1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

15:54 / 28.04.2017 56676 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИ

Биринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади: «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди. Улар: «Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ва ҳолбуки, биз Сенга тасбиҳ, ҳамд айтиб ва Сени улуғлаб турибмиз», дедилар. У: «Мен, сиз билмаганни биламан», деди (30 - оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги ўринбосари–халифаси бўлишини ирода этгани маълум бўляпти. Демак, инсонга улкан ишонч билдирилган, у улуғ Аллоҳнинг халифаси бўлишдек олий мақомга лойиқ кўрилган. Бундай марҳаматнинг ўзига яраша буюк масъулияти ҳам бор. Инсон шуни англаган ҳолда, уни халифа қилиб қўйган зотнинг топшириқларини бажармоғи, яратган зот муносиб кўрган олий мақомга доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи керак.
Фаришталарнинг:
«Унда фасод қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан?» деган гапларидан улар ўзларигагина маълум йўл билан инсон ер юзида фасод, бузғунчилик қилиши ва қон тўкишини билишгани, айни чоғда, улар фаришталик табиати билан, ўзлари айтиб турган тасбиҳу ҳамдларни ва қилиб турган улуғлашларни ушбу маҳлуқотларнинг яратилиш мақсади, деб билишгани маълум бўлмоқда.
Аммо Аллоҳнинг илми бошқа, фаришталар буни билмайдилар.
«Мен, сиз билмаганни биламан», деди Аллоҳ таоло.
Яъни, одамлардан баъзиларининг бузғунчилик қилиши ёки қон тўкиши ер юзида халифа яратиш иродасига тўсиқ бўла олмайди.
Шунингдек, фаришталарнинг тасбиҳ ва ҳамд айтиб, Аллоҳни ҳамиша улуғлаб туришлари ҳам улардан бошқа мавжудодни яратишдан тўса олмайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло фаришталарнинг эътирозларига қарамай,
«Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди». (Роҳман сураси 14 оят)
Бу оятда «инсонни» деганда Одам ота назарда тутиляпти. «Қуриган лой» деб таржима қилган иборамиз оятда «солсол» деб келган. Солсол деб лойнинг қотиб, чертса овоз чиқарадиган бўлиб қолган ҳолига айтилади.
Ушбу оятда зикр қилинган ҳолат Аллоҳ таоло Одамни яратишининг турли босқичларидан биридир. Тупроқдан лой қилиниб, уни одам шаклига келтириб, сўнгра руҳ киритилган.
Қуръон таъкидлашича инсонни йўқдан бор қилган зот уни тупроқдан яратган Аллоҳдир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибалардан исботланишча, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калсий, хлор, темир, мис, йўд, алумин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор. Тупроқдан борлиқнинг энг улкан мўъжизалардан бири бўлган инсонни, унинг фикри, руҳи, ҳис-туйғулари, асаблари ва ҳозиргача инсоннинг ўзи ҳам тушуниб етмаган ажойиботлари билан ким ярата олади? Бу ишни фақат Роҳман сифатига эга бўлган қудратли Аллоҳгина қилиши мумкин.

ОДАМГА УЛУҒ МАРТАБА БЕРИЛИШИ

Ҳа, Роҳман сифатли Аллоҳ таоло тупроқдан инсон яратди
«Ва У зот Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини менга айтиб беринг», деди». (Бақара сураси 31 оят)
Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берганлиги ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни, инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади.
Акс ҳолда, бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмасди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлар эди.
Ривоятларда келишича, бунинг исми от, буниси туя, манави қуёш, бу эса юлдуз, деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни, одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабаблардан бири–илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсон илми ила борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.
Аллоҳ таоло одамга исмларнинг барчасини ўргатгандан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва, ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми, деган даъволаринг рост бўлса, ушбу нарсаларни исмларини менга айтиб беринглар, деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:
«Улар: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан», дедилар». (Бақара сураси 32 оят)
Фаришталар бу ерда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз, билмаймиз, деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида билмайман дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.
Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси–одамнинг фазлини изҳор қилиш учун:
«Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер», деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, «Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмагану беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим», деди». (Бақара сураси 33 оят)
Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин.

