1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

Юнус алайҳиссалом

15:50 / 28.04.2017 24674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда Юнус алайҳиссалом Нисо, Анъом, Юнус ва Вас-Саффот сураларида зикр қилинган. Анбиё сурасида эса «Зуннун», Қалам сурасида «Соҳибилҳут» лақаби ила зикр қилинган.

Юнус алайҳиссалом Бани Исроилнинг анбиёларидан. Насаблари Юсуф алайҳиссаломнинг туғишган укалари Биняминга боради. У зот Юнус ибн Матто номи ила машҳур. Матто у зотнинг оналарининг исми экан. Пайғамбарлар ичида фақат Юнус ва Ийсо алайҳиссаломлар оналарига нисбат берилган эканлар.

ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг пайғамбарларидан биридир. У зотни Роббил оламийн Ироқнинг Мусил вилояти яқинидаги Найнаво деган жойга пайғамбар қилиб юборган. Ўша пайтда у ернинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилишар ва ҳар хил гуноҳ ишлар билан банд эдилар.
Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк қилишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни қабул қилмай, фисқу фасод ишларида давом этдилар.
Юнус алайҳиссалом уларни маълум муддатдан сўнг Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнмаганларидан сўнг, аччиқлари чиқиб, мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак, деган эътиқодга бориб шаҳарни ташлаб чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри, деган фикр-ла Аллоҳнинг изнисиз қилдилар, юриб-юриб денгиз соҳилига етиб бордилар. Бир кема жўнаш олдида турган экан, унинг эгаларидан ўзларини бирга олиб кетишларини сўраган эдилар, улар рози бўлдилар.
Кема денгизга чиққанда бирдан шамол туриб, довул бошланди. Тўлқин кучланиб, кема ғарқ бўлиши хавфи туғилди. Кемачилар ҳам йўловчилар ҳам қўрқиб даҳшатга тушадилар. Тўпланиб, маслаҳат қилишади. Баъзилари, ичимизда гуноҳкор киши бор, шунинг учун ноқулай ҳолга қолмоқдамиз, дейишди.
Маслаҳат қилиб, охири қуръа ташлаб, кимнинг чекига тушса, ўша одамни қурбонлик учун денгизга ташлаб юборишга қарор қилишди. Қуръа Юнус алайҳиссаломга чиқади ва у зотни денгизга ташлаб юборишади. Аллоҳ таолонинг амри билан у зотни улкан балиқ ютиб юборади ва ҳазм қилмасдан қорнида олиб юради. Шунда Юнус алайҳиссалом хатоларини тушуниб, балиқнинг қорнида туриб ёлбориб, зорланиб Аллоҳ таолога дуо қиладилар.
Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилиб, балиққа амр қилади ва у Юнус алайҳиссаломни озор етказмасдан очиқлик жойга олиб чиқиб ташлайди. У зотнинг баданлари балиқнинг ичида оқ ем бўлган эди, беҳуш ётиб қоладилар. Аллоҳ таоло раҳм қилиб офтобдан зарар етмаслиги учун устларига соя солиб турувчи сербарг ошқовоқни ўстириб қўяди. Ушбу ҳолатда бир муддат ётиб, соғайиб ўзларига келадилар.
Аллоҳ таоло у зотга қавми олдига бориш учун фармон беради. Улар Юнус алайҳиссалом кетиб қолгач, азобнинг бошланиши зоҳир бўлгандан сўнг, хатоларини тушуниб тавба қилишга ўтган эдилар. Азобни қайтаришни Аллоҳдан сўраб ёлборадилар. Улар юз мингдан кўпроқ киши эди. Юнус алайҳиссалом улар ҳузурига қайтиб, барчаларини иймонга чақирадилар. Аллоҳ таоло барчаларини ҳидоятга бошлайди.
Энди Юнус алайҳиссалом ҳақларида келган оятларни ўрганиб чиқайлик:
«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва уларнинг асбат (набира)лари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонларга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни улул азм пайғамбарлар билан бир қаторда зикр қилмоқда. Демак, у зот ҳам улардан бири экан.
Анъом сурасида эса Аллоҳ таоло Юнус алай-ҳиссаломни бошқа уч пайғамбар билан бирга зикр қилган.
«Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (86-оят).
Аллоҳ таоло Қалам сурасида Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларини қуйидагича баён қилади:
«Роббинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшама» (48-оят).
«Балиқ соҳиби»дан мурод Юнус алайҳиссалом. У зот қавмига аччиқ қилиб уларни ташлаб чиқиб кетганлари, кемада кетаётиб қуръага тушиб денгизга отилганлари, балиқ ютиб юборганда унинг қорнида туриб Аллоҳга ёлборганлари ҳақида маълумотлар олганмиз.
Кейинги оятда Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари баёни давом этади.
«Агар уни Роббисининг неъмати топмаганда, очиқ саҳро жойга, мазамматга қолган ҳолда ташланган бўларди.
Бас, уни Роббиси танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди
» (Анъом сураси, 49–50-оятлар).
Яъни, агар Юнус алайҳиссаломни Аллоҳнинг неъмати излаб топмаганида, у зот ўзларини ютиб юборган балиқ томонидан очиқ саҳрога, мазамматга қолган ҳолда ташланган бўлар эдилар.
Лекин Аллоҳ таоло у зотга раҳм кўрсатди. Балиқ озор етказмай қорнидан қирғоққа чиқариб қўйди. Беҳуш ётганларида устиларида сербарг ошқовоқ соя солиб турди. Аллоҳ таоло у зотни ўзининг солиҳ бандаларидан қилди.
Анбиё сурасида эса Юнус алайҳиссалом қиссаси ўзига хос равишда келтирилади:
«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди» (87-оят).
Зуннундан мурод, Юнус алайҳиссалом. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани.
«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди».
Яъни, у зот қавмига Аллоҳ таолонинг амрини етказганларида, улар қабул қилмадилар. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар.
«Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди».
Бу гумон қавмининг саркашлигидан келиб чиққан эди. Юнус алайҳиссалом уларга, сизлар Аллоҳ амрига бўйинсунмасангиз, бошқа жой қуриб кетгани йўқ, Аллоҳнинг ери кенг, бошқа жойга бориб даъват этсам, улар қабул қиладилар. Аллоҳ таоло мен учун ер юзини тор этиб қўймайди, дегандай иш қилган эдилар.
Уламоларимиз айтишларича, аслида у зот бошқа пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у зотни балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда,
«Зулматларда туриб», яъни, кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб:
«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».
Бу гап чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган дуо эди.
«Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» (88-оят).
Яъни, Биз Юнуснинг дуосини қабул қилдик. Уни балиқ ичидан соғ-саломат чиқариб, ғамдан қутқардик. Мўминларни доимо шу тарзда қутқариб келганмиз.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Ла илаҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназзолимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.
Юнус алайҳиссалом қиссаларида даъватчилар учун катта ибрат бор. Улар ҳар қанча тўсиқларга, қийинчиликларга учрасалар ҳам сабр қилишлари керак бўлади.

