1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

Қарз

15:30 / 28.04.2017 2823 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир кун қишлоққа борганимда жаноза устидан чиқиб қолдим. Марҳум таниш эди, бордим. Имом, фоний дунёнинг ўткинчилиги ҳақида маъруза қилди, сўнг марҳумнинг бўйнида қарзи бор-йўқлигини сўради. Тобут ёнида, раҳматлининг амакиларидан бири турарди. Одатда, бундай пайтларда, қарз берганлар индашмайди. Ҳарқалай, воз кечиб юбормаса ҳам, ҳақ талашишнинг мавриди эмаслигини билиб, сукут сақлашади. Лекин Имом ҳам шу ерлик бўлгани ва марҳумнинг бўйнида жуда кўп қарзи борлигини ва қайтарилмаган қарзлар учун, марҳум қаттиқ азобланишини инобатга олибми, саволни қайта-қайта бера бошлади. Қарз бериб турганлардан бири марҳумнинг савлат тўкиб турган бой амакисидан нажот кутиб: - Марҳум мендан қарздор эди. Бунга гувоҳларим ҳам бор деди. Имом, талабгорга қаради ва қарзи қанчалигини сўради. Талабгор бор дардини тўкиб солди. У сўзини тугатар-тугатмас унинг ёнига яна бошқа бир талабгор келди. Имом марҳумнинг амакисига қараб мурожаат этар-этмас, талабгорнинг сони ортди. 6 кишига етди. Уларнинг айтиши бўйича марҳум ўтган йили ҳамманинг пиёзини баҳолаб, насияга олган ва вагонга ортиб Россияга олиб кетган. Йўлда пиёзларни совуқ урган. То манзилга етиб, бозорга туширгунларича пиёз музлаб, чириб ишлатишга яроқсиз бўлиб қолган, сасиб кетган пиёзларни сотиш тугул, ёнидан пул тўлаб, чиқинди тўкиладиган жойга ортиб бориб ташлашган. Бир ой юриб-юриб зўрға уйига қайтиб келган. Уйга қайтгач эса, пиёз берган деҳқонлар ҳар куни бирма-бир келиб ҳақларини талаб қилаверишган. Уйдаги ҳамма нарса сотиб тугаллансада, қарзнинг ўрни қопланмаган. Орадан бир йил ўтса ҳамки ўзини ўнглолмаган одам шу бўйи ўзини ўнглолмай, юрак ўйноғи билан оламдан ўтган. Ҳозир биз ўша одамнинг жанозаси устида бўлаётган жанжалнинг гувоҳи бўлиб тургандик. Имом марҳумнинг амакисидан, - «Қолган қарзларни тўлашни, ўз бўйнингизга оласизми, марҳум гўрида тинч ётсинми» - дея баралла овоз билан сўради. Амаки индамади. Имом яна қайта сўради. Амаки: - «Бу жуда катта миқдордаги пул, мен масъулиятни бўйнимга олиб , Худо олдида ёлғончи бўлиб қолишни истамайман. Ана марҳумнинг ўғли бор, омон бўлса балки бир кун узилиб кетар» - деди. Ўртага марҳумнинг ўғли чиқарилди. У чопон кийиб, белини боғлаб олган. 10-12 ёшлардаги болакай эди. Болакай афтидан гап нимадалигини тушуниб турарди. 

    - Майли мен отамнинг ҳамма қарзларини бўйнимга оламан – деди. Одамлар орасида норози оҳангдаги гап-сўзлар эшитилди: «Бу қачон катта бўлади-ю, қачон пул топиб ҳақимизни тўлайди?»

    Имом ҳам ўз вазифасини адо этиб бўлганини англаганидан елкасидан тоғ ағдарилгандай шоша-пиша жаноза ўқишга тушди. Лекин бўлиб ўтган ҳолат жуда аянчли ҳолат эди. Бундай савдо ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Ўз ҳаётини бундай якунланишини ҳеч бир бандангга раво кўрма эй Тангрим!

    Жанозадан сўнг тобутни ерга қўяр эканмиз, ҳамма бир сиқим, бир сиқим тупроқ олиб, гўрингда тинч ёт, Оллоҳ мушкулингни енгил қилсин деб, дуо қилиб, лаҳадга ташлади. 

    Шунда, қарз берганлардан бири баланд овозда, «Шу одам бизнинг қарзимизни тўлолмай оламдан ўтди, қарз ўрнига жонини берди, мен берган қарзимдан кечдим, шу одам гўрида тинч ётсин, қиёматда мен учун, ярим танаси куйган ҳолда тирилмасин, танаси бутун бўлиб тирилсин, Оллоҳ йўлига бағишладим» - деди. Унинг бу гапидан руҳланган кекса оқсоқоллар: «Баракалла, балли, умринг узун бўлсин, қани яна ким бор, қарздан кечадиган,» - дея садо берди. Қарз берганлар бирин-кетин «Мен ҳам кечдим, мен ҳам кечдим, шунча пулим бор эди, баҳридан ўтдим» дея розилик беришди.

Бутун жамоат худди бошларидан тоғ ағдарилгандай енгил тортди. Гўрга тупроқ ташловчиларнинг кетмон тортишлари жадаллашди.


Муҳаммад Исмоил


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди Мўминлар ҳар доим Аллоҳга таваккул этадиларrdquo ОлиИмрон сураси, 122оят. Аллоҳ таоло айтди Кимдаким Аллоҳ таолога таваккул этса давоми...

3064 15:32 / 28.04.2017
Умар Ҳайёмнинг рубойиларини ҳамма ҳар хил талқин қилади. Тасаввуф аҳли у зотнинг буюк инсон бўлганлигини тасдиқловчи фикрларни билдирса, баъзи фосиқ кишилар давоми...

3837 15:38 / 28.04.2017
Тарих воқеаларини ўқир эканмиз, баъзи ходисотлардан даҳшатга тушамиз. Лекин диққатроқ назар ташласак, бугунги кунимизда ҳам шунга ўхшаш, ибрат бўладиган воқеалар давоми...

4393 15:39 / 28.04.2017
Ўтган асрнинг аввалги йилларида яшаб ўтган Шайх Шомил рус истилосига қарши 25 йил шиддатли кураш олиб борди. Босқинчиларнинг сонсаноқсиз сараланган қўшинларини давоми...

4086 15:43 / 28.04.2017