ОДАМГА САЖДА ҚИЛИШ ҲАҚИДАГИ ФАРМОН

Ушбу мавқифда хусусан одамнинг фазли фаришталар кўз олдида намоён бўлгандан кейин Аллоҳ таоло фаришталарга қуйидаги фармонни берди:
«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди». (Бақара 34 оят)
Фаришталарга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни-Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.
Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки уларнинг фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади. Ушбу иборадан келиб чиқиб, баъзилар: «Иблис аслида фаришталардан эди, аммо амрга итоат этмай, одамга сажда қилмагани учун уларнинг сафидан чиқарилган», дейишади. Аслида ундай эмас. Иблис асли жиндан бўлган, бу ҳақда оят бор. Қолаверса, Қуръони Карим оятида айтилганидек, фаришталарда Аллоҳнинг амрига исён қилиш табиати йўқ. Шундан, Аллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрган пайтда Иблис ҳам ўша жойда ҳозир бўлган, деб хулоса қилса бўлади.
Ҳа, Аллоҳ таоло Одамга сажда қилишга амр қилганда:
«Бас, фаришталар барчалари жамланиб, сажда қилдилар».
Бу сажда ибодат саждаси эмас, балки табрикдир.
«Магар Иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, Одамга сажда қилмади. У мутакаббирлик қилиб, ўзини юқори тутди. Шунинг учун кофирлардан бўлди. Аллоҳнинг амридан бош тортиб, сажда қилмаганлар кофир бўладилар.

ИБЛИС ГУНОҲИНИ ЭЪТИРОФ ҚИЛМАДИ

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани дақиқ жойларигача билгувчи зотдир. У зот Иблиснинг Одамга нима учун сажда қилмаганини билиб турса ҳам унинг дилидагини тилига чиқариш учун сўради.
«У зот: «Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди».
Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган зот. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган Иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло:
«Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?!» деб сўрамоқда.
Қани айтчи! Нима учун Одамга сажда қилмадинг?! Нима?!
«Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди».
Мен Ўз қўлим билан яратган жонга–Одамга сажда қилмаганингни сабаби нима? Мутакаббирлик қилдингми?! Кибру ҳавога берилдингми? Айт-чи, боиси не?! Ёки олий даражалилардан бўлиб, бўйсунмайдиган бўлиб қолдингми?!
Аввал айтилганидек, Аллоҳ таоло нима учун Иблиснинг Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо Иблисга айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун бу саволни берди. Натижада Иблиснинг дилидаги марази тилига чиқди.
«У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан», деди».
Бу жавобдан Одамга Аллоҳ таоло томонидан берилган мартабага Иблис ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.
«Мен ундан яхшиман».
Ҳамма балонинг боши «мен, мен», дейишликда.
Иблис, мен одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан, деб бош тортди.
«Мени оловдан яратгансан».
Уламоларимиз Иблиснинг шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтадилар. Иблис фаришталардан эди, деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга амр этганида, у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Бадбахт Иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган одамга сажда қилмасликни, Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортишни раво кўрди.
«Уни лойдан яратгансан», деди».
Лаънати Иблис ким нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканини тан олгиси келмади. Шунда:
«У зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан.
Ва, албатта, сенга жазо кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди».
Аллоҳ таоло, эй Иблис, сен энди жаннатдан чиқ! Бас, энди сен, албатта, лаънатланган–раҳматимдан қувилгансан! Ва, албатта, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бардавом бўлгай, деди.
«У: «Эй Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!» деди».
Иблис Аллоҳ таолога ёлбориб, одамлар қайта тирилтириладиган қиёмат кунигача бу дунёда туришга муҳлат сўради. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат юзасидан Иблисга ўша кунгача муҳлат беришга У зотнинг иродаси кетди.
«У зот: «Сен муҳлат берилганлардансан,
«Маълум вақт кунигача», деди».
Эй Иблис, сен келиш вақти маълум қиёмат кунигача муҳлат берилганлар қаторидасан.
«У: «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан.
Магар улардан танланган бандаларинггина (иғвога учмас)», деди».
Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса, Иблиснинг иғвосига учраши турган гап. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Иблиснинг ўзига ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган.
«У зот: «Ҳақ шулки, зотан Мен фақат ҳақни айтурман.
Албатта, Мен жаҳаннамни сен ва улардан сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди». (Сод сураси 73-85 оят)
Аллоҳ таоло ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб қўйди. Эй Иблис, сен одамларни иғво қилавер, улардан хоҳлаганлари сенга эргашаверсинлар. Аммо сен ҳам билиб қўй, улар ҳам билиб қўйсинларки, Мен, албатта, сени ҳам, сенга эргашганларни ҳам жаҳаннамга тиқиб, уни сизлар билан тўлдираман, деди ва Иблисни жаннатдан қувиб чиқарди.
Иблис билан инсон орасида душманлик шундан бошланади. Бу душманлик, яхшилик вакили ила ёмонлик вакилининг курашига айланди.

