1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

НУХ АЛАЙХИССАЛОМ

15:53 / 28.04.2017 47943 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда номлари кўп зикр қилинган пайғамбарлардан бири Нуҳ алайҳиссаломдирлар. У зот каломи илоҳийда қирқ уч жойда эсга олинганлар. Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримнинг бир қанча сураларида муфассал равишда тилга олингандир. Жумладан, Аъроф, Ҳуд, Мўминун, Шуаро ва Қамар сураларида. Бунинг устига каломи шарифнинг бутун бир бошли сураси У зотга аталиб, «Нуҳ» сураси номини олган.

Бу сураи карима бошидан охиригача Нуҳ алайҳиссалом қиссаларига бағишланган. Бу ҳолат Қуръони Каримда бошқа такрорланмайди. Фақат «Юсуф» сурасида шунга ўхшаш ҳолат бор, холос. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари бир сурада келган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссалари эса аввал ҳам айтилагандек бир неча сураларда келган.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Идрис алайҳиссалом Нуҳ алайҳиссаломга катта бобо бўладилар. У кишининг оталарининг исми Ломак, боболарининг исми Мутушлахдир. Нуҳ алайҳиссаломни ажнабийлар «Ахнух» деб номлайдилар.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича у киши:
«Одам билан Нуҳ орасида ўн аср бўлган эди. Ҳаммаси Исломда», деганлар.
Бундан Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алайҳиссалом ўрталарида минг йил ўтган бўлади.

ОДАМЛАРНИНГ ДИНДАН УЗОҚЛАШИШЛАРИ

Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Улар Одам отага келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақиришга, буту санамларга ибодат қилдиришга урина бошлади. Одам отанинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Уларни атрофидагилар яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақт-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишилар орасида васваса қилиб:
«Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди.
Одамларга бу гап ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам зарар ҳам келтира олмаслиги яхши билишар эди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси, деб ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат-икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Кейинги авлодлар ўз оталари ҳайкалларининг улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганликларини кўриб вояга етди. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундоқ қилиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар.
Яратган холиқни қўйиб тошдан, лойдан, ёғочдан бўлган ҳайкалларга сиғиниш катта хато ва зулм эди. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган улкан гуноҳ эди.

ЯНГИ ПАЙҒАМБАРЛАР ЮБОРИШ ЗАРУРАТИ

Ана шунда Аллоҳ адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун Пайғамбар юборишини ирода қилди.
Парвардигор бу Пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини хоҳлади. Чунки Пайғамбар Аллоҳнинг фармонларини кишиларга етказиш биланб бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб ўрнак бўлиши ҳам зарур эди. Агар Пайғамбар фаришта бўлса, одамлар, бу фаришта биздан устунлиги бор, шунинг учун фармонларни бажариши ҳам осон, биз эса бажара олмаймиз, дея баҳона қилишлари мумкин эди. Шунинг учун Парвадигор ўзларидан чиққан, ўзларига ўхшаш бир одам Пайғамбар бўлса, бундай баҳонани пеш қила олмайдилар, деган хулосада шундай ирода қилди.
Шийс ва Идрис алайҳиссаломлар набий сифатида ўз қавмларини хатоларини тузатишга, тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдилар. Аммо улардан кейин аҳвол янада оғирлашди. Аллоҳ таоло яна янги пайғамбар юборишни ирода қилди.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЮБОРИЛИШЛАРИ

Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, задогонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди.
Аллоҳ таоло у кишига ваҳий юбориб, ўз қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом, мен сизга Пайғамбар бўлдим, деб ўз қавмларига мурожаат қилганларида, баъзилар, «Бу қачондан бери Пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку», дейишди.
Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлиб битган эканми?» дейишди.
Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дедилар.
Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади.
Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади:
«Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб Пайғамбар қилиб, юбордик».
Нуҳ алайҳиссалом Куфа шаҳри ўрнидаги ерларда яшаган эканлар, ана ўша ер аҳолисига Пайғамбар қилиб юборилганлар. Ушбу эътибордан уламолар, Нуҳ алайҳиссалом Арабистон ярим орлига Пайғамбар этиб юборилган, дерлар.
Нуҳ алайҳиссаломни «анбиёларнинг шайхи» деб ҳам аталади. Чунки, У зот алайҳиссалом улул азм беш Пайғамбарнинг биридирлар.
Аллоҳ таоло ана ўшандоқ Пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломни
«қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин», деб юборди.
Яъни, агар иймон келтириб, Менга итоат қилмасалар бу дунёда тўфоннинг, у дунёда дўзахнинг аламли азобига қолишларидан огоҳлантиргин, деб юборди.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТЛАРИ

Нуҳ алайҳиссалом бу амри илоҳийни бажаришга киришдилар.
«У: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман.
Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар.
У сизларнинг гуноҳларингиздан мағфират қиладир ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайдир»-деди».
Бу оятда зикр қилинган, гуноҳларниг кечирилиши ва белгиланган муддатгача яшаб қолиш, аввалги оятда шарт қилинган Аллоҳга ибодат қилиш, унга тақво қилиш ва Пайғамбарга итоат қилиш ишлари бўлсагина вужудга келади.
«Ажал» сўзининг тафсирида уламолар бир неча хил фикрлар айтганлар, Аслида «ажал» сўзи белгиланган муддат маъносини англатади, лекин халқ ичида ўлим муддати маъносида тушуниладиган бўлиб қолган. Агар шу маънони оладиган бўлсак, оятдаги «сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўяди» жумласи, «Аллоҳга ибодат қилсангиз, унга тақво қилсангиз ва Пайғамбарга итоат қилсангиз... белгиланган ажалгача яшайсиз, бўлмаса тезроқ бало-қазога дучор бўласиз» деган маънони англатади.
Иккинчи фикр эса, бу оятда «ажал»дан мурод азоб-уқубат муддати, яъни, Аллоҳга ибодат қилиб, Унга тақво қилиб ва Пайғамбарга итоат қилиб юрсангиз, белгиланган азоб-уқбат орқага сурилади, деган маъно чиқади.
Қайси маънога эътибор қилмайлик, мақсад бир. Аллоҳга ибодат қилиш, Унга тақво қилиш ва Пайғамбарга итоат этиш. Буларнинг барчаси яхшиликка, азоб-уқубатдан қутулишига бош сабабдир.
Эндиги оятларда Нуҳ алайҳиссаломнинг жиҳодлари ва ўз қавмларидан саркашлари билан олиб борган даъват ишлари баён қилинади.
«У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим.
Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади.
Ва, алабатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар, ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар.
Сўнгра, албатта, мен уларни очиқ даъват қилдим.
Сўнгра, албатта, мен уларга эълон ва сиррий (даъват) қилдим.
Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим».
Нуҳ алайҳиссаломнинг тазарруъ ила зорланиб ўз Роббисига қилаётган нидоларидан кўриниб турибдики, у зот алайҳиссалом ўз қавмларини турли услуб билан динга чақирганлар. Келинг, узотнинг ушбу машҳур нидоларини батафсил ўрганиб чиқайлик.
«Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим».
Яъни, тиним билмай, доимий равишда, кечасию кундузи дину диёнатга чақирдим.
«Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади».
Мен уларни Сенинг динингга қанча кўп даъват қилсам, улар мендан шунча кўп қочдилар. Даъватим туфайли фақат уларнинг қочиши зиёда бўлди, холос.
«Ва, алабатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар»
Мен уларга, келинглар, Аллоҳга истиғфор айтинглар, У зот сизларни мағфират қилади, десам, улар гапимни эшитмаслик учун пажаларини қулоқларига тиқиб, бошларини кийимларига бурканиб олдилар.
«ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар».
Улар шу билан бирга ўз куфрларида оёқ тираб туриб олдилар ва мисли кўрилмаган катта такаббурлик қилдилар.
«Сўнгра, албатта, мен уларни очиқ даъват қилдим».
Махфий даъватим иш бермагандан сўнгра мен уларни очиқ даъват қилдим.
Лекин бу ҳам фойда бермади.
«Сўнгра, албатта, мен уларга эълон ва сиррий (даъват) қилдим».
Шоядки, икковини бирга олиб борсам фойда берар, дедим.
Кўриниб турибдики, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини Аллоҳнинг динига даъват қилишда барча имкониятларни ишга солганлар.
Аввал махфий, кейинроқ ошкора, охирида ҳам ошкора ва ҳам махфий даъват қилганлар. Шу билан бирга уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилганлар. Буни қуйидаги оятда кўрамиз:
«Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим».
Истиғфорниг луғавий маъноси, мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўрашдир. Амалда банда тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади. Агар бу оятга амал қилсангиз...
«У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир.
Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир».
Мазкур оятда истиғфор ва ризқлар бир-бирига боғлиқлигига ишора қилинмоқда. Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган.
Жумладан, «Аъроф» сурасида:
