1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ғам-қайғу кўрмай десангиз

22:44 / 27.04.2017 15572 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу оламда бошига ғам-қайғу тушмаган инсон бўлмаса керак... Одамзот баъзан бошига ташвиш тушган пайтда нима қиларини билмай қолади. Ўзини йўқотиб, довдираб қолади. Айримлар бошига қайғу тушганида пулига ишонади. Бошқа бировлар мартабасига суянади. Баъзилар кучига, ўз қудратига ишониб иш юритади.

 Бундай ҳолатларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутоҳҳараларига мурожаат қилсак, у зот алайҳиссалом қайғу тушган вақтда Аллоҳнинг бирлигини, Буюк, Ҳалийм эканини ёдга олиб, дуо қилганларини кўрамиз; Аллоҳнинг олий сифат ҳамда гўзал исмлари ичидан Буюк ва Ҳалийм исмларини танлаб, шунингдек, уч улкан махлуқот – осмонлар, Ер ва улуғ Аршнинг Робби, дея зикр қилганларининг гувоҳи бўламиз.

 Имом Бухорий «Жомиус саҳиҳ» номли асарларида ушбу ҳадисни келтирадилар.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ғам-қайғу тушганида қуйидагича дуо қилар эдилар: «Ла илаҳа иллаллоҳу ал-Азим-ул Ҳалийм, ла илаҳа иллаллоҳу Роббус-самавати вал-арзи ва роббул-Аршил Карим».

 Яъни (Буюк ва ҳалийм бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У Зот осмонлару- ернинг ва карим Аршнинг Роббидир).

Бу дуодаги ҳикматлардан бири махлуқ билан Холиқ ўртасини боғлаш, бандаларни ўз Яратувчисига қайтариш, мўминларни қайғу маҳалида жазавага тушишдан сақлаб, сабрга ўргатмоқ, умидларни қайтадан уйғотмоқдир. Чунки қайғу қанчалар катта бўлмасин, Аллоҳ ҳар нарсадан буюкдир. Ташвиш, ғам-андуҳ ҳар қанча кўпайиб чигаллашмасин, Аллоҳ осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бу икки катта махлуқ – осмонлар ва Ерни бошқариб турган Зотга бир банданинг қайғусини кетказиш қийин иш эмас.

 Банда бошига тушган қайғу елкага юклатилган катта тоғдек бўлса-да Аршнинг Роббига бир банданинг елкасидаги тоғдек ғамини кетказиш қийин эмас.

 Буюк, Ҳалийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Бу дуодаги “Ҳалийм” сифатининг маъноси уқубатга, жазолашга қодир бўла туриб, жазони кечиктирувчи, кечиб юборувчи, демакдир.

Мўмин инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсияларига амал қилиб, Еру осмонларнинг Роббига суянади, таваккул қилади. Ушбу дуо зоҳирида талаб, сўров йўқ, қайғу, ғам-андуҳни кетказ, деб айтилган ибора йўқ. Лекин бу дуода таваккул бор, улуғ Аллоҳнинг гўзал исмларини ёд олиб, илтижо қилмоқ бор. Ҳар нарсага қодир Зотнинг зикри бор. Чунки «Аллоҳ зикри ила қалблар хотиржам бўлур, ором олур».

Мўмин инсон бошига қайғу тушганда Еру осмонларнинг ҳақиқий мулкдори – эгаси, султонларнинг султони Аллоҳ таолони эслайди. Ўзи ҳам шу мулклар ичида бир мулк, ушбу махлуқотлар қатори бир махлуқ эканини эслайди. Тунни кунга, қаҳратон қишни баҳорга айлантирувчи, касални соғ, камбағални бой қилувчи Роббини эслайди. Аллоҳ таолонинг ҳар ишида ҳикмат борлигига иймон келтиради. Албатта, Аллоҳ уни бу қайғули ҳолатда давом эттириб қўймайди, оқибатини гўзал якунлайди!

 «Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга енгиллик ҳам бор. Албатта, ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик бор» (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).  