ОДАМ ЗАВЖИ ИЛА ЖАННАТДА

Кейин Аллоҳ таоло Одамнинг қовурғасидан унинг жуфти Ҳавони яратди.
«Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик». (Бақара сураси 35 оят)
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Одамга яна бир бор улуғ марҳамат қилди: жуфти Ҳаво билан унга жаннатдан жой ато этди ва у ерда фароғатда яшашини таъминлади.
«Мана бу дарахтга яқин келманглар», деганидан, уларга ҳамма нарсадан тановул қилишга рухсат бўлган-у, фақатгина битта дарахтдан тановул қилишга рухсат бўлмагани маълум бўлади. Бу-инсон ҳаётида ман қилинган нарсалар намунасидир. Аллоҳ таолонинг инсонга баъзи нарсаларни ман қилиши-иродани мустаҳкамлаш учундир. Агар ман қилиш бўлмаса, инсон билан ҳайвоннинг орасида фарқ қолмайди. Инсон ўзига жон, ақл, илм берган Аллоҳга аҳду паймон қилган, ўша аҳду паймонга вафо қилиши учун унга сабр-матонат, ирода керак, бу нарсалар эса, ман қилиш билан ҳосил бўлади. Сабр-матонатли, иродали кишилар Аллоҳ ман қилган нарсалардан ўзларини сақлаб турадилар. Ҳавою нафсига банда бўлганларнинг эса, ҳайвондан фарқи йўқ. Улар ман қилинган нарсадан ўзларини тийиб тура олмайдилар.
Аллоҳ таоло жаннатдаги ҳамма меваларга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини ман қилганидек, бу дунёда ҳамма нарсага рухсат бериб, фақат саноқли нарсаларни–инсоннинг ўзига зарарли нарсаларни ман қилган.
Ман қилинган дарахт қайси дарахт эканлиги ҳақида узундан-узоқ тортишишлар бўлган. Ҳар ким ўзи билган дарахтнинг номини айтган ва ушбу гапни тасдиқлаш учун далил ва ҳужжатлар келтиради. Аммо тўғрисини айтганда, бировга ўша дарахтнинг исмини билиш билан фойда ёки билмаслик билан зарар етмайди. Агар уни билиш зарур бўлса, Аллоҳ Қуръонда ёки Пайғамбаримиз ҳадисларида айтган бўлур эди.
Аллоҳ таоло оятнинг охирида,
«Ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик», демоқда.
Шундан кўринадики, шариатнинг амридан чиқишлик зулм экан. Зулм эса, катта гуноҳ. Ким Аллоҳнинг айтганида юрмаса, у кимса золимлардандир.

ШАЙТОН ВАСВАСАСИ

Шайтон ана ўша золимларнинг биринчиси ва энг каттасидир. У ўзига зулм қилгани етмай, ўзининг Аллоҳ таолонинг амридан чиққани етмай Одам билан Ҳавони ҳам Аллоҳ таолонинг амридан чиқишга чорлай бошлади.
«Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди». (Аъроф сураси 20 оят)
Шайтон, асосан, инсонни шарманда қилиш, унинг айбини–авратини очиш учун жидду жаҳд этади. Аммо ниятини яшириб, инсоннинг заиф томонидан ҳужум қилади, ундаги шаҳват ва ҳавас оловини алангалатади. Бу ҳақиқатни ушбу ояти карима исботлайди.
«Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди».
Бурун уларнинг авратлари ёпиғлик ҳолда эди. Аммо, кейин келадиган оятларнинг бирида гувоҳлик берилишича, Одам ва Ҳаво шайтон қутқусига учганларидан сўнг, уларнинг авратлари очилиб қолди. Албатта, бу ерда ҳиссий авратлари назарда тутилган. Аммо одам зурриётидан ким шайтон васвасасига учса, унинг маънавий айблари ҳам очилади.
Шайтони лаъин Одам билан Ҳавонинг энг нозик жойларидан тутди:
«Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди».
Одам доимо қудратли, хоҳлаган ишини уддалайдиган, бошқа нарсалар таъсирига берилмайдиган бўлишни истайди. Маълумки, фаришталарда ушбу хусусиятлар мавжуд. Шунинг учун ҳам шайтон Одамни васваса қилишда ушбу заиф томонидан келди. Агар ушбу дарахтдан тановул этсангиз, фаришта бўласиз, шу боисдан Аллоҳ сизларни бу дарахт мевасини ейишдан ман этмоқда, деди.
Шунингдек, одам ўзи эришган олий мақомда абадул абад қолишни, таъбир жоиз бўлса, дунёнинг якка-ёлғиз устуни бўлишни доимо орзу қилиб келган. Шайтон унинг бу заиф жиҳатларини яхши билади. Шу сабабли Одамга, жаннатда абадий қолмаслигингиз учун Роббингиз сизни ушбу дарахтдан тановул этишни ман қилди, деб қутқу солди. У ўз васвасасини ҳақиқат суратида кўрсатиш учун:
«Уларга: «Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман», деб қасам ичди». (Аъроф сураси 21 оят)
Яъни, Шайтон ўзининг иғво ва қутқусини Аллоҳнинг номи билан собит этди. Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб ўз иғвосини насиҳат, деб атади.

