1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Пайғамбарлар қиссаси

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ

15:51 / 28.04.2017 18622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим Исмоил алайҳиссаломнинг исмларини ўн марта тилга олган. У зот Бақара, Оли Имрон, Нисо, Анъом, Иброҳим, Марям, Анбиё ва Сод сураларида зикр қилинганлар. Исмоил алайҳиссалом асосан ўз оталари Иброҳим алайҳиссалом билан бирга эсга олинишлари ҳаммага маълум.

ИСМОИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Исмоил алайҳиссалом пайғамбарлар ичида энг насаби машҳур, яъни, ота-онаси машҳур зотлардан бирлари десак муболаға қилмаган бўламиз. У киши алайҳиссалом Халилур Роҳман Иброҳим алайҳиссалом ва Биби Ҳожарлардан дунёга келгандирлар. Исмоил алайҳиссалом ўзларининг зурриётлари ичидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чиққанликлари билан ҳам машҳурлар. Шундоқ қилиб Исмоил алайҳиссалом ота тарафдан ҳам ўзларидан машҳур зотга, фарзанд тарафдан ҳам ўзларидан машҳур зотга боғланадилар.
Исмоил алайҳиссаломнинг оналари мисрлик бўлиб, ўша ернинг подшоҳи томонидан Биби Сорага, у киши эса ўз эрлари Иброҳим алайҳиссаломга ҳадя қилинган эдилар. Аллоҳ таолонинг ваъдасига биноан, қариб қартайиб қолган чол Иброҳим алайҳиссаломдан ҳомиладор бўлган Ҳожар онамиздан Исмоил алайҳиссалом дунёга келдилар.
Кейин оилавий сабабларга кўра, Аллоҳ таолонинг ҳикмати асосида гўдак Исмоилни онаси билан Иброҳим алайҳиссалом ўсимликсиз чўлда қолдириб кетдилар. Қайтиб кетаётиб Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини ҳам қилдилар.
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим сураси 37 оят)
Кейин нималар бўлганини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан ўрганамиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аёллардан биринчи бўлиб белбоғ боғлаш Исмоилнинг онаси томонидан бўлган. У Сорага бўлган ўзининг таъсирини кетгазиш учун белбоғ боғлаган. (Ўша вақтда фақат хизматкорлар белбоғ боғлашар эди. Биби Ҳожар биби Соранинг олдида ўзини у билан тенг кундош эмас, балки унинг хизматкори қилиб кўрсатиш учун шондоқ қилганлар.)
Сўнгра Иброҳим уни ва унинг эмизаётган ўғли Исмоилни олиб келиб, байтнинг ўрнига қўйиб кетган. Замзам устидаги катта дарахт остига. Масжиднинг юқори тарафига. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам йўқ эди. У икковларининг олдиларига бир хурмоси бор халта ва сувли меш қўйди. Сўнгра Иброҳим ортига қайтиб кетди. Исмоилнинг онаси унга эргашиб:
«Эй, Иброҳим! Бизни инс ҳам йўқ, жин ҳам йўқ, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб қаёққа кетмоқдасан?!» деди. У буни бир неча марта такрорлади. У эса унга ўгрилиб қарамас эди. Шунда:
«Аллоҳ сени шунга амр қилдими?» деди.
«Ҳа», деди.
«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да ортига қайтди.
Иброҳим эса ўз йўлида давом этди. Қачонки у тепалик йўлидан ўтганида, улар уни кўрмайдиган бўлганда байтга юзланиб ўша калималар ила дуо қилди ва икки қўлини кўтарди:
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим», деб язкурунгача айтди.
