса ана шундай оғир бир пайтда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар учун катта тасалли, ноумидлик кайфия­тини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди. 

Айни чоғда, Исро воқеаси кишиларнинг иймонларини синаш омили ҳам эди. Бу воқеа ҳар бир нарсага моддий мўъжиза талаб қилиб турган мушриклар учун ортиқча гап-сўзлар айтишга яна бир қулай фурсат бўлган бўлса, мўмин-мусулмонман деб юрганлар учун иймон-эътиқодларининг мустаҳкамлигини синаш омили эди.

«Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У Самийъ ва Басийрдир».

Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини-Ўзи поклаб, ёд этмоқда ва бандаси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. 

Оятдаги «Ўз бандаси»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар. Ушбу оятда у зотнинг номлари айтилмай,

«Ўз бандаси» иборасининг ишлатилиши ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фахр ҳамда энг оғир пайтда у киши учун тасаллидир.

Қуръони Каримда 

«Масжидул Ҳаром» ибораси уч нарсага нисбатан ишлатилади. 

Биринчиси – Каъбаи Муаззама атрофидаги масжид. 

Иккинчиси – Маккаи Мукаррама шаҳри. 

Учинчиси – Маккаи Мукаррама атрофида ҳарам учун белгиланган чегара, яъни кофирларнинг кириши, ов овланиши, ўсимликларининг кесилиши ёки юлиниши мумкин бўлмаган, кўпгина маълум ишлар ҳаром этилган минтақага нисбатан ҳам ишлатилади.

Ушбу ояти каримадаги «Масжидул Ҳаром» ибораси Маккаи Мукаррама шаҳри маъносида келган. Чунки Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи Муаззама атрофидаги масжидда эмас, шаҳарнинг бир тарафида жойлашган аммалари Умму Ҳониънинг уйи­да ухлаб ётган эдилар.

«Масжидул Ақсо»дан мурод Шомдаги Байтул Мақдисдир. «Ақсо» сўзи узоқ, чет маъноларини билдиради. «Масжид» сўзи эса ибодатхона, саждагоҳ маъносини англатиши ҳаммага маълум. 

Ўша пайтда Байтул Мақдис Маккаи Мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четда жойлашган ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам у Масжидул Ақсо деб номланган. 

Аллоҳ таоло Масжидул Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйганини ҳам айтмоқда. 

«Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога»

Байтул Мақдис ҳақиқатда ҳам Аллоҳ томонидан баракотли қилиб қўйилган бир жойдир. Қадимдан бу ер Пайғамбарлар маскани, ибодатгоҳи бўлган. 

Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва уларнинг ораларидаги Пайғамбарлар ҳам шу ерда яшаб, ўтганлар. Уларга Аллоҳнинг ваҳийси шу ерда тушган. Шунинг ўзи ҳам ҳар қандай баракотдан устундир. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бу жойни моддий томондан ҳам баракотли қилиб қўйган. Об-ҳавоси, зилол сувлари, серунум тупроқлари туфайли бу жойни серҳосил қилган.

«...мўъжизаларимизни кўрсатиш учун».

Исродан – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога кечаси сайр қилдиришдан мурод у зотга оят-мўъжизаларни кўрсатиш экан. 

Дарҳақиқат, бу ҳодиса асносида, хусусан, Меърожда Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпдан-кўп мўъжизаларни кўрсатди. Бу ҳақда «Нажм» сурасида шундай дейилади: 

«Роббининг улкан оятбелгиларини дарҳақиқат кўрди» (18-оят).

Аллоҳ таоло ким нима деганини эшитиб, ким нима қилганини кўриб, билиб турувчи Зотдир.

Ушбу ояти каримада келган маълумотлар муносабати билан икки нарса – Исро ва Меърож нима эканлигини ҳам тўла тушуниб олмоғимиз лозим. 

Исро, аввал айтилганидек, луғатда кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юришни англатади. 

Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришига Исро дейилади. 

Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. Ояти каримада «бандасини» деб таъкидланиши ҳам Исро ҳодисасининг ҳам жасад, ҳам руҳ билан бўлганлигини кўрсатади. Агар фақат руҳ билан бўлганида, «бандасининг руҳини» деган бўлар эди.

«Меърож» сўзи луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади.

Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога – Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига Меърож дейилади.

Муҳаддисларнинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳониъ бинту Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида Исро ҳодисаси бошланди. Ўша кечаси Буроқ номли ҳайвонга миниб, Байтул Мақдисга бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсангтош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба – гумбаз қурилган. Унинг думалоқ бино шаклидаги суратлари бутун дунёга тарқалган. Кўпчилик билмаганлар ўша бинони Масжидул Ақсо деб тушунадилар.

Меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жибрийл алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар бир осмонга етганда у киши эшикни очишни сўрар эдилар. Қўриқчи фаришталар:

«Ким?» деб сўрашарди. У киши:

«Жибрийл», деб жавоб берар эдилар. Улар: 

«Ёнингдаги ким?» деб сўрашарди. Жибрийл алайҳиссалом: 

«Муҳаммад», десалар, улар:

«Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими?» дея эшикни очиб, сўрашар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир осмонда бир Пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар. У зотнинг ўзлари Умму Ҳониъга қиссани тўлиқ сўзлаб бердилар: 

«Пайғамбарлар тўпландилар, уларга намоз ўқиб бердим», дедилар. Сўнгра масжидга чиқмоқчи бўлиб, ўринларидан турдилар. Умму Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сенга нима бўлди?» дедилар. Умму Ҳониъ: 

«Агар бу хабарни айтсанг, қавминг сени ёлғончига чиқаришидан қўрқаман», деди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ёлғончига чиқарса ҳам майли», дедилар. 

Чиқиб бориб, Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исронинг хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл: 

«Эй Бану Каъб ибн Луай жамоаси, келинглар!» деб бақирди. Сўнгра уларга бўлган гапни айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб, таажжубга тушдилар. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб, ҳайронлигини билдирди. 

Иймон келтирганлардан баъзилар муртад бўлиб, диндан қайтди. 

Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: 

«У зот шу гапларни айтдими?» деб сўрадилар. Улар: 

«Ҳа», дедилар. У киши: 

«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», дедилар. Улар: 

«Шомга бир кечада бориб, яна тонг отмай туриб, Маккага қайтиб келишига ишонасанми?!» де­йишди. Абу Бакр: 

«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди. 

Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу «Сиддиқ» – «Ўта тасдиқловчи» деб атала бошладилар.

Одамларнинг ичида Байтул Мақдисга борганлари бор эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжидни сифатлаб беришларини талаб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга масжид кўрсатилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни васф қила бошладилар. Улар: 

«Аммо васфини тўғри қилди», дедилар-да, сўнгра: 

«Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», де­йишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туяларнинг сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида: 

«Карвон фалон куни, қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», дедилар. 

Ўша куни ҳаммалари шаҳар четига чиқиб, карвоннинг келишини кута бошладилар. Улардан бири: 

«Мана, қуёш ҳам чиқди», деди. Бошқаси эса: 

«Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Муҳаммад айтганидек, олдинда кулранг туя келмоқда», деди. 

Аммо шундай бўлса ҳам, улар иймон келтирмадилар. Исро ҳодисаси буюк мўъжиза эди. Буни билгандан кейин ҳар қандай инсон иймон келтириши лозим эди. Лекин улар иймон келтирмадилар. 

Келинг, бу ажойиб қиссани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан қилинган ривоятлар асосида батафсил ўрганайлик.

 2732. Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Мен Байтнинг олдида уйқу билан уйғоқлик орасида (икки кишининг (амакилари Ҳамза ва амакиларининг ўғли Жаъфарнинг) ўртасида эканликларини зикр қилдилар) эдим. Менга бир олтин жом келтирилди. У ҳикмат ва иймонга тўла эди. Сўнгра томоқнинг пастидан қориннинг пастигача ёрилди. Кейин қорин Замзам суви ила ювилди ва ҳикмату иймонга тўлдирилди. Менга хачирдан кичикроқ, эшакдан каттароқ оқ улов – Буроқ келтирилди. Жибрийл билан жўнаб кетдим. Дунё осмонига етиб бордик. 

«Ким бу?» дейилди.

«Жибрийл», деди.

«Сен билан ким бор?» дейилди. 

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

«Ҳа», деди.

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Одамнинг олдига бориб, салом бердим. У:

«Хуш келибсан, ўғлим, пайғамбарим», деди.

Бошқа ривоятда айтилади:

«Дунё осмонига кўтарилсак, бир киши турибди. Унинг ўнг томонида одамларнинг қораси, чап томонида ҳам одамларнинг қораси кўринмоқда. У қачон ўнг томонига назар солса, кулади, чап томонига назар солса, йиғлайди. 

«Солиҳ набий, солиҳ ўғил хуш келибди!» деди у.

«Эй Жибрийл, бу ким?» дедим.

