1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

АЛЛОҲДАН БОШҚА КУЧ ВА ҚУВВАТ ЭГАСИ ЙЎҚДИР

15:35 / 28.04.2017 3730 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳар қаннақа ҳолатда ҳам Аллоҳга суяниши лозим. Бу жиддий, ақидавий масала бўлиб, ҳатто пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафо с.а.в ҳам ўз ҳадисларида кўп маротаба: "Аллоҳим, мени кўз очиб юмадиган муддат ичида ҳам ўз нафсимга қолдирма. Ҳидоятингдан айирма", деган мазмунда дуолар қилганлар. Ҳатто пайгамбар алайҳиссаломки, ўзлари билан ўзлари қолишни хавфда деб билганларидан сўнг, бошқалар ҳақида яна нима дейишимиз мумкин.

Қуйида, бир биродаримиз томонидан ҳикоя қилиб берилган ходиса айни шу масала ҳақида: "Аллоҳнинг инояти билан уч йил муқаддам ҳажга бордим. Ўзим бир неча йиллардан бери спорт билан шуғулланаман. Ҳар қанақа ҳолатдан чиқиб кетишга ўрганганман. Ҳаж мавсумида ҳам абжирлигим кўп ўринда қўл келди. Айниқса, ҳажарул асвадни ўпиш учун ҳарчанд уринаётган инсонлар ичидан осонлик билан ўтганимда, ич-ичимдан ғурурланиб кетдим. Чунки дунёнинг турли бурчагидан келган мўминлар қора тошни ўпишга роса ҳаракат қилишар, аммо уларнинг жисмоний ҳолати бунга йўл қўймасди. Аслида, ҳажарул асваднинг ўзини бориб ўпиш шарт эмас. Каъба атрофини ўраб турган унинг нурига қўлни теккизиб, ўпиб қўйиш кифоя қилади. Шундай бўлса-да, мен ич-ичимдан оломон ичига кириб, қора тошгача бемалол ёриб ўтишимга ишонч ҳосил қилдим. Тошкентга қайтганимда, таниш-нотанишларнинг: "Спорт устаси бўлиб туриб, қора тошгача бора олмадингми?" деган саволларини ўйлаганим сари, орзуим йўлида қушдек учардим.

Бир бурчакдан тепароққа ўрнашдим ва бир қўлим билан узун тўсинни ушлаган ҳолда ҳажарул асвадга яқинлашдим. Шу қадар енгил ҳаракат қилардимки, одамлар сафини осонлик билан кесиб ўтаётганимдан ўзимда фахр пайдо бўла бошлади. 

Энди тасаввур қилинг. Қора тош билан менинг ўртамни фақат бир хабаш мусулмон тўсиб турарди. У ҳозир чиқади ва мен қанчадан қанча мусулмонлар амалга ошира олмаган ишни бажараман. Ватанга қайтгач, ҳаммага фахр билан айтиб бераман, қандай қилиб қора тошни ўпганимни...

Шундай ҳаёллар оғушига кириб кетганимда, ҳалиги қора хабаш ҳажарул асвад жойлашган хонадан чиқди ва... мен унинг чап томонида эдим, ўнг томонида турган шеригини ўтказиб юбориш учун мени орқага суришга ҳаракат қилди. 

Хабашнинг гавдаси бақувват бўлгани учунми, мен роса ҳаракат қилмай, жойимда тура олмадим. Устунни ушлаб турган қўлим билан ўзимни ушлашга уриндим, аммо... Ҳаддан ташқари ўзига бино қўйган инсон гўшт қиймалагични ёдга соладиган оломон ичига отилиб кетди. Азизлар, бу мен эдим, ўша бир неча сония аввал ўзини дунёда энг бақувват билган, спорт устаси санаган ва барча ишни ҳал қилишга ошиққан кимса мен эдим. Шу қадар қаттиқ отилиб кетдимки, икки-уч дақиқа давомида ҳажарул асвадга интилаётган кишиларнинг оёқ остида қолиб кетдим. Чиқишга чиранаман-у, униси келиб туртади, буниси оёғи билан эзади. Аслида, одамларнинг биронтаси айбдор эмасди. Чунки улар менга эътибор ҳам беришмасди. Мен зўр базўр, оломоннинг оёқ остидан чиқиб олишга муваффақ бўлдим.

Яқиндагина ҳажарул асвад олдида турган, ҳозир қора тошни ўпиб ҳаммаёқни қойил қиламан, деган банданинг чор ночор бир бурчакка қочиб улгурганини бир тасаввур қиляпсизми? Ана шу банда мен эдим. Бир бурчакда ўтирар эканман, ҳамма жойим зириллаб оғрирди. Ҳаддан ташқари ҳолдан тойган эдим, бунинг устига курагим эзилганидан, бошимда иситма кўтарилди. 

Бор йўғи биргина аъзоим ишларди, у ҳам бўлса миям эди. Ана шу саломат қолган биргина аъзоимни ишга солдим. Яхшилаб ўйлаб кўрдим. Нима сабабдан бу воқеа рўй берди? Ҳа, топдим, сен ўзингга ишондинг. Аллоҳга суяниш, Аллоҳга таваккул қилиш ўрнига ўзингга ишондинг!

Мулоҳазаларим тўғри эди. Ҳаддан ташқари ўзимга ишонганим боис, Аллоҳ кўрсатиб қўйди. Бир пайтлар устозимдан ўрганган дуоим бор эди, дарҳол эсимга тушди: 

Аллоҳумма роҳматак, аржу фа лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн, ва аслиҳлий шаъни куллаҳу ла илаҳа илла ант, я ҳайю, я қойюм бироҳматика астағийс. 