Исмоилнинг онаси Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Мешдаги сув тамом бўлганда чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Унга қараса, у тўлғаниб типирчилар эди. Унга назарим тушмасин деб юриб кетди. У ўзига энг яқин бўлган тоғ Сафони кўрди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Кейин Сафодан тушди. Водийга етганида кўйлагининг этагини кўтариб қаттиқ ҳаракат қилган инсондек саъйи қилиб водийдан ўтди. Сўнгра Марвага келди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Етти марта ана шундоқ қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Пайғамбар:
«Ана ўша одамларни иккиси орасидаги саъйидир», дедилар», деди.
У Марвага чиққан пайтида бир овоз эшитди. Ўзига ўзи, жим, деди. Сўнгра қулоқ осди. Яна ўша овозни эшитди. Шунда у:
«(Овозингни) эшитдирдинг. Агар имконинг бўлса менга ёрдам бер», деди. У қараса Замзамнинг ўрнида фаришта турибди. Товони ила ёки қаноти ила излаяпти. Охири сув чиқди. У(Ҳожар) сувни тўса бошлади. Икки қўли билан бундоқ қилиб ҳовучлаб олиб, мешга қуя бошлади. Ҳовучлаб олгандан кейин у яна отилиб чиқар эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин. Агар Замзамни тек қўйганида ёки сувни ҳовучлаб олмаганида Замзам кўриниб турадиган булоқ бўлар эди», дедилар.
У ичди ва боласини эмизди. Фаришта унга:
«Зое бўлишдан қўрқма. Бу ерда Байтуллоҳ бор. Уни манави бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта, Аллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди», деди.
Байтнинг ўрни тепаликка ўхшаш кўтарилган ер эди. Селлар келса ўнг ва чап томонларидан ўтиб кетар эди. Ана шундоқ давом этди.
Бир вақт Журҳумдан ёки журҳум аҳли байтидан бир гуруҳ рафиқлар Кадаа йўлидан келиб, ўтиб қолдилар. Улар Макканинг паст томонига тушдилар. Бас, айланиб учаётган қушни кўрдилар. Улар, албатта. Бу қуш сув бор жойда айланади, бу водийда билишимизча сув йўқ эди, деб бир ёки икки одамни юбордилар. Улар қайтиб келиб сувнинг хабарини бердилар. Улар борсалар, сув олдида Исмоилнинг онаси турибди. Улар:
«Сенинг ҳузурингга тушишимизга изн берасанми?» дедилар.
«Майли. Лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди.
«Хўп», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом:
«Бу нарса Исмоилнинг онасига ёқиб тушди. У унси улфатни хуш кўрарди. Улар ўша ерга тушдилар. Аҳлларига ҳам одам юбордилар. Улар ҳам келдилар. Улардан бир қанча аҳли байтлар бўлди. Бола йигит бўлди. Улардан арабчани ўрганди. У йигит бўлиб уларнинг кўзига нафис кўринди, уларга ёқиб қолди. У вояга етганида уни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Исмоилнинг онаси вафот этди.
Иброҳим ўзи қолдириб кетгандан хабар олиш учун келди. Исмоилни топмади. Хотинидан уни сўради.
«Бизга бирор нарса топиб келгани кетди», деди. Сўнгра у уларнинг маъишатларидан, ҳол-аҳволларидан сўради.
«Биз жуда ёмон ҳолдамиз. Биз торчиликдамиз, оғирчиликдамиз», деб унга шикоят қилди.
«Эринг келса, унга салом айтгин ва унга айтгинки, эшигининг остонасини алмштирсин», деди у.
Исмоил келиб худди бир нарсани сезгандек бўлди ва:
«Ҳузурингизга биров келдими?» деди.
«Ҳа. Бундоқ, бундоқ чол келди. У биздан сени сўради. Мен унга хабар бердим. Мендан маъишатимиз қандоқлигини сўради. Мен унга торчилик ва қийинчиликдалигимиз ҳақида хабар бердим», деди аёл.
«Сенга бирор нарса таъйинладими?» деди у.
«Ҳа. Менга саломини сенга етказишимни амр қилди ва эшигингнинг остонасини ўзгартиришингни айтди», деди аёл.
«Ана ўша отам. У менга сен билан ажрашишимни амр қилибди. Сен аҳлингнинг олдига бор», деб уни талоқ қилди.
