1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМ

15:57 / 28.04.2017 78518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръон Каримда Мусо алайҳиссалом 132 марта зикр қилинган. У зотнинг номлари Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф, Юнус, Ҳуд, Иброҳим, Исро, Каҳф, Марям, Тоҳо, Анбиё, Ҳаж, Мўминун, Фурқон, Шуаро, Намл, Қасас, Анкабут, Сажда, Аҳзоб, ас-Саффот, Ғофир, Фуссилат, Шуро, Зухруф, Аҳқоф, Зарият, Нажм, Соф, Назиат ва Аъла сураларида келган.
Мусо алайҳиссалом Улул азм пайғамбарлардан бирлари. У кишининг «калиймуллоҳ» лақаблари ҳам бор. Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётлари куфрга, исёнга, ширкка ва турли нобакорликларга карши кураш билан ўтган.

ҚИССА МУҚАДДИМАСИ

Бани Исроил Юсуф алайҳиссалом даврларида асл ватанидан Мисрга ҳижрат қилган эди.
Акалари Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаб кетганидан сўнг карвондаги йўловчилар у кишини топиб олиб, Миср азизининг вазирига сотишди.
Бориб-бориб Юсуф алайҳиссалом бош вазирлик мартабасига кўтарилдилар ва ота-оналари бошлиқ бутун халқини Мисрга чақирдилар.
Замон ўтиши билан улар шу жойда ўрнашиб, ўзларидан кўпайишиб, катта сонли халққа айландилар. Қавмларидан кўплаб Пайғамбарлар чиққани, қадимдан самовий динлар билан алоқада бўлиб, Пайғамбарлар келтирган ақида ва динга эгалиги туфайли Мисрнинг бутпарастлик динини ҳеч қабул этмас, айниқса, Фиръавн шахсига сиғинишни мутлақо истамас эдилар. Ўзини Худо ўрнига қўйган Фиръавн уларни айнан шу сабабли эзарди.
Шу билан бирга, илоҳий таълимот, илоҳий тузум ва илоҳий адолатдан хабари бор Бани Исроил қавмида Фиръавн ўз шахси, ҳукми ва худолик даъвосига қарши катта хавф-хатарни кўрарди.
Бани Исроилнинг ҳақиқатдан хабардорлигининг ўзиёқ Фиръавн учун катта ташвиш туғдирарди. Фиръавнга қолса, қани энди Бани Исроил ўзи билган ҳақиқатга амал қилмаса ва ўша ҳақиқатни ерли аҳолига ҳам ўргатмаса.
Шу мақсадда Фиръавн дастлаб уларнинг орасига тафриқа солди-ораларини бўлиб ташлади. Бани Исроилни эзиш сиёсатини олиб борди, ўзига сиғингани учун ерли аҳолини юқори қўйди. Сўнгра Бани Исроилни заифлаштириш йўлини ўйлаб топди. Ўғилларини сўйиш ва қизларини тирик қолдириш сиёсатини қўллади.
Шу йўл билан аста-секин Бани Исроилни ер юзидан умуман йўқотишни режалаштирди. Эркаклар йўқ бўлиб кетаверса, одам сони камаяди, аёлларни хоҳлаган кўйга солиш осон бўлади.
Бунинг учун баҳона ҳам топилди. Ривоятларда келишича, Фиръавн атрофидаги гумашта сеҳргар-фолбинлар подшоҳга, сенинг мулкингнинг заволи Бани Исроилдан келажакда туғиладиган бир ўғил боладир, деган хабарни етказишди.
Фиръавн мулкининг заволига чидай олмайди. Шунинг учун тахтига бўлган хавфни жонига бўлган хафвдан ортиқ кўради. Гарчи ўзи худолик даъво қилса ҳам, тахтига хавф солгани учун она қорнидаги ҳомиладан ҳам қўрқади.
Фиръавннинг гумашталари унинг бу заиф жойини яхши билишади. Шунинг учун Фиръавнга ёқмаган тоифанинг ҳомиладаги боласини ҳам унга ашаддий душман, тахтига кўз олайтирган қилиб кўрсатишга уринадилар. Келажакда Бани Исроилдан туғиладиган ҳар бир ўғил бола Фиръавн мулкининг заволи бўлиши мумкин. Шу боис, улар дарҳол ўлдирилсин, деган фармон чиқарди. Шу соатдан бошлаб, ҳар бир Бани Исроиллик ҳомиладор ёнида доя қўшилиб юрадиган бўлди. Аёл туғиши билан доя қарар, ўғил бола бўлса, хабар берар ва жаллодлар болани ўлдиришар эди. Шундай қилиб, Фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини юргизди.
Мусо алайҳиссаломнинг «Қасас» сурасида келадиган қиссалари худди шу маънодаги муқаддима ила бошланади:
«Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди. У ўша(ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади. Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди». (4 оят)
Фиръавн Миср подшоҳи. Мусо алайҳиссалом даврларида Рамсис II фиръавн бўлганини кўпчилик таъкидлайди. Фиръавн туғёнкор, золим ва худолик даъвосини қилган подшоҳдир. Қуръони Каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан фуқороларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат этган, кишиларга ўзини Робб сифатида кўрсатган, ўзига бўйинсунмай, уни айтганини қилмаган, унга қул бўлишни хоҳламаган одамларга чексиз зулм ўтказган ягона ҳокими мутлақ бу шахс мустабид подшоҳ ўлароқ тавсифланади.
Ушбу ояти каримадаги:
«Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетди», дегани Фиръавн бутун ер юзига ҳоким бўлган экан, деган маънони эмас, балки Миср ерида «баланд кетди»–такаббурлик қилди, туғёнга кетди, ҳаддан ошди, каби маъноларни беради.
«У ўша(ер)нинг аҳолисини бўлиб ташлади».
Ўзи ҳоким бўлган ер аҳолисини бўлиб ташлаш фиръавннинг одати. Чунки фиръавн фақат ўзини, ўз ҳаловатини, ўз тахтини ўйлайди. Тахтдан ажраб қолмаслик учун ҳар қандай пасткашликка боради. Аҳолини парчалаш эса, фиръавнга айнан тахтни мустаҳкамлаш, шахсий роҳатини таъминлаш учун керак. Чунки фиръавн аҳолини бўлиб ташлаб, бир-бирига қарши қилиб қўйса, улар бир-бирлари билан овора бўлиб, фиръавн билан ишлари бўлмайди. Фиръавн аҳолини турли тоифаларга ажратиб, уларни бир-бирига қарши этиб қўяди. Тоифалар орасида ҳам низо чиқариб, уларни ҳам бир-бирига қарши қўяди. Ўзига қайси тараф яхшироқ топинса, ўшани қувватлаб, бошқаларнинг томошасини кўриб, ҳукм сураверади.
Мусо алайҳиссалом даврларидаги Миср фиръавни ҳам шу йўлдан бориб, Миср аҳолисини бўлиб ташлаган эди.
«Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди».
Фиръавн эзган тоифа Бани Исроил эди. У Бани Исроилни заифлаштириш йўлини ўйлаб топди. Ўғилларини сўйиш ва қизларини тирик қолдириш сиёсатини қўллади. Шундай қилиб, Фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини юргизди.
«Албатта, у бузғунчилардан бўлган эди».
Фиръавн ер юзида катта кетиши у ернинг аҳолисини бўлиб ташлаб, шахсига сиғинганларни ўзига яқин олиши, бошқаларни эса, эзишни ирода этиши эди.
«Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни, уларни ворислар қилишни ва ер юзида уларга имконлар беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз». (5-6 оятлар)
Фиръавн хоҳлаган ишини ирода қилаверсин, унинг истаги ҳеч қачон амалга ошмайди. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам фақат Аллоҳ таолонинг истагани бўлади. Аллоҳ таоло нималарни истайди?
«Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни...» истаймиз.
Ҳа, Фиръавн зулмидан ер юзида эзилиб, унинг истибдоди остида азоб чекиб яшаган, оғир кунларни бошидан кечирган, ўғиллари сўйилиб, қизлари тирик қолдирилганларга Аллоҳ таоло беминнат неъмат беришни истайди. Ўшал неъматнинг сон-саноғини айтмайди. Миқдорини ҳам Унинг Ўзи билади.
«...уларни пешво қилишни...» истаймиз.
Эзилганлар ҳозир хору зор бўлиб юрган бўлсалар ҳам, келажакда уларнинг пешво, яхши ишларга бош-қош ва бошқаларни изига эргаштирадиган инсонлар бўлишини хоҳлаймиз.
«...ва уларни ворислар қилишни...» истаймиз.
Улар Фиръавн ва унинг одамларига у ҳалок бўлганидан кейин ер юзида ворис бўлиб қоладилар.
«...ва ер юзида уларга имконлар беришни...» хоҳлаймиз.
Ҳозир эзилаётганларга кейинчалик ер юзида турли имконлар бериб, куч-қувват, молу мулк ва бошқа имкониятлар берамиз.
«...Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар(Бани Исроил)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз».
Ҳомон-Фиръавннинг вазири. У ҳар доим Фиръавн қиладиган ёмонликларга бошу қош бўлиб келган.
Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарлари Бани Исроилдан нима учун қўрқар эдилар? Аниқки, мулкига завол етишидан қўрқар эдилар. Аллоҳ таоло улар қўрққан нарсани айнан Бани Исроил орқали кўрсатишни ваъда қилмоқда.
Ушбу муқаддимадан кейин бевосита Мусо алайҳиссалом қиссалари бошланади...

ХАБАР ВА БАШОРАТ

«Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла, қўрқма, хафа бўлма, Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз», деб ваҳий қилдик». (7 оят)
Уламоларимиз ушбу оятдаги «ваҳий»нинг илҳом маъносида келганини таъкидлаганлар. Чунки Мусо алайҳиссаломнинг оналари Пайғамбар бўлмаганлар, демак, у кишига ваҳий келмаслиги ҳам аниқ. Қолаверса, араб тилида, жумладан, Қуръони Каримда «ваҳий» сўзи Пайғамбарларга келган махсус хабардан бошқа маънода ҳам ишлатилади. Масалан, асаларига ваҳий қилдик, деган маъно ҳам бор.
Мусо алайҳиссалом ниҳоятда хатарли бир вақтда дунёга келганидан оналари нима қиларини билмай қолди. Фиръавннинг айғоқчилари янги туғилган гўдак ўғиллигини сезиб қолишса, уни онасидан тортиб олиб ўлдиришлари мумкин. Нима қилиш керак? Бирор чораси борми? Инсоннинг қўлида ҳеч қандай чора йўқ. Шунда Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашди.
«Ва Мусонинг онасига: «Уни эмизавер. Бас, (унга ёмонлик етишидан) қўрққан чоғингда уни дарёга ташла...» деб билдирди.
Барибир ўлиб кетади, деб болани ташлаб қўйма, уни эмизавер, ноумид бўлма. Агар уни Фиръавн одамлари ўлдиради, деб қўрқсанг, болани сандиққа солиб дарёга ташла.
«...қўрқма, хафа бўлма...»
Боламга нима бўлар экан, деб қўрқма. Жигаргўшамдан айрилиб қоляпман, деб хафа бўлма.
«...Биз, албатта, уни сенга қайтаргувчимиз ва Пайғамбарлардан қилгувчимиз, деб ваҳий қилдик».
Яъни, Биз болангни тезда ўзингга қайтарамиз ва уни ўзинг эмизасан. Келажакда эса, уни Пайғамбарлардан қиламиз.

МУСО ФИРЪАВН ОИЛАСИДА

Мусо алайҳиссаломнинг оналари кўнгилларига Аллоҳ таоло илҳом этган буйруқни бажардилар. Гўдакни сандиққа солиб, дарёга оқизиб юбордилар.
«Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар». (8 оят)
Ичига гўдак Мусо солинган сандиқ дарёдан оқиб бориб Фиръавн қасридаги боққа кирди.
«Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар».
Келажакда Мусо улғайиб, Фиръавн оиласига душман ва ғам-ғусса бўлишини Аллоҳ таоло ирода қилган эди. Фиръавн душман ва ғам-ғуссадан қутулишнинг барча чорасини кўрса-да, Аллоҳ Ўз иродаси ила душман ва ғам-ғуссани уларнинг ичларига солиб қўйди. Мусо ҳеч нарсага, ҳатто ўзига керак ғизони ҳам тановвул қила олмайдиган гўдак ҳолида душманнинг қоқ ўртасига келиб тушди.
«Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар».
Улар хато ишни била туриб қилар эдилар. Бундай одамлар ҳеч нарсадан қайтмайдилар. Шунинг учун ҳам Бани Исроилнинг янги туғилган ўғил болаларини ўлдиришдан ҳам қайтмадилар. Бундай одамлар ҳузурларига дарёда оқиб келган ўғил болани дарҳол ўлдиришлари турган гап эди. Шундай қилмоқчи бўлдилар ҳам. Аммо:
«Фиръавннинг хотини: «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар». (9 оят)
Одатда ҳеч қачон юмшамайдиган Фиръавнни Аллоҳ таоло энг нозик жойидан олди. Унинг хотинини ишга солди. Ўша хотиннинг қалбига гўдакнинг муҳаббатини жойлади. Фиръавннинг хотини:
«(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир», деди.
Жуда ҳам истараси иссиқ, мурғак гўдак экан, кўрган одамнинг кўзи қувонади, биз ҳам уни кўриб қувониб юрайлик, деди.
«Уни ўлдирманглар», деди.
Тирик қолсин. Боқиб, тарбия қилиб ўстирсак,
«Шоядки, у бизга фойда берса ёки уни бола қилиб олсак», деди».
Боқиб ўстирганимиздан кейин у бизга фойда бериши мумкин, эҳтимол, яхшироқ бўлса, ўзимизга бола қилиб олармиз, деди.
«Ҳолбуки, улар сезмасдилар».
Улар Мусони келажакда ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлишини (хотиндан бошқасига) сезмайдиган ҳолатда эдилар. Фиръавн хотинининг гапи билан гўдак Мусони ўлдирмай, боқиб олишга қарор қилдилар.

«ИЗИДАН БОР»

Дарёга боласини оқизиб юборган: «Мусонинг онасининг қалби бўшаб қолди. Мўминлардан бўлиши учун қалбини мустаҳкам боғламаганимизда, уни билдириб қўйишига сал қолди». (10 оят)
Она учун дунёда янги туққан боласидан ажрашдек мусибат йўқ. Мусо алайҳиссаломнинг оналари бошига ҳам ана шу ташвиш тушди. Лекин Аллоҳ таоло у кишининг қалбига сабр солди. Акс ҳолда, боласига меҳри қўзиб, у менинг болам, деб билдириб қўйиши мумкин эди.
Аллоҳ таоло у аёл Ўзига иймон келтириб, бало-офатларга ва синовларга чидайдиган мўминалардан бўлиши учун унга ўша фазилатни ато этди. Мусо алайҳиссаломнинг онаси сабр-тоқатли бўлди. Айни чоқда, Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлиб, мўминлик сифати ила жигаргўшасига қайта етишиш чорасини ахтара бошлади.
«У(она) у(Мусо)нинг опасига: «Изидан бор», деди. Бас, уни бир четдан кўрди. Ҳолбуки, улар сезмасдилар». (11 оят)
Мусо алайҳиссаломнинг оналари у кишининг опасига, қизим, укангнинг изидан бор, дедилар. Қиз аста паналаб бориб, сандиқни Фиръавн боғига оқиб кирганини, улар сандиқдан болани чиқариб олишганини ва бошқа ҳодисаларни кўрди. Фиръан аҳли эса бу ишларни сезмадилар.

ЭМИЗГУВЧИЛАРНИ ҲАРОМ ҚИЛИНДИ

«Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик. Бас, (опаси): «Мен сизларга уни сиз учун кафилликка оладиган ва унга насиҳатгўй бўлгувчи аҳли байтни айтиб берайми?» деди». (11 оят)
Аллоҳнинг ҳикматли тадбири олдида ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Аввал Фиръавн оиласи аъзолари қалбига Мусо алайҳиссаломнинг муҳаббатини солиб, гўдакни ўлдирмасдан, боқиб олиш учун қарор қилдирди. Энди улар мурғак Мусони эмизиш учун сутли аёл қидира бошладилар. Мусонинг опалари Фиръавн қасрига яқинлашганида, улар Мусога эмизувчи аёл топа олмай хуноб эдилар.
«Ва бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик».
Қанча эмизувчи аёлни келтирсалар ҳам, Мусо алайҳиссалом уларни эммадилар. Бу ҳол ҳам Аллоҳ таолонинг ҳикматли тадбири эди. Бундан хабар топган Мусонинг опалари Фиръавн оиласининг ҳеч нарсани сезмаганлигидан фойдаланиб:
«Мен сизларга уни сиз учун кафилликка оладиган ва унга насиҳатгўй бўлгувчи аҳли байтни айтиб берайми?» деди».
Сизларга уни эмизиб, боқиб, катта қилиб берадиган оилани кўрсатиб берайми, деди.
Бу таклифга аҳли Фиръавн жон деб рози бўлдилар.

МУСО ОНАСИГА ҚАЙТАРИЛДИ

«Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши, хафа бўлмаслиги ва, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик. Лекин кўплари буни билмаслар». (13 оят)
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли тадбири ила Мусо алайҳиссаломни оналарига қайтариб берди. Оятда таъкидланишича, бундан қуйидаги учта мақсад кўзланган эди:
1. «Бас, Биз уни онасига кўзи қувончга тўлиши»
Мусо алайҳиссалом ила оналарининг кўзлари қувониши. Ўзи туққан фарзандини бундай ҳодисалардан кейин яна қайта тирик ҳолда кўрган ҳар қандай онанинг кўзи қувонади.
2. «хафа бўлмаслиги»
Онанинг ўғли Мусо алайҳиссалом фироқи ила хафа бўлмаслиги. Ҳар қандай она ҳам жигаргўшаси фироқидан хафа бўлиши мумкин эди.
3. «албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билиши учун қайтардик».
Мусо алайҳиссаломнинг оналари Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини билишлари. Чунки аввал Аллоҳ таоло у аёлга, Биз уни сенга қайтаргувчимиз, деб ваъда берган эди. Ана ўша ваъдасини ҳақ ила амалга оширди. Ҳа, Аллоҳ таоло нимани ваъда қилса, уни албатта бажаради.
«Лекин кўплари буни билмаслар».
Лекин кофирлар, мушриклар, мунофиқлар ва иймони заиф кўпгина одамлар бу ҳақиқатни билмайдилар.

МУСОГА ҲИКМАТ ВА ИЛМ БЕРИЛДИ

Шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом оилаларидан айрилмаган ҳолда Фиръавннинг қасрида тарбия топа бошладилар.
«Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик. Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз». (14 оят)
Биз «вояга етиб» деб таржима қилган «балаға ашудда» иборасини араблар жисмоний жиҳатдан вояга етиш, «мукаммал бўлганида» деб ўгирган «иставо» сўзини ақлий жиҳатдан камолга етиш, деб тушунадилар.
Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Вояга етиш ўн саккиздан ўттиз ёшгача, мукаммал бўлиш ўттиздан қирққача», деган эканлар.
Ана шу маъноларни эътиборга олиб, баъзи тафсирчи уламоларимиз, Мусо алайҳиссалом ушбу оятда васф қилинган пайти ўттиз ёшлар атрофида бўлганлар, деб тахмин қилишади.
«Қачонки у вояга етиб, мукаммал бўлганида, унга ҳикмат ва илмни бердик».
Мусо алайҳиссалом жисмоний, ахлоқий ва руҳоний томондан ана шундай мукаммал ҳолга етганларида, Аллоҳ таоло у кишига ҳикмат ва илм берди. Ана шу марҳамат зикридан кейин эса, Аллоҳ таолонинг:
«Биз яхши амал қилгувчиларни шундай мукофотлармиз», деганидан Мусо алайҳиссалом аввал ҳам яхши амаллар қилганликлари келиб чиқади.

ЎЗ ГУРУҲИДАН БЎЛГАНГА ЁРДАМ

«Ва у шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди. Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди. Бас, ўз гуруҳидан бўлган душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради. Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди. У(Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди». (15 оят)
Кунлардан бир куни сафардан қайтган Мусо алайҳиссалом:
«Шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатдалик пайтда кирди».
Шаҳардан мурод пойтахтдир. Шаҳар аҳолиси ғафлатда бўладиган пайт эса, туш вақтидир. Иссиқ юртларда, жумладан, Мисрда ҳам туш пайти шаҳар ва қишлоқ аҳолиси кундузги уйқуда бўладилар. Аҳолиси ғафлат уйқусида ётган пайтда шаҳарга кириб келган Мусо алайҳиссалом:
«Унда уришаётган икки кишини кўрди. Буниси ўз гуруҳидан, униси эса, душманларидан эди».
Мусо алайҳиссалом бири ўз қавми–Бани Исроилдан, иккинчиси душман–Фиръавн қавмидан бўлган икки кишининг уришаётганини кўрдилар.
«Бас, ўз гуруҳидан бўлгани душман бўлганга қарши ундан ёрдам сўради».
Бани исроиллик киши Мусо алайҳиссаломдан қибтийга қарши ёрдам сўради. Шундан кўриниб турибдики, Мусо алайҳиссалом қавмлари ичида эзилганларга ҳар доим ёрдам бериб юрганлар. Шунинг учун ҳам ҳалиги Бани Исроиллик у зотни кўриши билан дарҳол ёрдам сўради. Мусо алайҳиссалом рози бўлдилар. Қибтийга яқин бордилар ва: «Шунда Мусо уни бир мушт уриб ўлдириб қўйди».
Бу ҳол Мусо алайҳиссалом ёш ва жуда бақувват бўлганларини кўрсатади. Катта одамни бир мушт билан ўлдириб қўйиш осон эмас.
Мусо алайҳиссалом қибтийни умуман ўлдирмоқчи эмас эдилар. Унинг ўлиб қолганини кўриб қаттиқ афсусландилар.
«У(Мусо): «Бу шайтоннинг ишидир. Албатта, у очиқ-ойдин душман ва йўлдан оздиргувчидир», деди».
Мусо алайҳиссалом бу кўнгилсиз ишни шайтонга нисбат бердилар ва шайтон инсон учун очиқ-ойдин душман ҳамда йўлдан оздирувчи эканини таъкидладилар. Айни чоқда:
«У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди. Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир». (16 оят)
Мусо алайҳиссалом бехосдан бировнинг ўлимига сабаб бўлишларини ўзларига зулм қилганлик деб баҳоладилар ва Аллоҳ таолога илтижо этиб:
«Эй Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил», деди.
Банда хатосига иқрор бўлиб, Аллоҳдан чин қалбдан мағфират сўраса, Аллоҳ уни дарҳол кечиради. Мусо алайҳиссалом ҳам мағфират сўрадилар.
«Шунда У зот уни мағфират қилди. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи, меҳрибондир».
Ундан ўзга ҳеч кимнинг бандаларни мағфират қилишга ҳаққи йўқ.
«У: «Эй Роббим, менга берган неъматнинг ҳаққи-ҳурмати ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деди». (17 оят)
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг мағфиратини ўзларига неъмат деб билдилар. Шунга ва Аллоҳ берган куч-қувват, ақл-заковат каби бошқа неъматларга шукр этиб, уларни фақат яхшиликка ишлатишга аҳду паймон қилдилар.
Ўзини билган одамга сал кўнгилсиз воқеа ҳам катта мусибат бўлиб кўринади ва ҳаётида катта ўзгаришга сабаб бўлади.
«Бас, у эрталаб шаҳарда қўрққан ҳолида, аланглаб кетаётган эди, бирдан кеча ундан ёрдам сўраган яна ёрдам сўраб қичқириб қолди. Мусо унга: «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан», деди». (18 оят)
Кўнгилсиз воқеа бўлган куннинг эртасига Мусо алайҳиссалом қилмишларининг оқибатини ўйлаб:
«эрталаб шаҳарда қўрққан ҳолида, аланглаб кетаётган эди...»
Мусо алайҳиссалом тавба қилиб, тавбалари қабул бўлган, энди ундай ишларни такрорламасликка аҳд этган бўлсалар ҳам, барибир одамлардан, аниқроғи, Фиръавн ва унинг қавмидан бу ҳодисага акс-садо келишидан хавфлари бор эди. Шунинг учун ҳам эртаси эрталаб, бирор хабар тарқалмадимикан, деб қўрққан ҳолларида, атрофга аланглаб, ҳар бир нарсадан ҳадиксираб борар эдилар...
«...бирдан кеча ундан ёрдам сўраган яна ёрдам сўраб қичқириб қолди».
Кеча қибтий билан уришаётиб Мусо алайҳиссаломни ёрдамга чақирган Бани Исроиллик бугун яна бошқа бир қибтий билан уришаётган экан, у Мусо алайҳиссаломдан яна ёрдам сўраб қичқириб қолди. Кечаги воқеадан таъсирланиб, унинг оқибати нима бўлар экан, деб ҳадиксираб бораётган Мусо алайҳиссалом бу ҳолни кўриб ва чақириқни эшитиб, уришқоқ қавмдошларидан хафа бўлдилар ва:
«Мусо унга: «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан», деди».
Сенинг ҳадеб жанжал чиқараверишингнинг ўзи гумроҳлигингдандир, бундай ишлар нафақат сенга, балки умуман қавмимизга яхшилик келтирмайди, кеча бўлар иш бўлган эди, энди буниси нима, демоқчи эдилар. Шундай бўлса-да, мазлум халқининг, мазлум вакилига золимларга қарши яна бир бор ёрдам бермоқчи бўлдилар ва:
«Қачонки икковларига душман бўлганни тутмоқчи бўлган эди, у: «Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби, мени ўлдирмоқчимисан?! Сен ер юзида фақат жаббор бўлишни истарсан ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамассан», деди». (19 оят)
Ҳа, ортиқча зулм одамларга қаттиқ таъсир ўтказади. Бепарво, ҳимматсиз кишилар, умуман, одамгарчиликдан чиқиб кетади. Ҳассос ва ҳимматли кишиларнинг эса, асаби таранглашади. Золим, мустабид ҳоким шахсига сиғинишга асосланган жамиятда турли маънавий ўлчовлар ҳам тескарисига айланиб қолади.
Мусо алайҳиссалом кечаги ишдан қаттиқ афсусланиб, бунга ўхшаш ишларни бошқа қилмасликка аҳд этган, кечаги иш оқибатидан хавфсираб, қабиладошларини «Албатта, сен очиқ-ойдин гумроҳсан», деб айблаб турган бўлсалар ҳам, ҳассос ва ҳимматли инсонликлари, зулмга қарши вужудлари қаҳру ғазабга тўлалиги сабабли чидаб тура олмадилар. Золимга қарши чиқишдан ўзларини яна тўхтата билмадилар.
«Қачонки икковларига душман бўлганни тутмоқчи бўлган эди...»
Яъни, ўзига ва Бани Исроилликка душман бўлган қибтийни тутмоқчи бўлган вақтларида ўша қибтий:
«Эй Мусо, кеча бир жонни ўлдирганинг каби мени ўлдирмоқчимисан?!» деб қолди.
Демак, унинг кечаги воқеадан хабари бор. Ўз-ўзидан, у қандай қилиб хабар топди, деган савол пайдо бўлади. Бунга тахминий иловалар кўп. Балки ўша қибтий билан уришаётган Бани Исроиллик айтгандир. Эҳтимол, иккови орасидаги уриш кечаги уриш сабабли чиққандир. Чунки мазлум кишилар золимларга озгина зарар етказса ҳам, бениҳоят хурсанд бўлиб кетадилар. Ҳеч ким билмасин, деб хабарни бир-бирларига айтаверадилар. Агар душман билан тортишиб қолсалар, уларга ҳам навбат келиб қолганини, кеча фалон жойда, фалон воқеа бўлганини ҳам айтиб берадилар. Бу сўзамоллар ўзларининг бу гапларидан бошқа мазлумларга фойда борми, йўқми эканига эътибор бермайдилар. Модомики золимга оз бўлса ҳам зарар етибдими, гапириш керак, деб ўйлайдилар. Ана шу эътибордан Бани Исроиллик билан уришиб турган қибтий ўзини ушламоқчи бўлган Мусо алайҳиссаломнинг кечаги ишларидан хабардор бўлиши ҳеч гап эмас. Золимга мазлумнинг ўзига қарши чиқиши суиқасд бўлиб кўринади. Кибтий Мусо алайҳиссаломни суиқасдда айблади ва кеча нохосдан бўлган ишни юзларига солди. Лекин бу билан кифояланмади. У кишини айблашда давом этди:
«Сен ер юзида фақат жаббор бўлишни истайсан ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамайсан», деди».
Зулм, ситам ва истибдод кучайган, шахсга сиғиниш авж олган юртда маънавий қадриятлар мезони ўзгариб қолишини қибтийнинг шу гапидан кўрса бўлади. Унинг фикрича, бутун бошли бир халқни қул қилиб олган, уларни эзиб, ўғил болаларини сўйиб, қизларини тирик қолдириб, оғир ишларда ишлатаётган Фиръавн одил ва меҳрибон зот, уни жаббор ва бузғунчи дейиш гуноҳи азим, аммо қулликка қарши бош кўтарган, мазлум қабиладошини ўлимдан қутқариш учун ҳаракат қилиб, билмасдан, нохос бир золимни ўлдириб қўйган Мусо алайҳиссалом «жаббор» ва ислоҳ қилгувчилардан бўлишни истамай»диган одам эмишлар.
Том маънода фиръавнлар ҳукмрон бўлган жамиятда ана шундай вазият вужудга келади. Фиръавнлар ва унинг гумашталари қилган зулм, истибдод айни адолат, халқ манфаати йўлида кўрилган чора бўлиб, унга ҳамду сано ва мақтовлар айтилаверади-ю, аммо бирорта мазлум ўз ҳаққини талаб қилиб қолса, уни дунёдаги энг катта жиноятчи, ҳаддидан ошган золим, исёнкор, ношукр, деб айбланади.
Бу сафар Мусо алайҳиссаломга нисбатан ҳам худди шундай муносабатда бўлинди.
Баъзи муфассирларимиз, мазкур итоб гапларни қибтий эмас, Бани Исроиллик айтган, дерлар. Мусо, сен ўзинг гумроҳ экансан, деб унга қараб юрганларида, мени ўлдиргани келяпти, деб қўрқиб кетганидан айтган, дерлар. Лекин кўпчилик уламолар аввалги фикрни қувватлашади.
Шу билан бу ҳодиса ҳам тугаб, ҳамма тарқалиб кетди.

«ЭЙ МУСО АЪЁНЛАР СЕНИ ЎЛДИРИШ УЧУН ТИЛ БИРИКТИРМОҚДАЛАР

«Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошиб келиб: «Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, чиқиб кет! Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди». (20 оят)
Шаҳар четидан шошиб келган бу киши Фиръавн қавмидан бўлиб, иймонга келган-у, аммо иймонини яшириб юрган одам эканлиги бошқа сурадаги оятда айтилган. Ўша одам:
«Эй Мусо, аниқки, аъёнлар сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар», деб хабар етказади.
Фиръавн тузумида Мусо алайҳиссаломга ўхшаш зулмга қарши бош кўтарган бир одамнинг чиқиб қолиши ҳам катта таҳдид бўлиб кўринди. Фиръавннинг атрофидаги гумашталар, аъёнлар зулмга қарши чиққан ўша исёнкорни дарҳол йўқ қилиш учун тил бириктира бошладилар.
Умуман, фиръавнлар тузумида ҳам оз бўлса-да, иймонли кишилар топилди. Аммо улар тузумдан қўрққанларидан иймонларини беркитиб юрардилар. Улар тузум ичида юргани учун унинг сирларидан хабардор бўлишлари турган гап. Баъзи сирлардан хабар топганларида, айниқса, иймон аҳлига қарши аъёнларнинг тил бириктирганини билганларида, иймонлари тақозоси билан, бу ҳақда иймонлиларга яширин хабар беришни, уларга йўл-йўриқ кўрсатишни, насиҳат қилишни бурчлари деб билардилар.
Фиръавн қавмидан бўлган мазкур мўмин киши ҳам худди шундай қилди. Фиръавн аъёнлари Мусо алайҳиссаломни ўлдириш учун тил бириктираётганларидан хабар топиши билан шаҳар четидан шошилиб келиб Мусо алайҳиссаломга ўша хабарни етказди ва у кишига йўл кўрсатиб:
«Бас, чиқиб кет!» деди.
Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссалом чиқиб кетмасалар, бўлмас эди. Худолик даъво қилаётган подшоҳ Фиръавн ва унинг аъёнлари, аскарлари ҳамда қавми–ҳамма-ҳаммасига қарши ёлғиз ўзлари туришлари имконсиз нарса эди. У кишининг у ерда қолишлари ўзларига зулм бўлар, шу билан бирга, Фиръавнга қарши кураш истиқболини беркитиб қўяр эди. Шунинг учун мўмин кишининг насиҳати тўғри эди. У буни тасдиқлаши ниятида:
«Албатта, мен сенга насиҳат қилгувчиларданман», деди».
Ҳалиги кишидан бу хабарни эшитган Мусо алайҳиссалом,
«Бас, хавфсираб, аланглаган ҳолда у ердан: «Эй Роббим, менга золим қавмлардан нажот бергин», деб чиқди». (21 оят)
Ҳа, Мусо алайҳиссалом золим қавмларнинг зулмидан қочиб, туғилган ерлари, ота-она, қариндош-уруғлари–ҳамма-ҳаммасини ташлаб, ёлғиз бошларини олиб, ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.
Кечагина Фиръавннинг эркатойи бўлган, айтгани айтган, дегани деган, ҳамма унинг бир оғиз сўзига интизор бўлиб турган зот бугун юртидан, халқи ичидан қўрқиб-хавфсираб, биров кўриб қолмаяптимикан, деб атрофга аланглаб, номаълум томонга, номаълум халқ ичига кетмоқда эди.
Бу ҳолат у кишининг ҳақиқат учун курашгани, зулмга қарши бош кўтаргани туфайли, Фиръавн шахсига эмас, Аллоҳ таолога сиғингани сабабли юз берди.
Аллоҳга иймон келтирган одам, доимо Аллоҳга топинади, доимо ёлғиз Аллоҳдангина ёрдам сўрайди.
Мусо алайҳиссалом ҳам шундай қилдилар.
«Эй Роббим, менга золим қавмлардан нажот бергин», деб чиқди.
Ҳа, мўминларга Аллоҳ таолонинг ўзи нажот беради. Уларни золим қавмлар зулмидан Аллоҳ таолонинг Ўзи қутқазади. Шунингдек, уларни тўғри йўлга ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи бошлайди.