«Бу Одамдир. Унинг ўнг ва чап томонидаги қоралар унинг болаларининг руҳларидир. Уларнинг ўнг томондагилари аҳли жаннатдирлар. Чап томондагилар аҳли дўзахдирлар. У қачон ўнг томонига назар солса, куладир, қачон чап томонига назар солса, йиғлайдир», деди у.

Кейин иккинчи осмонга келдик.

«Ким бу?» дейилди.

«Жибрийл», деди.

«Сен билан ким бор?» дейилди.

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

«Ҳа», деди.

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Ийсо ва Яҳёнинг олдига бор(иб, салом бер)дим. Улар:

«Хуш келибсан, биродаримиз, пайғамбаримиз», дедилар.

Сўнгра учинчи осмонга келдик.

«Ким бу?» дейилди.

«Жибрийл», деди.

«Сен билан ким бор?» дейилди. 

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

«Ҳа», деди.

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Юсуфнинг олдига бориб, салом бердим. У:

«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.

Сўнгра тўртинчи осмонга келдик.

«Ким бу?» дейилди.

«Жибрийл», деди.

«Сен билан ким бор?» дейилди.

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

«Ҳа», деди.

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Идриснинг олдига бориб, салом бердим. У:

«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.

Кейин бешинчи осмонга келдик.

«Ким бу?» дейилди. 

«Жибрийл», деди. 

«Сен билан ким бор?» дейилди. 

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

«Ҳа», деди.

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Ҳоруннинг олдига бориб, салом бердим. У:

«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.

Кейин олтинчи осмонга келдик.

«Ким бу?» дейилди.

«Жибрийл», деди.

«Сен билан ким бор?» дейилди. 

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

(«Ҳа», деди)

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Мусонинг олдига бориб, салом бердим. У:

«Хуш келибсан, биродарим, пайғамбарим», деди.

Унинг олдидан ўтиб кетаётсам, йиғлади. Бас, унга:

«Нега йиғламоқдасан?» дейилди. 

«Эй Роббим! Мана бу йигит мендан кейин юборилган бўлса ҳам унинг умматидан жаннатга кирадигани менинг умматимдан жаннатга кирадиганидан кўпроқ экан», деди у.

Кейин еттинчи осмонга келдик.

«Ким бу?» дейилди.

«Жибрийл», деди.

«Сен билан ким бор?» дейилди.

«Муҳаммад», деди.

«У Пайғамбар этиб юборилдими?» дейилди.

(«Ҳа», деди.)

«Хуш келибди. Қандай ҳам яхши келувчи келди!» дейилди. 

Кейин Иброҳимнинг олдига бориб, салом бердим. У:

«Хуш келибсан, ўғлим, пайғамбарим», деди.

Шунда менга Байтул Маъмур кўрсатилди. Жибрийлдан сўрадим. У:

«Бу Байтул Маъмурдир. Ҳар куни унда етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Қачон чиқсалар, унга (иккинчи бор) қайтиб келмаслар. (Бу) уларнинг охирги (киришлари) бўлур», деди. 

Менга Сидратул Мунтаҳа кўрсатилди. Қарасам, унинг меваси худди Ҳажарнинг улкан кўзасидек келар экан. Унинг барглари эса филларнинг қулоғидек. Унинг остида тўрт дарё бор. Икки дарё ботин. Икки дарё зоҳир. Жибрийлдан сўрадим. Бас, у:

«Икки ботини жаннатдадир. Икки зоҳири Нил билан Фуротдир», деди. (Нил Миср ерларида, Фурот эса Ироқ ерларидадир).

Бошқа бир ривоятда:

«Сўнгра мени юқорига, қаламларнинг шитирлашини эшитсам бўладиган жойга олиб чиқилди. Кейин менга эллик намоз фарз қилинди. Юриб, Мусонинг ҳузурига келдим. Бас, у:

«Нима қилдинг?» деди.

«Менга эллик намоз фарз қилинди», дедим.

«Мен одамларни сендан кўра яхшироқ биламан. Бану Исроил билан жуда кўп муолажа қилганман. Умматинг тоқат қила олмайди. Роббингга қайтиб, Ундан енгилликни сўра», деди. 

Мен Унга қайтиб бориб, сўрадим. Қирқта қилди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра ўттизта бўлди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра йигирмата қилди. Кейин яна шунга ўхшаш бўлди. Сўнгра ўнта қилди. Кейин Мусога келдим. Бас, у яна аввалгига ўхшаш гап айтди. У Зот бешта қилди. Кейин Мусога келдим. Бас, у:

«Нима қилдинг?» деди.