ЮНУС ҚАВМИ НАЖОТИ

Аллоҳ таоло бу ҳақда Юнус сурасида қуйидагиларни айтади:
«Қани энди бирон қишлоқ иймон келтирганда унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача фойдалантирдик, холос» (98-оят).
Олдин ҳам Пайғамбарлар келган шаҳар ва қишлоқларнинг аҳллари иймон келтирмаганлар.
«Қани энди бирон қишлоқ иймон келтирганда унга иймони манфаат берса эди».
Лекин улар иймон келтирмадилар. Оз сонли кишилар иймон келтириб, кўпчилик куфрда қолаверди. Бу борада фақат битта қишлоқни истисно қилиш мумкин. Бутун боши билан қилган гуноҳига охирги пайтда тавба қилиб, иймонга келганда нажот топган фақат битта қишлоқ бор.
«Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача фойдалантирдик, холос».
Оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, Юнус алайҳиссаломнинг қавмига дунё ҳаётининг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаровон турмуш ила манфаатлантирган.
Юнус алайҳиссаломнинг қавмининг қилган гуноҳлари, уларнинг бошига таҳдид солиб келган азоб, уларнинг қаттиқ тавба қилганлари ва охири нажот топганлари ҳақидаги тафсилотлар зикр қилинмаган.
Бу қавмдан бошқа ҳеч бир қавм бошига илоҳий азоб келиб қолганда, тавба қилиб нажот топмаган. Балки Фиръавнга ўхшаб охирги лаҳзада келтирган иймони фойда бермай ҳалокатга учраган.
Демак, қоида шу: қайси шаҳар-қишлоқ кофир бўлса, хорлик азобига дучор бўлаверади, қайси қишлоқ иймон келтирса, ундан хорлик азоби кушойиш қилиниб, иймони туфайли манфаатлар топаверади. Лекин бу улкан ҳақиқатни ҳамма ҳам тушуниб етавермайди.