«Агар шаҳар, қишлоқ аҳолиси иймон келтирсалар ва тақводор бўлсалар, албатта, Биз уларга осмонлару ердан барокотларни очиб қўямиз ва лекин улар (Пайғамбарни) ёлғонга чиқардилар, Биз уларни қилган ишлари туфайли (азобга) олдик...», дейилади.
Шунга ўхшаш оятлар «Моида», «Ҳуд» ва бошқа сураларда ҳам бор.
Демакки, қайси халқ Аллоҳдан қўрқса, яхши амалларни қилса, адолат ва омонликни жорий қилса, Аллоҳ у халқни ер юзида пешқадам қилиб қўяди. У халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади.
Гоҳида Худодан қўрқмайдиган, иймонсиз халқлар ҳам фаравонликка етишиши мумкин, лекин бу синов учун бўлади. Кейинроқ ҳақиқий ҳолат зоҳир бўлиб, кўзга кўриниб турган фаравонлик ортидаги муаммолар ошкора бўла бошлайди. Бу Парвардигорнинг Ўзидан қайтган бандаларига юборилган азобининг бошланиши бўлади.
Яна Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига қилаётган хитоблари давом этади:
«Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар?»
Ёки Аллоҳнинг азаматидан (қудратидан) қўрқмайсизлар.
«Ҳолбуки, У сизларни ҳолатма-ҳолат яратди».
Яъни, онангиз қорнида бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ва ҳоказо ҳолатлар ўтказиб яратди.
«Аллоҳ еттти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми?
«Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини кўрмадингизми?»
Ушбу нарсаларнинг ҳаммаси, одамларнинг ҳолатма-ҳолат яратилиши ҳам, етти осмонни табақама-табақа халқ қилиниши ҳам, ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйилиши ҳам ҳар бир банда учун Аллоҳнинг чексиз қудратига далил бўлиб хизмат қилиши керак. Ҳар бир банда мазкур нарсалардан ўзига керакли хулосани чиқариб олиб, Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Унга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши лозим бўлади.
Кейинги оятларда ҳам банда Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Аллоҳ тамонидан унга берилган неъматларни шукрини қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетади.
«Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир».
Одатда ердан ўсимликлар ўсиб чиқади. Лекин оятда бизларнинг ўстириб чиқарилишимиз ҳақида зикр қилиняпти. Буни шундоқ тушуниш мумкин: ҳозирги замон илмий кашфиётлари ҳар бир жонзот, шу жумладан сиз билан биз инсонлар ҳам ҳаётимизда набототларга ва уларга боғлиқ нарсаларга асосан яшар эканмиз. Ўйлаб кўрайлик, ҳайвон гўштини истеъмол қиламиз, ўша ҳайвон эса наботот еб яшайди. Ҳатто балиққа назар солсак ҳам сисила бўлиб охири ўсимликка бориб тақалар экан. Шундоқ қилиб, Қуръони Карим қисқа қилиб инсон яшаши учун зарур бўлган асосий ғизога ишорат қилган.
Албатта, буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Банда ўзини ердан ўстириб қўйган зотга иймон келтириши, Унинг азаматидан қўрқиши, Унга итоат ва ибодат қилиши лозим. Чунки,
«Сўнгра сизларни унга қайтаради ва яна чиқарадир».
Яъни, Аллоҳ сизларни ўлдириб яна қайта ернинг ичига-қабрга киритади. Сизга ҳаёт берган зот сиздан ҳаётни ҳам олади. Сизни ердан ўстирган зот, сизни яна ерга қайта киритади. Охиратда эса, қайта тирилтириб, сизни яна ердан чиқаради. Шунинг учун ҳам сиз доимо Унинг азаматини ўйлаб иш қилишингиз лозим.
Бу иш қиёмат куни сизни қайта тирилтириш билан бўлади. Ана ўшанда бу дунёдаги зарра оғирлигидаги яхшию ёмон ҳамма амалларимиз ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳга иймон келтириш, Унга итоат ва ибодат қилиш керак.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳ таоло сизни фақат яратибгина қўймаган балки, бу дунёда яшашингиз учун ҳамма шароитни муҳайё қилиб берган.
«Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди.
Унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун», деб айтди».
Аллоҳ таолонинг бандалар учун «ерни гиламдек тўшаб қўйиши»–худди ўтириш, ётиш, овқатланиш ва бошқа ҳаёт фаравонлиги учун зарур ишларга яхши жой ҳозирлаш учун гилам тўшалгандек, Аллоҳ ерни тўшаб қўйди, деган маънони англатади.
Яъни, Аллоҳ ерни кенг, текис ва жиҳозланган гиламдек қилиб қўйди, ўз гилами устида хоҳлаганича ястаниб ётган кишидек, хоҳлаганингизни қилишга мослаб қўйди.
Аллоҳ таоло ерни инсон учун, у ҳаёт кечириши учун маскан қилиб қўйганини эслатганидан сўнг ҳам Нуҳ қавми ўз залолатидан қайтмади.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАСРАТЛАРИ

Шунда Нуҳ алайҳиссалом ўз ишларини, дарду ҳасратларини яна тўкиб солдилар.
«Нуҳ: «Эй Роббим, албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси хусрондан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар».
Яъни, бойларга эргашдилар.
«Ва ниҳоятда улкан макр қилдилар».
Макр-маҳфий равишда ёмонлик тадбирини қилиш. Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги мутакаббир бойларнинг қилган улкан макрлари қуйида келадиган оятда баён қилинади.
«Ва улар: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар».
Нуҳ алайҳиссалом қиссалари шарҳида эслатиб ўтганимиз шайтон васвасаси туфайли кишилар ҳайкалларга сиғинишининг баёни ушбу оятда нозил қилинганининг гувоҳи бўлдик.
Ривоятларда келишича, Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларнинг ниҳоятда яхши кўрганлар ва ҳурмат қилганлар. Вақти-соати етиб улар вафот этганларидан сўнг Шайтон васвасасига учиб, кишилар уларнинг суратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Аввал бошда уларни зиёрат қилганлар. Аста-секин дардларини уларга айтадиган бўлишган. Оқибатда вақт ўтиши билан, уларни Худо деб эътиқод қилганлар ва уларга ибодат қилганлар.

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ

«Дарҳақиқат улар кўпларини адаштирди. Ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма», деди».
Кўриниб турибдики, Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуолари ниҳоятда аламли дуо. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига қилган ушбу дуоибадни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга сенинг қавмингдан ҳозир иймонга келганларидан ўзгаси зинҳор иймонга келмас, деб хабар берганидан сўнг, уларнинг иймонларидан ноумид бўлиб туриб қилганлар.
Кейинги оятда эса очиқ-ойдин жавоб келади:
«Улар хатолари туфайли ғарқ қилиндилар, бас, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар».
Уламоларимиз ушбу оятни азоби қабрга далилдур, деганлар. Чунки Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари тўфонга ғарқ қилинганларидан сўнг, оловга киритилганликлари ҳақида сўз кетмоқда. Охират олови қиёматда бўлиши ҳаммага маълум ва машҳур. Бас шундан ушбу оятда хабари берилган, Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми киритилган оловдан мурод қабр оловининг азобидир.
Сўнгра Нуҳ алайҳиссалом ўз дуоларида давом этдилар:
«Ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин.
Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар».
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога бирорта ҳам кофирни қўймай ҳалок қилишни сўраб қилган дуоларидан сўнг, бу дуонинг сабабини уларни тек қўйсанг бандаларингни адаштирадилар ва фожиру кофирдан бошқа туғмайдилар, деб изоҳламоқдалар.
Нуҳ алайҳиссалом бу нарсани қаердан билганлар, деган саволга уламоларимиз узоқ давом этган тажрибадан, деб жавоб берганлар. У зот қавмнинг табиатини билардилар, тажрибадан ўтказганлар. Улардан бир одам ўз боласини Нуҳ алайҳиссаломнинг олдиларига олиб келиб, эй болам, манавидан ҳазир бўл, у каззобдир. Отам менга ушбу васиятни қилган эди, дерди Нуҳ алайҳиссаломни кўрсатиб туриб. Шундоқ қилиб катталар, ёшлар бузилиб бораверар эди. Улардан биров иймонга келмасди.
Нуҳ алайҳиссалом ўтган оятда кофирларни дуоибад қилганларидан сўнг, энди келадиган оятда мўминларни дуои хайр қиладилар.
«Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди».
Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Аллоҳ таоло кофирларни битта ҳам қўймай ҳалок қилди. Чунки улар инсоният баданига тушган қорасон касалидек эдилар. Уларни кесиб ташламаса бўлмас эди.
Қуръони Карим Исломга мухолифлар билан бўлган тортишувларда ўтган Пайғамбарлар ва уларнинг қавмлари қиссаларини таъсир қилувчи бир ибрат сифатида ишлатган. Шу билан бирга бу қиссалар мушриклардан кўплаб озор еган, машаққат чеккан Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишига эргашган мусулмонлар қалбини таскин топтириш ва қувватлантириш учун ҳам зарур бўлгандир.