МАДЯН ТОМОН ЮЗЛАНИШ

Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом:
«Қачонки Мадян томон юзланганида: «Шоядки Роббим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса», деди». (22 оят)
Мусо алайҳиссалом ёлғиз ўзлари чексиз саҳрода нотаниш жойлар томон, бу машаққатли сафарга умуман тайёргарлик кўрмасдан кетмоқда эдилар. Иймонини беркитган мўмин кишининг кутилмаган ташвишли хабаридан сўнг, дарҳол йўлга тушишга мажбур бўлган эдилар.
У киши ўзлари билмаган ҳолда Мадян номли жойга қараб бормоқда ва йўл-йўлакай Аллоҳдан умидларини узмай:
«Шоядки, Роббим мени тўғри йўлга ҳидоят қилса», деб илтижо этмоқда эдилар.
У киши алайҳиссалом ана шундоқ илтижо ила юриб кетдилар.
«Қачонки Мадян сувига етиб келгач, бир тўп одамларнинг ҳайвонларини суғораётганини кўрди ва улардан бошқа (қўйларини сувдан) қайтараётган икки аёлни кўрди. У: «Сизларга не бўлди?» деди. Улар: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол», дедилар». (23 оят)
Мусо алайҳиссалом узоқ йўл юриб, хориб-чарчаб Мадян сувига етиб бордилар. Албатта, чўл жойларда сув қудуқда бўлади. Мусо алайҳиссалом Мадян қудуғидан бир тўп одамлар ҳайвонларини суғораётганларини, шунингдек, бир четда икки аёлнинг сувга интилаётган ҳайвонларини қайтариб турганини ҳам кўрдилар.
Ҳимматли ва ҳассос эркакларга хос табиатлари жўш урган Мусо алайҳиссалом бу ҳолни сингдира олмади. Аслида, эркаклар аёлларни ҳурмат қилишлари, аввал уларнинг ҳайвонларини суғориб беришлари керак эди. Аммо бу ерда иш тескарича бўлмоқда. Эркаклар талашиб-тортишиб ҳайвонларини суғормоқдалар, нозик, кучсиз аёллар тортиниб, сувга ўзини ураётган ҳайвонларини қайтариб ҳалак бўлмоқдалар.
Доимо ҳақиқат учун курашиб келган, ҳақсизликка чидамайдиган Мусо алайҳиссалом бу сафар ҳам томошабин бўлиб тура олмадилар. У киши икки аёлга савол бериб:
«Сизларга не бўлди? деди».
Сизларга нима бўлдики, аёл бошингиз билан ҳайвонларни суғоргани келибсиз? Сизларга нима бўлдики, сувга ўзини ураётган ҳайвонларингизни қайтармоқдасиз?
Шунда аёллар мўминаларга хос иффат ва одоб билан жавоб бердилар. Ҳайвонларини сувдан қайтариш ва бу ерга келишга мажбур бўлиш сабабларини айтдилар.
«Улар: «Чўпонлар қайтмагунларича суғора олмаймиз, отамиз қари чол», дедилар».
Кучли-қувватли эркак чўпонлар билан талашиб-тортишишга одобимиз йўл қўймайди, кучимиз ҳам етмайди. Шунинг учун улар суғориб бўлгунча бир четда, ҳайвонларимизни сувдан қайтариб туришга мажбурмиз. Аслида, бизнинг бу ерга келишимиз тўғри эмас, аммо отамиз қари чол, ҳайвонларни суғора олмайди.
Шунда Мусо алайҳиссалом одобли, қадрини билган эркак сифатида иш тутдилар.
«Бас, икковларига (ҳайвонларини) суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва «Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», деди». (24 оят)
Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларининг эркак кишилик бурчи, деб билдилар.
«Сўнгра сояга қайтди...»
Демак, кун иссиқ экан. Аввал ҳам сояда ўтирган эдилар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, ҳориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб уларга ёрдам бердилар. Қайтиб бориб яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар. Яна муҳожирлик ғурбатини ҳис этдилар. Ёлғизнинг ёри худо, деб яна Роббул Оламийнга илтижо қилиб:
«Эй Роббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», дедилар.
Чунки у кишининг ҳеч кими ва ҳеч нарсаси йўқ эди. Ёлғиз ўзлари. Ёнларида ҳамроҳ ҳам, егани бир бурда нон ҳам, ётгани жой ҳам йўқ. Буларнинг бўлишидан дарак ҳам йўқ. Фақатгина Аллоҳ бор! Шунинг учун Аллоҳнинг Ўзига ёлбордилар. Нима яхшилик туширсанг, ўшанга муҳтожман, Сендан бошқа умидим йўқ, дедилар.
Ҳамма нарсани кўриб тургувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг бу ҳолларини ҳам кўрди.
Ҳамма нарсани эшитиб тургувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг бу илтижоларни ҳам эшитди.
Барча мушкулларни осон қилгувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг мушкулларини ҳам осон қилди.

«ҚЎРҚМА, ЗОЛИМ ҚАВМЛАРДАН НАЖОТ ТОПДИНГ»

«Бас, икковларидан бири ҳаё билан юриб келиб: «Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди. Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди». (25 оят)
Ўйга толиб ёлғиз ўтирган Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳалиги икки аёлнинг бири уялибгина келиб:
«Отам сенга бизларга суғориб берганинг ҳаққини бериш учун чақирмоқда», деди».
Албатта, ҳайвонларни осонлик билан суғориб уйга одатдагидан эрта қайтган қизлар билан қари оталари орасида суҳбат бўлиб ўтган. Қизлар отасига ҳайвонларини суғориб берган ғариб йигит ҳақида, унинг мардлиги, шижоатлиги, яна ўзи ёлғиз сояда ўтириб қолганлиги ҳақида сўзлаб беришган. Ўшанда оталари қизлардан бирини ўша ғариб йигитни чақириб келиш учун юборади. Мусо алайҳиссалом бу чақириқни қабул қилиб, чолнинг олдига борадилар.
«Қачонки унга келганида ва қиссани айтиб берганида, у: «Қўрқма, золим қавмлардан нажот топдинг», деди».
Мусо алайҳиссалом уй эгасига бошларидан ўтган қиссани гапириб бердилар. Кўпни кўрган тажрибали чол у кишининг кўнглини кўтариб, қўрқма, энди қутулиб кетдинг, деган маънони айтди.
«Икки(қиз)дан бири: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди». (26 оят)
Мўйсафид чолнинг оиласида тарбия топган қизлар билимдон, ақлли, доно, сермулоҳаза ва иффатли бўлиб ўсганлари кўриниб турибди. Оталари қариб қолгани, уйда бошқа эркак киши йўқлигидан қизлар ҳайвонларни ўзлари боқишга, суғоришга, эркакларга арлашишга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳол жуда ҳам ноқулай. Ёш, бақувват ва ғариб бир йигитнинг пайдо бўлиб қолиши уларнинг оиласидаги чўпонлик муоммосини ҳал қилишга қулай фурсат эди. Шунинг учун қизлардан бири отасига таклиф киритиб:
«Эй отажон, уни ишга ёллаб ол», деди.
Яъни, отасига Мусо алайҳиссаломни чўпонликка ёллаб олишни таклиф қилди. Кейин нима учун Мусо алайҳиссаломнинг номзодини кўрсатганини шарҳлаб:
«Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди.
Бу гапдан ҳам қиз олий савияли одоб соҳибаси экани кўриниб турибди. Гапни Мусо алайҳиссаломга эмас, учинчи шахсга қаратиб, ишга ёлланадиган энг яхши одам қандай бўлиши кераклиги ҳақида гапирмоқда. Зотан, ҳайвонларини суғориш ва оталарининг амри билан Мусо алайҳиссаломни чақириб келиш пайтида, у кишининг кучли ва ишончли одам эканини сезишган эди.
Шундай оқила ва фозила қизларни тарбиялаган отанинг жуда маданиятли ва одобли киши бўлиши турган гап. Қизининг таклифи маъқул келганидан кейин бу ҳақда Мусо алайҳиссаломга мурожаат қилиб:

ИККИ ҚИЗИМДАН БИРИНИ СЕНГА НИКОҲЛАБ БЕРМОҚЧИМАН

«У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди». (27 оят)
Бу гаплардаги одоб, соддалик, очиқлик киши қалбини қувончга тўлдиради. Қизларининг бирида ғариб йигитга нисбатан рағбат борлигини сезган ота масалани жўнгина ҳал қилди. Мусо алайҳиссаломга мен сенга яхшилик қилай, ҳеч киминг йўқ, бечора мусофир экансан, мардикор бўлиб қўйларимни боқиб юр, бир кунингни кўрарсан, демади. Балки ишга таклиф қилишнинг ажойиб услубини қўллади.
«У: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан, шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман...», деди.
Айни чоқда, Мусо алайҳиссаломдек йигитни куёв қилиб олиш имконини ҳам қўлдан чиқармади.
«..агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг».
Бизга фазлу карам кўрсатган бўласан.
«Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман».
Ҳамма нарса содда, оддий ва осон бўлишини истайман.
«Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», деди.
Яъни, мен айтган гапимда тураман, нолойиқ хатти-ҳаракат қилмайман, деди.
Тафсирчи уламоларимиз бу доно, улуғ ёшдаги киши ким эканлиги ҳақида ҳар хил фикрлар айтганлар. Фикрларнинг турлича бўлишига асосий сабаб у одамнинг кимлиги Қуръони Каримда ҳам, саҳиҳ ҳадисларда ҳам очиқ-ойдин айтилмаганидир.
Мўътабар тафсирчиларимиздан Ҳофиз ибн Касир тафсирларида ўзларидан олдинги уламоларнинг кўплари, бу улуғ ёшли киши Пайғамбар Шуайб алайҳиссалом деса, бошқалари, у киши эмас, деганларини, баъзилари, у киши Шуайб алайҳиссаломнинг укасининг ўғли эди, деса, учинчи бирлари, Шуайб қавмидан бир мўмин киши эди, деганларини айтадилар.
Сўнгра ўша киши Шуайб алайҳиссалом эди ва у киши эмас эди, деганларнинг ҳужжат ва далилларини келтирадилар.
Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўтган тафсирчилар бу масалада асосан икки гуруҳга бўлинадилар: бир қисмлари ўша кишини Шуайб алайҳиссалом эмас эди десалар, қолганлари, Шуайб алайҳиссалом эди, дерлар.
Мусо алайҳиссаломга қайинота бўлган шахсни Шуайб алайҳиссалом дейдиган уламолар у кишининг Мадянлик эканлигига, ҳикмат билан тасарруф қилганига ва баъзи ривоятларда ўша одам Шуайб алайҳиссаломга нисбат берилганига суянадилар.
Мухолифлар эса, аввало, мазкур шахсни Шуайб алайҳиссалом деб атаган ривоятлар кучсиз эканини, уларга суяниб бўлмаслигини айтадилар. Кейин эса, Қуръонда тилга олинмагани у одамнинг Шуайб алайҳиссалом эмаслигини кўрсатади, чунки у кишидек катта Пайғамбар номининг тилга олинмаслиги мумкин эмас эди, дерлар.
Энг асосийси, тарихда, Қуръонда собит бўлишича, Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломдан жуда аввал, Лут алайҳиссаломга яқин даврда яшаганлар. У киши Иброҳим алайҳиссалом даврларида, яъни, Мусо алайҳиссаломдан тўрт юз йил олдин ўтганлар. Шуайб алайҳиссалом қариган чоғларида қавмлари ҳалокатидан сўнг, фақат мухлис мўмин кишилар билан қолганлар, улар ҳеч қачон Пайғамбарларини қаровсиз қўйиб, ўз ҳайвонларини унинг қизларига навбат бермай суғоришлари мумкин эмас, каби далилларни келтирадилар.
Нима бўлганида ҳам Мусо алайҳиссалом доно мўйсафиддан юқоридаги таклифни қабул қилдилар.
«У(Мусо): «Бу мен билан сенинг орамиздадир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга тажовуз қилинмас. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир», деди». (28 оят)
Яъни, сен айтган таклиф иккимиз орамиздаги шартномадир. Икки муддатдан-саккиз ёки ўн йилдан қайси бирини адо қилсам, мен ўзим биламан. Айтган гапимизга, тузган шартномамизга Аллоҳ шоҳиддир, дедилар.
Ана шундай қилиб, Мусо алайҳиссалом ўз давридаги энг катта давлат саройи амиридан энг катта чўлларнинг чўпонига айландилар. Энг забардаст подшоҳнинг кўз қувончи, боқиб олган ўғлидан, энг заиф, ўрнидан қимирлаши қийин мўйсафиднинг мардикорига айландилар.
Аммо буюк кишиларни бу мансаб ва меҳнатлар баландга ҳам кўтара олмайди, пастга ҳам тушира олмайди. Бундай ҳолатлар уларнинг кимлигини синайди, улардаги мардлик, мурувват, сабр-матанот ва бошқа етуклик сифатларини яна бир бор намойиш қилади. Ҳеч шубҳа йўқки, Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётларидаги бу муҳожирлик, ғариблик, ёлланма ишчилик босқичи ўзига хос тааммул, тафаккур даври, ўтган ҳодисаларни қайта баҳолаб чиқиш, келажакка режа тузиш ва мустақбалда елкага тушажак оғирликларни кўтаришга тайёргарлик босқичи бўлган эди.

МУСО МУДДАТНИ ТУГАТИБ, АҲЛИ БИЛАН ЙЎЛГА ТУШДИ

«Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлга тушиб кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди. У аҳлига: «Туриб туринглар, аниқки, мен узоқдан оловни кўрдим. Балки у ердан сизга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди». (29 оят)
Мусо алайҳиссалом қайинотаси билан келишган муддатни ўтаб, аҳли аёлларини олиб Мисрга қайтиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда, Сийна ярим оролидаги Тур тоғига яқинлашганда, тоғ томонда узоқдан бир олов ёниб турганини кўрдилар.
Шунда аҳли аёлларига, сизлар шу ерда:
«Туриб туринглар, аниқки, мен узоқдан оловни кўрдим. Балки у ердан сизга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди».
Ва ўша олов кўринган томон қараб кетдилар.

МУҚАДДАС ТУВО ВОДИЙСИДА

Инсоният тарихидаги нодир ҳодиса ҳисобланган Туво водийсидаги ушбу сўзлашувни энг батафсил равишдаги баёни «Тоҳо» сурасида келган.
«Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо.
Албатта, Мен Ўзим, сенинг Роббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».
(11-12 оятлар)
Мусо алайҳиссалом олов кўринган маконга чўғ олиш ёки йўл билиш учун келган эдилар. Ўзлари билмаган ҳолда истаганларидан кўра хайр-баракотга–ҳидоят ва саодатга йўлиқдилар. У зот оловга яқинлашиб келганларида, Аллоҳ таоло нидо қила бошлади:
«Эй Мусо, албатта, Мен Ўзим, сенинг Роббингдирман».
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга фаришта юбормай, бевосита Ўзи нидо қилди. Мен, сенинг Роббингман, деб очиқ-ойдин айтди. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссаломнинг «Калимуллоҳ–Аллоҳ билан гаплашган» деган лақаблари бор.
«Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан».
Ҳозир сен ушбу муқаддас жойда туриб, Роббил Оламийн ила гаплашасан, шунинг учун пок бўлиб, турли ерларни босиб келган оёқ кийимларингни ечиб, тайёрланиб тур.
«Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос». (13 оят)
Яъни, Мен сени Пайғамбарликка танлаб олдим. Ҳозир сенга ўша Пайғамбарлик вазифаларингни ваҳий орқали юбораман. Ваҳийга қулоқ сол.
«Албатта, Мен Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт». (14 оят)
Яъни, бу дунёда ибодатга сазовор бирдан-бир зот Мен Ўзимман. Мендан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, шундай бўлганидан кейин, Менга ибодат қил. Ибодатнинг энг мукаммали бўлмиш намозни ҳам мени зикр этиш учун тўкис адо эт.
«Албатта, соат (қиёмат) келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман». (15 оят)
Қиёмат, албатта, қоим бўлади. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин унинг қачон бўлишини махфий тутаман. Ҳеч ким билмайди. Бундан мақсад ҳар бир одамга қилган ишига яраша мукофот ёки жазо беришдир. Агар қиёмат қачон бўлиши махфий тутилмаса, ошкор этилса, одамлар саъйи-ҳаракат қилмай қўядилар. Инсонларнинг табиати шуни тақозо этади. Улар учун доимо бир махфий, ноаниқ нарса бўлиб туриши керак. Ўша махфий нарсага қизиқадилар, уни билишга уринадилар, унинг учун ҳаракат қиладилар.
Шунингдек, қиёмат қачон қоим бўлиши махфий бўлгани учун соғлом табиатли, тўғри йўлдаги кишилар доимо эҳтиёт бўлиб, унга тайёр турадилар. Табиати бузуқ, нотўғри йўлдагилар эса, унга ишонмайдилар, тайёргарлик ҳам кўрмайдилар.
«Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан». (16 оят)
Ҳавойи нафсга эргашиш қиёматга куфрни келтириб чиқаради. Ҳавойи нафсига эргашиб, қиёматга иймон келтирмай юрганлар ўзларидан бошқаларни ҳам унга ишонишдан, иймон келтиришдан тўсишга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, улар сенинг ҳам иймонингни тўсишга уринишлари мумкин. Аммо сен зинҳор уларнинг гапига қулоқ солма. Агар қулоқ солсанг, ҳалок бўласан.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга тавҳид илмидан сабоқ бериб бўлгач, гапни бошқа томонга буриб:
«Эй Мусо, қўлингдаги нима?» деб сўради.
У: «Бу асоимдир, унга суянаман, у билан қўйларимга 
(барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деди». (17-18 оят)
Кечаси оловдан чўғ олиш ёки бирортасидан йўл сўраш мақсадида келган Мусо алайҳиссалом тўсатдан илоҳий нидони тинглаб, ғалати ҳолга тушиб қолган эдилар. Қўлларидаги нарса нима экани сўралганидан кейин ўша маҳбуб илоҳий нидо тугаб қолишини ҳис этдилар ва гапни чўзиб, Аллоҳ таоло билан иложи борича кўпроқ гаплашишга ҳаракат қила бошладилар. Шунинг учун ҳам, қўлингдаги нима, деган саволга «асоим» деб қўявермасдан,
«унга суянаман, у билан қўйларимга (барг) қоқиб бераман ва унда менинг бошқа ишларим бор», деб чўзиб жавоб қилдилар.
«У: «Эй Мусо, уни ташла», деди». (19 оят)
Яъни, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга асоингни ерга ташла, деди. Шунда Мусо алайҳиссалом:
«Бас, уни ташлади. Бирдан у (асо) илон бўлиб юра бошлади». (20 оят)
Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг амрини бажариб, асони ерга ташлаган эдилар, бирдан асо илон бўлиб, ҳаракат қила бошлади.
Буни кўриб Мусо алайҳиссалом қўрқиб кетдилар. Шунда:
«У зот: «Уни ол, қўрқма. Биз уни аввалги ҳолига келтирамиз». (21 оят)
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни хотиржам қилди. Қўрқмасдан уни ердан ол, Биз уни аввалги асолик ҳолига қайтарамиз, деди.
«Қўлингни қўлтиғингга тиқ, ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқадир. Бу бошқа бир мўъжизадир». (22 оят)
Яъни, асо ҳодисасидан кейин Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга қўлини қўлтиғига тиқишни буюрди. Асода қандай мўъжиза содир бўлишини айтмаган эди, лекин қўлини қўлтиққа тиққанда нима бўлишини олдиндан айтиб қўйди:
«...ёмонликсиз оппоқ бўлиб чиқадир», деди.
Қўл оппоқ бўлди, аммо бу оқликда ёмонлик йўқдир. Яхшилик бор. Жуда чиройли бўлиб кўринади. Бундай бўлиши сенинг Пайғамбар эканлигингни тасдиқловчи асодан кейинги яна бир мўъжизадир.
«Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик)». (23 оят)
Сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун аввал асо ва қўл мўъжизаларини кўрсатдик. Асо ва қўлтиққа тиққанда чиройли оқ бўлиб чиқадиган қўл Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга берган улкан мўъжизалардан иккитаси эди.
«Сен Фиръавнга бор, албатта, у туғёнга кетди», деди». (24 оят)
Эй Мусо, сени Пайғамбар қилиб танлаб олдик, муқаддас Туво водийсида нидо қилдик, улкан мўъжизаларимиздан кўрсатдик. Энди сен Миср подшоҳи Фиръавн олдига бор. У шубҳасиз ҳаддан ошиб, туғёнга кетди. Уни йўлга солиш керак.
«У: «Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил.
Менинг ишимни осон қил.
Тилимдаги тугунни ечгин.
Сўзимни англасинлар.
Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер.
Оғам Ҳорунни.
У билан белимни қувватла.
Уни ишимга шерик айла.
Сенга кўп тасбиҳ айтишимиз учун.
Ва Сени кўп зикр қилишимиз учун.
Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг», деди».
(24-35 оятлар)
Аллоҳ томонидан ўзига ўта масълиятли вазифа юклатилганини чуқур ҳис этган Мусо алайҳиссалом бу амри илоҳийни қабул этдилар. Фиръавннинг олдига боришларидан олдин ҳар нарсага қодир Аллоҳ таолодан ўзларининг машаққатли ишларида зарур бўладиган ёрдамларни бир йўла сўраб олдилар. Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан энг аввал:
«Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил», деб сўрадилар.
Чунки Аллоҳнинг динига одамларни даъват қилишда қалбнинг кенг бўлиши жуда муҳимдир. Қалби тор одам даъват ишини эплай олмайди. Қалби кенг одам эса, ҳатто даъват йўлидаги машаққатлардан роҳатланади.
Кейин Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан енгиллик сўрадилар:
«Менинг ишимни осон қил».
Аллоҳ ишини осон қилмаган инсон ҳеч нарсага эриша олмайди. Инсоннинг ўзига қўйиб берилса, нима ҳам қила олар эди у. Фақат Аллоҳ таоло ёрдам бериб, ишини осон этган одамгина бирор нарса қила олиши мумкин.
Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳга учинчи тилаги:
«Тилимдаги тугунни ечгин», дейишлик бўлди.
Тилнинг бурро бўлиши ҳам даъватчилар учун жуда керак. Мусонинг алайҳиссалом тилларида бир оз дудуқлик бор эди. Аллоҳдан ўша дудуқлик тугунини ечишни сўрадилар. Тилакнинг ортидан
«Сўзимни англасинлар», деб ўшанда одамлар у кишининг сўзини яхшироқ тушунишларини ҳам қўшиб қўйдилар.
Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан сўраган тўртинчи тилак:
«Менга ўз аҳлимдан бир вазир қилиб бер».
Яъни, менга машаққатли ишларда ёрдам берадиган, оғиримни енгил қиладиган бир ёрдамчи бер, дедилар. Ўша вазир ўз аҳлларидан бўлишини ҳам қўшиб қўйдилар. Чунки аҳлини тушуниш осон, у билан бирга ишлаш осон. Кейин Мусо алайҳиссалом вазир қилиб кимни хоҳлаётганларини очиқ айтдилар:
«Оғам Ҳорунни».
Ўзларининг катта акалари Ҳорун алайҳиссаломни Мусо алайҳиссалом яхши билишлари турган гап. Айнан Ҳорун алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга вазир бўлиш салоҳиятига эга эдилар. У киши тили ўткир ва фасоҳатли, босиқ-вазмин ва саботли одам эдилар. Ана шу сифатларга эга бўлган оғаларини Мусо алайҳиссалом Пайғамбарликка шерик бўлишини сўрадилар.
«Уни ишимга шерик айла», дейишлари шу маънони англатади.
Мусо алайҳиссалом сўзларининг ниҳоясида бу талабларни қўйишдан қандай мақсадлари борлигини ҳам айтдилар:
«Сенга кўп тасбиҳ айтишимиз учун. Ва сени кўп зикр қилишимиз учун», деди.
Шу билан бирга, уларнинг эҳтиёжларини Аллоҳ таолонинг Ўзи билиб турганини ҳам айтиб қўйдилар:
«Албатта, Сен Ўзинг бизни кўриб турувчи эдинг».
Ҳолимизни биласан. Заифлигимизни кўряпсан. Камчиликларимиз Ўзингга маълум.
Мусо алайҳиссалом тилакларини тугатишлари билан:
«У зот: «Эй Мусо, сенга сўраганинг берилди». (36 оят)
Бир оғиз гап билан ҳал қилиб қўйди. Нимани сўраган бўлсалар, берди.
Демак, Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломнинг оналарига берган иккинчи, яъни: «ва Биз уни Пайғамбарлардан қилурмиз», деган ваъдаси амалга ошди.

БИРИНЧИ ТОПШИРИҚ

Аллоҳ таоло ўз бандаси Мусо алайҳиссаломни ўзига пайғамбар қилиб олганини ва у кишига акаси Ҳорунни вазир қилиб беришини эълон қилганидан кейин икковларига биринчи топшириқни берди:
«Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар». (42 оят)
Эй Мусо, сен ва оғанг Ҳорун Менинг мўъжизаларимни олиб, Фиръавн ва унинг қавмига боринглар.
«...мени зикр этишда сусткашлик қилманглар».
Менинг зикрим сизларга доимо куч-қувват, сабот-бардош беради. Сизларни зоду роҳилангиз–йўл озиғингиз ҳам, қурол-аслаҳангиз ҳам шу.
«Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди». (43 оят)
Қўрқмасдан, золим Фиръавнга боринглар. У туғёнга кетди. Ҳаддан ошди.
«Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса». (44 оят)
Юмшоқ сўз таъсир қилиши мумкин. Юмшоқ сўз кофирни ва туғёнга кетган шахсни ҳам мулойим қилиб қўйиши мумкин. Юмшоқ сўз ўйлашга мажбур қилиши мумкин. Шояд туғёнга кетган Фиръавн ҳам қилаётган ишларини эсласа ва туғённинг оқибати ёмон бўлишидан қўрқса.
«Икковлари: «Эй Роббимиз, биз унинг тезда бизга ёмонлик қилишидан ёки ҳаддан ошишидан қўрқамиз», дедилар». (45 оят)
Мусо ва Ҳорун иккаласи (алайҳумассалом):
«Эй Роббимиз, биз Фиръавн ҳузурига бориб, уни иймонга чақирсак, у дарҳол бизга ёмонлик қилиши мумкин ёки яна ҳам туғёни зиёда бўлиши мумкин, шундан қўрқамиз», дедилар.
«У зот: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман».
(46 оят)
Аллоҳ томонидан Мусо ва Ҳорун алайҳумассаломларга ҳал қилувчи, иккиланишга ўрин қолдирмайдиган жавоб келди:
«Ҳеч қўрманглар. Нимадан қўрқасизлар! Ахир мен сизлар биланман. Ҳамма нарсани эшитиб турибман. Ҳамма нарсани кўриб турибман. Фиръавн сизларга дарҳол ёмонлик қилгани билан нимани қойил эта олар эди. Фиръавннинг туғёни яна ҳам ошгани билан қўлидан нима келар эди?»
«Бас, унинг олдига боринглар ва унга: «Албатта, биз Роббингнинг Пайғамбарларимиз, Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор. Уларни азоблама. Батаҳқиқ, биз сенга Роббингдан мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кимсага салом бўлур». (47 оят)
Албатта, бизга ваҳий қилиндики, ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга шубҳасиз азоб бўлур», денглар», деди». (48 оят)
Яъни, мен сизлар билан бирга бўлганимдан кейин, Фиръавннинг олдига дадил бораверинглар ва унга бу гапларни айтинглар:
«Албатта, биз Роббингнинг Пайғамбарларимиз»
Эй Фиръавн, билиб қўй, ҳеч шак-шубҳасиз, биз икковимиз Роббингнинг Пайғамбарларимиз. Сенга Аллоҳ таолонинг амрини олиб келдик. Ўша амрлардан бири:
«...Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор. Уларни азоблама».
Оламларнинг Робби, жумладан сенинг ҳам Роббинг бўлмиш Аллоҳнинг амри шу. Бани Исроилни қул қилиб олиб туришга, уларни тинимсиз азоблашга сенинг ҳаққинг йўқ.
Агар бизнинг бу гапларимизга, Пайғамбарлигимизга ишонмаётган бўлсанг:
«Батаҳқиқ, биз сенга Роббингдан мўъжиза келтирдик».
Ўша мўъжиза бизнинг ҳақиқий Пайғамбар эканлигимизни тасдиқлайди. Биз Аллоҳнинг Пайғамбарлари бўлганимиз учун доимо тўғри йўлга–ҳидоятга чорлаймиз.
«Ҳидоятга эргашган кимсага салом бўлур».
Саломатлик-омонлик бўлади. Аллоҳнинг айтганини қилиб, ҳидоятда собитқадам турганлар тинч-омон яшайдилар. Яна:
«Албатта, бизга ваҳий қилиндики...»
Аллоҳнинг Пайғамбарларини «ёлғонга чиқарганларга» ва иймондан «юз ўгириб кетганларга шубҳасиз азоб бўлур».
Сен ҳам, эй Фиръавн, туғёндан қайт, ҳидоятга эргаш, турли бало-офатлардан саломат бўласан.
Сен ҳам, эй Фиръавн, Аллоҳнинг Пайғамбарларини–бизларни ёлғонга чиқарма ва иймондан юз ўгирма, йўқса, шубҳасиз азобга дучор бўлиб қоласан, денглар.
Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга Фиръавнга нималар дейиш кераклигини ўргатганидан сўнг, муқаддас Туво водийсидаги учрашув тугайди.
Учрашув тугагани, ундан кейинги воқеалар ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Қисса Мусо ва Ҳорунлар алайҳумассаломлар Фиръавнга бориб, Аллоҳ уларга ўргатган гапларни айтганларидан кейин Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида бошланган баҳс билан давом этади.