Сўнгра улардан бошқа аёлга уйланди. Бас, Иброҳим улардан Аллоҳ хоҳлаганича ғоиб бўлди. Сўнгра яна келди. Яна уни топмади. Унинг хотини олдига кирди. Кейин у ҳақида сўради.
«Бизга бирор нарса топиб келгани кетди», деди.
Сўнгра у, ҳолингиз қандоқ, деб уларнинг маъишатларидан, ҳол-аҳволларидан сўради.
«Биз яхшимиз, кенгчиликдамиз», деб Аллоҳга шукрлар айтди.
«Таомингиз нима?» деди.
«Гўшт», деди.
«Шаробингиз нима?» деди.
«Сув», деди.
«Эй, бор Худоё! Уларга гўшт ва сувда барака бергин!» деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтдилар:
«Ўша кунда уларнинг дони йўқ эди. Агар бўлганида, албатта, у ҳақида ҳам дуо қилган бўлар эди. У иккиси ила аҳли Маккадан бошқалар яшай олмайди».
«Эринг келганда унга салом айтиб қўй ва унга эшигининг остонасини сотиб олишни амр қил», деди.
Исмоил келиб:
«Ҳузурингизга биров келдими?» деди.
«Ҳа. Бир гўзал кўринишдаги чол келди. Мендан сенинг ҳақингда сўради. Мен хабар бердим. Кейин маъишатимиз ҳақида сўради. Мен, биз яхшимиз, деб хабар бердим», деди аёл.
«Сенга бирор нарса таъйинладими?» деди у.
«Ҳа. Менга саломини сенга етказишимни амр қилди ва эшигингни остонасини ўзагартирмаслигингни айтди», деди.
«Ана ўша отам. Остона сенсан. Сени тутиб қолишимга амр қилибди», деди.
Бас, Иброҳим улардан Аллоҳ хоҳлаганича ғойиб бўлди. Сўнгра яна келди. Исмоил Замзам яқинидаги катта дарахт остида камон ўқини созлаётган эди. Уни кўриши билан у томон турди ва ота-болага, бола-отага қиладиган нарсани қилди. Сўнгра у:
«Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди.
«Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди Исомил.
«Сен ёрдам берасанми?» деди. Исмоил:
«Ёрдам бераман», деди Исмоил:.
«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди.
Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Исмоил тош таширди, Иброҳим қурарди. Бино кўтарилганда манави тошни олиб келиб унга қўйиб берди. Бас, у у(тош)нинг устига чиқиб олди. У бино қурарди. Исмоил унга тош олиб берарди. Икковлари:
«Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан…», дер эдилар».
Бухорий «Бадъул халқ»да ривоят қилган.
Исмоил алайҳиссаломнинг кўпгина хабарлари оталари пайғамбар Иброҳим алайҳиссаломнинг хабарлари ила чамбарчас боғлиқ экани ҳаммага маълум. Иброҳим алайҳиссалом қариган чоғларида кўрган ўғилларини қурбонлик қилишга уринганларида Исмоил алайҳиссаломнинг қанчалик юксак одоб ила бу ишга бош эгиб берганлари ҳам маълум. Шунингдек у зотнинг Байтуллоҳни бино қилишда оталарига ёрдам берганлари ҳам маълум. Бу ишларнинг барчасида Иброҳим алайҳиссалом биринчи шахс бўлганлари учун биз уларнинг тафсилотини ўша зотнинг қиссаларида келтирдик. Бу ерда қайтариб ўтирмаймиз.
Энди Қуръони Каримда Исмоил алайҳиссалом ҳақларида келган баъзи оятларни ўрганмиз.
Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида айтади:
«Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва набий бўлган эди». (54 оят)
Эй Муҳаммад, илоҳий китоб–Қуръонда Исмоилнинг қиссасини эсла. Исмоил, ҳеч шубҳасиз, ваъдасига содиқ зот эди. Содиқлик ҳар бир Пайғамбарнинг сифатидир. Аммо, Исмоил алайҳиссалом бошқа Пайғамбар алайҳиссаломлардан ўзларининг ваъдага садоқатлари билан ажралиб турганлар.
«...ҳамда Расул ва набий бўлган эди».