ОДАМ ВАСВАСАГА УЧДИ

Шайтон ўзининг ушбу иғвоси ила:
«Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди». (Аъроф сураси 22 оят)
Шайтон мақсадига етди. Нишонга бехато урди. Одам ато ва Момо Ҳавони алдаб, ўз йўлига солди ва ниҳоят уларни гуноҳкор қилиб, мартабасини пастлатди. То ўша дамгача уларнинг авратлари берк яратилгани учун кўринмас эди. Шайтонинг иғвосига учиб,
«Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди».
Бу уларнинг гуноҳкорлик ва айбдорлик белгиси бўлди. Уларнинг нигоҳи бир-бировларининг авратига тушди. Буни сезишлари билан дарҳол:
«ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар».
Яъни, улар баргларни бир-бирига улаб, авратларини тўсдилар. Ана шундай ҳижолатли ва шармандали ҳолда турганларида:
«Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди».
Яъни, Аллоҳ таоло Одам ва Ҳавога тақиқланган ишни қилиб, гуноҳор бўлганларини билдириб, итоб этди. Бурун Иблис алайҳилаънага ҳам амрини бажармаганини эслатиб, итоб қилган эди.

ТАВБА ҚИЛИНДИ

Аммо Одам билан Ҳаво ўзларини Иблис алайҳи лаъна каби тутмадилар, икковлари дарҳол гуноҳларига иқрор бўлдилар ва:
«Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар. (Аъроф сураси 23 оят)
Улар, Иблис алайҳи лаъна каби, гуноҳ қилиб қўйиб, яна такаббурлик билан баҳона ахтариб, ўзларини оқлаш ва даъво қилишга зўр бермадилар. Балки нажот йўлини ихтиёр қилдилар. Дарҳол айбларини бўйинларига олиб, гуноҳларига иқрор бўлдилар. Ўзларини хору ҳақир тутдилар. Аллоҳнинг Ўзи гуноҳларини кечмаса, уларга раҳм қилмаса, аҳволлари чатоқ бўлишини очиқ-ойдин айтдилар. Аслида, инсоннинг нажот топишига омил бўлган ҳодисанинг ўзи шу. Чунки шайтон алайҳи лаъна ҳам, инсон ҳам даставвал хатога йўл қўйдилар. Аммо оқибат натижа икки хил бўлиб чиқди. Шайтон лаънатга гирифтор бўлди. Инсон раҳматга эришди. Уларнинг бу мартабаларига гуноҳдан кейинги ҳолатлари сабаб бўлди. Гуноҳкор шайтон кейин ҳам кибру ҳавони тарк этмади. Гуноҳига иқрор бўлиб, тавба қилмади. Боз устига, ўз қилмишини тўғри деб даъво қилди. Одам эса, дарҳол тавба қилди ва Аллоҳ таолодан мадад истади. Шундай қилиб, ҳар икковининг ҳам ҳақиқий табиати юзага чиқди. Хусусиятлари намоён бўлди.