ФИРЪАВН ИЛА БАҲС

Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломнинг Фиръавн ила олиб борган баҳсларидан бир кўриниш «Тоҳо» сурасида қуйидагича васф қилинади:
Фиръавн:
«У: «Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?» деди». (49 оят)
Мусо ва Ҳорун алайҳумассаломлар Фиръавнга: «Биз сенинг Роббингнинг Пайғамбарларимиз», дейишларига қарамай, Фиръавн: «Менинг Роббим ким?» деб эмас, «...икковингизнинг Роббингиз ким?» деб сўради.
Шу гапнинг ўзида у Роббни тан олмаслиги кўриниб турибди. Туғёнга кетиб, худолик даъвосини қилган кофир, ўзининг ҳар бир гапида ўша даъвосини олға сурмоқда.
Фиръавндан бу саволни эшитган Мусо алайҳиссалом унга қуйидагича жавоб бердилар:
«У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди». (50 оят)
Мусо алайҳиссалом жуда қисқа, аммо мукаммал жавоб бердилар.
Имом Замахшарий ҳам, бошқа буюк уламолар қатори, бу жавобдан қойил қолиб:
«Ё Аллоҳ! Бу қандай ажойиб жавоб! Қандай ҳам мухтасар! Қандай ҳам жамловчи! Қандай ҳам баён қилувчи! Ким инсоф билан зеҳн қўйиб, назар солса, англаб етади», деганлар.
«Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган...»
Роббимиз шундай зотки, у ҳар нарсага, кўзга кўринмас ҳужайрага ҳам, кўз нури етмас улкан мавжудотларга ҳам ўзига хос яратилиш–хилқат берган. Ҳаммаси ўзига хос. Бир-бирига ўхшамайди. Ҳар бири ўзига хос бир олам. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган мавжудотларнинг ҳар бирига хос хусусият, шакл-шамоил берган зот Мусо ва Ҳорун алайҳумассаломларни Фиръавн ва унинг қавмига Пайғамбар қилиб юборди.
У зот ҳар бир нарсага хилқат бериш билан кифояланиб қолгани йўқ, балки яна:
«ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди».
Аллоҳ ҳар бир мавжудотни ўзига хос хусусият, шакл-шамоил ила яратгани қаторида, ҳар бирига вазифа белгилаб, уни адо этишга ҳам йўллаб қўйгандир. Кўзга кўринмайдиган кичик ҳужайралардан тортиб, кўз нури етмас улкан махлуқотларгача ҳамма-ҳаммаси вазифасини адо этиш учун ҳаракатда. Ҳар бир зарра бурчини ўташ учун ҳаракат қилади. Ҳар бир ҳужайра вазифасини ўзига буюрилгани янглиғ тўғри адо этади. Шунингдек, осмонлар ҳам, ер ҳам, тоғу тош, дарё-денгизлар ҳам вазифаларини тўкис адо этади. Уларни бу ишга Аллоҳ ҳидоят қилган, йўллаган.
Бу жавобдан сўнг Фиръавн яна савол берди.
У: «Ўтган асрларнинг ҳоли недир?» деди». (51 оят)
Яъни, ўтган асрларда яшаб ўтган одамларнинг ҳоли нима бўлди? Улар қаёққа кетдилар? Сен айтаётган Робб уларга ҳам Роббмиди ёки йўқми? Ўтганлар унга иймон келтирмай, ибодат қилмай ўтиб кетди. Энди нима бўлади?
Аллоҳга иймони йўқ ҳар бир кофирдан тушадиган бу саволга Мусо алайҳиссалом қуйидаги жавобни бердилар:
«У: «Уларнинг илми Роббим ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас», деди». (52 оят)
Яъни, ўтган асрлар ҳақидаги барча илм Роббим ҳузуридаги китобда ёзилгандир. Қанча асрлар ўтиб, қанча одамлар яшаб, нима ишлар қилган бўлсалар, ҳамма-ҳаммаси Роббим ҳузурида турибди, китобда ёзилган. Роббим уларнинг амалларини ҳисоб-китоб қилишда адашмайди, баъзи нарсаларни унутиб ҳам қўймайди. Шунга қараб жазолайди ёки мукофотлайди.
Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг саволига жавоб бериб бўлиб, сўзларида давом этдилар, Роббул Оламийннинг сифатларини васф қилишга киришдилар:
«У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган зотдир». Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик». (53 оят)
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолат қилувчи бир неча сифатлари зикр қилинмоқда.
«У сизга ерни бешик қилган» зотдир.
Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам сиз учун шундай қароргоҳ. Инсон ким бўлишидан, қай даражага етишидан қатъий назар, ер юзида бешикдаги болага ўхшайди. Унга ерни бешик қилиб, унда уни таомлантириб, ювиб-тараб турган зот Аллоҳ. Агар Аллоҳ таоло инояти билан ерни одам боласи учун бешик қилиб бермаганида, у ер юзида яшай олмас эди. У (Роббим):
«...сизга унда йўллар очган» зотдир.
Агар Аллоҳ ер юзида одамларга турли йўлларни очиб бермаганида ҳам, улар машаққатда қолар эдилар.
«...ва осмондан сув туширган зотдир».
Сув ҳаётдир. Аллоҳ одамларга осмондан сув туширмаса, инсон ҳаёти нима кечарди? Ўша сув туфайли инсон ҳаёти давом этади. Жумладан:
«Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик».
Набототларнинг ҳам жуфт-жуфт экани илм тараққий этганидан сўнг маълум бўлди. Қуръони Карим эса, буни аввалдаёқ айтиб қўйган.
«Енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир». (54 оят)
Эй одамлар, ўша осмондан туширилган сув ёрдамида Аллоҳ чиқариб қўйган набототлар меваларидан ўзларингиз енглар. Ўша набототлар ила чорваларингизни боқинглар. Аллоҳ уларни сизнинг фойдангиз учун чиқарган.
«Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир».
Озгина ақлга эга бўлган одам бу низомни, бу илоҳий тадбирларни мулоҳаза қилиб кўрса, Роббул Оламийннинг биру бор эканлигига кўплаб оят-белгилар кўради.
Албатта, икки томон орасидаги баҳс-тортишув бир суҳбат ила тамом бўлмаган. Балки, анчагина давом этган. Мусо ва Фиръавн қиссаси баён этилган сураларни синчиклаб ўргансак ушбу тортишувларнинг бошқа намунасини ҳам кўрамиз.

БАҲС ДАВОМ ЭТМОҚДА

Кўриниб турибдики, Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар зиммасидаги асосий вазифа–Бани Исроилни Фиръавн зулмидан қутқариб олиш ва уни тавҳид ақидаси асосида қайта тарбиялаш бўлган.
Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг буйруғини бажардилар. Фиръавннинг олдига бориб, лозим гапларни айтдилар. Кечагина ўзларининг орасида тарбияланган, унинг қавмидан бир кишини ўлдириб қўйиб қочиб кетган Мусодан бу гапларни эшитган Фиръавн масхаромуз ҳолатда ўтмишни эслаб, Шуаро сурасида баён қилинганидек у зотга миннат қила бошлади:
«У: «Биз сени гўдаклигингдан ўз ичимизда тарбия қилмадикми?! Умрингнинг бир неча йилини бизнинг ичимизда ўтказмадингми?!
Ва нонкўрлардан бўлиб, қиладиган ишингни қилиб қўймадингми?!« деди».
(18-19 оятлар)
Фиръавннинг миннатларидан асосий мақсади–Мусо алайҳиссалом олиб келган динни инкор қилиш эди. У Мусо алайҳиссаломнинг Пайғамбарликларини, Аллоҳнинг элчиси сифатидаги муомалаларини кўтара олмай, ўзига ўхшаганларнинг йўлини тутди. Мусо алайҳиссаломга «ўтказиб қўйган» ва ўзича у зотнинг камчиликлари деб ўйлаган ишларини юзига солди.
«Биз сени гўдаклигингдан ўз ичимизда тарбия қилмадикми?!»
Қўлимизда катта бўла туриб, энди, бизга, динимизга ва мулкимизга қарши чиқасанми? Янги дин келтирдим, деб даъво қиласанми?
«Умрингнинг бир неча йилини бизнинг ичимизда ўтказмадингми?!»
Ўша йилларда бундай гапларни айтмай, жимгина юрар эдинг-ку. Сенда бирор аломати ҳам йўқ эди. Бунинг устига, сени дарёда оқиб келаётганингда топиб олиб, ювиб-тараб, парваришлаб ўстирганимиз учун раҳмат айтиш ўрнига,
«Нонкўрлардан бўлиб, қиладиган ишингни қилиб қўймадингми?!»
Яъни, бизнинг қавмимиздан бир кишини ўлдириб қўймадингми?!
Фиръавннинг бу даъволари қаршисида Мусо алайҳиссаломнинг тиллари тутилиб қолмади. Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Фиръавнга бурролик билан қуйидаги жавобни бердилар:
«У (Мусо): «Ўша ишни қилган бўлсам, билмасдан қилганман.
Бас, сизлардан хавфсираб қочиб кетдим. Кейин Аллоҳ менга ҳикмат берди ва мени Пайғамбарлардан қилди.
Ўша менга қилаётган миннатинг Бани Исроилни қул қилиб олганингдандир», деди».
(20-22 оятлар)
Мусо алайҳиссалом қибтийни ўлдиришлари сабабини баён қилиш билан жавоб бошладилар.
«Ўша ишни қилган бўлсам, билмасдан қилганман».
Яъни, сенинг қабиладошингни қасддан ўлдирганим йўқ. У вақтда кўп нарсаларни билмас эдим. Ўша қибтий менинг бир қабиладошим–бани исроиллик билан уришаётган экан. Қабиладошим мендан ёрдам сўради, мен унга ёрдам бераман деб қибтийни бир урсам, ўлиб қолди. Шундан кейин хатони тушундим ва:
«сизлардан хавфсираб қочиб кетдим».
Чунки сизлар мени ўлдириш пайига тушиб қолган эдингиз.
«Кейин Аллоҳ менга ҳикмат берди».
Ўзим топиб олганим ёки қуруқ даъво қилаётганим йўқ.
«...ва мени Пайғамбарлардан қилди».
Бу оддий ҳолат. Чунки мендан олдин ҳам кўплаб Пайғамбарлар ўтган. Мен улардан бириман, холос.
Энди, мени гўдаклигимдан тарбия қилганларинг, ичларингда бир неча йиллар олиб юрганларингга келсак,
«Ўша менга қилаётган миннатинг Бани Исроилни қул қилиб олганингдандир».
Сен Бани Исроилни қул қилиб олган эдинг. Уларнинг янги туғилган қизларини қолдириб, ўғил болаларини ўлдирар эдинг. Бундан қўрққан онам мени дарёга оқизди. Сизлар мени тутиб олиб боқдингиз, тарбия қилдингиз. Оиламдан жудо бўлиб ўсдим. Энди эса, менга буни миннат қилмоқдасан. Ўзингча, яхшилик қилганман, деб ўйлаётган бўлсанг керак-да?!
Мусо алайҳиссаломнинг бу сўзларини эшитган Фиръавн гапни бошқа томонга бурди. Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларнинг: «Биз Роббул Оламийннинг Пайғамбарларимиз», деганларига ишора қилиб:
«Фиръавн: «Роббул Оламийн нима?» деди». (23)
Фиръавн Мусо алайҳиссаломга энг пасткашона савол ила:
«Ўша сени Пайғамбар қилиб юборган, Роббул Оламийн, деб номлаётган нарсанг нима ўзи?» демоқда.
Бу ерда у бадбахтнинг, ўша Роббул Оламийн ким?, демай, «Роббул Оламийн нима?» дейиши ҳам эътиборга сазовордир.
Мусо алайҳиссалом эса, қисқа, аммо Роббул Оламийнни тўлиқ васф қилиб, жавоб бердилар.
«У (Мусо): «Агар англамоқчи бўлсангиз, У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди». (24 оят)
Яъни, борлиқдаги барча нарсанинг тарбиячиси, розиқи ва тадбирчиси Аллоҳдир.
Бу гапларни эшитиб турганларга таъсир қилишидан чўчиганидан:
«У атрофидаги кишиларга: «Эшитмаяпсизларми?!» деди». (25 оят)
Қаранг, бу нималар деяпти ўзи.
Мусо алайҳиссалом эса, Роббул Оламийннинг сифатларини айтишда давом этдилар:
«У: «Сизнинг Роббингиз ва аввалги ота-боболарингизнинг Роббидир», деди». (26 оят)
Худолик даъвогари, туғёнкор Фиръавнга унинг одамлари олдида қўрқмасдан бу гапларнинг айтилиши уни тавозиндан чиқариб юборди ва:
«У: «Албатта, сизга юборилган Пайғамбарингиз жиннидир», деди». (27 оят)
Барча туғёнкорлар каби, Фиръавн ҳам ҳақ йўл даъватчиси шахсига туҳмат ёғдириб, одамларнинг ихлосини ундан қайтаришга уринди, Мусо алайҳиссаломни мажнун-жинни деб эълон қилди.
Мусо алайҳиссалом эса, бунга парво ҳам қилмай, даъватларида давом этдилар.
«У: «У зот, агар ақл юритсангиз, машриқу мағрибнинг ва улар ўртасидаги нарсаларнинг Роббидир», деди». (28 оят)
Яъни, қуёшнинг ботиши ва чиқишини амалга оширувчи ҳам, улар орасидаги масофаю, нарсаларнинг ҳам Робби Аллоҳдир.

БАСҲ ШИДДАТЛАШДИ

Ғофир сурасида келган (25-36) оятларда икки томон орасидаги баҳс шиддатлашганини кўрамиз.
«Мусо уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ ила келган чоғда, улар: «У билан бирга иймон келтирганларнинг ўғилларини қатл қилинглар, қизларини тирик қолдиринглар», дедилар. Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдан бошқа нарса эмас».
Маълумки, Бани Исроилни ўзига қул қилиб олган Фиръавн бу халққа турли азоб-уқубатларни ёғдирар, нима қилиб бўлса ҳам, уларни қулликда ушлаб туриб, ўз фойдаси учун ишлатишга уринар эди. Ўзига қарши ёш йигитлар бош кўтариши мумкинлигини яхши билганидан, қолаверса, атрофидаги гумашталаридан, мулкига Бани Исроилдан туғиладиган бола завол бўлишини эшитганидан кейин, Фиръавн Бани Исроилда туғиладиган қиз болага тегмасдан, ўғил болаларни ўлдиришга фармон берган эди.
Мусо алайҳиссалом келиб, Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбар этиб юборилганларини айтганларидан кейин Фиръавннинг хавфи яна ҳам зиёда бўлди ва Бани Исроилнинг, яъни, Мусо алайҳиссаломга қўшилиб, иймон келтирганларнинг ўғил болаларини ўлдириш ҳақидаги фармонини янгилади.
«Мусо уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ ила келган чоғда улар: «У билан бирга иймон келтирганларнинг ўғилларини қатл қилинглар, қизларини тирик қолдиринглар», дедилар».
Мусо алайҳиссалом Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга Аллоҳ таолонинг ҳузуридан ҳақ ила келганларида, улар ўша ҳаққа қарши чора кўра бошладилар. Бошларига биринчи келган ўй ҳаққа эргашганларни жисмонан йўқ қилиш бўлди. Улардан туғиладиган ўғил болаларни қатл этишга амр қилдилар. Ўғил чақалоқ ким бўлади-иймонлими, иймонсизми, ожизми, йўқми-барибир. Келажакда иймонли бўлиши, ҳокими мутлақнинг истибдодига қарши курашиши эҳтимоли бор. Унинг айби шу. Шунинг учун ёруғ дунёда кўз очиб улгурмасидан, ўлимга маҳкум. Қизлар эса, тирик қолаверсинлар. Чунки ҳокими мустабидга қул, чўри, хизматчи керак. Аммо:
«Кофирларнинг макр-ҳийласи залолатдан бошқа нарса эмас».
Кофирлар ўз мавқеъларини мустаҳкамлаш учун турли чора-тадбирлар кўрадилар. Иймон йўлини, Ҳақни тўсиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар. Макр-ҳийлалар қиладилар. Аммо уларнинг барча уринишлари залолатдир–адашувдир. Охир-оқибат, макр-ҳийлалари ўзларининг бошига бало бўлади. Улар иймонлиларга қарши зулм ва истибдодни кучайтириб, мақсадларига эришмоқчи бўладилар. Лекин бу нарса уларни алдайди. Уларнинг зулм ва истибдоди ошган сайин мўминларнинг иймони мустаҳкам бўлиб, ораларидан чидамсизлари чиқиб, сафлари софланиб бораверади. Охири, сафлар тўла тозаланиб, ҳар қандай қийинчиликка бардош бера оладиган мўминлар жамоаси шаклланиб бўлганида, золим ва мустабид ҳокимлар қўрққан пайт келади ва улар қўрққан иш содир бўлади. Бу ишнинг тезлашишига эса, кофирларнинг ўзи залолат ҳоллари билан ёрдам берадилар.
Ҳа, кофирларнинг иймонга, мўминларга қарши қиладиган макр-ҳийлалари залолатдан-адашувдан бошқа нарса эмас.
«Фиръавн: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. Майли, Роббига дуо қилсин. Албатта, мен унинг динингизни алмаштиришидан ва ер юзида фасод чиқаришидан қўрқмоқдаман», деди». 
Фиръавн ўзи билан Мусо алайҳиссалом ўртасидаги қарама-қаршиликни иймон билан куфр, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш, деб эълон қилмади.
У Аллоҳ таолонинг динига даъват қилаётган Мусо алайҳиссаломни халққа бузғунчи, одамларнинг бошини айлантирувчи шахс деб танитмоқчи бўлди. Ўзини, халқнинг холоскори, динини бузилишдан сақлаб қолувчи, ер юзида фасод ишлар қилинишига қарши турувчи фидойи қилиб кўрсатмоқчи бўлди.
«Фиръавн: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. Майли, Роббига дуо қилсин», деди.
Мантиқ билан муваффақиятга эриша олмаган, Пайғамбарни сеҳргар, каззоб, деб ҳам бирор наф топмаган золим подшоҳ энди куч ишлатишга ўтди. Туғёнга кетган ҳукмдор ўз тахтидан ажраб қолишдан қўрқиб, ҳар қандай пасткашликка тайёр эканини кўрсатди. Ҳақ йўлга даъват қилувчини ўлдиришда Аллоҳни ҳам эътиборга олмаслигини билдирди. Роббига дуо қилса, қилаверсин, мен барибир уни ўлдираман, деди. Шу билан бирга, энг қизиғи, у ўзини динни ҳимоя этаётган қилиб кўрсатди. Ер юзида бузуқилик бўлмаслиги учун курашяпман, деб иддао қилди.
«Албатта, мен унинг динингизни алмаштиришидан ва ер юзида фасод чиқаришидан қўрқмоқдаман», деди».
Мантиқни кўринг, ўзи Аллоҳнинг динига қарши чиқиб турибди-ю, яна диннинг ҳимоясидан гапиради. Ўзи ер юзидаги энг катта фасодни чиқариб, Аллоҳ юборган Пайғамбарни ўлдираман деб турибди-ю, ер юзида бузғунчилик бўлмасин учун ҳаракат қилмоқдаман, дейди. Шунда:
«Мусо: «Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлган зотдан ҳисоб кунига иймон келтирмайдиган ҳар бир мутакаббирдан паноҳ сўрайман», деди».
Агар золим Фиръавн мени ўлдирмоқчи бўлса, эй одамлар, мен Аллоҳдангина паноҳ сўрадим. Менинг ҳам, сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳдан ҳар бир иймонсиз мутакаббирнинг ёмонлигидан паноҳ сўрадим.

МЎМИН КИШИНИНГ АРАЛАШУВИ

Шунда орага бошқа бир одам аралашди: «Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини беркитиб юрадиган бир мўмин киши: «Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар. Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизга етар. Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас.
Эй қавмим, бугунги кунда мулк сизникидир. Ер юзида юзага чиқиб турибсизлар. Агар бизга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизга ким ёрдам берар?!» деди. Фиръавн: «Мен сизга ўзим кўраётган нарсадан бошқани кўрсатмасман ва сизларни тўғри йўлдан бошқага йўлламасман», деди».

Фиръавн ўзича Мусо алайҳиссаломга иймон келтирганларга зулм ўтказиб, уларнинг кучини қирқиш учун, бошқаларни ҳам қўрқитиб, иймон йўлига яқинлаштирмаслик учун турли макр-ҳийлалар ишлатиб юраверади. Аммо унинг макр-ҳийласи залолат бўлгани учун ҳатто ўз аҳли ичидан ҳам мўминлар чиқиб қолди. У кўпчилик олдида Мусо алайҳиссалом билан айтишиб турганида, у зотни ўлдиришга қарор қилганини билдирганида, иймон тақозоси ила ўша мўмин ўртага тушди.
«Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини беркитиб юрадиган бир мўмин киши» оддий мантиқни ўртага ташлаб, туғёнга кетган золим подшоҳга қаратилган хитобни худди кўпчиликка айтаётгандек қилиб сўз бошлади:
«Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?!» деди.
Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссаломнинг «Аллоҳ Роббимдир» деган сўздан бошқа даъволар йўқ эди. Бу дегани Аллоҳ менинг яратгувчим, ризқ бергувчим, тадбиримни қилгувчи тарбиячим, дегани эди. Бу эътироф оддий ҳақиқат эди. Бунинг ёмон жойи йўқ эди. Буни ҳамма тан олиши керак эди. Бу нарса соф қалб ва оддий мантиқнинг тақозоси эди. Шунинг учун соф қалб эгаси бўлган киши томонидан бу ҳақиқат эълон этилди.
Аммо бу оддий гап халқнинг бўйнига миниб олган, халққа Аллоҳнинг эмас, ўз сўзини мажбуран ўтказаётган, халқни боқяпман, оғирини енгил қиляпман, деган даъво билан юрган золим ва мустабид подшоҳ Фиръавн учун ниҳоятда хатарли эди. Агар Мусо алайҳиссалом айтаётгандек, Аллоҳ Робб бўлса, Фиръавн «робб»ликдан тушиб қолишидан қўрқар эди. Шунинг учун «Аллоҳ Роббимдир» деган шахсни «Фиръавн Роббимдир» демагани учун ўлдиришга қасд қилди.
Иймонини беркитиб юрадиган мўмин киши сўзида давом этиб:
«Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир», деди.
У ўз-ўзидан қуруқ даъво қилаётгани йўқ. Айтаётган гапларининг ҳақ эканига сизнинг Роббингиз бўлмиш Аллоҳдан очиқ-ойдин ҳужжатлар олиб келган. Кўр-кўрона ҳукм чиқаравермасдан, ўша очиқ-ойдин ҳужжатларга боқсангиз бўлмайдими?!
Сиз нега унга осилиб олдингиз? Нима учун уни йўқ қилиш, ўлдириш пайига тушдингиз?!
«Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига зарар».
Сиз уни ёлғончи, дейсиз-у, яна ўлдиришга қасд қиласиз. Агар ёлғончи бўлса, тек қўйинг, ёлғони ўзига уради. Сиз ундан қутуласиз. Буниси биринчи эҳтимол. Энди иккинчи эҳтимол ҳам бор:
«Агар ростгўй бўлса, унда у ваъда қилаётган баъзи мусибатлар сизга етади».
Сиз уни ўлдириб юборсангиз-у, у ростгўй бўлса, ҳақиқий Пайғамбар бўлса, унда Аллоҳнинг Пайғамбарини ўлдирганларга ваъда қилинган баъзи мусибатлари сизга етади. Демак, икки эҳтимолда ҳам сиз фойда топмайсиз. Бефойда ишга уриниб нима қиласиз.
«Албатта, Аллоҳ исрофчи ва каззоб бўлган шахсни ҳидоят қилмас».
Ҳақиқий Пайғамбар бўлмаган шахснинг башараси дарҳол фош бўлади. Шунинг учун уни ўлдириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
«Эй қавмим, бугунги кунда мулк сизникидир».
Подшоҳлик, мулк, давлат сизнинг қўлингиздадир. Ўз ҳукмингизни ўтказиб турибсиз.
«Ер юзида юзага чиқиб турибсизлар».
Бошқалардан устунсизлар. Гапингиз ўтиб турибди. Бунга шукр қилмай, «Роббим Аллоҳдир», деган одамни ўлдирмоқчимисиз?! Бунинг жазоси бўлиб:
«Агар бизга Аллоҳнинг азоби келса, унда бизга ким ёрдам беради?!»
Аллоҳнинг Пайғамбарини ўлдирганингиз учун, албатта, Аллоҳдан азоб келади. Аллоҳдан келган азобни ким қайтара олади?!
Иш бошқа томонга бурилиб кетаётганини кўрган Фиръавн дарҳол гапга аралашди.
«Фиръавн: «Мен сизга ўзим кўраётган нарсадан бошқани кўрсатмасман ва сизларни тўғри йўлдан бошқага йўлламасман», деди».
Яъни, меникидан бошқа фикрни қабул қилишингизга рози эмасман, билиб қўйинг, фақат менгина сизни тўғри йўлга бошлайман, деди.
Бу ҳам доимо «ягона тўғри қарорни қабул қиладиган» золим мустабидларга хос гап.
Иймонини беркитиб юрадиган мўмин киши Фиръавннинг бу гапини эшитиб, қавмни режалаштирилаётган жиноятнинг оқибатидан қаттиқроқ огоҳлантирди. Уларга ўтган умматларни ҳам мисол қилиб келтирди.
«Иймон келирган киши: «Эй қавмим, албатта, мен сизга ҳам бошқа фирқалар кунига ўхшаш кун...
Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш ҳол бўлишидан қўрқурман. Аллоҳ бандаларга зулмни ирода қилмас.
Эй қавмим, албатта, мен сизларга нидолашув кунидан қўрқурман.
У кунда ортга қараб қочурсиз. Сиз учун Аллоҳдан ҳеч бир қутқаргувчи бўлмас. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унга ҳеч бир ҳидоятчи бўлмас.
Батаҳқиқ, бундан олдин Юсуф очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келди. Бас, сиз у ўзингизга келтирган нарсага шак келтириб, туриб олдингиз. Ниҳоят, у вафот этган пайтда: «Аллоҳ ундан кейин Пайғамбар юбормас», дедингиз. Аллоҳ шундай қилиб, исрофчи ва шубҳачи бўлган кимсани залолатга кетказди.
Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, иймон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар. Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўровон қалбни муҳрлар», деди».
Фиръавн аҳлидан бўлган иймонли кишининг тилидан айтилаётган ушбу гапларда барча замонларда, барча маконларда ва барча жамиятлардаги мухлис мўминнинг ўз қавмига бўлган муносабати, ўз қавмига бўлган муҳаббати ва улар ҳақида тортажак қайғу-ташвишлари ифодасини топган.
Мухлис мўмин доимо қавмига яхшиликни раво кўради ва уларни ёмонликдан сақлаш ташвишида бўлади. Иймон келтирган кишининг ўз қавмига айтган гапларини яхшилаб ўрганиб чиқайлик.
«Эй қавмим, албатта, мен сизга ҳам бошқа фирқалар кунига ўхшаш кун, Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш ҳол бўлишидан қўрқурман».
Мўмин киши аввалги куфр келтирган қавмлар ва фирқаларнинг бошидан ўтган кунларни, ёғилган мусибатларни яхши билади. Шунинг учун ҳам у қавмини, Аллоҳ юборган Пайғамбарга куфр келтираётганидан огоҳлантирмоқда.
«Эй қавмим, албатта, мен сизга ҳам бошқа фирқалар кунига ўхшаш кун... бўлишидан қўрқурман».
Ўтган кофир фирқаларнинг бошига тушган кун бир хилдир. Ҳаммаси ҳам бир хил оқибат билан тугаган. Ҳаммалари ҳалокатга учраган. Мўмин киши қавми бошига ҳам ана шундай ҳалокат тушиб қолишидан қўрқади.
«Нуҳ қавми, Од, Самуд ва улардан кейингилар ҳолига ўхшаш ҳол бўлишидан қўрқурман».
Нуҳ қавми Пайғамбарига куфр келтиргани учун тўфон балосига учраган эди. Од қавми Пайғамбарига куфр келтиргани учун қаттиқ совуқ шамол ҳалокатига йўлиқди. Самуд қавми эса, Пайғамбарига куфр келтиргани учун қаттиқ қичқириқ билан ҳалокат қилинди. Улардан кейин ўтган бошқа кўпгина кофир қавмлар ҳам турли ҳалокатларга учраганлар. Мўмин киши ўз қавмининг ҳам ўша қавмларнинг ҳолатига тушиб қолишидан қўрқади.
«Аллоҳ бандаларга зулмни ирода қилмас».
Аллоҳ таоло ҳеч қачон бандаларига зулмни хоҳламайди. Уларга бирор ёмонлик етишини истамайди. Аммо бандалар куфрлари, гуноҳлари билан ўзларига ёмонликни, азоб-уқубатни, бало-офатни чақириб оладилар. Ўзини яратган холиққа куфр келтирган нобакор бандаларни, кофир қавмларни ҳалок этиш эса, асло зулм эмас, балки айни адолатдир.
«Эй қавмим, албатта, мен сизларга нидолашув кунидан қўрқурман».
Яъни, қиёмат кунидан қўрқаман. У кунда жаҳаннамга тушиб, дод-вой солиб, нидо қилиб қолишингиздан қўрқаман.
«У кунда ортга қараб қочурсиз».
Яъни, қиёмат куни кофирлар жаҳаннамга яқинлашганларида у ердаги шовқинни эшитиб, ортга қараб қочадилар. Лекин қаерга қочсалар ҳам, фаришталар уларни тутиб келиб, дод-войлатиб, жаҳаннамга отадилар.
«Сиз учун Аллоҳдан ҳеч бир қутқарувчи бўлмас».
Яъни, Аллоҳнинг азобидан қутқаргувчи бўлмас. Аллоҳ таолонинг Ўзи азоблаб турганида, ким ҳам қутқарувчи бўлаоларди.
«Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унга ҳеч бир ҳидоятчи бўлмас».
Фақат Аллоҳ таоло ҳидоят қилади, Фиръавн эмас. Шунинг учун Фиръавнинг гапига эмас, Аллоҳнинг Пайғамбарига эргашинг.
«Батаҳқиқ, бундан олдин Юсуф очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келди».
Қуръони Каримда Юсуф сурасидан бошқа икки ўринда Юсуф алайҳиссаломнинг зикрлари келган. Уларнинг биттаси мана шу оятдир.
Фиръавн аҳлидан бўлган, иймонини яшириб юрадиган мўмин киши қавмига ота-боболари Юсуф алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларида у зотга қандай муомала қилганларини эслатмоқда. Гарчи Юсуф сурасида Миср подшоҳига вазир бўлиб, хазинага оид ишларни юритганлари ҳақида сўзланган бўлса ҳам, бу сурада очиқ-ойдин ҳужжатлар билан Пайғамбар бўлиб келганликларига эътибор қаратилмоқда.
«Бас, сиз у ўзингизга келтирган нарсага шак келтириб, туриб олдингиз».
Эй қавмим, сиз Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига шубҳа қилиб, иймон келтирмай туриб олдингиз.
«Ниҳоят, у вафот этган пайтда: «Аллоҳ ундан кейин Пайғамбар юбормас», дедингиз».
Хуллас, Юсуф алайҳиссалом вафот этганида, ундан қутулдик, Аллоҳ томонидан Пайғамбар бўлиб келдим, дейдиган одам энди бўлмайди, дедингиз.
«Аллоҳ шундай қилиб, исрофчи ва шубҳачи бўлган кимсани залолатга кетказди».
Аллоҳ Юсуф алайҳиссалом ҳақида шубҳада туриб олган ўша ота-боболарингизни залолатга кетказгани каби, ҳар бир хусусда исрофгар бўлган ва динда шубҳа қилганларни ҳам залолатга кетказди. Мусо ҳақида исрофчи ва шубҳачи бўлманг, яна Аллоҳ сизни ҳам залолатга кетказиб қўймасин.
«Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, иймон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар».
Ўзида ҳеч қандай ҳужжат, ҳеч қандай далил бўлмай туриб, Аллоҳ таолонинг оятларига қарши талашиб-тортишадиган кишилар Аллоҳ томонидан ҳам, мўмин бандалар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга дучор бўлади. Сиз ҳам, эй қавмим, шу ишни қилмоқдасиз, яна мазкур ғазабга дучор бўлиб қолманг.
«Аллоҳ шундай қилиб, ҳар бир мутакаббир ва зўравон қалбни муҳрлар», деди».
Сиз ҳам Аллоҳнинг оятлари ҳақида ҳужжат далилсиз талашиб-тортишаверсангиз, мутакаббир ва зўравон қалбингизни Аллоҳ муҳрлаб қўймасин тағин.