САРКАШ ҚАВМ ИЛА ТОРТИШУВ

Мазкур ҳолат Нуҳ алайҳиссаломнинг ўзларининг ўта саркаш қавмлари билан олиб борган даъватий жиҳодларининг содда бир кўриниши, холос. Аслида эса У зот узоқ вақт ва турли ҳолат ва шароитларда даъват олиб борганлар. Ана ўша хилма-хилликни яхшироқ англашимиз учун Аъроф сурасидаги Нуҳ алайҳиссалом қисссаларига оид ояти карималарни ҳам ўрганиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён этади:
«Батаҳқиқ, Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик. Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Албатта, мен сизларнинг буюк куннинг азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди».
Ҳар бир қавмга ўша қавм ичидан танлаб Пайғамбар юбориш-Аллоҳ таолонинг одати. Шу ҳолда бандаларига осон бўлади. Зеро, ўша Пайғамбар ўз қавмининг тилини, урф-одатини, табиатини ва бошқа жиҳатларини яхши билади. Қавмлар ҳам Пайғамбар бўлиб келган зотнинг шахсини яхши танийдилар. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига:
«Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга ундан ўзга илоҳ йўқ», дедилар.
Маълумки, Қуръони Каримда «ибодат» лафзи маълум бир диний амаллар тизимини эмас, бутун ҳаётини маълум бир таълимотга, ҳукмга амал қилиб ўтказишни англатади. Шундан хулоса қилиб, Нуҳ алайҳиссаломнинг:
«Аллоҳга ибодат қилинглар», деган кўрсатмаларини, ҳаёти дунёда Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида яшанглар, деган маънода тушунамиз. Жамики Пайғамбарлар, асосан, ушбу даъват ила юборилганлар.
«Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ».
«Илоҳ» сўзи ибодатга лойиқ зот, маъносини англатишини яхши биламиз. Демак, юқоридаги маънодан ҳисса: «Сизлар учун, айтганини амалга ошириб, унга бўйсуниб яшашингиз лозим зот Аллоҳ, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ», дегани бўлади. Яъни, Аллоҳдан бошқа зотнинг ҳукмига бўйинсунмаслик қатъий таъкидланади.
Шу билан бирга, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмига нима сабабдан бундай даъватни қилаётганларини ҳам эслатиб:
«Албатта, мен сизларнинг буюк куннинг азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман», деди».
Аллоҳнинг, Пайғамбарларнинг ва жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳам мақсади–қиёмат кунининг азобига бандаларнинг гирифтор бўлмаслиги. Ўшал кун азобига дучор бўлмаслик учун Аллоҳга ибодат қилиш, Унга иймон келтириб, бу дунёда Унинг ҳукмларини адо этиб яшаш керак. Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Унинг айтганларини қилиш, қисқаси, Унинг ҳақ динига мукаммал амал қилиш банданинг бирламчи вазифаси. Чунки бу дунёнинг мутлақ ҳокими–Унинг Ўзи.
«Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», дедилар».
Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган, мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар. Шу тоифа зодагонлар Нуҳ алайҳиссалом қавмларида ҳам бор эди.
Улар Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватини эшитишлари билан дарҳол ўйламай-нетмай қавм номидан:
«Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», дедилар».
Кофирлар ҳар қачон иймон, дин ва диёнатни залолат деб номлайдилар. Уларга Аллоҳнинг ҳидоятини олиб келган Нуҳ алайҳиссаломга: «Сен очиқ-ойдин залолатдасан», дейишмоқда.
Ўз қавмидан бундай номаъқул гапларни эшитган Нуҳ алайҳиссалом:
«У: «Эй қавмим, менда залолат йўқ. Балки мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан.
Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди».
Пайғамбарларнинг вазифаси кишиларга тушунтириш, даъватни етказиш. Шунинг учун Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан ношойиста жавобни эшитган бўлишларига қарамай, уларга ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилдилар ва уларнинг кўнгилларини овлаш учун:
«Эй қавмим, менда залолат йўқ...», дедилар.
Яъни, мен сиз ўйлаётгандек, адашганим йўқ. Мен адашувда эмасман.
«Балки мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман».
Ўзимдан-ўзим сизларга сўзлаётганим йўқ. Барча оламларнинг Робби мени сизларга Пайғамбар қилиб юборди. Ўша улуғ вазифани адо этиб мен:
«Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман».
Аллоҳ таоло икки дунё саодатига эришишингиз учун нималар қилишингиз лозимлигини баён қилиб сизларга кўрсатмалар–амрлар, наҳийлар, турли ҳукмлар йўллади. Юборилган бу кўрсатмаларни сизга мен етказяпман, холос. Шу билан бирга, керак бўлиб қолганда, сизларга ўз томонимдан:
«насиҳат қиламан».
Чунки мен:
«Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан».
Худди шу билимим сизларга насиҳат қилиш учун менга имкон беради.
Кейин, оятнинг давомида Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларининг у кишининг Пайғамбар бўлиб келганларидан ажабланганликлари ноўрин эканини ҳамда Пайғамбарликнинг асл мақсадини баён қилдилар:
«Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди».
Дарвоқе, кишилар нима учун ажабланадилар? Ахир, ажабланишга ўрин йўқ-ку. Пок, заковатли, ростгўй, ўзида олий инсоний фазилатларни жамлаган бир инсонни Аллоҳ элчи-Пайғамбар қилиб олса, бунинг нимаси ажабланарли? Боз устига, Пайғамбар бўлган инсон уларнинг орасидан бўлса. Улар унинг шахсини яхши билсалар. Бу ҳам етмаганидек, Пайғамбар уларни ёмонликдан қайтариб, Аллоҳнинг раҳматига эришишлари учун жон чекаётган бўлса! Пайғамбар бўлган зот, асосан, одамларга Роббиларидан келган тирик эслатма бўлса! Одатда, ҳар бир инсофли инсонга ҳақиқий мақсад тушунтирилгандан кейин, у бир оз бўлса-да ҳовуридан тушиб, ўзини ўнглаб, ақлини пешлаб, мулоҳаза юритади. Аммо қалби кўр кофирлар иймон ҳақида ҳар қанча кўп ва хўб панду насиҳат эшитсалар ҳам, ақлларини пешламайдилар, фикр қилмайдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми билан ҳам худди шу ҳол рўй берди. Нуҳ алайҳиссалом уларга куюниб тушунтиришларига қарамай:
Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Ҳамда бу ноқулай ҳолат мисли кўрилмаган даражада узоқ давом этди.
«Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди» (Анкабут 14)
Нуҳ алайҳиссалом қавмларини тўққиз юз эллик йил давомида иймонга даъват қилдилар. У зотнинг Пайғамбар бўлгунча ҳам, тўфон балосидан кейин ҳам яшаганлари эътиборга олинса, умрлари бундан ҳам узоқ кечгани ойдинлашади.
Бу ҳақда имом Жалолиддин Суютий ўзларининг «Ад-Дуррул Мансур фит-тафсири бил маъсур» китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қирқ ёшлигида Пайғамбар қилиб юборди. У ўз қавмини эллик йили кам минг йил Аллоҳга даъват қилди. Тўфондан кейин олтмиш йил яшади, ҳатто одамлар кўпайиб, кенг дунёни тор қилдилар».
Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозусида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимда кишиларнинг умрлари узун бўлгани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганликлари эътиборга олинса, мазкур умрузоқлик оддий бир ҳол экани билинади.
Нуҳ алайҳиссалом даврларидаги синов-имтиҳон Аллоҳ йўлига бировнинг қадам босмай туриб қолишидир.
Аллоҳнинг Пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина одамдан бошқа ҳеч ким иймонга келмади. Бундай ҳолда кўплар синовга дош бера олмай, қайтиб кетиши мумкин. Аммо ҳақиқий иймон соҳиблари бутун дунё абадий кофир бўлиб ўтса ҳам, ўз иймонларидан қайтмайдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг даврларида ҳам шундай бўлди. Нуҳ алайҳиссалом ва у зотга иймон келтирганлар иймонларида собит қолдилар.