ЖАННАТДАН ТУШИШГА АМР

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисга хитоб қилиб:
«У зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди.
У зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди». (Аъроф сураси 24-25 оят)
Аллоҳ таоло Одам, Ҳаво ва Иблисни жаннатдан ер юзига тушишга амр қилди.
Жуда қадим даврлардан бошлаб, ўша жаннат қаерда эди, қандай эди, каби саволлар ва уларга жавоблар ғоят кўп бўлган. Бунга талай умр, заковат, вақт ва бошқа имкониятлар зое этилган. Бугун ҳам бу масалаларда «ёқа бўғишаман» деганлар хоҳлаганча топилади. Аммо улар бу илоҳий сирнинг сўнгига ета олмайдилар. Фаразан етсалар ҳам, бундан нима фойда? Агар ўша жаннатнинг қаерда эканини, унда шайтон алайҳи лаъна қай ҳолда Одам ато билан Момо Ҳавога қутқу солганини айнан билиш мусулмонларга манфаатли бўлганида, Аллоҳ таолонинг Ўзи бундан огоҳ этар ёхуд излаб топишга амр қилар эди. Аллоҳ таоло бундай қилмади. Демак, уни топишга уринишнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ. Муҳими, уларнинг жаннатдан ер юзига тушишлари экан, Аллоҳ Ўз китобида бу ҳақда зикр қилди. Ана шуни билсак бўлди. Улар жаннатдан ер юзига туширилганларида:
«Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар», дея амр бўлди.
Яъни, Одам алайҳиссалом билан шайтон алайҳи лаъна ер юзига бир-бирларига душман бўлган ҳолларида тушдилар ва қиёматга довур душман бўлиб қолдилар. Шайтон одамнинг сабабидан саждадан бош тортиб, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлди ва қиёматгача уни иғво қилишга аҳд қилди. Унинг табиати ёмонликдангина иборат. У доимо Одамга душманлик қилади.
Одам шайтоннинг васвасасига учиб, Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлди. Сўнгра тавба қилиб, Аллоҳга илтижо этди. Демак, Одамнинг асл табиатида яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор. Яхшилик йўлини тутса, Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, шайтондан юз буради. Ёмонликни ишга солса, шайтоннинг йўлидан юради. Қиёматгача шундай бўлиб қолаверади. Аллоҳ уларга шуни раво кўрган:
«Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор».
Улар қиёматгача ер юзида яшаб, ундаги бор неъматлардан ризқланиб турадилар. Аллоҳ таоло Одам болаларининг ер юзида истиқомат қилиб, умри тугагач ўлиб, қайта тирилишларига ишора этаркан:
«Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар, деди».
Шундай бўлмоғи муқаррар. Қайта тирилганларида ер юзида қилган амаллари эвазига мукофот ёхуд жазо оладилар, жаннат ёки дўзахга дохил бўладилар.

