1446 йил 23 шаввол | 2025 йил 21 апрель, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари

15:04 / 15.11.2018 2857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Ўшанда Аллоҳ: «Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз», – деб набийларнинг аҳду паймонини олган, «Иқрор бўлдингизми? Ана ўша асосда масъулиятли аҳдимни қабул қилдингизми?» – деган эди. (Улар:) «Иқрор бўлдик», – дедилар. (У Зот:) «Бас, гувоҳ бўлинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳларданман», – деди», деган («Оли Имрон» сураси, 81-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти каримада ажойиб бир кўриниш васф этилмоқда: ҳамма пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида тўпланганлар. Бу улкан йиғилишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарларнинг ўзларини гувоҳ қилиб туриб, Ўзи ҳам бу гувоҳликка қўшилиб туриб, улардан ишончли, тацкидланган аҳду паймон олмоқда. Бу ишончли, таъкидланган аҳду паймонга биноан, Аллоҳ таоло китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқлаб келган Пайғамбарга, албатта иймон келтиради ва албатта, унга ёрдам беради.

Шу ўринда «Олдин ўтган Пайғамбар ўзидан кейин келган Пайғамбарга қандай қилиб иймон келтириб, қандай қилиб ёрдам беради?» деган бир савол туғилади. Жавоб шуки, Аллоҳ китоб ва ҳикмат берган ҳар бир Пайғамбар ўз умматини ўзидан кейин унинг пайғамбарлигини тасдиқловчи Пайғамбар келса, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш руҳида тарбиялайди. Умматларининг иймон келтиргани унинг иймон келтиргани, умматларининг ёрдам бергани унинг ёрдам берганидир.

Бунга Аллоҳ Пайғамбарларнинг аҳду паймонини олди ва яна таъкидлаш учун:

«Иқрор бўлдингизми? Ана ўша асосда масъулиятли аҳдимни қабул қилдингизми» деди.

«(Улар:) «Иқрор бўлдик», – дедилар».

Демак, пайғамбар алайҳиссаломлар ўз умматларини ўзларидан кейин келадиган пайғамбарга иймон келтириш ва унга ёрдам бериш руҳида тарбиялаб келганлар. Уларнинг барчалари бир силсиланинг ҳалқаларидир.

Шу билан бирга, тафсирчи олимларимиз «Сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдир», деганлар. Зеро ҳар бир пайғамбар «Мабодо, мендан кейин Муҳаммад алайҳиссалом менинг пайғамбарлигимни тасдиқлаб келса, албатта, унга иймон келтирасизлар ва ёрдам берасизлар», деб кетган. Муфассирларимиз бу фикрларини Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қилинган ривоятлар билан тасдиқлайдилар.

Али ибн Абу Толиб ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Аллоҳ Пайғамбарлардан ҳар бирини юборишдан олдин албатта, ундан «Агар Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборганда у тирик бўлса, албатта, унга иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олди. Ҳамда уни ўз умматидан Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилганларида тирик бўлсалар, у кишига албатта, иймон келтириш ва ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олишга буюрди».

Буларнинг ҳаммаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазийлатлари қанчалик устун эканлигини кўрсатади. Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан у зотга иймон келтириш ва у зотга ёрдам бериш ҳақида аҳду паймон олганидан кейин, Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатлари барчадан устун бўлмай, кимники устун бўлсин?!

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг афзаллари ҳисобланадилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эса афзалларнинг афзали ҳисобланадилар.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
318. Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, унга Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтган .Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши давоми...

5582 13:40 / 24.01.2020
885. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мадинада бир уй кечаси аҳли билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

2446 19:00 / 21.04.2023
689. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам БайтулМақдис томонга қараб намоз ўқир эдилар. Шунда .Гоҳо юзингнинг давоми...

3203 18:30 / 18.03.2022
467. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Ҳамза ибн Амр Асламий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга .Сафарда рўза тутайми, деди. У кўп рўза тутарди. .Истасанг, давоми...

1180 19:00 / 26.07.2024