ЮНУС АЛАЙҲИССАЛОМ ҲАҚЛАРИДА МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ АЙТГАНЛАРИ

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Тоиф аҳли тошбўрон қилдилар. У зотни оёқлари қонаган, ўзлари қийналган ҳолда кўрган Утба ва Шайба ибн Робийъаларнинг раҳмлари келди. Ўзларининг Аддос исмли насроний ғуломини чақириб:
«Узилган узумдан олиб, манаву табаққа солгинда анави одамга олиб боргин. Ундан есин», дедилар.
Аддос узумни олиб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди ва У зотга:
«Егин», деди.
У зот қўлларини узатиб, бисмиллаҳ, дедилар-да узумдан олиб едилар. Аддос ажабланиб:
«Валлоҳи, бу гапни ушбу диёр аҳли айтмайдилар», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сен қайси юртдансан? Қайси диндасан?» дедилар.
«Насронийман. Найнаводанман», деди у.
«Солиҳ киши Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?» дедилар у зот.
«Юнус ибн Маттони сенга нима билдирди?» деди Аддос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У биродарим. У набий эди. Мен ҳам набийман», дедилар.
Шунда Аддос ўзини отиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошлари, оёқ-қўлларидан ўпа бошлади. У мусулмон бўлди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка билан Мадина орасида юрган эдилар. Бир водийдан ўтиб қолдилар ва:
«Бу қайси водий?» деб сўрадилар.
«Бу Азрақ водийи», дейишди.
«Худди Мусо алайҳиссаломнинг тепаликдан тушиб келаётганига назар солаётгандекман. У Аллоҳга талбия айтмоқда», дедилар у зот.
Сўнгра Ҳарша тепалиги олдидан ўтдилар ва:
«Бу қайси тепалик?» деб сўрадилар.
«Ҳарша тепалиги», дейишди.
«Худди Юнус ибн Матто алайҳиссаломнинг қизил, семиз туя устида келаётганига назар солаётгандекман. Унинг эгнида жун чопон бор. Туясининг тизгини хурмо пўстлоғидан. У киши талбия айтмоқда», дедилар у зот
».
Муслим Меърожда ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч бир бандага мени Юнус ибн Маттадан яхши деб айтиш дуруст эмас», дедилар ва уни отасига нисбат бердилар
».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Шуайбнинг исмларини Қуръон Каримда ўн марта келтирган. У зот алайҳиссалом Аъроф, Ҳуд, Шуаро ва Анкабут сураларида зикр қилинганлар.У зотнинг давоми...

12834 15:52 / 28.04.2017
Қуръон Каримда Мусо алайҳиссалом 132 марта зикр қилинган. У зотнинг номлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф, Юнус, Ҳуд, Иброҳим, Исро, Каҳф, Марям, Тоҳо, давоми...

92106 15:57 / 28.04.2017
Ҳунайн ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи инсонларга бошқаларга қараганда кўпроқ ўлжа бердилар. Ақраъ ибн Ҳобис ва Уяйна ибн Ҳиснга юзтадан давоми...

2227 09:30 / 22.03.2022
Қуръони Каримда исми шарифи кўп зикр қилинган зотлардан бирлари Иброҳим алайҳиссаломдирлар, десак муболаға қилмаган бўламиз. У зотнинг муборак исмлари каломи давоми...

79711 15:56 / 28.04.2017