ОДАМНИНГ ТАВБАСИ ҚАБУЛ БЎЛДИ

Аллоҳ таоло Одам боласини ер юзида хоҳлаганча кунингни кўравер деб ўз ҳолига ташлаб қўйган эмас, балки унга энг зарур неъматларни ато айлаган, ҳатто тавба қилиш учун зарур калималарни ҳам Ўзи ўргатган:
«Бас, Одам ўз Роббисидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир». (Бақара сураси 37 оят)
Тафсирчиларимиз, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шу пайтда Одам алайҳиссаломга илҳом орқали маълум сўзларни берди, Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олиб айтди, шундан кейин Аллоҳ унинг гуноҳидан кечди, деб тушунтирадилар. Момо Ҳаво ҳам гуноҳ содир этилишида Одам ота билан бирга бўлишига қарамай, бу мақомда зикр қилинмаганининг сабаби–у киши Одам алайҳиссаломга эргашганлиги учун Одамнинг зикри билан кифоя қилинди.
Уламоларимиз, Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган калималар кейинроқ келадиган: «Роббана заламнаа анфусана» дея бошланувчи ёлбориш калималари эди, деганлар. Оятнинг охирида Аллоҳ таолонинг тавбани қабул қилувчилик сифати:
«Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли зотдир», деб зикр қилинишидан ўша сўзларда тавба ўз аксини топганлиги билиниб турибди.
«Биз: «Ундан ҳаммангиз тушинг. Бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», дедик». (Бақара 38 оят)
Яъни, Аллоҳ таоло:
«Ҳаммангиз жаннатдан тушинг», деди.
Бу фармоннинг яна бир такрорланиши, таъкид учундир.
«Бас, Мендан сизга ҳидоят келажак».
Аллоҳдан бандаларига келадиган ҳидоят Пайғамбар ва илоҳий китоблардан иборат бўлади. Демак, Аллоҳ ҳидоятга йўллашини, Пайғамбар ва китобларини юбориб туришини аввал бошданоқ айтиб қўйган. Одамлар ушбу илоҳий ҳидоятга бўлган муносабатларига қараб турли мартабаларга бўлинади.
«Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар».
Яъни, Ким Аллоҳнинг ҳидоятига–Пайғамбарига ва китобига эргашса, уларга келажакда ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва улар аввал бўлиб ўтган ишлардан хафа ҳам бўлмайдилар.
Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримада:
«Бас, Мендан сизга ҳидоят келажак. Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар», деганида келажакда Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига ишора бор эди ва дарҳақиқат шундоқ бўлди ҳам.
Аллоҳнинг амри ила ер юзига тушганларидан кейин Одам ота ва Момо Ҳаво кўплаб фарзандлар кўрдилар. Ривоятларда келишича Момо Ҳаво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша пайтдаги имконлар ҳисобга олиниб, биринчи жуфтликдаги ўғил қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қурушлари мумкин эди. Шундоқ тариқа ила одам зоти кўпайиб борди ва оталари Одам ота уларга пайғамбар бўлдилар.
Одам отанинг пайғамбар бўлганларига Қуръони Каримдан ва ҳадиси шарифдан далиллар бор.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида айтадики:
«Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди». (33 оят)
Тоҳо сурасида эса:
«Сўнгра Робби уни танлаб олди, бас, тавбасини қабул қилди ва ҳидоятга бошлади», деган. (122 оят)
Имом Термизий Абу Ҳурайра розиялоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни мен Одам фарзандиннинг саййидидирман ва фахрланиш эмаску, қўлимда ҳамд байроғи бўладир. Ҳеч бир набий йўқки; Одамми, ундан бошқасими, ҳаммаси менинг байроғим остида бўлмаса. Фахр эмаску, мен устидан қабр биринчи ёриладиган шахсдирман», деганлар.
Ушбу далиллар Одам отани Пайғамбар бўлганларини кўрсатади. У кишининг набий бўлганлари ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо Расул бўлганларми ёки йўқми, деган саволга уламоларимиз юқоридаги далилларни келтириб, расул ҳам бўлганлар, деган жавобни берадилар.
Одам ота пайғамбар бўлганлари аниқлиги маълум бўлди. Шу билан бирга Одам отага нисбатан осий бўлди, иғвога учди каби Қуръоний лафзлар ишлатилгани ҳам маълум. Аввал ўрганганимиздек, пайғамбарлар маъсумлиги ҳам ҳақ.
Одам ота номли бир пайғамбарнинг ҳам маъсум бўлиши ва ҳам осий бўлиб гуноҳ иш қилишни қандоқ тушунилади?
Бу саволга уламоларимиз бир неча томондан жавоб берганлар;
1-Одам алайҳиссалом дарахт мевасини Аллоҳнинг амрига осий бўлиш учун қасд қилиб эмас, амрни эсдан чиқариб қўйиб еганлар. Эсдан чиқариш маъноси Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган.
2-Одам алайҳиссалом бу ишни пайғамбар бўлишларидан олдин қилганлар. Пайғамбар бўлишдан олдин бўлган бундоқ ишлар пайғамбарлик исматига зарар етказмайди.
Одам ота ўз фарзандларига пайғамбарлик қилиб юрдилар. Албатта, у киши уларни тўғри йўлга бошлаб турганлар. Аммо инсончилик баъзи вақтларда атбоъларда таълимотлардан узоқлашиш оқибатида баъзи нолойиқ ишлар содир бўлиб туриши ҳам бор.
Ана шундоқ ишлардан бири Одам отанинг фарзандларидан ҳам содир бўлган. Буни ибрат учун Қуръони Карим батафсил баён қилган. Ўша ҳодиса Одам отанинг икки ўғли қиссасидир. Қиссада мазкур икки шахс Одамнинг ўғиллари эканлигини таъкидлашдан бошқа Одам отанинг алоқалари йўқ. Шундоқ бўлса ҳам бу қисса доимо Одам алайҳиссалом қиссаларига илова қилиб келтирилади. Биз ҳам ана шу анъанага амал қилиб ўша қиссасини келтирамиз