ОХИРГИ ДУОИБАД

Кофирлар эса, шунча йиллар ўтса ҳам, иймонга келмадилар. Уларнинг иймонга келишига ҳеч қанай умид қолмагандан сўнг Нуҳ алайҳиссалом дуоибад қилишга жумладан:
«Эй Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилдилар.
Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин» (117-118 оятлар) дейишга мажбур бўлдилар.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмининг ўта кетган саркашлигини ҳамда залолатга маҳкам ёпишиб олганини, уларга ваъз–насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етдилар. Шунинг учун ҳам илтижо ила Аллоҳ таолога нидо айлаб:
«Эй Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилди. Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин», деб дуо қилдилар.
Нуҳ алайҳиссалом аввало ҳолатни баён қилдилар:
«Эй Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилди», дедилар.
Эй Роббим, мен Сенинг амрларингни етказганимда, ўз қавмим мени ёлғончи қилди. У набокор қавмнинг ҳидоятга юришидан умид узулди.
Кейин эса, Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолода ўша набокор қавм билан ўз ораларини очиқ қилиб қўйишни сўрадилар:
«Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин»
Улар билан ормизда ҳеч кандай алоқа қолмайдиган қилгин.
Ва ниҳоят, Нуҳ алайҳиссалом ўзларига ва у зотга эргашган мўминларга нажот сўраб:
«…ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин», деб дуо қилдилар.

ДУО ҚАБУЛ ВА КЕМА ЯСАШГА АМР

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул қилди.
«Ва Нуҳга: «Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин.
Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилдик». (Ҳуд сураси 36-37 оятлар)
Керагича даъват қилинди, тушунтирилди, иймонга келадиганлар келиб бўлди. Қолганлар гап-сўз, насиҳат таъсир қилмайдиганлардир. Энди улар иймон келтирмайдилар. Эй Нуҳ!
«Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин».
Сен ўз вазифангни бажариб қўйдинг. Улардан сенга зарар етмайди. Улар нима бўлса, бўлдилар. Уларни Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қил. Ўзинг эса:
«Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин».
Кема ясашингни Биз риоямизга оламиз ва Ўзимиз ваҳий орқали ўргатиб турамиз.
«Ҳамда зулм қилганлар тўғрисида менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир».
Иймон келтирмаганлар ўзларига катта зулм қилдилар, улар азобга дучор бўладилар, албатта, ҳаммалари ғарқ бўлиб кетадилар. Сен эса, уларни кечириш, азобдан сақлаб қолиш ҳақида Менга сўз очма. Уларнинг куни битган. Энди ҳеч нарсани ўзгартиб бўлмайди.
«У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қилурмиз.
Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди». (Ҳуд сураси 38-39 оятлар)
Аллоҳнинг амрини бажо келтириб, Пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом
«кема ясамоқда».
У зот яқинда келадиган тўфондан ўзларининг ва иймон келтирган оз сонли кишиларнинг қутулиб қолишига сабаб бўлгучи кемани ясамоқдалар. Пайғамбар ўлароқ, Аллоҳнинг ваҳийсини қабул қилиб олган шахс ўлароқ, бутун вужуд ила берилиб кема ясамоқдалар. У зотнинг бу ҳаракатлари кофир қавмларга кулгили кўринди. У киши кема ясамоқдалар-у:
«Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар».
Кечагина, Пайғамбарман, Аллоҳдан менга ваҳий келди, деб юрган одам бугун нажжорлик қилиб кема ясаши улар учун кулгили эди. Лекин Нуҳ алайҳиссалом бу ишни ўзларича қилаётганлари йўқ. Кема ясаш ҳам Аллоҳнинг ваҳийси ила бўлмоқда. Шунинг учун у зот мутлақо жиддийлик билан ишламоқдалар ва мутлақо мустаҳкам ишонч ила:
«Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қиламиз», дедилар.
Чунки у зот Аллоҳдан келган ваҳий орқали ўзларининг қутулиб қолишларини ва масхара қилаётган кофирларнинг ғарқ бўлишларини яхши биладилар. Шунинг учун сўзларининг давомида:
«Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди».
Азоб кимга келади, бизгами, сизгами, ўшанда кўрамиз. Ана ўшанда ҳақиқий масхара қилиш вақти келади.
ТЎФОН
Мана, ўша вақт ҳам келди:
Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма) ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди». (Ҳуд сураси 40 оят)
Бунақа ҳолатларда ҳар-хил гаплар бўлиши аввалги тафсирларимизда айтилган. «Таннур» нима, катталиги қанча, фаввора қандай отилган, кемага нималар чиққану қандай чиққан, қайсиниси олдин чиққану, қайсиниси кейин чиққан ва ҳакозо гаплар кўп.