Яъни, Эй Аллоҳ! Сенинг раҳматингнигина умид қиламан, мени бир лаҳзага бўлса ҳам ўз нафсимга топшириб қўйма, менинг аҳволимни барчасини ислох эт. Сендан ўзга илоҳ йўқдир, эй (доимо) тирик ва (доим) қоим, яъни тургувчи зот, Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман. 

Имом Абу Довуд томонидан ривоят қилинган ушбу дуо ҳар қандай қийинчиликларни даф қилгувчи дуо ҳисобланади. Исми Аъзам китобида келган дуо. Беҳосдан оғзимдан ана шу дуо чиқди. Ушбу дуони ихлос билан айтганимданми, калламга бошқа бир фикр келди: "Сен ҳажарул асваднинг олдига бориб хабаш томонидан одамларнинг оёқ остига улоқтириб юборилишингга ўзинг сабабчи бўлдинг. Катта кетдинг, Аллоҳдан паноҳ сўрамадинг. Шу дуони айтсанг, ҳаммасини Робнинг Ўзи тўғрилаб қўярди. Энди эса мана беҳол бўлиб ўтирибсан. Лекин, шундай бўлса-да, бир таваккал қилиб кўрмайсанми? Аҳволинг ҳаминқадар бўлса-да, Аллоҳга суяниб, "Аллоҳумма роҳматак, аржу фа лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн, ва аслиҳлий шаъни куллаҳу ла илаҳа илла ант, я ҳайю, я қойюм бироҳматика астағийс" деб дуо қил ва ҳаракат қилиб кўр. Сендан нима кетди. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зот-ку!!!"

Азизлар, мана шу дуо тилларимдан чиқиши биланоқ нимагадир ўзимни бояги ҳолатдан кўра тетикроқ тутдим. Ўрнимдан секин турдим. Белим, курагим, бошим зирқираб оғриётган бўлса-да, ҳажарул асвад томон юриш режасини туздим. Энг қизиғи, аҳвол унчалик ҳам ҳавас қиларли даражада эмасди. Чунки мен ҳажарул асвадни ўпиб, айланадан чиқиб кетаётганларга қарама- қарши туриб қолган эдим. Аммо хаёлимга ярқ этиб келган фикр Росулуллоҳ с.а.в томонидан айтилган дуога ишониб, қора тош сари дадил одимладим. Бир араб ва уйғур йигити билан келишиб учовлон одамларнинг ичини ёриб боришга келишдим. Гўшт қиймалагичдан фарқ қилмайдиган оломон ичида уйғур муваффақиятсизликка учради. Мен ҳалиги араб йигити билан қора тошга бошқа томонидан жуда яқин келдик. 

Аллоҳу Акбар! Миллионлаб одамлар ичида шеригимнинг омади кулди. У Аллоҳнинг ёрдами ила ҳажарул асвадни ўпиш учун кичик хонага кирди. Мен унинг ўнг томонида турардим. Бояги аҳволимдан асар қолмаганди. Яъни мен ўзимга умуман ишонмай қўйгандим. Аммо Аллоҳдан ихлос ила сўраганим сабабли ҳажарул асвадни ўпишимга ишонч хосил қилган эдим. Ўша онлари ёдимда, лабим тинмасдан Аллоҳумма роҳматак деб бошланмиш дуони такрорларди. Ишонч билан пичирлардим. Араб йигити анча фаросатли экан, чиқаётганда ҳеч кимни туртиб юбормади ва мени тортди. Мен ҳажарул асваднинг қаршисида қолдим. Лекин жиддий бир муаммо пайдо бўлди. Ортимдаги одамларнинг қўллари қора тошга талпинар, мени энгаштиришга қўймасди. Шунда мен овозимнинг борича, "Аллоҳумма роҳматак, аржу фа лаа такилний илаа нафсий торфата ъайн, ва аслиҳлий шаъни куллаҳу ла илаҳа илла ант, я ҳайю, я қойюм бироҳматика астағийс" деб бақирдим. Шунда бирдан менга ҳеч ким қаршилик қилмай қўйди, бемалол ҳотиржам энгашиб қора тошни ўпдим. Аллоҳга суяниб қилган дуоим шарофати менга ҳеч ким қаршилик кўрсата олмай қолди. Спорт устаси сифатида одамларнинг оёқ остига улоқтирилган банданинг ҳолсиз аҳволида бу қадар эмин ҳаракат қилиши фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг инояти ила эди". 

Ушбу воқеага изоҳ беришнинг кераги йўқ. Чунки у бизга Росулуллоҳ с.а.внинг машҳур дуоларини ўргатиш асносида, уни ишонч билан айтишга ҳам тарғиб этади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир аёл жориясига бир дирҳам бериб, Ма, бу пулга ҳолвайтар олиб келrdquo деб буюрди. Бир оздан кейин жория келиб Эй бегойим, бир дирҳам увол бўлдиrdquo деди. Саййидаси давоми...

2365 15:04 / 28.04.2017
Кўп инсонлар учун ҳаётда зарурий эҳтиёжлар бўлган ейиш, ичиш, турмуш қуриш, молдунё тўплаш асосий мақсадлар бўлиб қолган. Яна бир тоифа эса олдиларига юксак давоми...

2575 15:09 / 28.04.2017
Аллоҳга таваккул ва Аллоҳга боғланишнинг турли йўллари бор. Аммо инсон мусибатга тушиб қолганида ҳақиқатан ҳам тавҳид моҳиятини тушунади. Тошкентлик журналист давоми...

2573 15:34 / 28.04.2017
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Зарийат18 Ояти каримада истиғфор айтишга саҳар вақтини хослаб қўйилганининг ҳикмати бор. Чунки саҳар вақтида дуо ижобат давоми...

2351 14:51 / 28.04.2017