МУСОНИНГ ИЛОҲИГА БОҚСАМ

Мўмин кишининг ташвишга тўла бу гапларидан кейин фақат тахти ҳақидагина ўйлайдиган подшоҳ бўлмиш Фиръавн ўзининг жаҳаннамий режасини давом эттиришда яна ҳам қатъийроқ иш тутгани айтилади:
Фиръавн деди: «Эй Ҳомон, менга бир баланд қаср бино қил, шояд сабабларга етсам. Осмонларнинг сабабларига етсам, сўнгра Мусонинг Илоҳига боқсам. Албатта, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман». Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали зийнатланди ва у йўлдан тўсилди. Фиръавннинг макр-ҳийласи зиёнкорликдан бошқа нарса эмас».
Мўмин кишининг гап-сўзлари қавмга таъсир қилиб, иймонга келиб қолишларидан Фиръавн қўрқди. Шунинг учун ҳам золим, мустабид подшоҳлар одатича, бундай вақтларда ишга солинадиган макр-ҳийлани қўллаб, билса, ҳазил, билмаса, чин, қабилида иш кўрди. Аллоҳнинг динига, даъватчисига қарши чиққан бошқа подшоҳлар каби, вазирини бу шармандаликка жалб этди.
«Фиръавн: «Эй Ҳомон, менга бир баланд қаср бино қил, шояд сабабларга етсам», деди.
У вазири Ҳомонни баланд қаср қуришга буюрди. У қаср нима учун керак бўлиб қолганини ҳам айтди. Аммо бу гапи ҳам мубҳам эди. Кейин сўзида давом этиб, бу мубҳамликни ойдинлаштирди:
«Осмонларнинг сабабларига етсам, сўнгра Мусонинг Илоҳига боқсам».
Яъни, осмонларга чиқадиган сабабларга, йўлларга етишсаму чиқиб Мусонинг худосини кўрсам.
«Албатта, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман».
Мен Мусонинг Аллоҳ томонидан юборилган Пайғамбар эканига ишонмайман, ўзим осмонга чиқиб, унинг ёлғончи эканини исботламоқчиман, деди.
Фиръавннинг бу гаплари қайси томондан олиб қаралганда ҳам қавмни алдаш, ўзини олий мақом қилиб кўрсатиш ва Аллоҳнинг динини инкор этишдан иборат экани билинади. Бу гаплар унинг инсофга келиб, тўғри йўлга тушмаслигидан дарак берарди.
«Шундай қилиб, Фиръавнга унинг ёмон амали зийнатланди ва у йўлдан тўсилди».
Фиръавнга ўзининг ёмон ишлари гўзал бўлиб кўринаверди. У ўзининг куфрини, гуноҳини, динга қарши қилаётган ишларини яхши ҳисоблаб юраверди.
Ва оқибатда, ҳидоят йўлидан, Аллоҳнинг йўлидан тўсилди.
«Фиръавннинг макр-ҳийласи зиёнкорликдан бошқа нарса эмас».
У ўзича Аллоҳнинг даъватчисига, динига макр-ҳийла қилиб, боплаяпман, деб юраверди-ю, аслида, ўзига зиён қилганидан бехабар қолди.
Фиръавннинг бу аҳмоқона гапидан кейин мўмин киши ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтишга қарор қилди:
«Иймон келтирган киши: «Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қилурман.
Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос. Албатта, охират- ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир.
Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо олади, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар.
Эй қавмим, нечун мен сизни нажотга чақирсам, сиз мени дўзахга чақирурсиз?!
Сиз мени Аллоҳга куфр келтиришимга ва ўзим билмаган нарсани Унга ширк келтиришимга чақирмоқдасиз. Ҳолбуки, мен сизни азизу ўта мағфиратли зотга чақирмоқдаман.
Ҳеч шубҳа йўқки, албатта, сиз мени чақираётган нарсанинг дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳаққи йўқдир. Албатта, қайтиб бораримиз Аллоҳгадир. Албатта, исрофчилар, айни ўшалар дўзах эгаларидир.
Ҳали мен сизга айтаётган гапларни эслайсизлар. Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир», деди».
(Ғофир сураси 38-44 оятлар)
Ушбу етти оятдаги ташвишга йўғрилган гаплар ҳар бир мухлис мўминнинг ўз халқига, миллатига, қавмига бўлган меҳри-муҳаббати ва хайрхоҳлигидан келиб чиқадиган гаплардир. Эътибор қиладиган бўлсак, мўмин кишининг гапларида
«Эй қавмим» деган ибора кўп такрорланмоқда. Шунинг ўзи ҳам мухлис мўмин инсоннинг доимо қавмим, халқим, миллатим, деб куюнишидан далолат беради.
Аксинча, фақат ўзини ва тахтини ўйлайдиган, подшоҳлигидан айрилиб қолмаслик учун дину диёнатдан, ҳатто Аллоҳдан ҳам воз кечадиган Фиръавннинг нутқида бирор марта «Эй қавмим» сўзи ишлатилгани йўқ.
Энди мўмин кишининг қавмига қилган насиҳатларини яхшилаб ўрганайлик.
«Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қилурман».
Мўмин кишининг бу гапи Фиръавннинг юқоридаги, мен сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан, деган гапига раддия эди.
Мусо алайҳиссалом ҳақида сизга икки хил гап айтилмоқда. Фиръавн бир гапни айтмоқда, мен бошқа бир гап айтмоқдаман. Бу ишда Фиръавнга эргашманглар, у сизни тўғри йўлга ҳидоят қила олмайди. Балки менга эргашинглар. Мен сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан, демоқчи.
Кейин эса, бу дунё ҳаёти нимаю охират нима экани ҳақидаги ҳақиқатни баён қилади.
«Эй қавмим, бу дунё ҳаёти матоҳ, холос».
Бу беш кунлик дунё ҳаёти вақтинчалик матоҳ, холос. Охиратга тайёрланиш учун берилган вақтинчалик фурсат, холос.
«Албатта, охират-ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир».
Ҳақиқий барқарорлик, бардавомлик, ҳақиқий роҳат-фароғат фақат охиратдагина бўлади. Шунинг учун дунёни эмас, охиратни кўзлаб иш қилинг.
«Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо олади, холос».
Яъни, ҳар ким қилган ёмонлигига яраша жазосини олиши турган гап.
«Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар».
Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир банда иймон келтириб, яхши амал қилса, шу туфайли жаннатга киради. Ҳамда жаннатда беҳисоб ризқга эга бўлади. Демак, иймон билан солиҳ амал жаннатга киришнинг ва унда беҳисоб ризқланишнинг асосий омили экан.
Бу билан мўмин киши қавмига, куфр келтирманг, ёмонлик қилманг, иймонли бўлинг, яхши амал қилинг, демоқда.
«Эй қавмим, нечун мен сизни нажотга чақирсам, сиз мени дўзахга чақирурсиз?!»
Мен сизни Аллоҳга, Унинг юборган Пайғамбарига иймон келтириб, нажотга эришишга чорласам, сиз мени куфрга чақирмоқдасиз, куфрга чақиришингиз дўзахга чақиришингиздир.
«Сиз мени Аллоҳга куфр келтиришимга ва ўзим билмаган нарсани Унга ширк келтиришимга чақирмоқдасиз».
Сиз мени Аллоҳни инкор этиб, Унга ибодат қилмасликка, худолигини билмаганим нарсани Унга ширк келтириб, ўшанга ибодат қилишимга чақирмоқдасиз. Бу чақириғингиз асоссиз ва фойдасиздир.
«Ҳолбуки, мен сизни азизу ўта мағфиратли зотга чақирмоқдаман».
Мен сизни унга чақираётган зот азиз-ҳаммадан ғолиб, устун зотдир. Бунда ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Мен сизни унга чақираётган зот ўта мағфиратли зотдир. Банда қанчалик гуноҳкор бўлса ҳам, ихлос билан тавба қилса, албатта, унинг тавбасини қабул қилади. Сиз ҳам фурсатни қочирмай, тавба қилиб қолинг.
«Ҳеч шубҳа йўқки, албатта, сиз мени чақираётган нарсанинг дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳаққи йўқдир».
Сиз мени Аллоҳни қўйиб, сохта худога ибодат қилишга чақирмоқдасиз. Аммо ўша сохта худонинг бу дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳаққи йўқ. «Даъват» сўзи луғатда «чақириш» маъносини билдириб, диний истилоҳда дуо, ибодат ва динга, ибодатга чақириш маъноларини ифода этади.
Мушриклар даъво қилаётган сохта худолар ким ва нима бўлишидан қатъи назар, бу дунёда одамларнинг дуолари ва ибодатларига лойиқ эмаслар, ҳақлари йўқ. Уларнинг ўзлари одамларни, менга дуо ва ибодат қилинглар, деб чақиришга ҳам ҳақлари йўқ.
Шунингдек, охиратда ҳам ўша сохта худолар дуо қилишга, улардан ёрдам сўрашга ҳақдор эмаслар.
«Албатта, қайтиб бораримиз Аллоҳгадир».
Сохта худоларга эмас. Қиёматда фақат Аллоҳга қайтиб борилганидан кейин, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳақли ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Ҳамма бандалар фақат Аллоҳга дуо, илтижо, ибодат қилишлари ва фақат Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўрашлари лозим.
«Албатта, исрофчилар, айни ўшалар дўзах эгаларидир».
Куфр ила исён ва туғёнда исрофчи бўлганларнинг эришадиган нарсалари дўзахдир. Агар шу ҳолингизда юраверадиган бўлсангиз:
«Ҳали мен сизга айтаётган гапларни эслайсизлар».
Бир вақт келадики, бошингизга иш тушганида, мен сизга айтган гапларни эслайсиз. Аммо унда кеч бўлади.
«Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим».
Ҳамма ишни ҳал қилувчи У зотнинг Ўзидир.
«Албатта, Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир».
Сизни ҳам, мени ҳам аниқ-равшан кўриб турибди. Ўзи адолат ила ҳукмни чиқаради.
Шу билан мўмин киши ўзининг асрлар бўйи ёдда сақланадиган гапини айтиб тугатди.

«АГАР МЎЪЖИЗА КЕЛТИРГАН БЎЛСАНГ, КЕЛТИР УНИ»

Мазкур тортишувларнинг бирида Мусо алайҳиссаломни ожиз қолдириш мақсадида Фиръавн у зотдан мўъжиза келтиришни талаб қилди. Бу қиссадаги саҳнани «Аъроф» сураси қуйидагича васф қилади:
«Мусо: «Эй Фиръавн, албатта, мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман.
Менга Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтмаслик лозимдир. Батаҳқиқ, мен сизларга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келтирдим. Мен ила Бани Исроилни қўйиб юбор», деди».
(104-105 оятлар)
Мусо алайҳиссалом билан Фиръавнинг учрашуви–Пайғамбар ила ҳукмдор, Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчи ила Аллоҳ ҳукмини талашувчининг ўзаро учрашувидир. Мусо алайҳиссалом даставвал подшоҳга:
«Эй Фиръавн», деб мурожаат қилдилар. Атайин номини айтдилар. Турли дабдабали хислатлару сифатларини гўзал ташбеҳлар билан зийнатламадилар:
«албатта, мен оламларнинг Роббидан Пайғамбарман», дедилар. Бу билан Фиръавннинг «Мен одамларнинг Робби–тарбиячиси, йўл кўрсатувчиси, ризқ берувчиси ва ҳокимиман», деб қилаётган даъволари сафсата эканини рўй-рост эълон қилдилар. Оламларнинг Робби–ягона Аллоҳнинг Ўзи эканини билдирдилар.
Сўнгра бир йўла орани очиқ қилиб:
«Менга Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтмаслик лозимдир», дедилар.
Яъни, мен сенинг мулкинг, ҳукминг, давлатинг, аскаринг ва бошқа нарсаларингни эътиборга олиб ёхуд улардан қўрқиб, Аллоҳ ва дин ҳақидаги ҳақиқатларни бошқаларга ҳам, сенга ҳам ёқадиган тарзда баён қилмайман. Борини, ҳақни гапираман, хоҳласанг ҳам, ҳоҳламасанг ҳам–шу.
Шунингдек, Мусо алайҳиссалом бу гапларни ўзлари тўқиб чиқариб гапирмаётганларини, Пайғамбарликлари ҳақ эканлигига ҳужжатлари борлигини билдириб:
«Батаҳқиқ, мен сизларга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжат келтирдим», дедилар.
Сўнгра қисқача қилиб мақсадга ўтдилар:
«Мен ила Бани Исроилни қўйиб юбор», дедилар.
Ўзини «Худо» деб билган Фиръавн Бани Исроилни қул-банда қилиб олган ва уларга Робб эканига шубҳаланмас эди. Мусо алайҳиссалом унга ҳақиқий Робб Аллоҳ эканини тушунтириб, Бани Исроилни озод қилиш ўша ягона Аллоҳнинг–ҳақиқий Роббнинг амри эканини изҳор этдилар.
Аммо туғёнга кетган Фиръавн жуда ҳам уста маккор эди. У ўз ниятини бирданига ошкор қилмайди. Мусо алайҳиссалом билан бўлаётган мулоқотда ҳам ана шу макрни ишга солди. Ўзини гўё ҳақиқат изловчиси қиёфасида кўрсатишга ҳаракат қилиб, асл ниятини мунофиқлик ила яширди:
«У: «Агар оят-мўъжиза келтирган бўлсанг, ростгўйлардан бўлсанг, келтир уни», деди». (106 оят)
Аслида, Фиръавн бу тадбир билан, Мусо алайҳиссаломни мўъжиза келтира олмай шарманда бўлишини кўзлаган эди. Ана шу ғаразли мақсадда ҳужжат-мўъжиза талаб қилди. Шунда Мусо алайҳиссалом:
«Асосини ташлаган эди... баногоҳ у аниқ аждар бўлди». (107 оят)
Мусо алайҳиссалом қўлларида ушлаб турган асоларини ерга ташладилар, асо ҳақиқий аждарга айланиб қолди. Аждар халқа солиб ҳаракат қила бошлади.
«Ва қўлини чиқарган эди... баногоҳ у назар солувчиларга оппоқ бўлиб кўринди». (108 оят)
Аслида, Мусо алайҳиссалом буғдойранг тусда эдилар. Фиръавн мўъжиза кўрсатишни талаб қилганда қўлларини қўлтиқларидан чиқарган заҳоти оппоқ тусда намоён бўлди. Кўринганда ҳам, барчанинг ҳавасини келтирадиган даражада чиройли бўлиб кўринди. Мантиқан, талаб қилинган мўъжиза рўй берганидан сўнг муқобил томон тан бериши ва даъватни қабул қилиши керак. Бу оқиллик ва мардлик аломати. Аммо нияти бузуқ, ўз нияти йўлида ҳар қандай пасткашликка тайёр ғаламислар турли иғво ва бўҳтонларни кўз юммай тўқийдилар. Одатда, бундай ишларни туғёнга кетган подшоҳ–фиръавнларнинг ён-атрофида юрган амалдорлар–бойлар ва зодагонлар қилишади. Мусо алайҳиссалом мўъжизаларини кўрганларидан кейин ҳам, ўша одатга биноан:
«Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, бу билимдон сеҳргардир!
Сизларни ерингиздан чиқаришни хоҳлайди. Бас, нимага амр қиласизлар?» дедилар».
(109-110 оятлар)
Бошқа суранинг таъкидлашича, бу гапларни мўъжизаларга гувоҳ бўлган Фиръавн бир оз ўтиб, қўрқув тарқаб, ўзига келгандан кейин айтган. Фиръавннинг гапларини қонун деб билган зодагонлар хушомад тариқасида унинг сўзларини айнан такрорлаганлар. Ўша такрор ушбу икки оятда ифодаланмоқда.
Улар Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини кўрдилар, бу ҳақиқатда оддий нарса эмаслигини англадилар, аммо туғёнлари бу ҳақиқатни тан олишга йўл қўймади. Мусо алайҳиссаломнинг шахсларида ва даъваткор нутқларида ўзларига нисбатан улкан хатарни кўрдилар. Шу боисдан у зот хусусида
«Албатта, бу билимдон сеҳргардир!» дедилар.
Уларнинг юртида айни шу даврда сеҳргарлик ривожланиб, энг баланд чўққига чиққан, бироқ Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизалари оддий сеҳргарлар кўрсатаётган нарсаларга ўхшамас эди. Шу боисдан улар «билимдон сеҳргар», яъни, оддий сеҳргарлардан кўра устун, илмли сеҳргар, деган бўҳтонни тўқишди. Сеҳргар бўлса нима, шунча сеҳргарларнинг бири бўлиб юраверсин-да, дейиш мантиқан тўғри. Йўқ, зодагонлар Мусо алайҳиссаломнинг сеҳргар эмаслигини билдилар. Шундан сўнг унинг даъвати уларни безовта қила бошлади. Улар Мусо алайҳиссаломдан қутулиш йўлларини ахтардилар. Хуллас, одамларни унга тескари қўйиш керак, деган хулосага келишди. Шунинг учун ҳам:
«Сизларни ерингиздан чиқаришни хоҳлайди», деб иғво тўқишди.
Яъни, ерингизни эгаллаб олиб, сизларга ўзи ҳоким бўлмоқчи. Ҳар бир даъватчига унга қарши бўлган кофирлар ва ҳасадгўйларнинг муносабати ҳамиша шундай бўлган. Бундай даъватчиларни нима қилиб бўлса ҳам йўқ қилиш керак.
«Бас, нимага амр қиласизлар?» дедилар.
Мусо алайҳиссаломни нима қилиш керак? Бир қарорга келинглар. Барча замонларнинг фиръавнлари ва зодагонлари ўз даври мусоларига нисбатан шу сўзларни айтади. Ҳозир ҳам айтяптилар.
Зодагонлар маслаҳат қилишиб, бир қарорга келдилар ва Фиръавнга:
«Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.
Ҳамма билимдон сеҳргарларни сенга олиб келсинлар», дедилар».
(111-112 оятлар)
Яъни, Мусо ва акаси Ҳорунни ҳозирча қўйиб тургин-да, барча шаҳарларга одам юбор, улар бор билимдон сеҳргарларни тўплаб келсинлар. Улар билан Мусо орасида сеҳргарлик бўйича мубораза ўтказамиз.

МУБОРАЗА

«Сеҳргарлар Фиръавнга келиб: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, мукофот олсак керак?» дедилар». (113 оят)
Сеҳргарлар ўзларининг ким эканликларини, ўз қудрат ва салоҳиятларини жуда яхши билишарди. Бу бобда уларга тенг келадигани йўқлигини ҳам инкор этишмасди.
Шунинг учун, Мусо алайҳиссалом билан куч синашиш учун Фиръавннинг амрига биноан тўпланиб келишгандан сўнг унга юқоридаги саволни бердилар.
«Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, мукофот олсак керак?» дедилар».
«У: «Ҳа. Ва, албатта, менинг яқин кишиларимдан бўлурсизлар», деди».
(114 оят)
Яъни, мукофот билан тақдирланишингиз тайин гап, боз устига, мен сизларни ўзимга муқарраблардан қилиб оламан. Бу ҳам барча замон фиръавнларининг одати. Ўзига қул бўлган малай-югурдакларни мукофотлашда бахиллик қилмайдилар. Бу мараз югурдаклар бошқа бегуноҳларга қанчалик кўп хиёнат қилсалар, уларни ўзларига шу қадар яқин тутадилар.
Фиръавндан кўнгилдаги жавобни олган сеҳргарлар хотиржам бўлиб, енг шимаришди ва ишга киришиб:
«Улар: «Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дедилар». (115 оят)
Сеҳргарларнинг гапларидан ўзларига ишончлари зўрлиги сезилиб турибди. Улар тезроқ Фиръавннинг мукофотига соҳиб бўлиб, зудлик билан қўйнига кириб олмоқчилар.
«Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дейишларининг маъноси–аввал сен бошлайсанми ёки биз бошлаймизми, барибир биз ютамиз, деганидир.
«У: «Сизлар ташланглар», деди. Улар ташлаганларида, одамларнинг кўзини сеҳрладилар, қўрқитдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар». (116 оят)
Мусо алайҳиссалом босиқлик ва ишонч билан сеҳргарларга қараб, аввал
«Сизлар ташланглар», деди.
Шунда улар қўлларидаги арқон ва асоларини ташладилар. Бояги арқон ва асолар одамларнинг назарига илон бўлиб кўринди. Сеҳргарлар одамларнинг кўзини сеҳрлаб, яъни, бўяб қўйган эдилар. Шундай қилиб, арқон ва асоларни илонларга ўхшатиб, одамларни қўрқитдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. Шунда:
«Биз Мусога: «Асонгни ташлагин», деб ваҳий юбордик. Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади». (117 оят)
Уста сеҳргарларнинг кўзбўямачилиги тўпланганларни даҳшатга солиб қўйган эди. Мусо алайҳиссалом ҳам кўпчилик билан бирга содир бўлаётган воқеани кузатиб турар эдилар. Аллоҳ у зотга:
«Асонгни ташлагин», деб ваҳий юборди.
Мусо алайҳиссалом ерга асони ташладилар. Асо аждарга айланди ва бирдан сеҳргарлар намойиш этаётган уйдирма–кўзбўямачиликларни юта бошлади. Ҳа,
«Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади».
Шунда:
«Бас, ҳақ қарор топди ва уларнинг қилаётганлари ботил бўлди». (118 оят)
Яъни, Мусо алайҳиссаломнинг амаллари ҳақ экани тасдиқланди. Қолган сеҳргарларнинг иши ботил экани ошкор бўлди. Аждар сеҳргарларнинг уйдирмаларини ютиб бўлганидан сўнг Мусо алайҳиссалом уни қўлга олган эдилар, яна асога айланди. Шунда улар:
«Ўша ерда енгилдилар ва беобрў бўлдилар». (119 оят)
Яъни, Фиръавн ва у ёллаган жодугар ва фирибгарлари баҳслашувда енгилдилар, улар «зийнат куни»–байрами асносида одамлар тўпланган жойда шарманда бўлдилар.

СЕҲРГАРЛАР ИЙМОНИ

«Ва сеҳргарлар саждага ташланиб:
«Оламларнинг Роббига.
Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар».
(120-122 оятлар)
Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо алайҳиссалом келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Зотан, улар сеҳр нима эканини яхши билишар, ўз ишининг усталари эдилар. Аммо, начора, мағлуб бўлдилар. Оддий инсон уларни мағлуб қила олмаслиги маълум эди.
Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар. Мўмин бўлганларини эълон қилиб:
«Оламларнинг Роббига, Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар».
Ногаҳон шу дамгача ўзини халқ учун Робб, яъни, тарбиячи, йўлбошчи, боқувчи ва ҳоким ҳисоблаб юрган:
«Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.
Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди».
(123-124 оятлар)
Бу ҳам барча фиръавнга хос хусусият. У ўзига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайди. Бирор ишни унинг изнисиз қилган одам гуноҳкори азим бўлади.
Ушбу зикр қилинаётган ҳодисага назар солайлик. Фиръавн, унинг зодагонлари, сеҳргарлар аввал бошда Мусо алайҳиссаломга ишонмай туҳмат қилдилар. Баҳслашувдан кейин ҳақиқатни тушуниб етган сеҳргарлар Аллоҳ таолога иймон келтирдилар. Оддий мантиқ бўйича бошқалар, жумладан, Фиръавн ҳам ҳеч бўлмаса, нима учун иймон келтирдингиз, деб сўраши лозим эди. Аммо туғёнга кетган подшоҳ бу ишни қила олмади. Унинг тасарруфлари оддий мантиққа ҳам тўғри келмайди.
«Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?!» деб сеҳргарларга таҳдид солди.
Унинг бузуқ мантиқига асосан биров Аллоҳга иймон келтирмоқчи бўлса ҳам, аввал ундан изн сўраши керак экан. Туғёнга кетган жоҳил подшоҳлар дилга иймон нури кирганда ҳар бир инсон Аллоҳдан бошқани ўйламай қўйишини ёқтирмайдилар. Бандаларнинг Аллоҳга талпинишида подшоҳлар ўзларига қарши суиқасдни кўрадилар. Шунинг учун иймон ва Исломга, дину диёнатга уринганларга:
«Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир», дейди.
Туғёнга кетган фиръавн қуруқ гап билан кифояланиб қолмайди. Улар дарҳол мўминларни жисмонан йўқ қилишга киришади. Чунки у ҳар бир ҳақиқий мўмин шахсида ўз мулкига қарши таҳдид кўради. Шунинг учун ҳам Фиръавн ўз сўзи давомида мўминларга қарата:
«Ҳали биласиз, албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди».
Яъни, аввал ўнг қўл ва чап оёғингизни ёки чап қўл ва ўнг оёғингизни кесаман, сўнгра дорга осаман.
Фиръавнининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу, қўл-оёқларини кесиб, осиш. Аммо унинг бу усуллари ҳақиқий иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди. Фиръавндан юқоридаги зўравонлик ва таҳдидни эшитган мўминлар ҳам унга:
«Улар: «Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.
Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар».
Яъни, эй Фиръавн, қўлингдан нима келса, қилавер, биз сендан қўрқмаймиз, сенинг таҳдидингга эътибор ҳам бермаймиз, зеро:
«Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз».
Аввал адашиб, сенга ишониб юрган эканмиз. Аммо энди ҳамма нарса аён бўлди. Энди биз ўз Роббимизга қайтамиз. Ўз навбатида, ҳеч қандай гуноҳимиз йўқлигини ҳам яхши биламиз. Сен бизда айб деб топган нарса–Аллоҳга бўлган иймонимиз. Аллоҳни Робб–тарбиячи, йўлбошчи, боқувчи ва ҳоким, деб тан олишимиз сенга ёқмаяпти. Шунинг учун бизни айбламоқдасан, дедилар.
Сўнгра Аллоҳ таолога илтижо қилиб:
«Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.
Улар ўзлари танлаган йўлни осон кечиш мумкин эмаслигини теран англаб етдилар. Иймон ва Ислом, дину диёнат ва ҳақиқат йўли гуллар тўшалган, алвон шиорлар осилган роҳат-фароғат йўли эмаслигини яхши билдилар Бу йўлда уларни турли машаққатлар, азоб-уқубатлар, заҳмат ва мусибатлар кутиб турганига иқрор бўлдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳдан тинч-омон, зиён-заҳматсиз, соғ-саломат қолишни эмас, балки, сабр-тоқатни сўрашди. Яъни, улар доимо сабр қилиб юришлари лозимлигини яхши билганларидан шундай йўл тутишди. Илтижо қилиб сўраган иккинчи нарсалари, мусулмон ҳолларида бу дунёни тарк этиш бўлди. Дунёдаги жамики мўмин-мусулмонларнинг орзуи шу–нима бўлса ҳам, иймони саломат қолиб, мусулмон ҳолида ўлса!
Қалбга теран ўрнашган иймон инсонга мана шундай азизлик ва қудрат бахш этади. Фиръавндек жаббор ва туғёнкор подшоҳга тик боқиб, уни назар-писанд қилмай турган оз сонли мўминлар, Мусо алайҳиссалом ила баҳс бошланишидан олдин, Фиръавндан мукофот тамаъ қилиб, унга яқин кишилар қаторида бўлиш орзуида ёнаётган одамлар эдилар. Аммо Аллоҳга бўлган иймонлари уларни бир лаҳзада тамоман бошқа инсонларга айлантириб қўйди.

ЗУЛМНИНГ ЗИЁДА БЎЛИШИ

«Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар. У: «Ўғилларини ўлдирурмиз ва аёлларини тирик қолдирурмиз ва, албатта, биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди». (127 оят)
Золим подшоҳ атрофидаги зодагонлар–амалдор, хизматкор ва малайларнинг энг катта хизматлари хушомад, тилёғламалик ила ўзларига қарши кишиларни подшоҳга ёмонлаб, унга душман қилиб кўрсатиш ва ниҳоят фиръавнларни мўминларга қарши гиж-гижлашдир. Миср зодагонлари Фиръавнни Мусо алайҳиссаломга ва у кишининг қавмига қарши оёқлантириб:
«Сени ва худоларингни тарк қилса ҳам, Мусо ва унинг қавмини ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўйиб берасанми?» дедилар.
Ҳа, Фиръавннинг ҳам худолари бор эди. Кўпчилик тарихчи, диншунос ва айрим мусулмонлар орасида ҳам, Фиръавн худолик даъвосини қилган деган тушунча бор. Аммо бу тушунча бирмунча ўзгариб, Фиръавн ўзини Аллоҳнинг ўрнига қўйган, деган фикрга айланган. Аслида эса, Фиръавн дунёни мен яратганман, унинг тадбири менинг қўлимда, деган даъвони қилгани йўқ. Фиръавн ҳам бут-санамларга сиғинарди. Фақат Робблик–халқнинг тарбиячиси, йўлбошчиси, боқувчиси ва ҳокими эканлигини даъво қилган эди. Яъни, одамлар мен айтган йўлдан юриши, мен хоҳлаган ишни қилиши; хоҳлаганимга бирор нарса беришим, хоҳлаганимни маҳкум қилишим; қонунлар менинг ҳукмим асосида бўлиши керак, деган даъвони қилган. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳнинг Робб–Парвардигорлик сифатига даъвогар бўлган.
Унинг қавмидан бўлган малай-зодагонлар ана шу нозик жойидан олмоқдалар. Мусо ва унинг қавми сени тарк этдилар, сенга Робб деб қарамаяптилар, сен ишонадиган худоларга ишонмай, ўзларига бошқа Робб топиб олиб, ер юзида бузғунчилик қилмоқдалар, уларни тек қўйиб қўяверасанми, дедилар. Бу ҳар жой ва ҳар замоннинг фиръавнлари қавмидан бўлган зодагонларнинг айтадиган гапларидир. Улар шундай даъволар билан фиръавнларни қўрқитиб, мўминларга қарши қўйишади. Ана шунда фиръавн туғённинг чўққисига чиқиб, аҳли иймонга қарши ғайриодамий қонунлар қабул қилади.
Зодагонлардан юқорида шарҳланган фитнани эшитган Фиръавн Мусо ва унинг қавми боши устида қилич кўтарди:
«У: «Ўғилларини ўлдирамиз ва аёлларини тирик қолдирамиз ва албатта биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз», деди».
Уларга нисбатан бундай ваҳший ҳукмнинг жорий қилинишига асосий сабаб Аллоҳга иймонлари туфайлидир. Аммо қарор муаллифи бўлган золимлар буни ўз номи билан айтмайдилар, балки ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, деб «сифат»лайдилар.
Бундай даҳшатли қарор янграгандан кейин:
«Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мерос қилиб берадир. Ва оқибат тақводорларникидир», деди». (128 оят)
Бу ҳол Пайғамбарларга хос вазминлик ва хотиржамликнинг олий белгиси, Аллоҳга ҳақиқий иймони бор мўминларга хос ишонч ва сабот. Мўмин фақат Аллоҳдангина мадад сўрайди, иймон йўлида бошига тушадиган мусибат ва савдоларга сабр қилади.
Мусо ўз қавмига: «Аллоҳдан ёрдам сўранглар ва сабр қилинглар», дедилар.
Яъни, Мусо алайҳиссалом ҳам қавмларига бу ҳақиқатни тушунтирдилар. Фиръавн ва унинг султону зодагонларидан қўрқмасликка, уларнинг ҳозирги такаббурлик ҳолатлари вақтинчалик эканини англашга чақирдилар. Зеро, аслида:
«Ер Аллоҳники, уни бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга мерос қилиб берадир».
Аллоҳнинг ҳукми жорий бўлгунга қадар сабр қилиш, Аллоҳдан ёрдам сўраб ҳаракат қилиш керак. Барибир, нима бўлишидан, қандай мусибат сели бошга ёғилишидан қатъи назар, матонат билан енгиш лозим. Чунки:
«оқибат тақводорларникидир».
Иймон нури билан ёлқинланган бу сўзлар холис ниятли, соф виждонли ҳар қандай қавмни тинчлантиради, иймонига иймон, саботига сабот ва сабрига сабр қўшади.

ЎЗ ҚАВМИНИНГ ДАЪВАТИ

Мусо алайҳиссаломнинг ўз қавмларига айтган бу сўзларидан у зот ва ўз акалари Ҳорун алайҳиссаломнинг вазирликларида фақат Фиръавн ва унинг қавмини динга даъват қилиб, улар билан баҳслашиб юравермаганлар. Балки, ўз қавмларини ҳам динга ва дин йўлидаги азоб уқубатларга сабр қилишга чақириб борганлар.
Худди ана ўша фаолият «Юнус» сурасидаги қуйидаги оятларда очиқ-ойдин намоён бўлади.
«Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларгина Фиръавн ва амалдор-зодагонларининг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос. Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетган эди. Албатта, у исрофчилардан эди». (83 оят)
Мусо алайҳиссаломнинг шунчалик оят-мўъжизалар кўрсатишига, сеҳргарлар билан бўлган муборазада ютиб чиқишларига қарамай, кўпчилик иймон келтирмади. Фақат ўз қавмларидан баъзи «зурриётлар»гина иймон келтирдилар. Тафсирчиларимиз «зурриётлар»ни ёшлар деб талқин этганлар.
Бунинг сабаби нимада? Албатта, бу Аллоҳнинг иродасига боғлиқ иш. Лекин ҳаётда синалгани шуки, давлат бошлиғи ва унинг амалдорлари динга қарши бориб, душманлик қилиб турганларида, авом халқнинг динга берилиши қийин бўлади. Айниқса, катта ёшдагилар ўзлари ўрганиб қолган нарсани ташлаб динга ўтишга унча шошилмайдилар. Аммо ёшлар қалблари покроқ бўлганидан ҳақ динга юришлари мумкин.
Оятдан мана шу маънолар келиб чиқади. Ўша пайтдаги ёшлар-зурриётлар Фиръавн ва унинг амалдорларининг фитнасидан қўрқиб бўлса ҳам, Мусо алайҳиссаломга иймон келтирдилар. Бошқа сураларда келган хабарлардан Фиръавннинг Мусо алайҳиссаломга иймон келтирганларни оғир қийноқларга солишни айтиб, таҳдид қилгани маълум. Аслида, унинг ўзи Аллоҳнинг амрини қабул этмасдан катта хато қилган эди.
«Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетган эди».
У лаънати одамларни Аллоҳнинг айтганини қўйиб, ўзининг айтганига юришга мажбур қилган эди. Уларни Аллоҳнинг ибодатидан тўсган эди.
«Албатта у (туғёнда) исрофчилардан эди».
Ўз фойдаси учун ҳар қандай зулм ва ваҳшийликдан қайтмас эди. Бундай жаббор ҳукм қилаётган юртдаги мўминларга осон бўлмайди. Шунинг учун ҳам иймон келтирган кишиларга қарата
«Мусо: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккал қилинг», деди». (84 оят)
Мўмин-мусулмон одам фақат Аллоҳ таологагина суянади. Зотан, ҳақиқий иймон ва Исломнинг тақозоси шудир.
Пайғамбарларидан бу хитобни эшитган мўминлар –
«Улар: «Аллоҳгагина таваккал қилдик. Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма.
Ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин», дедилар»
. (85-86 оятлар)
Мусо алайҳиссаломга иймон келтирган мўмин-мусулмонлар фақат Аллоҳгагина суянишларини очиқ-ойдин эълон қилдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳга илтижо этмоқдалар:
«Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма».
Арабчада «фитна» сўзи синов маъносини англатади. Жумладан, темирни ўтга солиб синаб кўришни ҳам фитна дейишади. Шунингдек, фитна сўзи «алдов» ва «адашув» маъносини ҳам англатади. Ушбу оятда эса, мўминлар Аллоҳдан золим қавмларни улар устидан ғолиб қилиб қўймасликни сўрашмоқда. Чунки бу иш фитнага сабаб бўлиши мумкин. Мўминлар, уларнинг ишлари тўғри экан-да, бўлмаса нима учун бизга ғолиб келишади, деган хаёлга боришлари мумкин. Бу эса, катта фитнадир. Аслида, Аллоҳ кофирларни билдирмай олиш учун аввал уларга зоҳиран ғалаба бериб ҳам туриши мумкин. Аммо бу мўминлар гуруҳи шуни ҳам хоҳламаяптилар. Кейинги жумладан уларнинг ниятлари яна ҳам равшан билинади:
«ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин».
Кейин Аллоҳ таоло уларга бундай шароитда нима қилиш лозимлигини ўргатганининг хабари берилади:
«Биз Мусога ва унинг биродарига: «Икковингиз қавмингиз учун Мисрда уйлар тайёрланг, уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо этинглар ва мўминларга хушхабар бер», деб ваҳий юбордик». (87 оят)
Мўминлар оз сонли, кучсиз. Кофирлар эса, кўп, қувватли. Ҳукм, салтанат уларнинг қўлида. Кўп сонли аскарлари бор. Нима қилиш керак? Аллоҳ таоло мўминлар жамоаси раҳбарлари бўлмиш Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларга нима қилиш кераклигини ўргатиб, ваҳий йўллади:
«Икковингиз қавмингиз учун Мисрда уйлар тайёрланг», деб амр этди.
Демак, иймон келтирганлар кофир ва мунофиқларнинг фитнасидан қўрқсалар, ўзларини улардан узоқроқ тутишга ҳаракат қилишлари лозим.
Аллоҳ таоло кўрсатмалари давомида:
«Уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо этинглар», демоқда.
Уламоларимиз бу ояти каримадаги «қибла»ни «ибодат жойи» деб таъвил қилганлар. Демак, мўминлар учун тайёрланган ўша жойларда ибодат, намоз ўқиш ила кўпроқ машғул бўлиш керак. Бу нарса руҳий ва маънавий тайёргарликнинг олий босқичидир. Чунки олдинда кўп машаққатли ишлар турибди. Узоқ ва тўсиқларга тўла йўл турибди. Ҳозирдан руҳий ва маънавий тайёргарликни пухта қилиб бориш керак. Бусиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда: «Эй иймон келтирганлар, сабр ва намоз ила ёрдам талабида бўлинглар», деган. Шу боис ҳам:
«Мўминларга хушхабар бер», деб ваҳий юбордик».