Бунга ўхшаш нарсалар эски пайтда «исроилиёт» деб номланмиш яҳудийларнинг қиссаларидан баъзи китобларимизга ўтиб қолганини муҳаққиқ олимларимиз алоҳида ўрганиб, исбот қилганлар. Бу ишларни тушунган ҳолда улардан иложи борича четланганимиз маъқул. Ишончли бўлмаган хабарга асоссиз турли ривоятларга суяниб, гапни кўпайтиришнинг ҳожати йўқ. Қуръони Каримда айтилганининг ўзи етарли. Тарих, жуғрофия илмларига келганда ижтиҳод қилиш эмас, аниқ маълумотлар керак.
Қуръони Карим эса, ҳидоят китоб бўлганидан асл эътиборни ибратга қаратган. Мисол учун, ушбу тўфон ҳодисасида бизга таннурнинг катталиги ёки ундан фаввора қандай отилиб чиққанлиги эмас, балки нима учун тўфон бўлиб, оламни босдию бу ҳодисадан қандай ибрат олишимиз кераклиги муҳим. Агар таннурнинг шакли ёки шунга ўхшаш бошқа маълумот биз учун зарур бўлганда Қуръони Каримда зикр қилинган бўларди.
Аллоҳ таоло ушбу оятда тўфон ҳодисасининг бошланишидан хабар бермоқда:
«Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда».
Яъни, тўфон бўлиши ҳақидаги фармонимиз келиб, таннурдан сув отилиб чиқа бошлаган вақтда Нуҳга хитоб қилиб дедик:
«У(кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма)».
Яъни, маҳлуқотларнинг ҳар туридан бир жуфтдан-бир эркак, бир урғочи (қилиб) ол, дедик. Шунингдек, аҳлинг-оила аъзоларингни ҳам ол. Магар, аҳлингдан олдин олмасликка, ҳалок бўлишига сўз кетиб қолганларини олма, дедик.
Нуҳ алайҳиссалом оиласидан ҳалок бўлишга сўз кетиб қолганлар-хотини билан бир ўғли. Уларни кемага олмасликни амр қилинди.
Шунингдек:
«ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик».
Бундан кейин Аллоҳнинг Ўзи:
«У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди», деб баён қилмоқда.
Ҳа, Нуҳ алайҳиссалом узоқ вақт-эллик санаси кам минг йил даъват қилишларига қарамай, саркаш қавмнинг озгинасидан бошқаси иймонга келмади. Шу сабаб ила бу тузалмас дардисарларни дунё танасидан бутунлай кесиб ташлаш учун Аллоҳ ҳаммасини ғарқ этишни ирода қилди.
«Ва у: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди». (Ҳуд сураси 41оят)
Яъни, Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганида, ўзлари билан олишлари керак бўлганларга қараб:
«Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур», дедилар.
Кеманинг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳнинг риояси ва ҳимояси остида бўлишига ишоратан айтилган гап. Яъни, қўрқманглар, қанчалик катта ва даҳшатли тўфон бўлса ҳам, бу кемага зарар қилмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи уни сақлашни зиммасига олган, демоқдалар.
«Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди».
Яъни, Аллоҳ кофирларни ғарқ қилиб, бутунлай йўқ қилиб юбораётган бўлса ҳам, У зотнинг мағфират қилувчилик ва раҳмлилик сифатлари барқарор, У бизларни-кемага чиқадиганларни мағфират қилади ва бизга раҳмдиллик кўрсатади, дедилар.
«Ва у (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди». (Ҳуд сураси 42 оят)
Тўфон даҳшатли тус олиб келарди. Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг, у кема уларни тоғлардек бўлиб мавж ураётган тўлқинлар устида олиб кета бошлади. Шу пайт Нуҳ алайҳиссалом ўғиллардан бирининг бир четда ажралиб турганини кўрдилар. Даҳшатли тўфондан-да оталик меҳрлари устун келиб:
«бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди».
Аммо оқпадар ўғил, ёшлик ғурури ила жавоб бериб:
«У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди». (Ҳуд сураси 43 оят)
Кофир бўлгандан кейин қийин экан. Улуғ Пайғамбар бўлмиш отанинг гапини эшитиб туриб ҳам, бостириб келаётган даҳшатли тўфонни кўриб туриб ҳам:
«Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди.
Кофир ўзи ўрганиб қолган тор доирада ўйлайди. Аллоҳнинг амри келганда одатдаги сабаблар иш бермай қўйишини хаёлига ҳам келтира олмайди. Аммо бу ҳақиқатни яхши англаган Нуҳ Пайғамбар алайҳиссалом эса, яна оталик меҳри ила мазкур ҳақиқатни болаларининг қалбига солишга ҳаракат қилиб:
«Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимни раҳм қилсагина (сақлар)», деди».
Аллоҳнинг азоби келгандан кейин, ҳеч кимни, ҳеч нарса қутқара олмайди. Тоғу тош ҳам, ундан бошқаси ҳам. Кофирларни тўфон балоси ила ҳалок этишга Аллоҳнинг иродаси кетган. Уларни бирортасини ҳам, ҳеч ким, ҳеч нарса қутқара олмайди. Илло, Аллоҳ Ўзи раҳм қилган бандаларини нажот кемасида қутқариб қолишни ҳам ирода қилган. Ота-боланинг гапи шу ерга етганида:
«ораларини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди».
Бошқа кофирларнинг барчасини ғарқ қилганидек, уни ҳам тўфон балоси олиб кетди.