ОДАМНИНГ ИККИ ЎҒЛИ ҚИССАСИ

Аллоҳ таоло бу қиссани Моида сурасида қуйидагича баён қилади:
«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади. У: «Албатта, мен сени ўлдиражакман», деди. Бириси: «Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир.
Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармасман. Мен, албатта, оламларнинг Робби-Аллоҳдан қўрқаман.
Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди. (27-29 оятлар)
Эски тафсирларда Одамнинг бу икки ўғли кимлар эканлиги, нима учун қурбонлик қилишгани, биттасидан қурбонлик қабул бўлмаганлигининг сабаби ва бошқа тафсилотлар узундан-узоқ баён қилинади. Ҳатто бошқа динларнинг китобларидан ҳам маълумотлар келтирилади. Эҳтимол, ўша устоз муфассирлар яшаган замон тақозоси шу бўлгандир. Эҳтимол, улар яшаган маданий ва маърифий муҳит шуни тақазо қилгандир.
Аммо, аслини олганда, Қуръони Карим ҳидоят китоби, унда келтириладиган қиссалар ҳам кишиларни ҳидоят қилиш ишига ҳисса қўшади. Бу ишда эса, шахсларнинг исми, воқеа бўлиб ўтган жойнинг номи, ер майдони каби чегара ва рақамларга боғлиқ маълумотлар унча аҳамиятсиз. Охирги пайтда ўтказилган илмий текширишлар, хусусан, Қуръони Каримни бошқа самовий китоблар билан солиштириб кўришлар ҳам ушбу фикрни тасдиқлаб чиқди. Шунинг учун замонавий тафсирчиларимиз, мазкур қўшимча маълумотларга берилиб кетмасдан, асосий эътиборни Қуръони Карим зикр этган ҳодисаларнинг моҳиятига қаратишни маслаҳат берадилар.
Ҳақиқатда ҳам ушбу қиссада зикр қилинган
«Одамнинг икки ўғли»нинг исмларини билишдан ҳидоят йўлида бир фойда бўлса, Аллоҳнинг Ўзи айтиб қўяр эди. Шунингдек, қурбонлик қилишнинг сабабини ва нима учун биттасининг қурбонлиги қабул бўлмай қолишининг боисини билиш аҳамиятли бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи зикр қилган бўларди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васаллам хитобан, ушбу қиссани кишиларга тиловат қилиб беришни амр қилмоқда.
Одамнинг икки ўғли бор экан, улар қурбонлик қилишибди. Бирларининг қурбонлиги қабул бўлибди. Иккинчиларининг қурбонлиги қабул бўлмапти. Шунда қурбонлиги қабул қилинмаган ўғил қурбонлиги қабул қилинганга ҳасад қилиб, кўра олмасдан, мен сени, албатта, ўлдираман, дебди.
Инсон қалбига ҳасад кирганда шундай бўлади. Қурбонлиги қабул бўлмагани унинг яхши киши эмаслигига далолат эди. Қурбонлиги қабул бўлгани эса, иккинчи ўғилнинг яхши инсонлиги учун эди. Яхши одам доимо яхши бўлади. Ҳатто қийин ва шиддатли пайтларда ҳам, ҳаёти хавф остида турганда ҳам, яхшилигича қолади. У ўзига тажовуз қилиб турган шахсга қараб, хотиржамлик билан:
«албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади», деди
Инсоннинг яхши амалларининг, жумладан қурбонлигининг Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши, амал эгасининг тақводор эканини англатади. Бу билан у ўзига суиқасд қилиб турган душманни ҳам тақводор бўлишга даъват этди. Кейин эса, янада хотиржамлик билан, биродарининг шаррини кесиш учун:
«Агар сен мени ўлдириш учун қўл кўтарсанг, мен сени ўлдириш учун қўл кўтармайман», деди.
Ҳақиқий тақводор, Аллоҳдан қўрққан инсоннинг гапи шундоқ бўлади. У шу билан ёмонликнинг олдини олишга, ҳасадчининг ҳасад оловини совутишга ҳаракат қилмоқда.
«Мен, албатта, оламларнинг Робби Аллоҳдан қўрқаман», деди.
Яъни, менинг тутган бу йўлим сендан ёки ўлимдан қўрққанимдан эмас, балки бошқа бир инсонни ўлдириш гуноҳ бўлгани учун, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолишимдан қўрққанимдан шундай қилмоқдаман, деди.
Бундан кейин эса, биродарини бу ишдан қайтариш мақсадида оқибат нима бўлишини ҳам эслатиб қўйди:
«Мен, албатта, менинг ҳам гуноҳимни, ўзингнинг ҳам гуноҳингни олиб кетишингни, шу сабабдан дўзах аҳлидан бўлишингни хоҳлайман. Ана ўша золимларнинг жазосидир», деди».
Яъни, агар сен Аллоҳдан қўрқмай мени ўлдирадиган бўлсанг, мени ўлдирганинг гуноҳини ҳам оласан ва олдинги қурбонлигингнинг қабул бўлмагани гуноҳини ҳам оласан. Гуноҳ устига гуноҳ қилган бўласан. Оқибатда сенга бериладиган жазо ҳам ортади ва дўзахга тушасан, деди.
Аммо ёмонликка юрган шахсга бу гаплар таъсир қилмади.
«Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди». (Моида сураси 30 оят)
Ҳавои нафсининг гапига юрса, шунақа бўлади. Унга ҳар қандай насиҳат-эслатмалар кор қилмайди. Ҳалиги биродарга ҳам шунча насиҳат-эслатмалар фойда бермади.
«Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди».
Аввал айтганимиздек, бу одам нафсининг амрига қарши чиқа олмади.
«Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди».
У бу дунёда ҳам шу иши туфайли зиён кўради. Чунки биродари унга ёрдам берар эди. Уни тўғри йўлга чақириб, насиҳатлар қилар эди. Энди у ўлди, насиҳат қилувчи, яхшилик қилувчи ва ёрдам берувчи одам йўқ бўлди. Охиратда эса, ушбу жиноят туфайли, яъни, биродарини ўлдиргани учун дўзахга тушади.
Аллоҳ таоло қотилга жиноятидан кейингина унинг ожизлигини кўрсатиб, ҳасрат дарсини берди:
«Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди». (Моида сураси 31 оят)
Ояти кариманинг сиёқидан кўриниб турибдики, қотил биродарини ўлдириб қўйгандан кейин нима қиларини билмай қолган. Ўликни кўмиш кераклиги хаёлига келмаган. Чунки аввал ўлик бўлмаган. Бу ер юзидаги биринчи ўлик эди. Шунинг учун ҳам нима қилишни билмай, ҳайрон бўлиб қолган. Ривоятларда келишича, шу пайтда Аллоҳ унга ўликни кўмишни ўргатиш учун икки қарғани юборган. Улар қотилнинг олдида урушиб, бири иккинчисини ўлдирган. Сўнгра қотил қарға ўлган қарғани ерни кавлаб кўмган. Бу ҳолни оятда қисқа қилиб:
«Аллоҳ ер юзида кезиб юрган қарғани унга биродарининг ўлигини қандай кўмишини кўрсатиш учун юборди», дейди.
Қарға қарғанинг ўлигини кўмганини кўрган қотил ўзидан нафрат қилди ва:
«Шўрим қурисин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродаримнинг ўлигини кўма олмадим-а?!» деди.
Ўзича ғурурга кетиб, ҳасад қилиб, бегуноҳ биродарини ўлдиришгача етиб борган нобакор, вақти келиб бир қарғачалик бўла олмай қолди.
«Бас, у надомат қилувчилардан бўлди».
Бу қиссадан барча ибрат олиши лозим.
Тарихчилар қотил ўғилнинг исми Қобил, мақтулнинг исми Ҳобил бўлганини, орадаги низо хотин талашиш оқибатида чиққанини айтадилар.

ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАФОТЛАРИ

Қуръони Каримда Одам отанинг вафотлари ҳақида гап йўқ. Бу ҳақда тарихчилар ўз мулоҳаза ва илмий изланишарининг натижаларини қуйидагича баён қиладилар.
Одам ота минг йил яшаб, сўнгра вафот этдилар. У киши ўзлари жаннатдан биринчи тушган ерлари, Ҳиндистондаги тоғ яқинига дафн қилиндилар.
Бошқа бир гапларга қараганда Маккаи Мукаррамадаги Абу Қубайс тоғига дафн қилинганлар. У кишини ювиш, кафанлаш, жанозаларини ўқиш, қабрларини қазиш ва дафн қилиш ишларини фаришталар амалга оширганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадича розияллоҳу анҳонинг ёшлари қирқда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари йигирма бешда эди. Ҳадичада йигирма беш ёшга тушиб келадиган қалб, давоми...

3264 17:00 / 03.08.2022
Питсбург университети томонидан олиб борилган тадқиқотда маълум бўлишича, болага 13 ёшгача бақириш ва унга танбеҳ бериш боладаги ҳиссий мувозанатни бузади, давоми...

2277 12:53 / 28 февраль
биринчи мақолаОтаонамизни, акаука, опасингилларимизни, фарзандларимизни нега яхши кўрамиз Чунки уларни яқиндан таниймиз, нима ёқтиришлари, нима кийишлари, давоми...

2689 11:00 / 06.02.2021
Набий алайҳиссалом ғайбга оид ҳадисларни ривоят қилиб айтиб берсалар мазза қиласиз. Бу ҳадисларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолат мажлисларини давоми...

4490 11:05 / 26.01.2022