ТЎҚҚИЗ МЎЪЖИЗА

Кўнгли тор, бахил одамларнинг қалби ҳам қаттиқ бўлади. Турли-туман мўъжизаларни кўриб туриб ҳам ундай одамлар иймонга келмайдилар. Мисол учун, Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло тўққизта турли мўъжизаларни берди. Бу тўққиз мўъжиза ҳақида Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:
«Батаҳқиқ, Биз Мусога тўққизта очиқ-ойдин оят-мўъжиза бердик», деган. (101 оят)
Биз Мусони Пайғамбар қилиб юборганимизда, унинг Пайғамбарлигини тасдиқловчи тўққизта очиқ-ойдин мўъжизани ҳам ато этдик.
Бу мўъжизалар–қўл, асо, тўфон, чигиртка, бит, бақалар, қон, очарчилик йиллари ва меваларнинг камчил бўлиши ҳодисалари эди. Ул мўъжизалар ҳақида Аъроф сурасида қуйидагича сўз кетган:
«Биз Фиръавн аҳлини, шояд эсласалар, деб (қаҳатчилик) йиллар ва мевалар танқислиги ила тутдик». (130 оят)
Яъни, Фиръавн ва унинг кибор қавмининг кўзлари очилсин деб баъзи мусибатларга, жумладан очарчиликка ва мевалар танқислигига дучор этдик. Ўзини англаган ҳар қандай қавм бундан тўғри хулоса чиқариб олар эди. Аммо Фиръавн аҳли ўзини тамоман терс тутди. Улар:
«Улар ўзларига яхшилик етганда: «Бунга биз ҳақдормиз», дедилар. Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар. Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмаслар». (131 оят)
Иймонсиз ва табиати бузуқ инсонлар атрофларида рўй бераётган ҳодисаларни нотўғри талқин қилишга одатланган бўладилар. Улар ҳар қандай яхшиликни, биз қилдик, биз бунга ҳақдормиз, биздан бошқа ҳеч ким буни қила олмайди ва ҳақдор ҳам эмас, дейдилар.
«Улар ўзларига яхшилик етганда: «Бунга биз ҳақдормиз», дедилар».
Агар ёмонлик келса, бошқалардан, алалхусус, диндан ва дин аҳлидан кўрадилар.
«Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар».
Ҳа, Фиръавн аҳли содир бўлган яхшилик ва хурсандчиликнинг боисини ўзларидан деб билишар, жамики ёмонликлар сабабини Мусо алайҳиссалом ва мўминларга ағдаришар эди. Аслида, ҳамма нарса, жумладан, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг ҳузуридандир.
«Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмаслар».
Ҳа, кўпчилик буни билмайди. Фиръавн аҳли ҳам билмади. Улар Мусо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига, у кишига қарши иғво ва инкорни кучайтирдилар:
«Улар: «Ҳар қанча оят келтириб бизни сеҳрламоқчи бўлсанг ҳам, биз сенга иймон келтиргувчи эмасмиз», дедилар». (132 оят)
Яъни, иймон келтиришдан мутлақо бош тортдилар. Оят-мўъжизани кўришни хоҳламадилар ҳам. Балки Мусо алайҳиссалом уларни ишонтириш учун ҳар қанча уринсалар ҳам, уринишлари беҳуда кетишини олдиндан айтиб қўйдилар.
Ана шунда уларни қилмишларига муносиб тарзда жазолаш фурсати етиб келди.
«Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар». (133 оят)
Яъни, Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳли ваъз-насиҳатга қулоқ тутсин, инсофу иймонга келсин, қилаётган жиноятларидан қайтсин, деб уларга муфассал қилиб, алоҳида-алоҳида тарзда оят-белгиларни юборди.
Баъзи уламоларнинг фикрича, Исро сурасидаги «Мусога тўққизта очиқ-ойдин, оят-белги бердик», дейилишига қараганда, тўққиз йилда тўққизта оят юборган, чунончи: асо, қўл, қаҳатчилик, мева ва жонларни нуқсонга учратиш, тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қон.
Аллоҳ таоло ҳар гал бало юборганида, Фиръавн аҳли дод-вой солишиб, тавба қилишар, жиноятларини тарк этишга ва Бани Исроилни қўйиб юборишга Мусо алайҳиссаломга ваъда беришар эди. Ушбу ҳолатни қуйидаги оят баён қилади:
«Қачонки устиларига азоб тушса: «Эй Мусо, сенга берган аҳд ҳурмати, Роббингга дуо қил, агар биздан азобни кўтарсанг, албатта, сенга иймон келтирурмиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборурмиз», дер эдилар.
Қачонки устиларидаги азобни ўзлари етиб борадиган муддатга кўтарсак, қарабсанки, қасамларини бузиб турибдилар».
(134-135 оятлар)
Бу ҳолат ҳақида имом Ибн Жарир Табарий Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Мусо алайҳиссалом Фиръавн ҳузурига келиб: «Бани Исроилни мен билан қўйиб юборгин», деганида Фиръавн кўнмади. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг устига тўфон–кўп ёмғир юборди. Устиларидан сел қилиб қуйди.
Улар бу илоҳий азоб бўлса керак, деб қўрқдилар ва Мусога: «Роббингга дуо қил, биздан ёмғирни кўтарсин. Биз сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дедилар.
Мусо алайҳиссалом дуо қилдилар. Сўнг улар иймон келтирмадилар, Бани Исроилни қўйиб ҳам юбормадилар. Ўша йили Аллоҳ уларга бундан олдин етишмаган турфа зироат, мева ва ўт-ўланларни ўстирди. Улар, биз орзу қилган нарса шу эди, дейишди. Аллоҳ уларнинг устидан чигиртка балосини юбориб, ўсимликларга завол етказди.
Улар ўсимликларга чигиртка етказаётган зарарни кўриб, набототнинг уруғи ҳам қолмаслигига ишондилар ва:
«Эй Мусо, Роббингга дуо қилгин, биздан чигирткани кўтарсин, биз сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дедилар.
Мусо алайҳиссалом дуо қилдилар. Аллоҳ улардан чигирткани кўтарди. Улар эса, иймон ҳам келтирмадилар, Бани Исроилни ҳам қўйиб юбормадилар.
Улар донларни уйда сақлашни ўрганиб олдилар ва, энди сақлаб олаверамиз, дедилар, хотиржам. Шунда Аллоҳ уларга (доннинг ўзидан чиқадиган қурт) митани юборди. Улардан бир киши тегирмонга ўн жарийб (дон) олиб борса, ўн қафийз ҳам ун чиқмайдиган бўлди. (Жарийб ва қафийзлар ўлчов бирликлари бўлиб, бир жарийб тўрт қафийзга тўғри келади).
Шунда улар: «Эй Мусо, Роббингга дуо қилгин, биздан митани кўтарсин, биз сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан қўйиб юборамиз», дедилар.
Бас, Мусо алайҳиссалом Роббига дуо қилди ва улардан бу азоб кўтарилди. Аммо улар Бани Исроилни қўйиб юборишдан бош тортдилар.
Бир куни Мусо алайҳиссалом Фиръавн ҳузурида ўтирган эди, бирдан бақанинг овозини эшитиб қолди ва Фиръавнга:
«Сен ва сенинг қавминг бундан нима кўрасан?» деди. У (Фиръавн):
«Бу ҳам бир бало бўлмаса эди», деб жавоб берди.
Кечга бориб улардан ҳар бири томоғигача бақага кўмилган ҳолда ўтирар, гапирмоқчи бўлсалар, оғзиларига бақа кириб кетар эди.
Улар Мусога:
«Роббингга дуо қил, биздан манави бақаларни кўтарсин. Кейин биз сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан бирга қўйиб юборамиз», дедилар.
Аллоҳ улардан (балони) кўтарди.
Лекин қавм яна иймон келтирмади.
Сўнгра Аллоҳ уларнинг устига қон балосини юборди. Анҳорлардан, қудуқлардан, идишларидан сув олмоқчи бўлсалар, янги қон чиқар эди. Улар бу ҳақда Фиръавнга арз қилиб:
«Биз қон балосига учрадик. Тоза ичимлик қолмади», дедилар. Фиръавн, албатта, У (Мусо) сизларни сеҳрлаб қўйган бўлса ажаб эмас, деди.
Улар: «Қаердан сеҳрлайди? Биз идишларимизда сув топа олмаяпмиз, янги қондан бошқа ҳеч вақо йўқ!» дейишди.
Улар келиб: «Эй Мусо, Роббингга дуо қил, биздан қон балосини кўтарсин. Кейин биз сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан бирга қўйиб юборамиз», дедилар. Бало кўтарилди. Улар яна иймон келтирмадилар ва Бани Исроилни қўйиб ҳам юбормадилар».

ФИРЪАВН ТАҲДИДИ

Мусо алайҳиссаломни ақл ва мантиқ ила, сеҳргарлар ёрдами ила енга олмаслигини сезган Фиръавн ва унинг қавми туғёнкорларнинг одатига биноан дўқ-пўписага ўтди:
«Бас, қачонки Мусо уларга очиқ-ойдин оятларимиз ила келганида, улар: «Бу уйдирма сеҳрдан бошқа нарса эмас. Аввалги ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаган эдик», дедилар». (Қасас сураси 36 оят)
Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва унинг қавмига келиб, Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини кўрсатганларида, улар иймон келтириб у кишига эргашиш ўрнига:
«Бу уйдирма сеҳрдан бошқа нарса эмас», дедилар.
Кўзларига кўриниб турган мўъжизани, кўзбўямачилик, сеҳрдан ўзга нарса эмас, у уйдирмадир, дедилар. Аллоҳнинг Пайғамбарига қарши, Аллоҳнинг мўъжизаларига қарши бундай гапни айтишга бирор далил-ҳужжатлари бормиди? Албатта, йўқ эди. Агар далил ва ҳужжатлари бўлганида, айтар эдилар. Шунинг учун ҳам улар:
«Аввалги ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаган эдик», дедилар.
Ота-боболаридан эшитмаганлари учун Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончи қилиб, мўъжизасини сеҳр дейишлари тўғрими?! Уларнинг ота-боболари ким эди ўзи? Дунёнинг охиригача бўладиган нарсаларни кўрсатиб кетишганми?!
Уларнинг бу туҳматларига Мусо алайҳиссалом етарли жавоб бердилар.
«Ва Мусо: «Роббим Ўз ҳузуридан ким ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёри оқибати кимга бўлишини ҳам яхши билгувчи зотдир. Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди». (Қасас сураси 37 оят)
Яъни, кимни ҳидоят ила Пайғамбар қилиб юбориш Аллоҳ таолонинг иши. Менинг Пайғамбарлигимни сиз тан олмасангиз ҳам, Аллоҳнинг Ўзи яхши билади. Сизнинг инкорингиз билан иш ўзгариб қолмайди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло хайрли оқибат ва нажотни Пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминларга беради.
«Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди».
Албатта, куфр келтириб, Аллоҳнинг Пайғамбарини инкор этиб, Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини сеҳр деб зулм қилганлар нажот топмаслар, дедилар.
Шу ерга келганда гапга Фиръавн аралашади.
«Ва Фиръавн: «Эй аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман. Бас, эй Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Албатта, мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман», деди». (Қасас сураси 38 оят)
Мусо алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келиб, Фиръавн шахсига сиғинаётган одамларни Аллоҳга ибодат қилишга, Унинг кўрсатмалари бўйича яшашга чақиришлари Фиръавнни ташвишга солди. У шошилинч равишда ўзининг худолик даъвосини такрорлади.
«Ва Фиръавн: «Эй аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман», деди.
Яъни, дунёда сизларнинг ибодатингизга мендан бошқа сазовор йўқ, деди. Сўнгра ўта беодобларча, Мусо алайҳиссалом васф қилаётган Аллоҳ таолонинг йўқлигини ўзича исботламоқчи бўлиб, истеҳзо ва масхара йўли билан вазирига:
«Бас, эй Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам», деб хитоб қилди.
Худолик даъвосида бўлган аҳмоқ фиръавнлар ўйламай, оғзига нима келса гапираверади. Вазирига нимани хоҳласа, буюраверади. Ҳомон лойга ўт ёқиб ғишт пишириб, ўта баланд қаср қурармиш, Фиръавн унга чиқиб, осмонда Аллоҳни кўрар эмиш. Аллоҳ осмонда сенинг чиқишингга қараб турадиган зотмиди?! Сенга ўхшаган ифлос Аллоҳнинг даргоҳига бора олармиди?! Осмон сенга ўхшаш бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган бир нарса-ку, нима учун Аллоҳни осмон билан чегаралаб қўймоқчисан?! Ушбу саволлар ҳам ўзини худо санаётган Фиръавнинг нақадар эси паст эканини тушунишга ёрдам беради. Ўша эси паст махлуқ ўзининг аҳмоқона гапи билан Аллоҳ юборган Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқармоқди.
«У(Фиръавн) ва унинг аскарлари ер юзида ноҳақдан такаббурлик қилдилар ҳамда ўзларини Бизга қайтарилмаслар деб гумон қилдилар». (Қасас сураси 39 оят)
Фиръавн жуда катта мутакаббир эди. У нафақат кофир, балки худолик даъвосини қилган, одамларга, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман, дейишга журъат этган нобакор эди. Унинг аскарлари эса, ўша нобакорга ва унинг ноҳақ йўлига хизмат қилдилар. Улар бўлмаса, Фиръавн ўзининг ноҳақ такаббури, зулм ва истибдодини ўтказа олмас эди. Шу билан бирга, Фиръавн ва унинг аскарлари:
«ўзларини Бизга қайтарилмаслар, деб гумон қилдилар».
Ҳамма бало шундаки, улар қиёматга, вақти соати келиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб боришларига, қилмишларига жавоб беришларига ишонмас эдилар.
Лекин дунёнинг иши улар ўйлаганидек эмас, Аллоҳ хоҳлаганидек бўлади.
«Бас, Биз уни ва унинг аскарларини тутдик ва денгизга отдик. Энди золимларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол». (Қасас сураси 40 оят)
Охир-оқибат Аллоҳ таоло Фиръавнни ҳам, унинг аскарларини ҳам азоблаб, Қизил денгизга ғарқ қилди. Ушбу ҳол ояти каримада
«Бас, Биз уни ва унинг аскарларини тутдик ва денгизга отдик», деб васф қилинмоқда.
Яъни, худди бир тош ёки кесакни эътиборсизлик билан сувга отишга ўхшатилмоқда.
«Энди золимларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол».

ЗОЛИМЛАРНИНГ ОҚИБАТИ

Иймон доимо куфр ва туғённинг устидан ғолиб чиқади. Сеҳргарлар билан Мусо алайҳиссалом орасидаги мубораза ҳам, бошқа талашувлар, ҳужжат далил келтиришлар ҳам, ҳамма-ҳаммаси иймоннинг куфр ва туғён устидан ғалабаси намойишига айланиб кетди.
Аммо куфр ва туғён ўзидаги моддий имкониятлар ҳамда куч-қувватни иймонга қарши ишлатаверади. Фикрий, ақлий, мантиқий ва илмий баҳсларда мағлуб бўлган Фиръавн юзидаги пардани шармандаларча сидириб ташлаб иймон аҳлини жисмонан йўқ қилишга ўтди.
Шунда Аллоҳ таолонинг ўзи Мусо алайҳиссаломга йўл кўрсатди.
Золимларнинг оқибати қандоқ бўлганига Шуаро сурасидаги қуйидаги оятлар (52-67) ила назар соламиз:
«Ва Мусога: «Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ. Албатта, таъқиб этилурсиз», деб ваҳий юбордик». (52 оят)
Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни Пайғамбар қилиб юбораётганида, иккингиз бораверинг, мен сизлар билан биргаман, деган эди. Шунинг учун ҳам қиссанинг бошидан охиригача ушбу ҳолат ва ҳаловат алоҳида сезилиб туради. Мана Фиръавн Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни тамоман йўқ қилиб ташлаш учун тайёргарлик кўриб, аскар тўплаётганида, Аллоҳнинг Ўзи Мусо алайҳиссаломга зарур йўлни кўрсатди.
«Бандаларим билан кечаси йўлга чиқ».
Яъни, тунда Бани Исроил қавмини олиб йўлга чиқ. Чунки кўпчилик билан кундузи йўлга чиқсанг, душман дарҳол сезиб қолади. Кечаси эса, ҳамма уйқуда бўлади, тун зулматида ҳамроҳларингни биров кўрмайди. Шундай бўлса ҳам,
«Албатта, таъқиб этилурсиз».
Яъни, душман изингиздан тушар. Ортингиздан қувиб борар. Эҳтиёт бўлинг.
«Бас, Фиръавн шаҳарларга тўпловчилар юборди:»
(53 оят)
Яъни, Фиръавн шаҳарларга аскар тўплаш учун одам юборди. Шу билан бирга, шаҳарларга кетган вакиллар Мусо алайҳиссаломга эргашган мўминларга қарши ташвиқот ишлари ҳам олиб борар эдилар. Жумладан, улар қуйидагиларни айтардилар:
«Шубҳасиз, анавилар озгина тоифадирлар». (54 оят)
Туғёнкор подшоҳларнинг тарғибот усули шундан иборатки, улар доимо рақибларини иложи борича оз, ўзларининг тарафдорларини кўп қилиб кўрсатишга уринади. Тарихчиларнинг айтишича, ўша пайтда Мусо алайҳиссалом билан бирга бўлган бани исроилликлар сони олти юз минг экан. Бу адад ўша вақт мезони билан ўлчанганда жуда катта ададдир. Шунинг учун ҳам Фиръавн шаҳарларга одам юбориб, оммавий сафарбарлик эълон қилмоқда ва, айни чоқда, худди ўша вакиллар орқали мўминларга қарши ташвиқот ўтказмоқда. Одатда, туғёнкор ҳукмдорлар иймонли кишиларга қарши ташвиқот юритишда, уйдирмалар тўқишда ҳар бир сўзга эътибор берадилар, ўзаро маслаҳатлашиб, кейин сафсатани бошлайдилар. Фиръавннинг одамлари мўминлар ҳақида нима деяётганларига бир назар солиб кўрайлик.
«Анавилар».
Номлари ҳам айтилмайди, «Аллоҳга иймон келтирганлар» ҳам дейилмайди, «Мусога эргашганлар» ҳам дейилмайди. Шунингдек, «биздан юз ўгирганлар» ҳам дейилмайди. «Анавилар», дейилади, холос.
«Озгина тоифадирлар».
Лекин «озгина»нинг қанчалигини айтмайдилар. Олти юз минг, десалар, сир фош бўлиб қолишидан қўрқадилар. Улар ўзларича ишни жуда пухта қилдик деб ўйлайдилар. Аслида эса, ишни равсо қилаётганларини билмайдилар. Ўзлари: «Анавилар, озгина тоифадирлар» деганларида, халқ ундай бўлса, нега оммавий сафарбарлик эълон қилиб, одам тўплаб юрибсизлар, деб қолишини ўйламайдилар. Ўйласа ҳам, менга нима, буйруқни бажаряпман-да, деб айтаверадилар. Вакиллар халқ ичида ташвиқотни давом эттирадилар.
«Албатта, улар бизни ғазаблантиргувчилардир». (55 оят)
Лекин оз бўлсалар ҳам, аччиғимизни чиқарадилар, холос.
«Албатта, биз ҳаммамиз ҳушёрмиз», деб». (56 оят)
Яъни, ҳаммамиз ҳушёр турамиз, анавиларга ўхшаганларга хоҳлаганларини қилишга йўл қўймаймиз.
Улар шундай қилиб, хўжайинларини ҳам, халқни ҳам, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам алдаб юраверадилар. Вақти-соати етиб, Аллоҳнинг балосига йўлиққанларида, ҳамма гаплари, барча ташвиқотлари пуч эканлиги аён бўлади.
Фиръавн ва унинг қавмининг оқибати ҳам шундай бўлди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло келаси оятларда хабар бериб, бундай дейди:
«Бас, Биз уларни боғ-роғлар ва булоқлардан.
Хазиналар ва муҳтарам маскандан чиқардик». 
(57-58 оятлар)
Яъни, Фиръавн ва унинг қавмини сўлим боғ-роғларидан ва сув ичаётган булоқларидан, ишлатиб турган хазиналаридан ва ҳашаматли масканларидан чиқардик. Ҳаммасини ҳалок қилдик.
«Ана шундай. Ўша(нарса)ларни Бани Исроилга мерос қилиб бердик». (59 оят)
Яъни, ўша боғ-роғлар, булоқлар, хазиналар ва улуғ-гўзал маскан Фиръавн ва унинг қавмидан кейин Бани Исроилга мерос бўлиб қолди.
Ниҳоят, Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ҳамда унинг қавми орасида бўлиб ўтган воқеаларнинг охирига келамиз. Бу кўринишни Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда тасвирлайди:
«Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар». (60 оят)
Яъни, Фиръавн ва унинг лашкарлари Мусо алайҳиссалом ва у кишига эргашганларни қуёш чиқиш пайтида қувиб етдилар.
«Икки жамоат бир-бирларини кўрган чоғида, Мусонинг одамлари: «Энди қўлга тушдик», дедилар. (61 оят)
Узоқдан Фиръавннинг одамларини кўришлари билан Мусо алайҳиссалом билан кетаётган бани исроилликларнинг қалбларига ғулғула тушди. Ортларидан катта сонли аскар бостириб келмоқда, олдиларида денгиз турибди, қутулиб кетишга кўзлари етмай, тамом, энди қўлга тушдик, дедилар. Оддий инсон ўлчовига асосланилса, бу тўғри тахмин эди. Одатда, бундай пайтларда қочиб қутулиб бўлмайди.
Аммо Мусо алайҳиссалом бошқа фикрда эдилар. У киши Роббул Оламийн ўзлари билан биргалигини бир лаҳза ҳам ёдларидан чиқармадилар. Аллоҳ таолонинг ёрдамидан ноумид бўлмадилар. Бу хотиржамликлари бир неча бор синовдан ўтган хотиржамлик эди. Шунинг учун Фиръавн аскарларининг бостириб келишини ҳам, денгиз йўлни тўсиб қўйишини ҳам, Бани Исроилнинг ваҳима кўтаришини ҳам у зот алайҳиссалом парволарига келтирмадилар. Бемалол, хотиржам гапирдилар.
«У (Мусо): «Йўқ! Албатта, Роббим мен билан, У менга тўғри йўлни кўрсатур», деди». (62 оят)
Энг таҳликали, энг умидсиз чоғларда ҳам ўзини йўқотмаслик, умидсизланмаслик мўмин кишига хос хусусиятдир. Чунки ҳақиқий мўмин одам Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир эканини, ўзига ёлборган бандасини қаровсиз ташлаб қўймаслигини яхши билади. Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссалом айтганларидек бўлиб чиқди. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишини тўғри йўлга бошлади. Буни Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилди:
«Бас, Биз Мусога: «Асонг билан денгизни ур», деб ваҳий қилдик. Бас, у (денгиз) бўлиниб, ҳар бўлаги улкан тоғдек бўлди». (63 оят)
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзи мўъжиза қилиб берган асо билан денгизни уришга амр этди. Мусо алайҳиссалом асо билан денгизни урдилар. Денгиз иккига бўлинди. Икки бўлак ҳам улкан тоғдек бўлиб туриб қолди. Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил учун Қизил денгиздан ўтиб кетишга йўл очилди.
«Ва кейин бошқаларни ҳам яқинлаштирдик». (64 оят)
Яъни, денгиз бўлингандан кейин бошқаларни, яъни, Фиръавн ва унинг аскарларини ҳам денгизга яқинлаштирдик.
Бу нарса уларнинг денгизда ғарқ бўлишлари учун қилинди.
«Мусо ва унга эргашганларга ҳаммаларига нажот бердик». (65 оят)
Улар денгизда очилган йўлдан нариги қирғоққа ўтиб олдилар.
«Сўнгра бошқаларни ғарқ қилдик». (66 оят)
Сўнгра, Бани Исроил изидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг аскарлари денгиз бағрига тўлиқ тушиб бўлганларидан кейин, улкан тоғдек ҳайбат-ла тўхтаб турган денгиз яна ҳаракатга келиб, ҳаммаларини ғарқ этиб, ҳалок қилди.

БАНИ ИСРОИЛ ОЗОДЛИКДА

Аллоҳ таоло Бани Исроилга душман бўлган Фиръавн аҳлини ҳалок этди. Бани Исроилни эса, бошқа оятларда таъкидланганидек, ер юзига халифа қилди.
Бани Исроил бу илоҳий марҳаматни қандай қаршиолди. «Аъроф» сурасидаги ушбу (138-141) оятларда уларнинг нима амал қилишига назар солинади.
«Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик. Бас, улар ўз санамларига берилиб сиғинаётган қавм устига келдилар. Улар: «Эй Мусо, бизга ҳам худди уларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер», дедилар. У: «Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз.
Ахир, анавилар этиб турган нарса ҳалокатдир ва қилаётган ишлари ботилдир», деди».

Золим Фиръавн ва унинг бадбахт аҳли ҳалок бўлиб, тақдир саҳнидан улоқтириб ташландилар. Туғёнга кетган подшоҳ ва унинг зодагонлари билан Пайғамбар ва унга иймон келтирганлар орасидаги кураш хотима топди. Золимлар ҳалок бўлиб, мазлумлар озод бўлдилар. Бани Исроил Фиръавн ва унинг аҳли зулмидан абадий холос этилди.
«Ва Бани Исроилни денгиздан олиб ўтдик».
Улар бало-офатлардан қутулдилар. Ўз мустақилликларига эга бўлдилар. Аллоҳ уларни Қизил денгиздан ўтказгандан сўнг,
«Бас, улар ўз санамларига берилиб сиғинаётган қавм устига келдилар».
Ривоятларда қайд этилишича, ўша қавм сигирга ибодат қилаётган экан. Буни кўрган Бани Исроил аҳли:
«Эй Мусо, бизга ҳам худди уларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер», дедилар.
Аслида, уларни Фиръавн ва аҳлининг узоқ муддатли эзишидан, хўрлашидан холос этган Аллоҳга шукр айлаб, ёлғиз Унгагина ибодат қилишлари керак эди.
Аслида, уларни даҳшатли азоб-уқубатлардан Аллоҳнинг амри ва ёрдами ила фидокорлик қилиб қутқазиб олиб чиққан Пайғамбарлари Мусо алайҳиссаломнинг маслаҳатисиз ҳеч бир иш қилмасликлари лозим эди.
Лекин улар бир золим бутпараст қавмни йўл-йўлакай кўриб қолиб, уларга ҳавас қиляптилар. Аллоҳга ширк келтириб, бут-санамларга сиғинишмоқчи. Энг даҳшатлиси–тақдир саҳросида уларга Аллоҳ томонидан келган Пайғамбарлари Мусо алайҳиссалом бош бўлишини истамадилар. У зотга нисбатан гердайганча:
«Эй Мусо», деб хитоб қилмоқдалар.
У зотнинг оламларнинг Роббидан Пайғамбар бўлиб келганлари қаёқда қолди? Аллоҳнинг ибодатига чақирганлари қаёқда қолди? Пайғамбарлик, раҳнамолик ҳурматлари қаёқда қолди? Уларнинг озодлиги, эркинлиги ва яхшилиги йўлида тортган қийинчиликлари, чеккан машаққатлари қаёқда қолди?
Узоқ вақт истибдодга чидаб юрган қавм, зулмга бўйин эгиб юрган қавм, хорлик кўтариб юрган қавм, ҳар қандай пасткашликка тайёр, табиати бузуқ одамлар тўпига айланди. Бундай қавм яхшиликнинг қадрини билмайдиган, устида калтак синиб турса бошини эгиб, думини қисиб юрадиган, бир оз эркинлик етса, ҳовлиқиб, ҳаддан ошиб, ҳеч кимни танимайдиган, ўз ичларида фитна қўзиб, ўзгаларга ҳавас қиладиган бўлиб қолади.
Бани Исроил ҳам узоқ вақт давомида мисрликларга қул бўлиб, зулм ва истибдод остида яшаб, табиатлари айниб кетди.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни уларга юбориб, Фиръавн ва унинг аҳли зулмидан озод қилди. Лекин бузилган табиат бузуқлигини қилди. Улар Мусо алайҳиссаломдан ясама худо топиб беришини талаб қилишди. Мусо алайҳиссалом уларга қаттиқ раддия билдирди.
«У: «Албатта, сиз жоҳил қавм бўлаётибсиз. Ахир, анавилар этиб турган нарса ҳалокатдир ва қилаётган ишлари ботилдир», деди».
Яъни, Мусо алайҳиссалом Бани Исроилга, сиз жоҳил қавмсиз, деб таъкид оҳангида айтдилар. Шунингдек, улар даъво қилаётган ва санамларига қаттиқ берилиб ибодат қилаётган қавмларнинг тутган динлари ҳалокатга олиб боришини, бажараётган амаллари ботил эканини тушунтирдилар. Ул зот ўз сўзларида давом этиб:
«Сизларга Аллоҳдан ўзгани худо қилиб берайми?! Ҳолбуки, У сизларни оламлардан афзал қилган зот-ку!» деди».
Бу сўзлардан Мусо алайҳиссаломнинг беҳад дарғазаб бўлганлари яққол сезилиб турибди. Чунки Бани Исроилнинг юқоридаги аҳволоти ҳеч бир рисолага тўғри келмас эди. Ахир, Аллоҳ таоло уларга Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб нозил қилса, шариат бериб, ўз замонасидаги одамлардан афзал этиб қўйса-ю, улар ўз Пайғамбарларига, бизга ҳам анави қавмнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер, деб туришса.
Бу ғоят даражада ношукрлик ва ўтакетган шаккоклик эди.
Сўнгра Аллоҳ таоло Қуръони Карим услубини қўллаб, Мусо алайҳиссаломнинг сўзларига Ўз каломини илова қилиб Бани Исроилга хитоб қилади:
«Сизларни ёмон азобларга қўяётган, ўғилларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдираётган Фиръавн аҳлидан қутқарганимизни эсланг! Ва бу ишда Роббингиздан улуғ синов бордир».
Яъни, эй Бани Исроил, Пайғамбарингиз Мусога, бизга худди ановиларнинг худоларига ўхшаш худо қилиб бер, деб ҳаддингиздан тажовуз этманг.
Яқиндагина Фиръавн аҳлининг ситам ва азоби остида эзилганингизни, улар ўғлонларингизни ўлдириб, қизларингизни тирик қолдирса ҳам, қўлингиздан ҳеч вақо келмай жимгина яшаганингизни, ушбу азоблардан сизни Биз қутқарганимизни ҳам унутманг.
Бу ишларда, яъни, сизни азоб-уқубат ва қийинчиликда қолишингизда ҳам, кейин қутулиб озод бўлишингизда ҳам Роббингизнинг катта синови бор. Қийинчиликда сабр қилиш, осончиликда шукр қилиш керак.