«Уни бешта қилди», дедим. У яна аввалгига ўхшаш гап айтди. Мен:

«Хайрли нарсага таслим бўлдим», дедим. Шунда:

«Батаҳқиқ, Мен фарзимни жорий қилдим. Бандаларимдан енгиллатдим. Бир яхшиликнинг мукофотини ўн қилиб берурман», деб нидо қилинди» дейилган.

Бухорий «Яратишнинг бошланиши»да, Муслим эса «Иймон»да ривоят қилганлар.

Унинг ибораси қуйидагича:

«То «Эй Муҳаммад! Булар бир кечаю бир кундузда беш намоздир. Ҳар бир намозга ўнта. Ҳаммаси элликта» дегунича Роббим таборака ва таоло билан Мусо алайҳиссаломнинг ораларида бориб келавердим».

Шарҳ: «Байтул маъмур» – «Обод уй»нинг нима эканлигини билиш учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат қилиб кўрамиз. 

Суддий айтадиларки, «Бизга зикр қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бир куни саҳобаларига: 

«Обод уй нима, биласизларми?» дебдилар. Улар: 

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дейишибди. Шунда у зоти бобаракот: 

«У осмонда, Каъбанинг қоқ тепасидаги масжиддир. Агар қуласа, Каъбанинг устига тушадир. Унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийдир. Улар бир кириб, чиққанларидан сўнг яна қайтиб кира олмайдилар», дебдилар».

Аввал ўрганиб ўтганимиздек, Байтул маъмурнинг зикри Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро кечасидаги ҳадисларида ҳам келади. У зот мазкур кечада ўша уйни кўрадилар ва фаришталарнинг тавоф қиладиган жойи Байтул маъмур эканлигини айтадилар. Яна у уйга Иброҳим алайҳиссаломнинг суяниб ўтирганларини кўрганликларини ҳам айтганлар.

Бу ҳақдаги барча ривоятларни тўплаб, ўрганилгандан сўнг хулоса қилиб айтиш мумкинки, Байтул маъмур еттинчи осмонда, Каъбаи Муаззаманинг тепасидаги бир уйдир (масжиддир). Уни ҳар куни етмиш минг фаришта тавоф қилади ва уларнинг кўплигидан бир тавоф қилгани яна қайтиб кира олмайди. Каъбатуллоҳ ерда қандай улуғланса, Байтул маъмур ҳам осмонда шундай улуғланади.

Сидратул мунтаҳо ва меърождаги бошқа нарсалар ҳақида Қуръони Каримда ҳам маълумотлар бор. Келинг, улар билан қисқача танишиб чиқайлик.

Келгуси оятларда зикр этиладиган нарсалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун Меърож кечасида содир бўлган эди.

«Ва уни бошқа сафар дарҳақиқат кўрди.

Яъни Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Жибрийлни яна бир марта «Сидратул мунтаҳо (интиҳо дарахти) олдида» кўрдилар. 

«Сидра» – дарахт, «мунтаҳа» – интиҳо, тугаш демакдир. 

Бу дарахтнинг «Сидратул мунтаҳа», яъни «тугаш дарахти» деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос. Ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан.

«Унинг ҳузурида маъво жаннати бор». 

Яъни, тугаш дарахтининг олдида тақводорларга ваъда қилинган Жаннати маъво исмли жаннат бор.

«Ўшанда дарахтни ўрайдиган нарса ўраб туради».

«Ўрайдиган нарса»нинг нима эканлиги ҳақида оятда очиқ айтилмаганлиги учун тафсирчилар бу ҳақда турли фикрларни билдирганлар. Жумладан, «Аллоҳнинг нури» ёки «Фаришталар» ҳам дейилган.

Лекин оятда муайян бир нарса айтилмаганлигининг ўзи «ўрайдиган нарса» васфдан ташқари улкан эканлигига далолат қилади.

Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятларида «Пайғамбар алайҳиссалом Исро кечаси тугаш дарахтига бориб етдилар, у еттинчи осмонда эди. Ердан чиққан нарсалар ҳам, юқоридан тушган нарсалар ҳам унга етиб, тўхтайди. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссаломга беш вақт намоз, «Бақара» сурасининг охири, умматларидан ширк келтирмаганларининг мағфират қилинишининг хабарлари берилган», де­йилган.

«Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам».

Яъни Муҳаммад алайҳиссаломнинг нигоҳлари бурилиб, меърожда ортиқча нарсаларни кўрганлари йўқ. Шунингдек, ҳаддиларидан ошиб, амр бўлмаган нарсаларни ҳам кўрганлари йўқ.