У зотнинг Расул ва набий эканликларига шак-шубҳа йўқ. Демак, Исмоил алайҳиссалом халойиқни ҳидоят йўлига чақирганлар.
«У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди». (55 оят)
Маълум бўладики, Исмоил алайҳиссаломнинг шариатларида ҳам намоз ва закот ибодатлари бўлган. Бўлганда ҳам, алоҳида зикрга сазовор, юксак мақомли ибодатлардан экан.
«...ва Робби наздида рози бўлган эди».
Яъни, Роббининг розилигига сазовор бўлган эди.
Бақара сурасида Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:
«…Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик». (125 оят)
Яъни, Байтуллоҳни атрофдан келиб тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик. Бу ҳам Иброҳим алайҳиссалом билан бир қаторда Исмоил алайҳиссаломнинг мақомлари улуғ эканига далолатдир.
Шунингдек, «Анбиё» сурасида:
«Ва Исмоил, Идрис ва Зул-кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир.
Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди. (85-86 оятлар)
Ушбу зикр этилган ояти карималарда Исмоил алайҳиссаломнинг бир неча сифатлари зикр қилинмоқда:
1-Сиддиқлик.
2-Набийлик.
3-Олий мақом соҳиблиги.
4-Сабр қилувчилик.
5-Аллоҳнинг раҳматига кириш.
6-Солиҳлик.
Аллоҳ таоло «Сод» сурасида қуйидагиларни келтиради:
«Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир». (48 оят)
Бу уч Пайғамбар ҳаётида ҳам эслашга лойиқ ибратли ҳодисалар бўлиб ўтган. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ахёр–энг яхши бандалардан бўлганлар.
Уларни Аллоҳ таоло ахёрлардан деб алоҳида мадҳ этмоқда.
Ана ўша Пайғамбарларнинг ҳаётидан, Аллоҳ йўлидаги курашишларидан, дин йўлидаги фидокорликларидан, бало-офатларга, машаққатларга сабрларидан, турли синовларга бардош беришларидан, кофирлар, мушриклар ва мунофиқлардан келган озорларни кўтара билишларидан ибрат, ўрнак олиш керак.
Исмоил алайҳиссалом ўзлари яшаб ўтган муҳитдаги арабларга пайғамбарлик қилдилар.
Исмоил алайҳиссалом ўн икки ўғил ва бир қиз фарзанд кўрганлар. У зотнинг ўғилларининг барчаси араб қабилаларига ота бўлганлар. Исмоил алайҳиссаломдан тарқалган арабларни араби-мастаъраба деб номланади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари ҳам Исмоил алайҳиссаломдандир.
Исмоил алайҳиссалом ўз қизларини укаларининг ўғли ал-Ийс ибн Исҳоққа турмушга берганлар.
Исмоил алайҳиссалом 137 йил умр кўриб кейин бу дунёни тарк қилганлар. У зот оналари Биби Ҳожарнинг ёнларига, Каъба ҳижрига дафн қилинганлар. У зотга Аллоҳ таолонинг соловотлари ва саломлари бўлсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бу сураи каримада бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг давоми...

46677 15:55 / 28.04.2017
Австралияда қадоқланадиган ушбу маҳсулот этикеткасига .Оқиб турган дарё бўйида бўлсанг ҳам, сувни исроф қилма,, деб ёзиб қўйилган. Унинг остига .Муҳаммад давоми...

2511 11:34 / 24.01.2022
Аллоҳ таоло Лут алайҳиссаломнинг исми шарифларини Қуръони Каримда 27 марта зикр қилган. У зотга тегишли ояти карималар Ҳуд, Ҳижр, Ҳаж, Шуаро, Намл, Анкабут, Сод, Қоф, давоми...

30071 12:30 / 30.03.2021
РИСОЛАИ МУҲАММАДИЯНИНГ ИНСОНИЯТГА ФАЗЛИ ВА УНИНГ ОЛАМШУМУЛ АРҒУМОНЛАРИРИСОЛАТ ВА ДИЁНАТЛАР ТАРИХИДАГИ БЕНАЗИР ЭЪЛОН.Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳамад давоми...

4462 18:42 / 28.04.2017
Аудиолар

135109 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55385 14:35 / 11.08.2021