ФАЗЛИ ИЛОҲИЙ ВА НОШУКУРЛИК

Юқоридаги оятларда зикр қилиб ўтилганидек, яҳудийлар такрор-такрор кофирлик, беодоблик, гуноҳкорлик ва шаккоклик қилган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло уларни яна иноятига олиб, Ўз марҳаматини кўрсатди.
«Уларни ўн икки уруғ–жамоага бўлиб юбордик. Ва қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асонг ила тошни ур!» деб ваҳий юбордик. У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди. Ҳамма одамлар ўз сувхонасини билди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик. «Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар» (дедик). Улар Бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар». (Аъроф сураси 160 оят)
Маълумки, Исроил лақабини олган Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн иккита ўғиллари бор эди. Аллоҳ ана ўша ўн иккита ўғилдан тарқалган фарзандларнинг ҳар бирини бир жамоа–қабила қилиб қўйди.
«Ва қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асонг ила тошни ур!» дедик».
Бани Исроилнинг сувлари тугаб, ўзлари ҳам, жонворлари ҳам чанқаган пайтда, Мусо алайҳиссалом қошига келиб сув талаб қилдилар. Аллоҳ таоло у зотга асолари ила муайян тошни уришга буюрди. Мусо алайҳиссалом тошни урдилар. Шунда:
«У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди».
Булоқларнинг ҳар бири бир уруғга мўлжалланган эди. Бу ҳам Аллоҳнинг марҳамати. Агар булоқ битта бўлганида, сув талаш бўлиб, жанжал чиқиши мумкин эди. Аммо Аллоҳ уларга ўн иккита булоқ чиқариб берди ва:
«Ҳамма одамлар ўз сувхонасини билди».
Шу билан ҳамма сувга қонди ва бу ташвишдан холос бўлди. Аммо фақат сув билангина яшаб бўлмайди. Аллоҳ таоло яна марҳамат кўрсатди.
«Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик», дейди.
Саҳрода сув билан таъминлашнинг устига, Бани Исроил бошида булутни соябон бўлиб сузиб юрадиган қилиб қўйди. Улар қаерга бормасинлар, бошлари узра булут соя солиб турар эди. Таом сифатида осмондан манн (асалли ҳалво) ва бедана гўштини ҳозир қилиб қўйди. Яна Аллоҳ таоло:
«Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар», деб мулозамат кўрсатди.
Мисли кўрилмаган илоҳий марҳамат. Бу мурувватга қанча шукрона қилинса, шунча оз.
Аммо Бани Исроил бани исроиллигига борди. Мазкур неъматлар учун шукрнинг ўрнига, куфрони неъмат қилди. Бу эса, катта зулмдир. Аммо бу билан улар Аллоҳга эмас, ўзларига зулм қилардилар.
«Улар Бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар».
Чунки: «Уларга: «Мана бу шаҳарни маскан тутинглар, унда хоҳлаган жойингизда таом енг ва «Ҳиттатун» (гуноҳларимизни кечир) деб эшикдан сажда қилган ҳолингизда кирсангиз, сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз, эҳсон қилувчиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсла.
Бас, улардан зулм қилганлари уларга айтилгандан ўзга гапни алмаштирдилар. Бас, зулм қилганлари туфайли устларига осмондан азоб юбордик». (Аъроф сураси 161-162 оят)
Мазкур ояти карималарга ўхшаш оятлар тафсири Бақара сурасида батафсил ўтди. 161-оятдаги «Мана бу шаҳар»дан мақсад–Қуддуси шарифдир. Аллоҳ таоло Бани Исроилга баъзи шартларни юклади ва Қуддуси шарифга кириб, хоҳлаган жойларида таомланиб юришларини тайинлади. Шаҳарга сажда қилган ҳоларида, яъни, Аллоҳни улуғлаб, таъзим билан «Ҳиттатун» (хатоларимизни кечиргин) деб киришлари лозим эди.
«Уларга: «Мана бу шаҳарни маскан тутинглар, унда хоҳлаган жойингизда таом енг ва «Ҳиттатун» (гуноҳларимизни кечир) деб эшикдан сажда қилган ҳолингизда кирсангиз»,
Агар улар бу шартни адо этсалар, Аллоҳ таоло хатоларини афв этишни ва (эҳсон) яхшилик қилувчиларга бундан зиёда нарсаларни ҳам беришни ваъда қилди.
«сизнинг хатоларингизни мағфират қиламиз, эҳсон қилувчиларга зиёда қиламиз»,
Аммо Бани Исроил такрор бани исроиллигини эслатди.
«Бас, улардан зулм қилганлари уларга айтилгандан ўзга гапни алмаштирдилар».
Улардан зулм қилганлари айтишлари лозим бўлган «Ҳиттатун» деган иборани, «Ҳинтатун», яъни, «буғдой» деган сўзга алмаштирдилар ва шаҳарга сажда қилган ҳолларида эмас, ортлари билан сурилиб кирдилар.
«Бас, зулм қилганлари туфайли устларига осмондан азоб юбордик».
Ана шу итоатсизлик ва зулмлари учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан азоб туширди.
Кейинги оятларда Бани Исроилнинг бошқа кирдикори баён қилинади.
«Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра. Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз». (Аъроф сураси 163 оят)
Оятдаги бу хитоб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилгандир. Аллоҳ ул зотга яҳудийлардан уларнинг тарихида бўлиб ўтган машҳур воқеа ҳақида сўрашга амр қилмоқда.
«Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра».
Денгиз соҳилида жойлашган бир қишлоқ бўлган экан. Уни яҳудийларнинг ўзлари яхши биладилар. Ўша соҳил бўйидаги қишлоқда яҳудийлар жамоаси яшар эдилар.
Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу кун уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса ҳеч бир балиқ кўринмасди.
«Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз».
Шунда Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай ман қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга, биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ, шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар.
Бошқа бир гуруҳ ҳийла ила балиқ овлаган жамоага насиҳат қилиб, Аллоҳдан қўрқишга ва унга осий бўлмасликка чақирдилар.
Шунда насиҳатчи гуруҳга:
«Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида, улар, Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар деб, дедилар». (Аъроф сураси 164 оят)
Яъни, учинчи бир гуруҳ ўзларини бошқача тутдилар. Насиҳат қилаётган жамоага мурожаат қилиб, бу осийлар қилар ишни қилиб бўлишди, энди Аллоҳ уларни ҳалок қилади ёки қаттиқ азоб билан азоблайди, уларга насиҳат қилиб нима қиласиз, барибир фойдаси йўқ, дедилар.
«Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида»,
Насиҳат қилувчилар эса, биз насиҳатни:
«Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар деб», қилмоқдамиз, дедилар.
Яъни, Аллоҳ олдидаги бурчимизни адо этдик. Охират куни Аллоҳ сўраб қолса, узр бўлиши учун уларга насиҳат қилдик ва яна шоядки насиҳат таъсир этиб, тақво қилиб қолсалар, деган умидимиз бор эди, дедилар.

РОББ ИЛА УЧРАШУВ

Аъроф сурасидаги келгувси оятларда Мусо алайҳиссаломнинг Робби ила учрашувга ҳозирлик кўриши ва мийқод манзаралари келади.
«Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма», деди». (142 оят)
Муфассирларимиз ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом Мисрда яшаган вақтларида Бани Исроил қавмига агар Аллоҳ душманларини ҳалок қилса, бир китоб беришини ва бу китобда нимани қилиш лозим-у, нималарни қилмаслик кераклиги ҳақида баёнот бўлишини айтган эдилар.
Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг аҳлини ҳалок қилганидан сўнг, Мусо алайҳиссалом китоб беришни Аллоҳдан сўраганларида, Аллоҳ ул зотга ўттиз кун рўза тутишни амр қилди. Бу ҳодиса Зулқаъда ойида рўй берди. Ўттиз кун ўтиб, Мусо алайҳиссалом дарахтдан олинган мисвок билан тишларини тозалаб, мийқот–учрашув белгиланган вақтга ҳозирлик кўриб турганларида, Аллоҳ таоло Зулҳижжа ойидан ҳам ўн кун рўза тутишни амр қилди. Шу тарзда жами қирқ кун тўлиқ рўза тутдилар.
Бу ишлар ўта муҳим ҳодисага тайёргарлик эди. Мусо алайҳиссалом душман билан муборазада Аллоҳнинг мадади ила ғолиб келганларидан сўнг, бу қадар эътибор билан тадорик кўришлари ғалати туюлади.
Лекин келажакда ул зотни кутаётган улуғ воқеаларни билган одамга бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Аввало, Мусо алайҳиссалом Аллоҳнинг буюк дастури–Тавротни қабул қилиб олишга ҳозирлик кўрмоқда эдилар. Қолаверса, олдинда табиати касалланган қавмларини тўғри йўлга солиб, Аллоҳ дастури асосида яшашга бошлашлари керак. Бу ҳар қандай ташқи душман билан бўладиган машаққатли курашдан ҳам оғир эди. Шунинг учун Аллоҳ у зотни чиллага, ёлғиз қолиб ибодат қилишга, қалбни мустаҳкамлаб сайқаллашга амр қилди. Қирқ кун ўтиб:
«Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди». (143 оят)
Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусо алайҳиссаломга қувват ва сабот манбаи бўлар.
Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир.
Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида исми замон ва исми макон маъносини бирданига англатувчи лафз ила «мийқот», дейилади ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.
«Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, Сенга назар солай», деди».
Уламоларимиз таъкидлашларича, ушбу улуғ мийқот Қурбон ҳайити куни, Тур тоғининг ўнг томонида содир бўлган. Мийқот рўй берган тарихий вақт қирқ кунлик рўза ҳақидаги ривоятдан аниқланган. Мусо алайҳиссалом Зулқаъда ойида тўла ўттиз кун ва Зулҳижжа ойида ўн кун рўза тутиб, ҳайит куни Аллоҳ билан роз айтишганлар. Мийқот Тур тоғининг ўнг томонида содир бўлгани бошқа ояти карималарда ҳам зикр этилган.
Демак, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан мийқотга, белгиланган вақтда, белгилик жойга келганларида, у зотга Робби бевосита сўзлади. Бу ҳол қандай содир бўлди, тафсилотини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади. Мусо алайҳиссалом қандай қилиб Аллоҳнинг каломини тингладилар, буни ҳам Аллоҳнинг Ўзигина билади. Чунки бу нарса инсон ҳатто тасаввур қилиши ҳам мушкул бир ҳолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирганларида, ул зот тез-тез нафас олар, титраб-қақшаб, совуқ кунда ҳам терга кўмилиб кетар эдилар. Саҳобалардан бирларининг тиззалари ваҳий тушаётган пайтда Пайғамбаримизнинг тиззаларига текканда, саҳобийнинг сонлари ёрилиб кетгудек бўлган экан. Энди, бевосита Аллоҳнинг Ўзи билан гаплашиш қандай бўлишини бир оз бўлса ҳам тасаввур қилиш мумкин. Шубҳасиз, бу ўзига хос ғаройиб ва нодир бир ҳолат. Бу ҳолатнинг ғоят даражада ғаройиблигидан Мусо алайҳиссалом шавқу завққа тушиб, маст бўлиб қолганлар ва ўзларини бутунлай унутиб қўйганлар. Роббиларига бўлган муҳаббатлари зиёдалашиб, Аллоҳ каломини бевосита тинглаш шунчалик бўлса, бевосита Ўзини кўз билан кўриш қандай бўлар экан, деб Аллоҳ таолодан жамолини кўрсатишини сўраганлар. Пайғамбарнинг бу истагига жавобан Аллоҳ таоло:
«Мени ҳеч кўра олмассан», деган.
Шу билан бирга, бу ҳолни ойдинлаштириш мақсадида нима сабабдан кўра олмаслигини амалда исбот этган.
«Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди.
Яъни, эй Мусо, сен тоққа назар сол, у жуда ҳам улкан ва чидамли борлиқ. Унга ҳар нечук нарса таъсир ўтказа олмайди. Мен ўзимга хос тарзда унга кўринаман. Агар тоғ бу ҳолга чидаб, мавқеида собит тура олса, сен ҳам сўровингга биноан Мени бевосита кўра оласан.
«Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди».
Мазкур тажаллий қандай рўй берганини ва у нечук манзара касб этганини ҳам билмаймиз. Бизнинг билганимиз шу: Аллоҳ таоло юқоридаги гапларни Мусо алайҳиссаломга айтганидан кейин, у киши тоққа назар солдилар. Тоғ титилиб, ерга тенглашиб қолди. Маконида собит тура олмади. Мусо алайҳиссалом буни ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу оддий ақлга сиғмас мўъжиза эди.
«ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди».
Чунки бўлиб ўтган ҳодиса шу даражада маҳобатли эди.
«Ҳушига келганида: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди».
Яъни, Мусо алайҳиссалом ўзларига келганларида, аввалги завқ ва шавқ, ҳис-ҳаяжонлар босилган эди. Кўзларини очиш билан Аллоҳни улуғлашга шошилдилар: «Сен поксан», яъни, бандаларнинг оддий назарига кўриниш даражасидан юқорисан. Мен номуносиб савол берганимдан тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман, дедилар.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло ул зотга хитобан:
«Эй Мусо, мен сени одамлар ичидан Пайғамбарлигим ва гаплашишим ила танлаб олдим. Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!» деди». (144 оят)
Яъни, одамлар орасидан сени танлаб олиб, Пайғамбарлигимни ато қилдим. Сени одам зоти ичидан сайлаб олиб, бевосита сўйлашдим. Ҳаммадан устун кўрдим. Шунинг учун бевосита кўринмаганимга ғамгин бўлма. Сендан талаб қилинадигани:
«Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!».
Менинг амримни мукаммал адо этсанг, сени кўриб, бошқалар ҳам буни адо қиладилар. Чунки Пайғамбарлар бошқалар учун намунадир.
«Ва унга лавҳларда ҳамма нарсадан мавъиза ва ҳар бир нарсанинг тафсилотини ёзиб бердик. «Бас, уларни қувват ила тут ва аҳлингга буюр, уларнинг энг яхшиларини олсинлар. Энди сизларга фосиқларнинг диёрини кўрсатаман», дедик». (145)
Ушбу ояти каримада зикр қилинган «лавҳлар» ҳақида тафсир уламолари кўплаб маълумотлар келтиришган, кўплаб баҳс мунозара қилишган. Аммо кейинги даврдаги муҳаққиқ тафсирчи олимларимиз, маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбалардан олинмаганлиги учун улар ҳақида тортишувнинг ҳожати йўқ, деган хулосага келганлар. Биз учун «лавҳлар» нимадан иборатлиги, қайси моддадан бўлгани, шакли ёки ҳажми аҳамиятсиз, балки уларга ёзилган маънолар аҳамиятлидир, дейди муфассирлар.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Мусо алайҳиссаломга ҳамма нарсадан мавъиза ва ҳар бир нарсанинг тафсилотини ёзиб берганини баён қилмоқда. Ёзиб бериш билан бирга:
«уларни қувват ила тут», деб амр қиляпти.
Давомида Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ўз аҳлига ҳам амр қилиб, уларга ушбуларнинг яхшиларини тутишга буюрмоқликлари зарурлигини ҳам билдирган. Ояти кариманинг охирида Аллоҳ:
«Энди сизларга фосиқларнинг диёрини кўрсатаман», деб ваъда берган.

БУЗОҚҚА ИБОДАТ

Мийқотда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга у киши кутмаган хабарни берди. Бу хабар ва унга тегишли баёнотлар «Тоҳо» сурасида қуйидагича ҳикоя қилинган:
«У зот: «Батаҳқиқ, Биз қавмингни сендан кейин фитнага дучор қилдик. Сомирий уларни адаштирди», деди». (85)
Узоқ йиллар зулм ва истибдод остида, хорликда яшаб, табиати бузилиб кетган, қулликка ўрганиб қолган Бани Исроилга ҳурлик оғир келди, уни кўтара олмади.
Мусо алайҳиссалом уларни илк бор тарк этишлари биланоқ залолатга кетдилар. Сомирийга эргашиб, бузоқнинг ҳайкалини худо қилиб олдилар. Робб мулоқотига узоқ тайёрланган ва ниҳоят қавмини қолдириб, учрашувга шошилиб етиб келган Мусо алайҳиссалом бу ишлардан бехабар эдилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи у кишига бу хабарни етказди.
«Бас, Мусо қавмига ғазабланган, афсусланган ҳолда қайтди. У: «Эй қавмим, Роббингиз сизга яхши ваъда қилмаганмиди?! Сизларга замон узоқ кўриндими ёки бошингизга Роббингиздан ғазаб тушишини хоҳладингизми?! Менга берган ваъдага хилоф қилибсиз?!» деди». (86)
Бани Исроилнинг залолатга кетгани ҳақидаги хабар Мусо алайҳиссаломни қаттиқ ғазаблантирди ва чуқур таассуфга солди. У зот нобакор қавмнинг ҳузурига ғазабнок, афсусланган ҳолларида қайтдилар ва уларни сўроққа тута бошладилар:
«Эй қавмим, Роббингиз сизга яхши ваъда қилмаганмиди?!»
Сизларга нусрат беришни, муқаддас ерларга киришимизни, гуноҳларингизни кечиришни, Тавротни туширишни ва бошқа яхшиликларни ваъда қилмаганмиди? Ахир, бу ваъдаларни сизга яқиндагина берган эди-ку?!
«Сизларга замон узоқ кўриндими?!»
Шунинг учун аҳдни бузиб, залолатга юз тутдингизми?
«...ёки бошингизга Роббингиздан ғазаб тушишини хоҳладингизми?!»
Сизнинг қилган ишингиз Аллоҳнинг ғазабини хоҳлаётган одамнинг ишидан бошқа нарса эмас!
«Менга берган ваъдага хилоф қилибсиз?!»
Боримда қандай бўлсангиз, йўғимда ҳам шундай туришга сиз билан ваъдалашган эдик-ку?!
«Улар: «Биз сенга берган ваъдага ўз ихтиёримиз ила хилоф қилмадик. Лекин бизга у қавмнинг зийнатидан оғирликлар юкланган эди. Бас, уларни ташладик, Сомирий ана шундай илқо қилди», дедилар». (87)
Халоскори ва Пайғамбари Мусо алайҳиссаломга Бани Исроилнинг айтаётган узрини қаранг. Қилар ишни қилиб қўйишган. Дунёда бундан катта жиноят йўқ. Аммо узрлари ҳеч нарсага арзимайди.
«Улар: «Биз сенга берган ваъдага ўз ихтиёримиз ила хилоф қилмадик», дейишмоқда.
Узр айтишнинг энг қулай йўли–ихтиёридан ташқари иш бўлиб қолганини баҳона қилиш. Лекин ихтиёрдан ташқаридаги ўша иш иймондан кечишга, яратган Холиқни қўйиб, бузоқнинг ҳайкалига ибодат қилишга арзийдими?!
«Лекин бизга у қавмнинг зийнатидан оғирликлар юкланган эди».
Яъни, бизда Фиръавн қавмининг зийнатлари, тилла тақинчоқлари бўлиб, улар ортиқча юк эди.
Уламоларнинг ривоят қилишларича, Бани Исроиллик аёллар мисрликлардан турли зебу зийнат ва тақинчоқларни қарзга олишган экан. Мисрдан чиқишаётганда ўша тақинчоқларни ҳам ўзлари ила бирга олишибди. Мусо алайҳиссалом мийқотга кетганларида, тақинчоқлар масаласи кўтарилибди. Ҳорун алайҳиссалом уларнинг ҳалол ёки ҳаромлигида шубҳага тушибдилар. Мусо қайтиб келса, сўраймиз, деб бир чуқурга олов ёқдириб, ҳамма тақинчоқларни ўша чуқурга ташлашни буюрибдилар. Бани Исроилнинг зийнатлар ҳақидаги гапида ўша тақинчоқлар кўзда тутилган.
«Бас, уларни ташладик».
Яъни, Ҳорун амр қилганидан кейин биз у тақинчоқларни чуқурга ташладик.
«Сомирий ана шундай илқо қилди».
Ояти кариманинг охиридаги ушбу жумла ҳақида тафсир уламолари икки хил маъно айтишган. Кўплар: «Шунингдек, Сомирий ҳам ташлади», деб маъно берганлар. Яъни, Сомирий ҳам ўзида бор зебу зийнатларни чуқурга ташлаган.
Баъзи уламолар эса, «Сомирий ана шунга ундади», деган маъно чиқарганлар. Яъни, бузоқ ҳайкалига ибодат қилишга ундади, деб маъно берганлар. Уламолар орасидаги бу хилофга сабаб жумладаги «алқо» сўзидир. Бу сўз «ташлаш» маъносида ҳам, «фикр ташлаш–ундаш» маъносида ҳам ишлатилади.
Биз иккинчи тоифа уламоларнинг гапига қўшилиб, «илқо қилди–ундади» маъносини ихтиёр қилдик. Бунга сабаб аввал оятда «ташладик» сўзи «қазафа» феҳли билан англатилган. Агар Сомирий ҳам Бани Исроил каби ташлаганида «алқас-Сомириййу» демасдан, «қазафас-Сомириййу» дейилган бўлар эди.
Уламолар, Сомирий асли сомаролик бўлиб, Бани Исроилга кузатувчи–йўл кўрсатувчи одам эди, деганлар.
Бўлган воқеа шу. Тақинчоқларни оловли чуқурга ташлашган экан, Сомирий уларни эритиб, бузоқ шаклига солиб, мана шу сизларнинг худоингиз, унга ибодат қилинглар, деса, ибодат қилиб кетаверишибди. Уларнинг фикрича, бу ихтиёрларидан ташқари иш эмиш!
«Бас, у (Сомирий) уларга бўкирадиган бузоқ шаклини чиқариб берди. Улар: «Мана шу сизнинг илоҳингиз ва Мусонинг ҳам илоҳи, фақат у унутди», дедилар». (88)
Сомирий уларга тилла тақинчоқлардан овоз чиқарадиган бузоқ ҳайкали ясаб берди. Ривоятларда келишича, ҳайкалнинг ортидан шамол кирса, оғзидан бузоқнинг бўкирганига ўхшаш овоз чиқар экан. Ўша ҳайкални кўрган Бани Исроилликлар бир-бирларига:
«Мана шу сизнинг илоҳингиз ва Мусонинг ҳам илоҳи, фақат у унутди», дедилар.
Мана шу ҳайкал сизнинг илоҳингиз. Ундай бўлса, нима учун Пайғамбаримиз Мусо бизга буни айтмади, деган хаёлга борманг. Мусонинг илоҳи ҳам шу бузоқ. Аммо, Мусо буни унутиб қўйиб, тоққа излаб чиқиб кетди, дейишмоқда. Бани Исроил ўзининг гумроҳлиги билан Аллоҳнинг Пайғамбари Мусо алайҳиссаломни ҳам гумроҳга чиқарди.
«Унинг ўзларига бирон сўз қайтара олмаётганини, на зарар ва на фойдага молик бўла олмаётганини кўрмаяптиларми?!» (89)
Ахир, ҳеч бўлмаса, бир оз ўйлаб кўрмайдиларми?! Бу бузоқнинг ҳайкали уларга бирон оғиз ҳам сўз қайтара олмайди-ку, қандай қилиб уларга ва Мусога худо бўла олади? Ахир, бу ҳайкал уларга бирон зарар ёки фойда келтира олмаяпти-ку, қандай қилиб уларга ва Мусога илоҳ бўла олади?!
Бунинг устига:
«Батаҳқиқ, илгари Ҳорун уларга: «Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос. Шубҳасиз, Роббингиз Роҳмандир. Бас, менга эргашинг. Менинг амримга итоат қилинг», деган эди». (90)
Яъни, уларнинг ўзлари айбдор. Бу иш бизнинг ихтиёримиздан ташқари бўлди, дейишлари ҳам ёлғон. Қилаётган ишлари нотўғри эканини уларга Ҳорун алайҳиссалом эслатган эдилар:
«Эй қавмим, бу билан фитнага дучор қилиндингиз, холос».
Яъни, эй қавмим, бу бузоқ сизга бир синов, холос, синовга бардош беринг, ақидангизни бузманг. Сизнинг Роббингиз бу ҳайкал-бузоқ эмас.
«Шубҳасиз, Роббингиз Роҳмандир».
Ўша Роҳман сифатли Роббингизни тарк этманг.
«Бас, менга эргашинг. Менинг амримга итоат қилинг», деган эди.
Аммо улар унга эргашмадилар, унинг амрига итоат қилмадилар.
«Улар: «То Мусо бизга қайтгунича, унга ибодат қилишда бардавом бўламиз», дедилар». (91)
Бу гап ҳам тутруқсиз одамларнинг гапи. Аллоҳнинг Пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг ўрнига қолган оғаси Ҳорун алайҳиссалом уларга бузоққа ибодат қилмасликни таъкидлаб айтмоқдалар-у, улар бўлса:
«То Мусо бизга қайтгунича, унга ибодат қилишда бардавом бўламиз», дедилар.
Залолатларида қолиш учун бу ҳам бир баҳона. Улар бузоқнинг гапира олишига, зарар ёки фойда етказишига далил келтиролмайдилар. Демак, залолатлари яна ҳам равшан. Аммо ўзларини ўнглаш хаёлларига келмайди. Мантиққа тўғри келса-келмаса, барибир баҳона топадилар. Мусо алайҳиссалом қайтиб келсалар, нима дейишлари ҳам аниқ. Мусо келганидан сўнг бир гап бўлар.
Мана, Мусо алайҳиссалом қайтиб ҳам келдилар. Сўроқ-саволга тута бошладилар. Аввал ўринларига қўйиб кетган оғалари Ҳорундан сўрадилар:
«У: «Эй Ҳорун, уларнинг залолатга кетганларини кўрганингда сени нима ман қилди?!
Менга эргашишингдан?! Менинг амримга осий бўлдингми?!» деди».
(92-93)
Эй Ҳорун, мен сенга ҳолатни ўзгартирмасликни тайинлаб айтиб кетган эдим. Уларнинг адашганларини кўрганингда нима учун менинг амримга бўйсуниб, йўлларини тўсмадинг? Нима учун уларни бузоқ ҳайкалига ибодат қилишдан қайтармадинг?! Ёки менинг амримга осий бўлдингми?
Мусо алайҳиссаломнинг ғазаб ва афсус билан айтган бу гапларига Ҳорун алайҳиссаломнинг ҳам асосли жавоблари бор эди:
«У: «Эй онамнинг ўғли, соч-соқолимдан тутма. Мен сенинг: «Бани Исроилни тафриқага солибсан, гапимга кирмабсан, дейишингдан қўрқдим», деди». (94)
Табиатан оғир-босиқ Ҳорун алайҳиссалом қариндошлик ҳурматини орага солиб, Мусо алайҳиссаломни бир оз ҳовурларидан туширмоқчи бўлдилар. Эй ука, дейишнинг ўрнига, эй онамнинг ўғли, деб «она» сўзини қўшишда ҳам маънони кучайтириш бор. Бошқа сураларда баён қилинганидек, Мусо алайҳиссалом ғазабланиб келиб, бир қўллари билан Ҳорун алайҳиссаломнинг пешона сочларидан, иккинчи қўллари билан эса, соқолларидан тортиб туриб, мазкур гапларни айтган эдилар. Шунинг учун Ҳорун алайҳиссалом:
«...соч-соқолимдан тутма», деб укаларини яна ҳам ҳовурларидан туширмоқчи бўлдилар. Сўнгра Бани Исроилни бу йўлдан қайтариш учун куч ила қўполлик ишлатмаганининг сабабини зикр қилди.
«Мен сенинг: «Бани Исроилни тафриқага солибсан, гапимга кирмабсан», дейишингдан қўрқдим», дедилар.
Зотан, Ҳорун алайҳиссалом Бани Исроилни залолатдан қайтаришга уринганлари юқоридаги оятларда ҳам бир оз кўрилди. Қаттиққўллик қилмаган, куч ишлатмаган бўлсалар, Бани Исроил орасида ихтилоф, келишмовчилик уйғотиб қўйишдан чўчиган эканлар. Чунки Мусо алайҳиссалом шу гапни у кишига алоҳида таъкидлаб айтган бўлсалар керак.
Оғалари Ҳорун алайҳиссаломдан бу жавобни эшитган Мусо алайҳиссалом бош бузғунчи Сомирийга қараб хитоб қилдилар:
«У: «Бу нима қилганинг, эй Сомирий?!» деди». (95)
Яъни, нима учун бу ишни қилдинг?
Бу саволга Сомирий ўзига хос маккорлик билан жавоб берди. Фирибгарларнинг тимсоли бўлмиш Сомирийнинг ҳар бир ҳаракати, гап-сўзидан фириб ёғилиб туради.
«У: «Улар кўрмаган нарсани кўрдим. Бас, Расулнинг изидан бир сиқим олдим, сўнгра уни ташладим. Ҳавои нафсим менга шундай қилишни хуш кўрсатди», деди». (96)
Тафсирчи уламоларимиз бу оятнинг тафсирида кўплаб ривоятлар келтирганлар. Мазкур ривоятларда Бани Исроил кўрмай Сомирий кўрган нарса нима? Расул ким? Сомирий унинг изидан олган бир сиқим нарса нима? ўша бир сиқим нарсани Сомирий қаёққа сочди? каби саволларга жавоблар ахтарилади.
Мазкур ривоятларнинг аксари бундай нақл этилади: Сомирийнинг Бани Исроил кўрмаганини кўргани–Жаброил алайҳиссаломнинг ҳаёт отига миниб келишлари. «Расул»дан мурод Жаброил алайҳиссалом. Изидан олинган бир сиқим эса, Жаброил алайҳиссалом миниб келган отнинг туёғи тагидан олинган тупроқ. У тупроқни сочган жойи эса, Бани Исроилнинг зеб-зийнатлари тўплаб қўйилган жой. Сомирий ана шу ишларни қилганида зийнатлар бузоққа айланиб, ундан овоз чиқадиган бўлибди.
Сомирийнинг бу гапидан фирибгар қўлга тушганда ўзини қандай тутиши билиниб турибди. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, ёмон ниятим ҳам йўқ эди, кўнглимга тушган ишни қилсам, ўзларидан ўзлари эргашиб кетишаверди, демоқчи бўлди.
Лекин Мусо алайҳиссалом барибир уни айбдор деб топдилар ва унга қарши ҳукм чиқардилар:
«У: «Бас, жўна! Кет! Энди сенга бу ҳаётда «тегиш йўқ» дейишинг бор, холос. Албатта, сенга хилоф қилмайдиган ваъдамиз бор. Ўзинг ибодатида бардавом бўлган илоҳингга назар солиб қўй. Биз уни, албатта, куйдирамиз, сўнгра денгизга сочиб юборамиз». (97)
Мусо алайҳиссалом Сомирийни Бани Исроилдан қувғин қилдилар. Бани Исроил одати бўйича, «тегиш йўқ» номли қувғин жазоси бор эди. Ана ўша жазо Сомирийга нисбатан қўлланди. У қувғин қилинди. Саҳроларда якка мохов ҳолида хору зор бўлиб юрди. Бирор одам кўриниб қолса, «тегиш йўқ» дер эди, холос. Яъни, мен «тегиш йўқ» жазосига маҳкум этилганман, менга тегма, мен ҳам сенга тегмайман, дерди. Бировга бундан бошқа гап айта олмас эди. Бу Сомирий учун дунёвий жазо эди. Охиратда эса:
«Албатта, сенга хилоф қилмайдиган ваъдамиз бор».
Яъни, албатта, бўладиган азобимиз бор. Унга хилоф қилиб бўлмайди. Шўрпешона бўлмасанг, жонсиз, ҳеч нарсага арзимайдиган нарсани ўзингга илоҳ қилиб оласанми?
«Ўзинг ибодатида бардавом бўлган илоҳингга назар солиб қўй».
Нимага лойиқ эканини биласан. Асли ердан чиққан бир маъдан-ку.
«Биз уни, албатта, куйдирамиз, сўнгра денгизга сочиб юборамиз».
Куйиб кетадиган нарса Худо бўла оладими? Кули денгизга сочилиб кетадиган нарса Худо бўла оладими? Турли нарсаларни ўзингизга илоҳ қилиб олаверманг:
«Албатта, сизнинг илоҳингиз Аллоҳдир, холос. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқдир. У барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир». (98)
Аллоҳдан ўзга сизга зот илоҳ бўла олмайди. Ундан ўзга ҳеч қандай зот ёки нарса ибодатга сазовор эмас. Аллоҳнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир.