«Роббининг улкан оятбелгиларини дарҳа­қиқат кўрди» («Нажм» сураси, 13–18-оятлар). 

Муҳаммад алайҳиссалом меърож кечасида Аллоҳнинг қудратига далил бўлувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннатни, дўзахни, Обод уй, яъни Байтул маъмурни, ўтган пайғамбарларни, Жибрийл алайҳиссаломнинг асл ҳолатларини ва бошқаларни кўрдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломга ғайбга тааллуқли мазкур нарсаларнинг кўрсатилишида ҳикмат кўп. Жумладан, у зот кишиларни даъват қиладиган нарсаларини ўз кўзлари билан кўриб, қалбларида тасдиқлаб олсалар, даъват осон кечади. Халойиққа ҳужжат келтириш осон бўлади, мўминларнинг қалблари таскин топади ва ҳоказо.

Муҳаммад алайҳиссалом кишиларни ўз кўзлари билан очиқ-ойдин кўрган, қалблари ишонч ила тасдиқлаган ҳужжатли ва далилли нарсага чақирганлар.

2733. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қурайш мени Исро ҳақида ёлғончи қилганида ҳижрда (Каъбанинг ёнидаги бўшлиқда) турдим. Аллоҳ менга Байтул Мақдисни кўрсатди. Унга қараб туриб, уларга унинг белгилари ҳақида хабар қила бошладим», дедилар».

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида ҳеч қачон Байтул Мақдисни кўрмаган эдилар. Исро воқеасидан сўнг уни кўрганларини айтдилар. Табиийки, кофирлар у зотни ёлғончига чиқариб, Байтул Мақдисга борганларига ишонмаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ёрдами билан уни васф қилиб беришлари Исро ҳақидаги даъволарига далил бўлган.

2734. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзимни ҳижрнинг ёнида кўрдим, Қурайш мендан Исро қилган жойим ҳақида сўрарди. Бас, улар мен аниқ кўрмаган нарсаларим ҳақида сўраб қолдилар. Қийин ҳолга тушиб қолдим. Бундай қийин ҳолга ҳеч қачон тушмаган эдим. Шунда унга қараб туришим учун Аллоҳ уни менга кўрсатди. Нима ҳақида сўрасалар, ўша ҳақда жавоб беравердим. 

Батаҳқиқ, ўзимни анбиёлар жамоасида кўрдим. Қарасам, Мусо тик туриб, намоз ўқимоқда. Жисми енгил, жингалаксоч киши экан. Худди Шануъа­нинг эркакларига ўхшайди. Қарасам, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом тик туриб, намоз ўқимоқда. Одамларнинг ичида унга энг ўхшаши Урва ибн Масъуд ас-Сақафийдир. Қарасам, Иброҳим алайҳиссалом тик туриб, намоз ўқимоқда. Одамларнинг ичида унга энг ўхшаши соҳибингиздир (яъни соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари). Шунда намоз вақти бўлиб қолди. Мен уларга имом бўлдим. Намоздан фориғ бўлганимда биров:

«Эй Муҳаммад, мана бу Моликдир, дўзахнинг соҳиби. Унга салом бер», деди. Бурилиб, Унга қараган эдим, аввал У менга салом берди», дедилар».

Иккисини Муслим «Иймон» китобида ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Исро ва Меърож орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий йўлбошчи эмас, балки анбиёлар жамоасининг аъзоси эканликларини эълон қилди. У кишининг баъзи давлат ёки баъзи халқ учун курашадиган шунчаки бир бошлиқ эмас, балки самовий таълимот орқали бутун дунёни икки олам саодатига бошловчи хотимул анбиё эканликларини эълон қилди.

Исро ва Меърож Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳзунликдан чиқишлари учун туртки бўлди. У зот энди ўзларини тамоман бошқача тута бошладилар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қабасотун мин ҳаётир Росул 4қисмРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингҳаётларини ўрганиш САБР Эй иймон келтирганлар Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. давоми...

4148 20:24 / 28.04.2017
. .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Намознинг калити покликдир, унинг ҳаром қилиши такбирдир ва ҳалол қилиши давоми...

2173 13:01 / 12.07.2020
301. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз таҳорат қилса, бурнига олган сувни чиқариб ташласин, ким тош давоми...

6175 15:40 / 06.12.2019
751. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Албатта, мўмин ўзининг гўзал хулқи билан рўза тутувчи ва бедор давоми...

2646 19:00 / 05.08.2022