1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

ҲАҚИҚИЙ ИЙМОН

15:35 / 28.04.2017 2525 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунимизга назар ташлаб, ибратли воқеаларнинг деярли ҳар куни содир бўлаётганини кўрамиз. Аммо бугунги дастуримизда яқин ўтмишга сайр этиш ниятимиз бор. Шояки, бугунги кун болалари ушбу воқеадан ўзларига етарлича ибрат олишса...

Шўро даврида илм аҳлига нисбатан қандай муомала бўлганини ҳамма билади. 37-йилларда эса худосизлар давлати озгина арабий саводи бор кишиларни ҳам битта қўймасдан қириб юборгани манбаларда келтириб ўтилган. Келинг, ана шундай воқеалардан бирини эслаб ўтайлик.

Бизга ушбу воқеани тошкентлик биродаримиз айтиб берган. У киши эса собиқ иттифоқ даврида ревизия ишлари билан шуғулланган дину диёнатли бир инсондан эшитган экан. Келинг, ривоятни сўзлаб берган эгасидан тинглайлик. 

... 80-йиллар охирида ревизия ишлари билан Ўзбекистон вилоятларининг кўпига сафар қилардик. Ана шундай сафарларнинг бири Бухорога қаратилди. Йўлга тушдик. Табиийки, меҳмонхонада дам олиш кўпчиликка ёқмайди. Ҳар ким турли вилоятда ўз танишини излайди. Бухорода ажойиб бир дўхтир танишимиз бор эди. 

Дўстлар билан келишиб, ана шу инсон уйида дам олишни режалаштирдик. Собиқ иттифоқ даврида инсонларнинг динга бўлган эътиборини ҳамма билади. Айниқса, тиббиёт соҳасида фаолият юритган кишилар "дин-афюндир!" шиорига қаттиқ амал қилган ҳолда иш қилишарди. Лекин биз қўнган манзил эгаси исломдан хабари бор, шароитларимизни динимизга мослаб қилиб берди. 

Кечқурун хонадон соҳиби билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, Тошкентдан келган шерикларимдан бири дўхтирдан сўраб қолди:

- Кечирасиз, биз диёнатли дўхтирларни кам кўрганмиз. Сиз анча-мунча илмли ҳам кўринасиз. Ислом динини ўрганишингизга нима сабаб бўлган.

Бу савол дўхтир ошнамизни озгина ўйлатиб қўйди ва тўпланганларни узоқ-узоқЛарга сафарга олиб кетди. 

Қиблагоҳимиз оилада тўнғич фарзанд бўлганлар. Бир укалари бўлган. Аллоҳнинг тақдири билан ака-ука отасиз қолишганида, падари бузрукворимизга оилани боқишдек улкан вазифа юклатилган. Амаким жуда ёш, шу билан биргаликда, ўта қобилиятли киши эдилар. Отам турмуш тақозоси билан мадрасада илм ола билмадилар, оилани боқиш учун ёшликнинг қайноқ даврларини заҳмату меҳнатга алишдилар. Бироқ, бир оиладан бир илмли чиқиши керак, деб амакимнинг сарф ҳаражатини кўтариб, Бухородаги Мир Араб мадрасасига бердилар. Амаким бир неча йиллар ўқиб олим бўлиб етишди. Афсуски, репрессия даври бошланганида, отилиши керак бўлган кишиларнинг рўйхатида амаким ҳам бор эди. 

Бир куни уйда ўтирганимизда, НКВДнинг одамлари келишди. Улар ўша пайтда кимни олиб кетишса, ўша кишининг жанозасига тайёргарлик кўриларди. Дарвоза олдига отам бордилар. Чиқдилар ва НКВДга ўзларини амакимнинг исмларини айтиб таништирдилар. Ҳозир кийиниб чиқай, деб уйга кирдилар. Биз амаким билан отамни кутиб ўтирардик. Отам келиб амакимга шундай дедилар: 

- Ука, сизга Аллоҳ таъоло ўз неъмати - илмни ато қилди. Одамларнинг сизда катта ҳақлари бор. Биз эса оддий бир савдогар бўлиб яшадик. Шу боис, ҳозир мен сизнинг ўрнингизга кетаман. Ўзингизнинг болаларингизга қўшиб, менинг аҳл-у, фарзандларим ҳам сизнинг зиммангизда. Бир амаллаб Аллоҳнинг илмини сақлаб қоласиз ва уни одамларга етказасиз, деган умидим бор. Агар кўришмасак, қиёматда дийдор бор. Аллоҳга омонат!

Охирги сўзлари шу бўлди. Отамни олиб кетганлар шу куннинг ўзида бир тепаликка олиб чиқиб отиб ташлашди. Амаким бошқа исм билан саломат қолдилар. Менга илм бердилар, фарзандлари олим бўлди, одамлар ҳам у кишининг илмидан баҳраманд бўлишди!"

Ҳикояни тингладингиз. Бу қандай ака-укачиликки, дин учун жонни ҳам алмаштириб юборилса. Йўқ, бу ака-укачилик ришталаридан кўра мустаҳкамроқ бир арқондир. Аллоҳнинг арқонини ушлаб қолиш учун жонфидолик, дейилади. Биродарлар, бугунги кунларимизгача динимизнинг етиб келишига мана шундай қурбонликлар бўлган. Ака ўз фарзандларига укаларини топшириб, отилиб кетаверган. Гарчи ўша зикр этилган ака илмли бўлмаса ҳам, олимликка даъво қилмаса-да, ислом нималигини кўпгина илмлилардан кўра яхшироқ тушунган. Ҳис қилган, иймон келтирган. Шунинг учун ҳам ҳаяжонли лаҳзаларда унинг иймони, виждони НКВД ходимларига укани олиб чиқишга йўл қўймаган. Аллоҳу Акбар! 

Бугунги кун болалари бу воқеадан ибрат олишсин, таъсирланишсин ва дин учун шундай хизмат қилишсин. Ҳеч бўлмаганда, мана шундай соф фитрат ила яшаб ўтган боболаримиз ҳақига ҳар намоздан сўнг дуои хайр қилиб қўйишсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азиз ва ҳаким зотдирrdquo. Оли Имрон18 давоми...

2217 14:53 / 28.04.2017
Бир киши Шайх Холид Жубайринг олдиларига келиб Эй устоз, мен Роббимни ғазаблантирадиган барча иллатларимдан воз кечдим. Фақат сигарет чекишни ташлай олмадимrdquo давоми...

2586 15:01 / 28.04.2017
Юртимизнинг кўзга кўринган имомларидан бири томонидан ҳикоя қилиб берилган қуйидаги воқеа мени жуда таъсирлантирган эди. Бу воқеа қори акамизнинг айтиб давоми...

3439 15:40 / 28.04.2017
Бундан бир неча ой муқаддам Бухородан икки киши пойтахтимизга меҳмон бўлди. Агар бир воқеа рўй бермаганида, бу оддий бир меҳмондорчиликдан бошқа нарса бўлмасди. давоми...

3382 15:42 / 28.04.2017