БАНИ ИСРОИЛНИ АЗОБЛАШ ВА АФВ ҚИЛИШ

Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусога алайҳиссалом улардан етмиш кишини ўз мийқотига олиб келишни амр қилган ва бу етмиш нафар барча Бани исроилликлар номидан Аллоҳга узр айтиб, дуо қилишлари керак эди.
«Ва Мусо мийқотимизга қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Уларни даҳшатли зилзила тутган пайтда: «Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эсипастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валиймизсан, бас, бизни мағфират қил ва раҳм эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан». (Аъроф 155)
Мусо алайҳиссалом Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусо алайҳиссаломга, бизга Худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар. Бани Исроил бани исроиллигини доимо қилади. Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар. Шу пайт Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилиб:
«Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эсипастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми?» дедилар.
Яъни, агар бизни ҳалок қилмоқчи бўлсанг, мийқотингга келишимиздан олдин, гуноҳ содир бўлган пайтнинг ўзидаёқ ҳалок қилиб юборсанг бўлар эди. Эсипаст–ақлсизларимиз қилган иш–(бузоққа ибодат қилиш) туфайли бизни–(мийқотингга келганларни) ҳалок қиласанми?
«Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас».
Яъни, содир бўлган бари ҳодисалар Сенинг имтиҳонингдир.
«У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан».
Бу синов туфайли баъзилар адашади, баъзилар ҳидоят топади. Ҳар бир синовнинг натижаси шу. Кимдир бу имтиҳондан яхши ўтиб, ҳидоят топади, кимдир ўта олмай, залолатга кетади. Бизга эса, Сенинг Ўзинг мадад бергин. Чунки:
«Сен валийимизсан».
Сендан ўзга валийимиз йўқ. Синовдан ёруғ юз билан ўтишимизга Ўзинг мадад бер.
«Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз Сенинг Ўзингга тавба қилдик», деди. У зот: «Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман». (Аъроф 156)
Мусо алайҳиссалом ўз сўзларида давом этиб, Аллоҳга илтижо қилганлари кўйи:
«Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз Сенинг Ўзингга тавба қилдик», дедилар.
Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо алайҳиссалом танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз Сенинг Ўзингга тавба қилдик», дедилар.
Аллоҳ таоло бу илтижога жавобан Ўз Зотига хос бўлган умумий қонуниятни баён қилди:
«Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир».
Яъни, истаган бандамни азоблайман (ўз навбатида иймон келтирмаган ва гуноҳкор бўлганларни ҳам азоблашини айтиб қўйган). Аллоҳнинг раҳмати эса, жуда ҳам кенг, Ўзи халқ қилган бу дунёдан ҳам кенг. Унинг раҳмати мўминга ҳам, кофирга ҳам, тақийга ҳам ва осийга ҳам шомилдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёзиб қўядиган, алоҳида бахтга сазовор этадиган бандаларининг сифатларини ҳам зикр қилиб ўтмоқда:
«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман».
Аллоҳ таолонинг раҳматига шубҳасиз сазовор бўлиши, унинг раҳмати ёзилиб қолиши учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:
Биринчиси–тақво қилиш. Яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.
Иккинчиси–закот бериш. Яъни, Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.
Учинчиси–Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.

БАНИ ИСРОИЛ УСТИГА ТУРНИ КЎТАРИШ

Мусо алайҳиссалом Бани Исроилни ислоҳ қилишда давом этдилар. Аммо, Бани Исроил ҳам ўзининг қаршилигида, нобакорлигида ва тутриқсизлигида давом этди. Ана шунда уларга таҳдид тариқасида устиларига Тур тоғини келтирилди.
«Аҳду паймонларингизни олганимизни ва устингизга Турни кўтарганимизни, «Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсани эсланг, шоядки тақводор бўлсангиз», (деганимизни) эсланг». (Бақара 63)
Оятда Бани Исроилдан олдин олигна ваъда, аҳд-паймон назарда тутиляпти.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо устларига кўтарилган Тур тоғи масаласини ойдинлатиб, «Улар тоат қилишдан бош тортганларида, Тур тоғини бошлари устида кўтарган», дедилар.
Оятда:
«Биз сизга берган нарсани қувват билан олинг ва ундаги нарсани эсланг, шоядки тақводор бўлсангиз», дейилмоқда.
Яъни, Тавротни маҳкам тутинг, унда келган ҳукм, ваъз, насиҳат ва кўрсатмаларни доимо эсланг, уларга амал қилинг, агар шундай қилсангиз, тақводор бўлишингиз мумкин, дейиляпти. Хўш, Бани Исроил аҳду паймонида собит турдими? Аллоҳ берган Тавротни маҳкам тутиб, ундаги нарсаларни эслаб, амал қилдими? Бу саволнинг жавоби келгуси оятда зикр этилади.
«Сўнгра ўшандан кейин юз ўгирдингиз. Сизга Аллоҳнинг фазли бўлмаганида, албатта ютқазганлардан бўлардингиз». (Бақара 64)
Яъни, ўтган оятда зикр этилган ишлардан кейин аҳду паймонни унутиб, орқага қайтдингиз. Шунда ҳам Аллоҳ сизларга раҳм қилди, азобига олмади ёки тавба қилишни кўнгилларингизга солиб, йўл кўрсатди. Акс ҳолда, ютқазганлардан–ҳалок бўлганлардан бўлар эдингизлар.

«БАҚАРА»–СИГИР ҲОДИСАСИ

Аллоҳ таоло Бани Исроилга алоқадор машҳур «Бақара»–сигир ҳодисасини батафсил баён қилиш ила уларнинг ҳақиқий башараларини очиб беради.
«Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизга сигир сўймоқни буюрмоқда», деганини эсланг. Улар: «Бизни масхара қиляпсанми?» дедилар. У: «Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», деди». (Бақара 67)
Мусо алайҳиссаломдек улуғ Пайғамбар–Бани Исроилни Фиръавн азобидан қутқарган, ҳамма яхшиликларга сабаб бўлган зот яҳудийларга:
«Аллоҳ сизга сигир сўймоқни буюрмоқда»,
деб, уларга Аллоҳнинг сигир сўйишга амр этганини етказганларида, «Хўп бўлади, Аллоҳ буюрган бўлса, бош устига», дейиш ўрнига,
Улар: «Бизни масхара қиляпсанми?» дедилар.
Бунақа беодоблик ва шаккокликни фақат Бани Исроил каби табиати бузуқ халқ қила олади. Бу гап Мусо алайҳиссаломга оғир ботди. Аллоҳнинг номидан одамларни масхара қилиб бўладими? Буюк Пайғамбар Аллоҳ айтмаган гапни «айтди» дея оладими? Уларнинг бу гапи ҳам Аллоҳга, ҳам Унинг Расулига нисбатан беҳурматлик бўлиши билан бирга, Мусо алайҳиссаломга нисбатан туҳмат ҳам эди. Шунинг учун ҳам у киши:
«Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман», дедилар.
Шундан сўнг Бани Исроил, хўп, деб бориб бир сигирни топиб сўйса, Аллоҳнинг амрини бажарган бўлар эди. Лекин уларнинг бузуқ табиати, фасод босган тафаккурлари бунга йўл қўймади. Улар яна бир шумликни бошладилар:
«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У зот, қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти. Бас, буюрилган нарсани бажаринг», деди». (68)
Бани Исроил яна беодоблик қилди: Роббимиз демай,
Роббингга дуо қил, дедилар. Шу биланоқ Аллоҳга эътиқодлари йўқлигини намойиш қилдилар:
«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», дедилар».
Шу услуб ила сўйилиши лозим бўлган сигирнинг сифати қандай бўлишини сўрашди. Мусо алайҳиссалом одоб билан яна Аллоҳнинг сўзини уларга етказдилар:
«У зот, қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти», дедилар.
Ҳамда мураббий сифатида уларга, энди бошқа нарсаларни сўраб ўтирманглар, дегандек қилиб:
«Бас, буюрилган нарсани бажаринг», дедилар.
Бани Исроил бошда индамай, хоҳлаган сигирни сўйса бўларди, савол бериб ўзига қийин қилиб олди. Чунки энди ўрта ёш сигирни топиш керак бўлди. Бошқаси қабул бўлмайди. Шундан ибрат олиб, ўз Пайғамбарларининг иккинчи насиҳатларига амал қилиб, айтилган сигирни топиб сўйса, масала ҳал эди, аммо Бани Исроил яна яҳудийлигига борди.
«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг рангини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У зот, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигир, деяпти», деди». (Бақара 69)
Шундай қилиб, улар яна ўзларига қийинчиликни кўпайтириб олдилар. Энди қари ҳам эмас, ёш ҳам эмас, ўрта ёш, ранги сап–сариқ, кўрганни хурсанд қиладиган сигирни топиб сўйишлари лозим бўлиб қолди. Хўш, улар шундай сигирни ахтаришга тушишдими? Йўқ, яна савол беришди:
«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга ноаниқ бўлиб қолди, биз, иншааллоҳ, албатта ҳидоят топувчимиз», дедилар». (Бақара 70)
Бани Исроил Аллоҳ таолонинг амрини дарҳол бажаришга одатланмаган, набокор қавмлиги аввалдан маълум эди. Аммо бу сафар ҳаммасидан ўтиб тушди. Улар дастлаб Мусо алайҳиссаломдан сигир сўйиш ҳақидаги Аллоҳнинг амрини эшитишлари билан, инкор тариқасида, бизни масхара қиляпсанми?-дедилар.
Амр иккинчи бор такрорланганда, сўйилиши лозим бўлган сигирнинг умумий сифатини сўрашди. Сигирнинг умумий сифати баён қилиб берилиб, амри илоҳий учинчи марта такрорланганда эса, унинг ранги ҳақида савол беришди. Сўйилиши лозим бўлган сигирнинг ранги ҳам очиқ-ойдин баён этиб берилгандаг сўнг ҳам амрни бажаришга ўтмай яна савол беришди.
Келгуси ояти каримада Бани Исроилнинг охирги саволига жавоб ва қиссанинг хотимаси зикр этилади.
«У: «У зот, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, қила олмасдилар». (Бақара 71)
Қайта-қайта сўрайверганлари эвазига қари ҳам эмас, ёш ҳам эмас, ўрта ёш, ранги холис сап–сариқ, кўрганни хурсанд қиладиган чиройли, ер ҳайдаш ёки суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, ранги бир хил, бошқа ранг ҳеч аралашмаган сигирни топиб сўйишга буюрилдилар ва уни қийналиб–қийналиб топиб сўйдилар.
Хўш, шу билан Аллоҳнинг амрини адо этдиларми? Аллоҳ нима учун уларни сигир сўйишга буюрган эди ўзи? Бу саволларга жавоб кейинги оятларда келади.
Қуръони Каримда бадиий услубнинг турли хиллари ишлатилган бўлиб, ушбу қиссада воқеани бошланиши охирга сурилган ва бу билан ўқувчи ва эшитувчиларнинг эътиборини жалб қилиш, қиссанинг таъсирчанлигини ошириш ва яна оддий инсоннинг ақли етиши қийин бўлган бошқа кўпгина ҳикматлар кўзланган.
Асосий сабабларидан бири эса–бу жойда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг жиноятларини бир–бир эсга солаётибди. Шу руҳ қиссанинг ушбу шаклда келишини тақозо этади. Яъни, бунда уларнинг жиноятлари иккита эканлиги кўринди. Биринчиси, Аллоҳнинг амрини истеҳзо қилиб, уни адо қилишга шошилмаётганлари бўлса, иккинчиси одам ўлдирганликларидир. Аксинча бўлганида, битта жиноят қилганга ўхшаб қолар эдилар.
Аслида, воқеа бундай бўлган эди. Бани Исроил қавмидан кимдир бировни ўлдириб қўяди. Ким ўлдирди, деган савол пайдо бўлади. Шунда биринчи тараф айбни иккинчи тарафга қўяди ва ўзидан жиноятни инкор этади. Иккинчи тараф ҳам ўз навбатида, айбни биринчи тарафга қўяди ва ўзини айбсиз кўрсатади. Аксига олиб, воқеанинг тепасида ҳеч ким бўлмаган, гувоҳ йўқ. Аллоҳ таоло сирни фош қилиш учун ўлдирилган шахсни гапиртирмоқчи бўлди ва Бани Исроилга бир сигир топиб сўйишга ва ўша сўйилган сигирдан бир бўлак олиб, ўликни уришга буюрди. Шунда ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб туриб, қотил ким эканини айтиб бериши лозим эди.
Энди Қуръони Карим қиссанинг аввалини бошлайди:
«Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақида ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқаргувчидир». (Бақара 72)
Ҳа, Бани Исроил ўз ичидан бир одамни ўлдириб, айбни бир-бирига ағдариб, босди-босди қилиб, қотилликни беркитиб юбормоқчи бўлган эди. Жиноятчи қавм ишни ўз қаричи билан ўлчаган эди. Улар устиларида ҳар бир нарсани билувчи, ҳар бир нарсага қодир-Алийму Қадийр сифатига эга зот-Аллоҳ таоло турганидан ғофил эдилар. Мана, энди Ул зот Бани Исроилга айбларини юзларига солиб, бўлиб ўтган ишларни улар инкор қила олмайдиган тарзда айтиб бермоқда. Аллоҳ таоло уларга хитоб қилиб:
«Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақида ихтилофга тушганингизни эсланг», демоқда.
Яъни, сизлар бир одамни ўлдириб қўйдингиз. Сўнгра буни сен ўлдирдинг, мен ўлдирганим йўқ, қабилида иш тутиб, қотилни яширмоқчи, азобдан сақлаб қолмоқчи бўлдингиз. Лекин:
«Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқаргувчидир».
Яъни, Аллоҳ сиз беркитиб, биров билмасин, деб уринган ҳар бир нарсани юзага чиқаручи, ошкор қилувчидир. Жумладан, ушбу қотилликни содир этган шахсни ҳам. Сиз ўзаро ихтилоф қилиб, тан олмай беркитиб юбормоқчи бўлсангизда, Аллоҳ бари бир қотил ким эканини юзага чиқарувчидир. Бу ишни қандоқ бўлганини билмоқчи бўлсангиз, у жуда ҳам осон бўлган:
«Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтирур ва оят-аломатларини сизга кўрсатур. Шоядки ақл ишлатсангиз». (Бақара 73)
Қотилни аниқлаш учун ўлдирилган шахсни тирилтириш керак эди. Бунинг учун эса:
«Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», дедик».
Яъни, ўликни сўйилган сигирнинг баъзи жойи билан уришни талаб этидик.
Шу ўринда: Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот, ўша ўликни шартта тирилтириб қўяверса бўлмасмиди? Сигир сўйдириб, унинг баъзи жойи билан ўликни урдиришнинг нима ҳикмати бор? деган савол пайдо бўлади.
Жавоб шулки: аввало, сигир Бани Исроилнинг одатига кўра, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон эди, шунинг учун бошқа ҳайвон эмас, айнан сигир ихтиёр этилди. Иккинчидан, улар сигирни худо қилиб олиб, унга ибодат ҳам қилишган эди. Ҳолбуки, улар сиғинишаётган нарса оддий бир ҳайвондир. Шуни билдириб қўйиш учун уни сўйишга амр этилди. Қолаверса, сўйилган ҳайвоннинг бир бўлаги ҳам жонсиздир, у билан ўлик урилса, тирилиб кетиши ёлғиз Аллоҳнинг қудратига далолатдир. Бу рамз бир восита холос, аслида, инсон ўликка қандай қилиб жон кирганини билмайди, билолмайди ҳам. Аллоҳ ўликни қандай қилиб тирилтиришини кўрсатиб қўйди, холос. Чунки Бани Исроил ҳам ўлгандан сўнг тирилишни инкор қилар эди. Битта ўликни тирилтириб, уларга кўрсатиб қўйди ва:
«Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтирур», деб танбеҳ беряпти. Ўликни тирилтириш ҳақиқати нимадан иборат эканини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, бу илоҳий мўъжиза. Аллоҳ ушбу мўъжизасини Бани Исроилга кўрсатди. Агар хоҳласа, яна бошқа мўъжизаларни ҳам кўрсатаверади:
«... ва оят-аломатларини сизга кўрсатур».
Эски тафсирларимизнинг баъзиларида ўша сигир парчаси қайси парча эди: думими ёки бошқа жойими, деб узундан-узоқ тортишилган. Аммо айрим уламолар: «Бунинг аҳамияти йўқ, керак бўлса, Аллоҳнинг Ўзи айтар эди. Аллоҳ айтмаган ва баҳс қилишни буюрмаган ишни баҳс қилиб, вақтни, ақлни бекорга сарфлашнинг нима кераги бор», дейишган. Шу гап жуда тўғри гап.
Бўлиб ўтган ҳодисалар Бани Исроилнинг қалбини ларзага солиши, уларни тақвога чорлаши лозим эди. Лекин аксинча бўлди:
«Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ва ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқадир, баъзилари ёрилиб, ундан сув чиқадир ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушадир. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас». (Бақара 74)
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатини васф қилмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам, тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳаим қаттиқ бўлди.
Чунки шунча қаттиқ бўлса ҳам, ҳатто тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади. Мусо алайҳиссалом асолари билан, Аллоҳнинг амрига биноан тошни урганларида, ўн икки булоқ отилиб чиққанини Бани Исроилнинг ўзи кўрди-ку! Ўша булоқларни ҳар бир қабила биттадан бўлиб олиб, сув ичди-ку! Баъзи тошлар ёрилиб, ундан сув чиқишини ҳам Бани Исроил кўрган-ку! Ҳатто тошлардан айримлари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб ҳам тушади. Хусусан, Тур тоғига Аллоҳ таоло тажалли қилганида, у титилиб кетганини Бани Исроил ўз кўзи билан кўрган-ку! Уларнинг қалблари тошдан ҳам қаттиқ бўлганидан, шунчалик мўъжизаларни кўриб туриб ҳам тақво йўлига, иймон йўлига юрмадилар. Бу ҳоллари бадбахтликнинг аломатидир.

БАНИ ИСРОИЛНИНГ МУҚАДДАС ЕРГА КИРИШДАН БОШ ТОРТИШИ

Бани Исроил Фиръавннинг зулм ва истибдоди остида узоқ вақт яшади. Аллоҳ уларни қутқариш учун Мусо алайҳиссаломни юборди. Уларга ўзининг турли неъматларини ато этди. Охири бориб, Муқаддас ерга киришларини ирода қилди. Шунда Мусо алайҳиссалом уларни бу илоҳий амрни амалга оширишга ундаш мақсадида «Моида» сурасидаги ушбу гапни айтдилар:
«Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг, бас, зиён кўргувчига айланасиз». (21)
Оятда зикр қилинаётган «муқаддас ер»дан мурод–Байтул Мақдисдир. Аллоҳнинг бу амрига шавқу завқ билан киришиш лозим эди. Аммо Бани Исроил яна яҳудийлигини қилди:
«Улар: «Эй Мусо, унда зўравон қавм бор. Улар ундан чиқмагунларича биз ҳеч қачон кирмасмиз. Агар улар чиқсалар, биз кирувчидирмиз», дедилар». (22)
Яҳудийларнинг ҳақиқий башаралари яна бир бор фош бўлди. Шу пайт:
«Улардан У зотдан қўрқадиганлардан бўлган ва Аллоҳ уларга неъмат ато этган икки киши: «Уларнинг устига эшикдан кириб боринглар. Агар унга кирсаларинг, албатта, ғолиб бўласизлар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз», дедилар». (23)
Мусо алайҳиссалом муқаддас ердаги аҳволни билиш мақсадида олдин ўн иккита нақиб–вакил юборган эдилар. Ушбу оятда зикри келган, Аллоҳдан қўрқувчи ва Унинг неъматига сазовор бўлган икки киши ўша нақиблардан эди.
Худди шу ўринда Аллоҳдан қўрқиш нимаю бошқадан қўрқиш нималиги равшан бўлмоқда. Аллоҳдан қўрқадиган банда ҳеч қачон бошқадан қўрқмайди. Чунки бир қалб икки хавфни кўтармайди. Аллоҳдан қўрқмаган эса, ҳаммадан қўрқади. Ушбу икки солиҳ банда ҳам Аллоҳдан қўрқадиганлардан бўлганлари учун, қўрқмасдан муқаддас ерга бориб, у ерда юрган катта жуссали, бақувват ва зўравон қавмни ўз кўзлари билан кўриб келдилар. Қавмларини Аллоҳнинг амрига итоат этиб ўша зўравон қавм устига дадил бостириб бораверишга ундадилар.
Аммо Худодан қўрқмаганлар Аллоҳнинг амрига итоат этмасликларига зўравон қавмдан қўрқишларини баҳона қилдилар. Бундайларни мўмин деб бўладими? Улар мўмин бўлганларида:
«Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз», деган чақириқ уларга таъсир қилар эди. Аммо Бани Исроилга бу чақириқ ҳам таъсир этмади.
«Улар: «Эй Мусо, модомики улар бор экан, биз зинҳор ва зинҳор у ерга кирмасмиз. Сен ўзинг Роббинг ила бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар. Биз бу ерда ўтириб турувчимиз», дедилар». (24)
Ана холос. Қўрқоқликнинг оқибати шу-да. Аввал узр-баҳона қидиришган бўлса, энди очиқдан-очиқ илоҳий амрдан бош тортмоқдалар. Шу билан бирга, уят-андишани йиғиштириб қўйиб, ўз ҳақиқатларини очдилар.
«Сен ўзинг Роббинг ила...» дедилар.
Демак, Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг Робби, Бани Исроилнинг Робби эмас экан-да. Қўрқоқ бўлгандан кейин ҳол шу. Ҳамма нарсадан, ҳатто ақидадан ҳам воз кечиб юбораверилади.
«Биз бу ерда ўтириб турувчимиз».
Демак, уларга ҳеч нарсанинг кераги йўқ.
Шундан кейин Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳга илтижо этиб, дуо қилишдан бошқа иложлари қолмади.
«У: «Эй Роббим, албатта, мен ўзим ва биродаримдан бошқага эга эмасман. Ўзинг биз билан фосиқ қавмнинг орасини ажратгин», деди». (25)
Ҳақиқий мўминнинг иши шундай бўлади. Қўлидан келганича ҳаракат қилиб, Аллоҳнинг амрини етказади. Бўлса, бўлди. Бўлмаса, ўзи ёлғиз қолса ҳам, иймон йўлидан собит қадамлар билан кетаверади.
Мусо алайҳиссалом ҳам Муқаддас ерга кириш ҳақидаги илоҳий фармонни қавмларига етказдилар. Уларни турли услублар билан бу фармони олийни бажо келтиришга ундадилар. Аммо Бани Исроил бани исроиллигига бориб, ҳеч йўлга юрмади. Шундагина Мусо алайҳиссалом Пайғамбарлик одоби ила, дарду аламга, ҳасратга тўла ушбу дуони қилдилар. Фақат ўзларию биродарлари Ҳорунга эга эканликларини, икковлари фармонни бажаришга тайёрликларини баён қилдилар. Ҳамда ўзлари билан фосиқ–диндан чиққан Бани Исроил қавми орасида ажрим чиқаришини Аллоҳдан сўрадилар.
Аллоҳ таоло Пайғамбари Мусо алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди ва қуйидаги ҳукмни чиқарди:
«У: «Албатта, бу ер уларга қирқ йилгача ҳаромдир. Улар ер юзида ҳайрон бўлиб юрарлар. Фосиқ қавмлар учун хафа бўлма», деди». (26)
Бани Исроилнинг бу қилмиши учун, яъни, Аллоҳнинг амрига итоат этмагани–Муқаддас ерга кирмагани учун, Аллоҳ уларга бу муқаддас ерга киришни қирқ йилгача ҳаром қилиб қўйди. Тафсирчиларимизнинг айтишларича, яҳудийлар бу муддатда Сино ярим оролидаги саҳрода 270 фарсахлик жойдан ташқарига чиқа олмай, адашиб, ҳайрон бўлиб, бир борган жойга қайта-қайта бориб юравердилар. Ана шундай ҳайронлик ва сарсон-саргардонликда қирқ йил юрдилар. Бу даврда мазкур гуноҳни содир этган, нобакор авлод ўлиб битди. Саҳрода ўсган янги авлод пайдо бўлди. Яъни, Аллоҳ тайин қилган муддат тугагунча аввалгилар муқаддас ерга кира олмай ўлиб кетдилар.

БОШҚА АЗОБЛАР

Юқорида зикр қилинган тийҳ-бир ердан чиқа олмай айланиб юриб ҳалокатга учраш. Бани Исроилнинг тузалмаслик дардига учраган бетавфиқ, нобакорлари учун эди. Улар ана ўша илоҳий жазога ўз қилмишлари туфайли йўлиқдилар.
Аммо унгача бўлган муддатда ҳам Аллоҳ таоло Бани Исроилни турли исёнлари учун турли жазоларга мубтало қилиб турган. Ана ўша жазоларнинг баъзилари ҳақида Бақара сурасида баёнотлар келган. Намуна тариқасида Бани Исроил гирифтор бўлган мазкур иқоби илоҳийлардан баъзиларини ўрганамиз:
«Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч чидай олмаймиз, Роббингга дуо қил, бизга ерда ўсадиган нарсалардан–сабзавот, тарра, саримсоқ, мош, пиёз чиқариб берсин», деганингизни эсланг. У: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми? Бирорта шаҳарга тушинг, сўраганингизни албатта, топасиз», деди. Уларга хорлик ва мискинлик ёзилди ва Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлдилар. Бу Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари, Набийларни ноҳақ қатл этганлари учундир. Бу исёнга кетганлари ва ҳаддан ошганлари учундир». (Бақара 61)
Маълумки, Аллоҳ таоло Бани Исроилга осмондан манн ва бедана гўштини таом қилиб тушириб берган эди. Улар ҳеч қандай машаққатсиз дунёдаги энг олиймақом таомларни хоҳлаганларича ер эдилар.
Лекин пасткаш табиат шу ерда ҳам пасткашлик қилди. Бани Исроилликлар Мисрда Фиръавн азоби остида хор-зор бўлиб юрган пайтдаги мош, саримсоқ каби таомларни қўмсаб қолдилар.
Пайғамбарлари Мусо алайҳиссаломдан Аллоҳга дуо қилиб, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз каби сабзавотлар сўраб беришини талаб қилдилар. Улар:
«Эй Мусо, бир хил таомга ҳеч чидай олмаймиз, Роббингга дуо қил, бизга ерда ўсадиган нарсалардан–сабзавот, тарра, саримсоқ, мош, пиёз чиқариб берсин», дедилар.
Мусо алайҳиссалом:
«Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни сўрайсизларми? Бирорта шаҳарга тушинг, сўраганингизни албатта, топасиз», деди».
Яъни, манн ва бедана каби олиймақом, яхши таомларни, мош, бодиринг, пиёз каби паст нарсаларга алмаштиришни сўрайсизларми? Сиз сўраётган нарсаларни хоҳлаган шаҳарга бориб топсаларингиз бўлади-ку? дедилар. Шундан сўнг:
«Уларга хорлик ва мискинлик ёзилди ва Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлдилар».
Яъни, Бани Исроилга хорлик ва мискинлик ёзилди ва улар Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлдилар. Уламоларимизнинг айтишларича, бу иш Мусо алаҳиссаломдан кейинги тарихларида рўй берган. Нима учун уларга бундай хорлик раво кўрилди, деган саволга ояти карима:
«Бу Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари, Пайғамбарларни ноҳақ қатл этганлари учундир. Бу исёнга кетганлари ва ҳаддан ошганлари учундир», деб жавоб қилмоқда.
Ояти кариманинг ушбу парчасида Бани Исроилнинг жиноятларидан тўрт хили зикр қилинмоқда:
1-Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлари.
2-Пайғамбарларни ноҳақ қатл этганлари.
3-Исёнга кетганлари.
4-Ҳаддан ошганлари.
Ушбу хилдаги жиноятларни содир этганлари учун Бани Исроилга хорлик ва мискинлик ёзилди ва улар Аллоҳнинг ғазабига лойиқ бўлдилар.
Ҳеч бир уммат ўз тарихида Бани Исроилчалик каттиқ куфрга кетмаган, тажовузкорлик қилмаган ва ҳидоятни инкор этмаган. Улар ўзларининг бир қанча Пайғамбарларини ўлдирдилар, сўйдилар ва арра билан арралаб ташладилар.
Бу эса, ҳақ йўлга чақириб келган зотларга нисбатан қилинган энг ашаддий тажовузкорлик ҳисобланади. Уларнинг кофирлиги энг ёмон кофирлик, уларнинг тажовузкорлиги энг ёмон тажовузкорлик ҳисобланади.
Аллоҳ таоло шунингдек, Бани Исроилни қилган гуноҳлари жазоси сифаитда хор-зор маймунга айлантиргани ҳақида ҳам хабар беради:
«Батаҳқиқ, сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қувилган, хор-зор маймунга айланинг», дедик». (Бақара 65)
Шанба куни ҳаддан ошганларнинг қиссаси бошқа оятларда келади. Шанба куни ҳаддан ошган яҳудийлар Ийла номли жойнинг яҳудийлари эдилар.
Шанба куни-Бани Исроилнинг муқаддас кунидир. Улар ўша куни дам олиб, фақат ибодат билан машғул бўлиб, дунёни ёдга олмасликка аҳду паймон беришган. Аллоҳ таоло уларни синаш учун худди ўша куни, яқинларидаги сув ҳавзасида балиқни кўпайтириб қўйди. Бошқа кунлари балиқ унча кўп кўринмас эди. Яҳудийлар қаерда бўлсалар ҳам, қачон бўлса ҳам яҳудийликларини қиладилар. Ушбу масалада ҳам улар хиёнат қилдилар, ҳийла ўйлаб топдилар. Шанба куни балиқ кўпайганда, уларни денгиздан ажратиб олиш учун ҳовузлар қилиб, ўшаларга кирган балиқларни қамаб олиб, бошқа куни овлайдиган бўлдилар.
Ўшандан кейин Аллоҳ таоло уларни ҳайвонларнинг ичида энг пасткаши, тутруғи йўғи, орсизи бўлмиш маймунга айланишга ва хор-зорликда, қувилган ҳолда яшашга амр берди.
Баъзи уламоларимиз таъкидлашларича, албатта, бу маъно шаклан маймун бўлишни тақозо қилмайди, балки маймунсифат хулқ-атвор ва табиатга эга бўлишни ҳам билдиради. Бу ҳодиса ажойиб бир ҳодисадирки, қанча ибрат олинса, шунча оз.
«Биз бу(ҳодиса)ни унинг олдидагиларга ва кейинидагиларга ва тақводорларга мавъиза қилдик». (66)
Ушбу хабарлардан Бани Исроилнинг яна икки ахлоқини билиб олса бўлади.
1.Кўп таъкидлашга қарамай, ўзларига тушган ваҳийдан, илоҳий кўрсатмалардан юз ўгириш.
2.Буйруқ ва қайтариқларга юзаки амал қилган бўлиб, аслида, хилоф иш тутиш.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Яҳудийлар қилган ишни сизлар қилманглар, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳар хил ҳийлалар билан ҳалол ҳисобламанглар», дейдилар.