ТЎФОН БИТДИ

Вақти-соати етиб, тўфон тинчиди. Дунёни сукунат босди.
«Эй ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди». (Ҳуд сураси 44 оят)
Ҳаммаси Аллоҳнинг амри ила бўлди.
Тўфон вақтида ўзига заррача сув сингдирмаган замин,
«Эй ер, сувингни ютгин» хитобига биноан ҳамма сувни ютди.
Тўфон вақтида тинмай жала қуйдириб турган само
«эй осмон, ўзингни тутгин» амрига биноан ўзини тутди.
Ундан бир томчи ҳам сув тушмай қолди.
«Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий(тоғи)га жойлашди».
Эски тафсир китобларимизда Жудий тоғи қаерда эканлиги ҳақида турли ривоятлар келтирилган. Лекин, аввал айтилганидек, илмий асосда исбот этилмагандир.
Ҳозир у тоғ бугунги Туркия ҳудудларида экани собит бўлди. Мазкур кеманинг қолдиқлари ҳам топилди.
«Ҳамда «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди».
Одатда, ёқмаган шахс ёки жамоадан қутулганда шунга ўхшаш гап айтилади. Кофирларни тўфон ғарқ қилиб, улардан мўминлар қутулганда шу гап айтилди.
Шу пайт Нуҳ алайҳиссаломнинг оталик меҳрлари яна жўш урди ва:
«Нуҳ Роббига нидо қилиб: «Роббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди». (Ҳуд сураси 45 оят)
Яъни, бу билан Нуҳ алайҳиссалом, эй Роббим, Сен менга аҳлингни қутқараман, деб ваъда берган эдинг, ўғлим аҳлимдан-ку, ўша боламни менга бергин, Ўзинг ҳикмат ила ҳукм чиқаргувчи зотсан, демоқчилар.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу нидоларига қуйидагича жавоб берди:
«У зот: «Эй Нуҳ, албатта у аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди». (Ҳуд сураси 46 оят)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло улуғ ҳақиқатни-кишилар орасидаги ҳақиқий боғлиқлик риштаси қон, ирқ, насл билан эмас, балки иймон билан эканлигини баён қилмоқда.
У зот Нуҳ алайҳиссаломга хитоб қилиб:
«Эй Нуҳ, албатта у аҳлингдан эмас», демоқда.
Яъни, у ўғлинг сенинг сулбингдан бўлгани, жигаргўшанг экани билан, аҳлинг эмас. Чунки:
«Албатта, у яхши амал эмасдир».
Яъни, унинг қилган иши яхши эмас. У кофирлик қилди. У кофирлиги билан сенинг аҳлингдан бўла олмайди. Иймони борлар сенинг аҳлинг бўлади.
«Ўзингнинг илминг бўлмаган нарсани зинҳор сўрамагин».
Ўғлингни аҳлимдан деб қутқаришни сўраганингдек.
«Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан, деди».
Билмаган нарсаларингни сўрайвериб, жоҳиллар қаторига қўшилиб қолмагин, дейман. Мисол учун, юқоридаги саволинг билан инсонлар орасидаги ҳақиқий алоқа иймон алоқаси эканидан, аҳл деганда кимни эътиборга олиш кераклигидан, Аллоҳ Ўз ваъдасини қандай бажарганидан бехабарга-жоҳилга ўхшаб кўриняпсан. Ҳолбуки, Аллоҳ иймонли қалблар ўртасидаги риштани ҳар қандай алоқадан устун қўяди, аҳл деганда, иймонли аҳлни кўзда тутади. Аҳлингни қутказишга ваъда берган бўлса, сенга ҳақиқий аҳл бўлганларни тўфон балосидан халос этиб қўйди.
Нуҳ алайҳиссалом шошилиб Аллоҳдан паноҳ сўради.
«У: «Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўлурман», деди». (Ҳуд сураси 47 оят)
Ўзини билган одам учун бир оғиз гап кифоя қилади. Нуҳ алайҳиссалом керакли хулосани чиқариб олдилар. Энди юқоридагига ўхшаш саволларни бермасликка қарор қилдилар. Ҳамда Аллоҳ таолодан мағфират ва раҳмат сўрадилар.
Аллоҳ таоло у зотга сўраган нарсаларини берди.
«Эй Нуҳ, Биздан Сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга бўлган тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бир оз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни Биздан бўлган аламли азоб тутар», дейилди». (Ҳуд сураси 48 оят)
Яъни, сенга ва иймонли умматларга биздан салом-тинчлик ва хайру баракотлар бўлади, кемадан тушиб, истиқомат қилаверинглар.
Аммо дунё ҳузурини кўзлаганлар бўлса, уларни бу дунёда истаган нарсалари билан бир оз ҳузурлантирамиз, лекин оқибатда уларни Биз томондан аламли азоб тутади.
Тарихчилар таъкидлашларича Нуҳ алайҳиссалом билан нажот кемасида саксон киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада бир юз эллик кун бўлганлар.
Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган биринчи пайғамбар бўлдилар.
Нуҳ алайҳиссалом ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлдилар.
Нуҳ алайҳиссалом пайғамбарларнинг шайхи номини олганлар.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида:
«Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз», деган.
Нуҳ алайҳиссалом энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар.
У зот тарихчиларнинг таъкидлашларича Маккаи Мукаррамада, масжидул ҳаромнинг яқинига дафн қилинганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳадича розияллоҳу анҳонинг ёшлари қирқда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари йигирма бешда эди. Ҳадичада йигирма беш ёшга тушиб келадиган қалб, давоми...

3265 17:00 / 03.08.2022
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужрани ўраб турувчи тўсиқнинг ичкаридан кўриниши.Кўриб турганимиздек, ўнг тарафда мис панжара давоми...

2867 09:00 / 15.06.2021
Қуръони Каримда Юнус алайҳиссалом Нисо, Анъом, Юнус ва ВасСаффот сураларида зикр қилинган. Анбиё сурасида эса .Зуннун,, Қалам сурасида .Соҳибилҳут, лақаби ила зикр давоми...

24676 15:50 / 28.04.2017
Қуръони Карим Исмоил алайҳиссаломнинг исмларини ўн марта тилга олган. У зот Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Иброҳим, Марям, Анбиё ва Сод сураларида зикр қилинганлар. давоми...

19081 15:51 / 28.04.2017