МУСО ВА СОЛИҲ БАНДА ҚИССАСИ

Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳақидаги қисса Қуръони Каримнинг энг машҳур қассаларидан биридир. Бу қиссанинг бош қаҳрамонлари ҳам Мусо алайҳиссаломдирлар. Пайғамбарлар қиссаларига бағишланган китобни бу қиссасиз тасаввур қилиш ҳам қийин.
Турли ибратларга бой бу қисса қаҳрамонлари ҳақида тафсирчи уламоларимиз турли фикрларни айтганлар. Турли тортишувлар бўлган. Ҳаттоки қиссадаги Мусо, машҳур Пайғамбар Мусо алайҳиссаломми ёки бошқа Мусоми деганлар ҳам бўлган. Шунингдек, икки денгизнинг жам бўлган жойи қаерда, солиҳ банда ким, каби саволларга ҳам, жавоблардан келиб чиққан мулоҳазаларга ҳам шарҳ ва таълиқлар кўпайган. Оқибатда баъзи тафсирларда қисса ва ундан чиқадиган ибратлар бир ёқда қолиб, тортишувларга кўп ўринлар ажратилган. Бизнинг мақсадимиз Қуръони Каримни осон йўл билан тушуниш бўлгани учун шунга мос тафсирларга эргашиб, бошқа оятлардаги каби, бу қиссада ҳам қуръоний истилоҳларга асосланиб асл маънони тушунишга ҳаракат қиламиз.
Бу қисса «Каҳф» сурсининг олтмишинчи оятидан бошланади ва саксон иккинчи оят ила тамом бўлади.
Келинг қиссани ўрганиб чиқайлик: «Мусо ўз йигитига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, йилларни ўтказсам ҳам, юравераман», деганини эсла».
Мусо алайҳиссаломнинг бундай қарорга келишларининг сабаби Имом Бухорийнинг Саид ибн Жубайрдан қилган ривоятларида баён этилган. Унда Саид ибн Жубайр қуйидагиларни айтадилар: «Мен Ибн Аббосга:
«Навф ал-Қуноший Хизр алайҳиссаломнинг соҳиби бўлган Мусо Бани Исроилнинг соҳиби бўлган Мусо эмас, деб даъво қиляпти», дедим. Ибн Аббос:
«Аллоҳнинг душмани ёлғон айтибди. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу бизга айтишларича, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳикояларини эшитган экан:
«Мусо Бани Исроил орасида бир куни хутба қилиб турганида, одамларнинг қайсиниси энг илмли, деб сўралди. У:
«Мен», деди.
Аллоҳ уни илмни ўзига нисбат бергани учун итоб қилди. У Мусога: «Икки денгиз қўшилган жойда Менинг бир бандам бор. У сендан илмлироқ», деди. Мусо:
«Эй Роббим, мен уни қандай топаман?» деди. Аллоҳ:
«Ўзинг билан бир балиқни саватга солиб ол. Балиқни қаерда йўқотсанг, уни ўша ерда топасан», деди».
Шундан кейин Мусо алайҳиссалом йўлга тайёргарлик кўрдилар ва хизматкор йигитларига юқоридаги оятда келган азму қарорни айтдилар. У киши ўзларидан илмлироқ бандани топиш учун икки денгиз жамланган жойга боришга қарор қилган эдилар.
Икковлон икки (денгиз) жамланган жойга етганларида, балиқларни унутдилар. Бас, у денгизни тешиб йўл олди».
Мусо алайҳиссалом хизматкор йигит билан юриб-юриб, икки денгиз қўшиладиган жойга етиб келдилар. Ўша жойда саватда олиб келган балиқларини унутиб қўйдилар. Балиқ эсларига келмади. Яна юриб кетавердилар. Аммо ўша жойда:
«Бас, у денгизни тешиб йўл олди».
Яъни, балиқ денгизни тешиб сузиб кетди. Балиқ сузиб кетган жой тешик бўлиб сувсиз ҳолга келиб қолди. Уни кўрган одам, бу ердан бир балиқ сузиб ўтибди, деган хулосага келадиган бўлди.
«У(ер)дан ўтганлари замон у йигитига: «Тушлигимизни келтир. Бу сафаримизда чарчоққа учрадик», деди».
Яъни, икковлари ваъда қилинган, икки денгиз жамланадиган макондан ўтгандан сўнг Мусо алайҳиссалом хизматкор йигитга тушлик овқатни келтиришни буюрдилар, сафарда чарчаб, оч қолдик, дедилар.
«У: «Буни қара, харсангга (суяниб) жойлашганимизда, мен балиқни унутибман. Фақат шайтонгина уни эслашимни унутдирибди. Ажабо, у денгизга йўл олибди», деди».
Тушлик пайти балиқ ёдларига келса, уни тушириб қўйишгани маълум бўлади. Билъакс, унинг денгизга йўл олишидан йигит ажабланмас ҳам эди. У фақатгина Мусо алайҳиссалом тушлик сўраганларидан сўнг балиқнинг йўқлигини билди. Аввалги харсанг тошга суяниб дам олган жойларида балиқ сувга тушиб, сузиб кетганини пайқаб қолди. Ҳамда бу ишдан ғоятда ажабланганини баён қилди. Мусо алайҳиссалом эса, йигитнинг ажаблаганини кўриб:
«Ана шу биз истаган нарса», деди. Бас, келган йўлларидан изларига қайтдилар».
Мусо алайҳиссалом йигитнинг балиқни унутиб қўйгани, у эса, денгизга йўл олиб кетганини айтиши билан:
«Ана шу биз истаган нарса», дейишлари, шуни кутиб юрган эдик-ку, деган маънони билдиради. Чунки Мусо алайҳиссалом балиқ жонланиб, сувга тушиб сузиб кетган жойда излаб юрган нарсаларини топар эдилар. Шунинг учун балиқнинг йўқолиб қолганини эшитганларида хафа бўлмадилар, севиндилар. Ҳамда ўша балиқ сувга тушиб, сузиб кетган жойни топиш учун йигит билан биргаликда изларига қайтдилар. Қайтиб бориб, ўша белгили жойда:
«Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик».
У ерда Мусо алайҳиссаломдан илмлироқ, у киши илм ўрганиш учун излаб юрган солиҳ бандани кўрдилар. Бу бандага Аллоҳ таоло Ўз даргоҳидан раҳмат ато этган ҳамда унга Ўз тарафидан илм ўргатган эди. Бу илм Мусо алайҳиссалом биладиган илмдан бошқа илм эди. Шу боис Мусо алайҳиссалом ўша солиҳ бандадан илм ўрганиш учун уни излаб йўлга чиққан эдилар. Уни кўришлари билан:
«Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» деди».
Мусо алайҳиссалом улкан Пайғамбар бўлишларига қарамай, ўзларидан кўра илмлироқ, ўзларига устоз бўлиши мумкин бўлган кишига ўта одоб билан мурожаат қилиб, унга шогирд тушишни сўрадилар.
«У: «Сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан.
Ўзинг хабарини иҳота қилмаган нарсага қандай сабр қиласан», деди».
Солиҳ банда бу гапи билан Мусо алайҳиссаломга ўзидаги илм оддий илм эмас, ладуний (яъни, сиртдан бошқа кўринган нарсаларнинг ичидаги, ортидаги сирларини билиш илми) эканини, бундай сирли илмларга Пайғамбар бўлса ҳам, сабр қилиши қийинлигини айтди. Бўлаётган ҳодисани иҳота эта олмаган одам унга сабр қилиб, индамай қараб тура олиши қийин эканини эслатди.
Мусо алайҳиссалом унинг бу гапига жавобан:
«У: «Инша Аллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрурсан ва сенга ҳеч бир ишда осий бўлмасман», деди».
Яъни, Мусо алайҳиссалом шогирд сифатида устознинг оғир шартларини ҳам қабул қилдилар ва унга зинҳор осий бўлмасликка ваъда бердилар. Шунда:
«У: «Агар менга эргашадиган бўлсанг, то ўзим зикр қилиб айтмагунимча бир нарса ҳақида сўрамагин», деди».
Яъни, солиҳ банда Мусо алайҳиссаломни шогирдликка қабул қилди. Аммо шарт қўйди. Шарти ўзи баён қилиб бермагунча, Мусо алайҳиссалом ундан бирон нарса сўрамасликлари эди. У киши ундан ҳеч нарсани сўрамай эргашиб юраверса, шартни бажарган бўлади. Агар сўраса, шарт бузилади. Шунга келишганларидан кейин:
«Бас, юриб кетдилар. Кемага минганларида, уни тешиб қўйди. У (Мусо): «Буни унинг аҳлини ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда ғалати нарса қилдинг-ку?!» деди».
Солиҳ банда билан Мусо алайҳиссалом бориб кемага миндилар. Сузиб кетаётиб, солиҳ банда кемани тешиб қўйди.
«Бас, юриб кетдилар. Кемага минганларида, уни тешиб қўйди».
Сиртдан қараганда, унинг иши ажабланарли эди. Кема уларнинг ҳожатини чиқараётибди, кемада бошқа одамлар ҳам бор, аммо солиҳ банда кемани тешиб қўйди. Мусо алайҳиссалом бу ғалати ишга ҳайратланиб, унга: «Буни унинг аҳлини ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда ғалати нарса қилдинг-ку?!» деди».
Албатта, одамларни ортиб бораётган кемани биров тешса, дастлаб, демак унинг мақсади одамларни ғарқ қилиш экан-да, деган ўй келади. Мусо алайҳиссаломнинг хаёлларига ҳам дарҳол шу фикр келди. Уни дарҳол солиҳ бандага айтдилар.
Мусо алайҳиссаломнинг мазкур саволларига жавобан: «У: «Сенга, албатта, мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан демабмидим?!» деди».
Солиҳ банда дарҳол Мусо алайҳиссаломга орадаги шартни бузганларини эслатди. Ўзи хабар бермагунча савол сўраганларини юзларига солди.
«У: «Эсимдан чиққан нарса учун мени жазолама, бу ишим учун мени қийнама», деди».
Мусо алайҳиссалом узрларини айтдилар. Эсларидан чиқиб шартни бузганликлари учун жазолаб, шогирдликдан қувмаслигини сўрадилар. Бу ишлари учун оғирликка дучор қилмаслигини тиладилар. Солиҳ банда биринчи бор у кишининг узрларини қабул қилди.
«Бас, улар юриб кетдилар. То бир болани учратганида, уни ўлдирди. У (Мусо): «Бировни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирасанми?! Жуда мункар нарса қилдинг-ку?!» деди».
Икковлари яна биргаликда кетаётган эдилар, бир бола чиқиб қолди. Солиҳ банда болани ўлдирди. Бегуноҳ ёш болани ўлдириш ғалати иш эди. Шунинг учун Мусо алайҳиссалом бу ишга чидай олмай, солиҳ бандага эътироз билдирдилар. Унга:
«Бировни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирасанми?! Жуда мункар нарса қилдинг-ку?!» деди».
Бу иши кемани тешгандан ҳам баттар туюлди. Чунки кўриб, билиб туриб бир маъсум гўдакни қасддан ўлдириш ҳазилакам иш эмас эди.
«У: «Сенга, албатта, сен мен билан бирга сабр қила олмайсан демабмидим?!» деди».
Мусо алайҳиссалом иккинчи марта шартни буздилар. Солиҳ бандага яна бир бор узр айтдилар.
«У: «Агар бундан кейин сендан яна бир нарсани сўрасам, мен билан биродарлик қилмай қўявер. Батаҳқиқ, мен тарафимдан узр(қабули)ни охирига етказдинг», деди».
Мусо алайҳиссалом камчиликларини тан олиб, ўзларига ўзлари ниҳоий ҳукмни чиқардилар. Аввал бир марта кечирдинг, яна бир кечир, бундан кейин яна шартни бузсам, айб ўзимда бўлади, сендан ҳеч гина қиладиган жойим қолмайди, дедилар. Солиҳ банда бу сафар ҳам узрни қабул қилди.
«Бас, юриб кетдилар. То бир шаҳар аҳолисига келганларида, унинг аҳлидан таом сўрадилар. Улар икковларини зиёфат қилишдан бош тортдилар. Икковлари у ерда йиқилиб кетай деб турган бир деворни кўришди. Бас, уни турғизиб қўйди. У (Мусо): «Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг», деди».
Яна тушуниб бўлмас ғаройиб иш содир бўлди. Икковлари юриб бориб бир шаҳарга кирдилар. Қоринлари очиқиб, ўша шаҳар аҳолисидан таом сўрадилар. Шаҳар аҳолиси уларга таом беришдан бош тортди. Бундай бахил аҳолидан ҳар қанча хафа бўлса арзирди. Аммо солиҳ банда ранжимади. Ўша ерда йиқилиб кетай деб турган девор бор экан, уни қайта тиклаб қўйди.
Бу иши Мусо алайҳиссаломга қизиқ туюлди. Девор эгалари қизғанчилик қилиб уларни меҳмон қилишдан бош тортсалар-у, уларнинг йиқилиб кетай деб турган деворини ҳақ олмасдан тиклаб қўйса. Ҳеч бўлмаса, ушбу деворларингизни тиклаганим учун ҳақ берасизлар, деса, бўлмасмиди? Пул берса, таом олиб ейишармиди?
Шу хаёлларга бориб, Мусо алайҳиссалом ишнинг зоҳиридан ҳукм чиқардилар ва солиҳ бандага:
«Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг», деди.
Бу эса, у кишининг учинчи марта шартни бузишлари эди.
Солиҳ банда энди Мусо алайҳиссаломга шартни бузганликларини эслатиб ўтирмай, бир йўла ниҳоий ҳукмни айтди:
«У: «Бу мен билан сенинг орамиздаги ажрашишдир. Энди сенга сабр қила олмаган нарсанинг таъвилини айтиб бераман», деди».
Сен учинчи марта шартни буздинг. Энди узрга жой қолмади. Бу қилиғинг икковимизнинг ажрашишимиз белгисидир. Энди сен тушуна олмай, сабр қила билмай, шартни бузиб сўраган нарсаларингнинг, ғаройиб тасарруфотларнинг сирини айтиб бераман.
«Кемага келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Бас, мен уни айбли қилишни ирода қилдим. Чунки ортларида бир подшоҳ бўлиб, барча кемани тортиб олаётган эди».
Сен бизни ва бошқаларни олиб кетаётган кемани тешиб қўйганимдан ажабланиб, менга эътироз билдирган эдинг. Сиртдан қараганда, ўша ишим ноҳақ эди. Аммо ишнинг моҳиятида бошқа гап бор эди. Ўша кема камбағал одамларники эди. Улар шу кеманинг орқасидан кун кўрардилар. Аммо уларнинг подшоҳлари барча бутун кемаларни тортиб олишга ҳукм чиқарган бўлиб, подшоҳлик ихтиёрига ўтказаётган эди. Мен кемани айбли қилиб қўйдим. Юзаки қараганда, кема эгалари учун зарар етказдим. Кемаларини тешдим. Аммо аслини олганда, уларга фойда қилдим. Подшоҳ одамлари айбли кемани ташлаб кетадилар. Камбағаллар бутунлай кемасиз қолгандан кўра, айбли бўлса ҳам, уни ишлатиб кун ўтказа берадилар. Сен бундан бехабар мендан норози бўлдинг.
«Энди болага келсак, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз унинг икковларини туғён ва куфр ила эзишидан қўрқдик».
Йўлда учраган ёш болани ўлдириб қўйганимга ҳам чидай олмадинг. Эътироз билдирдинг. Дарҳақиқат, бировга ёмонлик қилмаган, бегуноҳ бир болани бекордан-бекорга ўлдириш ҳар кимга ғаройиб иш бўлиб кўринади. Аммо бунинг ортида ҳеч ким билмайдиган ҳикмат бор. Боланинг ота-онаси мўмин кишилар эдилар. Аммо бола улғайса, кофир бўлиб, туғёнга кетиб, ота-онасини эзар эди. Ҳолбуки, ота-онаси унинг зулмига лойиқ кишилар эмасдилар. Ўша ота-онани келажакдаги ёмонликдан асраш учун болалари вояга етмасдан, куфр ва туғён содир этмасдан, ёшлигидаёқ ўлдириб қўйишни лозим топдик. Сиртдан қараганда, ёш боланинг қатл этилиши ила ота-онага катта мусибат етди. Аммо, аслини олганда, улар жуда катта мусибатдан қутулдилар. Чунки биз келажакда уларнинг куфр ва туғён ила эзадиган болаларини ўлдирдик. Ва:
«Бас, Роббилари уларга унинг бадалига ундан кўра яхшироғини, аҳли солиҳроқ ва меҳрибонроғини беришни ирода қилди».
Келажакда кофир бўлиб, туғёнга кетиб, ота-онасига улкан мусибат етказадиган болани олиб, унинг ўрнига аҳли солиҳ ва меҳрибон фарзанд бериш, албатта, яхшиликдир.
«Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қила олмаган нарсанинг таъвилидир».
Таом сўрасак, қизғанчилик қилиб бермаган шаҳарликларнинг базўр турган икки деворини тиклаб қўйганим ҳам сенга мантиқсизлик бўлиб кўринди. Ҳеч бўлмаса, ҳақ олсанг бўлар эди, деб маломат қилдинг. Сен сирни тушунмай, сиртдан ҳукм чиқариб шундай дединг. Аслида, бу ишда мантиқ ва ҳикмат бор эди. Нураган ўша эски девор шаҳардаги икки етим болага тегишли эди. Деворнинг остига эса, икковларига мерос хазина кўмилган эди. Девор йиқилса, хазина очилиб, гўдак болалар ундан маҳрум бўлишлари мумкин эди. Уларнинг оталари аҳли солиҳ бўлиб ўтган эди. Шунинг учун Аллоҳ унинг етим фарзандларига ҳам яхшиликни раво кўрди. Икковлари вояга етиб, хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Менга деворни тиклаб қўйишни билдирди. Мен шундай қилдим. Энди икки етим боланинг хазиналари улар вояга етгунларича очилмай туради. Бу ишлар ҳаммаси Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Сен бўлса, ортида ҳикмати бор шу ишларни кўриб, чидаб тура олмай, шартни буздинг, турли гаплар айтдинг.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Биродарим Мусога Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, сабр қилганида, Аллоҳ бизга уларнинг қиссаларини айтиб берар эди. У (Мусо) ўз шериги билан турганида, ажойиботларни кўрар эди», деганлар.
Шу жойда Мусо алайҳиссалом билан солиҳ банда қиссаси тамом бўлади.
Ушбу қисса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўзига хос услубда келган. Айнан ҳадиси шарифдан Мусо алайҳиссалога устозлик қилган зот Хизр алайҳиссалом эканликларини билиб оламиз. Биз аввал Қуръони Каримдаги қиссани ўрганиб олиш мақсадида ҳадиси шарифдаги маълумотларни аралаштирмай турган эдик. Фақат ўрни келганда иккита иқтибос келтирдик, холос. Мазкур қисса энг мўътабар ҳадис китобларимизда турли ривоятларла келган.
Биз муҳаддисларнинг имоми, мўминларнинг ҳадис илмидаги амири, Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг Саҳиҳ китоларида келтирган ривоятлардан бирини келтирамиз. У киши «Китобут Тафсир»да,
Аллоҳ таолонинг: «Бир куни Мусо ўз йигитига: «То икки денгиз қўшиладиган ерга етмагунимча ёки узоқ муддат кезмагинимча юришдан тўхтамайман», деганини эсла»–деган қовли ҳақидаги Боб, сарлавҳали бобда қуйидагиларни ривоят қиладилар: Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади: «Мен ибн Аббосдан: «Навфал ал-Баколий: «Ҳизр алайҳиссаломга ҳамсуҳбат бўлган Мусо Баний Исроилга Пайғамбар бўлган Мусо эмас»–демоқда, шу тўғрими?»–деб сўрадим. Ибн Аббос (ғазабланиб): «Аллоҳнинг душмани ёлғон гапирибди, менга Убай ибн Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ривоятларини айтиб берган эди»,–деди.
«Мусо алайҳиссалом Баний Исроилга хутба қилиб турган эканлар, шунда у кишидан: «Одамларнинг орасида энг билимдони ким?»– деб сўрашди. Мусо алайҳиссалом: «Мен»–деб жавоб бердилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга танбеҳ берди, чунки у киши «Оллоҳ билимдонроқ», демадилар. Кейин, Аллоҳ таоло:
«Икки денгиз қўшилган жойда Менинг бир бандам яшайди, у сендан билимдонроқ», деб ваҳий қилди.
Мусо алайҳиссалом: «Эй Роббим, мен ул зотни қандай топарман?»–дедилар. Оллоҳ таоло: «Бир балиқни саватга солиб, кўтариб оласан, қаерда ўша балиқни йўқотсанг, шу жойда Хизрни кўрасан», деди.
Мусо алайҳиссалом бир балиқни саватга солиб, йулга тушдилар, хизматкорлари Йушаъ ҳам бирга эрди. Юра-юра бир тепалик ёнига келиб, бошларини ерга қўйдилар-да, уйқуга кетдилар. Саватдаги балиқ эса тирилиб, ҳаракатга келди-да, денгизга тушиб, сузиб кетди. Аллоҳ таоло балиқ сузиб ўтган йўналишдаги сувни оқишдан тўхтатиб, бинонинг йўлагига ўхшатиб қотириб куйди. Хизматкор йигит Мусо алайҳиссалом уйғонганларида балиқнинг йўқолганини айтишни унутди. Улар яна бир кеча-кундуз йўл юришди. Эртаси куни Мусо алайҳиссалом ҳамроҳларига: «Егулигимизни келтир, сафаримизда бироз машаққат тортдик»,–дедилар.
Дарҳақиқат, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таоло бормоқни буюрган ўша балиқ йўқолган жойгача ҳеч машаққат чекмаган эрдилар, аммо кейинги бир кечаю-кундузда қаттиқ қийналдилар. Мусо алайҳиссаломнинг ҳамроҳлари:
«Эсингиздами, бир тепалик олдида ухлаган эрдик. Ўша ерда мен балиқни йўқотган эрдим, лекин сизга айтишни унутибман. Албатта, буни менга шайтон унутдирган», деди.
Балиқ эса сирли сувратда денгизга тушиб ғойиб бўлган эди. Мусо алайҳиссалом ва ул кишининг хизматкорлари унинг қандай қилиб ғоиб бўлганини билолмай таажжубда қолишди. Кейин, Мусо алайҳиссалом: «Мана шу биз истаган нарсадур»,– дедилар-да, Хизр алайҳиссаломни излаб хизматкорлари билан орқаларига қайтдилар. Улар юра-юра ниҳоят икки денгиз бирлашган жойдаги тепалик ёнига келишди. Шу ерда кийимига уралиб олган бир кишини учратишди. Мусо алайҳиссалом салом бердилар. Хизр алайҳиссалом ул кишига жавобан: «Сизнинг ерингизда қаердан ҳам тинчлик (салом) булсин?!»–дедилар.
«Meн Мусоман», дедилар, Мусо алайҳиссалом.
«Баний Исроилнинг Мусосимисан?» дедилар Хизр алайҳиссалом.
«Ҳа, ўзингиз билган илмдан менга ҳам ўргатсангиз, деб келдим», дедилар Мусо алайҳиссалом. Хизр алайҳиссалом:
«Сен мен билан сабр қилиб юра олмайсан. Эй Мусо, менда Аллоҳ таоло билдирган шундай илм борки, уни сен билолмасан ва сенда Аллоҳ таоло билдирган шундай илм борки, уни мен билолмайман», дедилар. Мусо алайҳиссалом: «Худо хоҳласа, менинг сабрли эрканлигимни кўрасиз, сизга осийлик қилмайман», дедилар. Хизр алайҳиссалом: «Ундоқ бўлса, мен билан юргин-да, то ўзим айтмагунимча бирор нарсанинг сабабини сўрама», дедилар.
Сўнг, икковлари денгиз соҳили бўйлаб юриб кетишди. Иттифоқо бир кема соҳилга келиб тўхтади. Улар кемачи билан гаплашиб, ўзларини бирга олиб кетишга уни кўндиришди. Аммо, кемадагилар Хизр алайҳиссаломни таниб қолиб, бепул олиб кетишга рози бўлишди. Кема йўлга чиққач, кўп ўтмай Хизр алайҳиссалом болта билан кеманинг бир ёғочини кўчириб олдилар. Мусо алайҳиссалом ул кишига: «Бу қавм-ку, бизни бепул кемаларига чиқариб олдилар, сиз бўлсангиз кемаларини чўктириш учун уни тешиб қўйдингиз, таажжуб иш қилдингиз», дедилар. Шунда Хизр алайҳиссалом: «Мен сенга мен билан бирга сабр қилиб юра олмайсан, деб айтувдим-ку!» дедилар. Мусо алайҳиссалом дарҳол узр айтиб: «Унутган нарсам учун менга танбеҳ, бериб, кўзлаган ишимни қийинлаштирманг», дедилар. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусо алайҳиссаломдан содир бўлган дастлабки хато эсдан чиқариш сабабли эди», дедилар). Кейин, бир чумчуқ келиб кема четига қўнди-да, тумшуғи билан денгиздан бир томчи сув олди. Шунда Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга: «Аллоҳнинг илми олдида мен билан сеннинг илминг мана шу чумчуқ денгиздан олган бир қатрачаликдур, холос!» дедилар. Кейин, икковлари кемадан тушиб соҳил бўйлаб кетаётган эдилар, ногаҳон Хизр алайҳиссаломнинг кўзлари ўртоқлари билан ўйнаб юрган бир болага тушиб, бориб уни ўлдирдилар. Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломга: «Бегуноҳ бир покиза болани ўлдирдингиз, қандай ёмон иш қилдингиз!» дедилар. Хизр алайҳиссалом: «Мен сенга мен билан юришга ҳеч тоқат қилолмайсан, деб айтмаганмидим!» дедилар.
Бу танбеҳ аввалгисидан қаттиқроқ ва таҳдидлироқ эрди. Мусо алайҳиссалом: «Агар яна бирор нарса ҳақида сиздан сўрасам, майли мени ўзингиз билан олиб юрманг, унда айб ўзимда бўлади» деб илтимос қилдилар.
Икковлари йўлда давом этиб бир қишлоққа киришди, қишлоқ аҳлидан таом сўрашган эди, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Хизр алайҳиссалом ўша ерда йиқилай деб турган бир деворни кўриб, қайта тиклаб қўйдилар. Буни кўриб Мусо алайҳиссалом: «Бу қавмнинг ҳузурига келиб таом сўрадик, беришмади, меҳмон ҳам қилишмади, агар хоҳласангиз, мана шу ишингизга ҳақ олишингиз мумкин эди», деб куюндилар. Хизр алайҳиссалом: «Мана бу энди сен билан менинг фироғимиз сабабдур! Лекин мен, сенга ўзим айтиб бергунимгача сен сабр қилолмаган ишларнинг маъносини айтиб берайин: бояги кема хусусига келсак, у бечораҳол кишиларники бўлиб, улар борадирган жойда яроқли кемаларни тортиб оладиган золим подшоҳ бор эди. Ҳалиги боланинг ота-онаси эса мўмин кишилар бўлиб, куфр ва осийлик бирлан уларга кўп озор берар эрди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло унинг ўрнига покиза ва меҳрибон фарзанд ато қилишни ирода қилди. Мана бу девор масаласига келсак, унинг остида хазина бор, у икки етим болага тегишли. Уларнинг марҳум оталари солиҳ киши бўлган бўлиб, ундан қолган ушбу хазинани Аллоҳ таоло улар вояга етгач, юзага чиқармоқни ирода қилди. Мен бу ишларни ўзим учун қилганим йўқ. Мана шулар сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидур», дедилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қани энди, Мусо алайҳиссалом сабр қилган бўлсалар, Аллоҳ таоло бизга икковлари ҳақидаги қиссаларни баён қилиб берар эди», дедилар».
Уламоларимиз бу қиссадан кўплаб ҳикматлар, ибратлар чиқарганлар. Уларнинг барчасини эслаб, ёзиш кўп вақт ва кўп жойни талаб қилади. Шунинг учун биривоят қилинадиккитасини айтиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Биринчиси, дунёдаги ҳар қандай инсон илмининг чекланганидир. Мусо алайҳиссалом Улул азм Пайғамбарлардан бўлишларига қарамай, Калимуллоҳ–Аллоҳ билан бевосита каломлашган-сўзлашган зот бўлишларига қарамай, ўз замонларидаги бандалардан бири билганларини билмадилар. Унга шогирд тушдилар.
Иккинчиси, бу дунёда содир бўладиган ишларнинг асл моҳиятини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.
Учинчиси, мўмин банда ўзига етган, сиртдан баъзан мусибат бўлиб кўринаётган ишлардан сабрсиз бўлмаслиги лозим. Кейин ўша иш унинг ўзи учун фойдали бўлиб чиқиши эҳтимоли борлигини унутмаслиги керак.
Тўртинчиси, ҳаёти дунёдаги баъзи бир ҳодисалар ҳам кишини фитнага учратиб йўлдан оздириши мумкинлигига ишора қилмоқда. Ва ҳоказо...
Ҳадиси шарифларда Мусо а.с. ҳақларида яна бошқа маълумотлар ҳам бор. Жумадан, «Тожул Жомеъ» китобининг «Баъзи анбиёлари фазллари» бобида қуйидаги ривоятлар келтирилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши сўкишиб қолди. Яҳудийлардан бир киши ва мусулмонлардан бир киши. Шунда мусулмон: «Муҳаммад алайҳиссаломни танлаб олган зот ила қасам!» деди.
Яҳудий эса: «Мусо алайҳиссаломни оламлар устидан танлаб олган зот ила қасам!» деди.
Ана шу пайтда мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига шапалоқ туширди. Яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб ўзи билан мусулмон орасида бўиб ўтган иш ҳақида хабар берди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени Мусодан яхши қилманглар. Одамлар хушларидан кетганда биринчи ўзига келган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. Билмайман, у ҳам хушидан кетиб мендан олдин ўзига келганми ёки истисно қилинганлардан бўлганми», дедилар».
Учовлари ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлим фариштаси Мусо алайҳиссаломга юборилди. Унинг олдига келганда бир шапалоқ тушириб кўзини чиқариб қўйди. У ўз Роббисига қайтиб борди ва: «Мени ўлимни истамайдиган бир бандага юборибсан», деди. Бас, Аллоҳ унга кўзини қайтарди ва: «Унинг олдига қайт-да, унга айт, қўлини бир хўкизнинг устига қўйсин. Қўли ёпган жойдаги қиллар сонича йил унга берилади», деди. У: «Ҳа, Роббим. Сўнра нима?» деди.
«Сўнгра ўлим», деди У зот.
«Ана энди бўлди», деди.
Бас, у Аллоҳдан ўзини муқаддас ерга бир тош отишча яқинлаштиришни сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўша ерда бўлганимда сизларга унинг йўл бўйидаги қизил қум тепалик остидаги қабрини кўрсатар эдим», дедилар.
Икки шайх ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга исро қилдирилган кечада Мусонинг қизил қум тепадаги қабир олдидан ўтдим. У қабрида тик туриб намоз ўқиётган экан», дедилар».

У ЗОТНИНГ ВАФОТЛАРИ

Мусо алайҳиссалом ўз акалари Ҳорун аҳайҳиссаломдан кейин тийҳ-бани исроилликлар чиқа олмай айланиб юрган ерда вафот этдилар. У зот Бани Исроилни муқаддас ерга олиб кирмадилар. Уларни у ерга йўшаъ ибн Нун олиб кирди. Мусо алайҳиссалом 120 ёшларида бу дунёни тарк этдилар.
Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръон Каримдаги энг кўп келган, кўп жой олган қисса эканига амалий равишда қаноат ҳосил қилдик.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак Мусо алайҳиссалом Инсоният илоҳий таълимотлардан жуда ҳам узоқлашган бир пайтда пайғамбар бўлганлар.
У зот пайғамбар бўлиб келган қавм онгида подшоҳни Робб деб этиқод қилиш ўрнашиб қолган эди. У зот пайғамбар бўлиб келган жамият ўша пайтдаги инсон болисига оид барча нобакорларикларни ўзида мужассам қилаган жамият эди.
Улар каттаю кичик ҳар бир масалада илоҳий таълимотдан узоқлашиб ўзлари ихтиро қилган нобакорликларга амал қилишга ўтиб олган эдилар.
Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом уларга кўплаб тушинтириш ишлари олиб борган бўлсалар ҳам узотнинг ўз қавмларидан бўлган бир гуруҳ ёшлардан бошқа ҳеч ким илоҳий йўлга юрмади. Балки ул нобакорлар ўзларига пайғамбар бўлиб келган зотни ўлдиришга қасд қилдилар.
Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн ва унинг аҳли билан бўлган мужодалалари кофир қавмнинг Аллоҳ таоло томонидан ғарқ қилиниши ила якунланди.
Бошқа қиссаларда кофир қавм ҳалок бўлади, Пайғамбар ва унга иймон келтирганлар нажот топадилар шу билан иш тугайди. Аммо Мусо алайҳиссалом қиссаларида кофир қавм ҳалок бўлганидан кейин асосий воқеалар бошланади. Фиръавн ва унинг қавми ҳалок бўлгандан кейин Аллоҳ таолонинг пайғамбар Мусо алайҳиссалом ва у зотнинг акалари Ҳорун алайҳиссаломлар ўз қавмлари, нобакор Бани Исроил қавми ила юзма-юз қоладилар.
Узоқ муддат қулликда, азоб уқубатда яшаган бу қавм Аллоҳ таоло уни озод қилиб Ўз неъматларини ато қилгандан кейин турли ношукрликлар қилишни бошлайди. Деярли ҳар бир илоҳий неъматга қарши бир неча бани исроилий нобакорлик содир бўлади.
Мусо алайҳиссалом уларни инсофга чақиришга, шукр қилишга даъват қилишга кўп уринадилар. Аллоҳ таоло ҳам уларга танбиҳ учун турли азобларни йўллаб туради. Аммо табиати бузуқ халқ танбиҳ олмайди. Бани Исроилнинг нобакорлиги борган сари кучайиб бораверади. Охир оқибат Аллоҳ таоло уларнинг ёш болаларидан бошқалари тийҳ-давомли адашувда ўлиб биришини ирода қилади. Кофирлар ғарқ бўлиб битган бўлса, нобакорлар тийҳда юрию битади.
Мусо алайҳиссалом фақат худолик даъвосини қилган тоғут ва унинг гумашталарию қавмига ҳамда нобакорлигу ношукрлик ботқоғига ботган ўз қавмларига қарши иш олиб бориш билан кифояланган, балки, у зотнинг солиҳ банда ила бўлганга ўхшаш шахсий маънодаги ишлари ҳам бўлган. Бу ҳам у зотнинг ҳақларидаги қиссалар ичидан ўрин олган.
Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръон Каримда бунчалик кўп келишининг сабаларидан бири, балки, асосий сабаби, Бани Исроил илоҳий китоб Тавротга амал қилиб яшаши матлуб қавм бўлган эди. Мусулмонлар ҳам Қуръон Каримга амал қилиб яшашлари лозим умматдирлар. Ана шу маънода улар ҳаммадан кўра Бани Исроилдан кўпроқ ибрат олишлари ва улар содир этган хатоларни такрорламасликлари лозимдир. Шунинг учун ҳам Қуръон Карим бу масалага алоҳида эътибор берган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Питсбург университети томонидан олиб борилган тадқиқотда маълум бўлишича, болага 13 ёшгача бақириш ва унга танбеҳ бериш боладаги ҳиссий мувозанатни бузади, давоми...

1780 12:53 / 28 февраль
ОДАМНИНГ ЯРАТИЛИШИБиринчи инсон ва биринчи Пайғамбар бўлмиш отамиз Одам алайҳиссаломнинг яратилишлари қиссаси Бақара сурасида қуйидагича баён этилади .Эсла, давоми...

48107 15:54 / 28.04.2017
биринчи мақолаОналарининг қорнида 2 ойлик бўлганларида оталаридан айрилдилар.Таваллуд топгач, бир муддат оналари билан яшаб, кейин Ҳалима онамизнинг уйларига давоми...

1727 14:00 / 03.03.2022
Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломни Ўз китоби Қуръони Каримда ўн олти жойда зикр этган. Яъқуб алайҳиссаломнинг зикри Бақара, Оли Имрон, Нисо, давоми...

9360 15:51 / 28.04.2017
Аудиолар

118787 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40737 14:35 / 11.08.2021