«Аллоҳ сизларга зоҳирий ва ботиний (яширину ошкор) неъматларини комил қилди (тўлиқ қилиб берди)», дейилган ояти карима тафсирида машҳур муфассир Мужоҳид шундай дейди: «Неъматдан мурод – ла илаҳа иллаллоҳ» калимасидир.

Табаа тобеъинлардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ юқоридаги сўзни таъкидлаб: «Аллоҳ бандаларига берган энг афзал неъмат – Аллоҳнинг уларга “ла илаҳа иллаллоҳ”ни билдириб қўйганидир. Чунки «Ла илаҳа иллаллоҳ» улар учун охиратда дунёдаги сув сингаридир», дейди.

 Зикр, дуоларнинг афзали ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳдан сўраган энг афзал зикр ва дуолари ҳақида шундай дейдилар: «Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан сўрадилар: «Эй бор Худоё, менга бир нарса билдирки, у билан мен Сени зикр қилай ва у билан мен Сенга дуо қилай”. Аллоҳ жалла жалалуҳу деди: «Эй Мусо, «Ла илаҳа иллаллоҳ», денгин. Мусо алайҳиссалом: «Аллоҳим, буни ҳамма бандаларинг айтади, менинг ўзимга хос, ўзга бир нарса берсанг». Аллоҳ таоло айтди: «Эй Мусо, агар етти осмон ва Ер тарозининг бир палласида, «ла илаҳа иллаллоҳ» бошқа бир палласида бўлса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» оғир келур».

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдаги «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қайғу-ғам тушганда «Ла илаҳа иллаллоҳу ал-Азим-ул Ҳалийм, ла илаҳа иллаллоҳу Роббус-самавати вал-арзи ва роббул-Аршил Карим», (Буюк ва ҳалийм бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У Зот осмонлару- ернинг ва карим Аршнинг Роббидир) дея, дуо қилар эдилар» иборасидан маълум бўладики, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига қаттиқ қайғулар тушган, ҳаётларида оғир аҳволлар бўлган. Аллоҳ таоло ўз Расулининг ҳаётини бошдан-оёқ беташвиш, қайғусиз, фаровон этиб қўйишга қодир эди, шу дунёнинг ўзини у киши учун жаннатга айлантириб беришга ҳам қодир Зот эди. Лекин Аллоҳнинг суннати ўзгача: «Энг қаттиқ бало пайғамбарларга келади, сўнг солиҳ бандаларга, сўнг яхши-яхши одамларга».

 Халилуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом ўтга ташланганлар. Ўғиллари Исмоил алайҳиссалом қурбонлик учун кундага қўйилганлар. Юсуф алайҳиссаломдек зот қул бозорида арзимас чақага сотилиб, сўнгра бир неча йил зиндонга ташланганлар. Закариё алайҳиссалом устидан арра тортдилар. Яҳё алайҳиссаломни қўйдек сўйдилар. Айюб алайҳиссалом не мусибатлар чекди. Довуд алайҳиссалом миқдоридан ортиқ йиғлади. Исо алайҳиссалом йиллаб ёлғизлик аламини тотдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақирлик, етимликни бошдан кечириб, турли озорлар чекдилар.

 Аллоҳнинг иродаси билан Юнус алайҳиссаломни катта балиқ ютди. Пайғамбардек зот балиқ қорнида маҳбус бўлди...

Дунё қамоқлари ичра бир амаллаб кун кўрса, бўлар. Бир кун келиб озодликка чиқишга умид бордир. Ҳар замонда ўзингга ўхшаган инсонлар билан суҳбат қуриб, кўнгилни ёзмоқ бордир. Лекин ўша қамоқ балиқнинг қорни бўлса-чи?! Балиқ эса туби кўринмас қоронғу денгиз тубида бўлса-чи?! Оҳингни кимга айтасан?! На қутилиб кетишнинг иложи бор, на яшашнинг иложи бор!

Юнус алайҳиссалом худди шундай оғир ҳолда, дардларини балиқнинг Роббига айтдилар, дуо-сўровларини денгиз Роббига йўлладилар. Қилинган хатога тавба қилиб, зулматлар ичидан Меҳрибон Роббиларига илтижо қилдилар: «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Албатта мен зулмкорлардан бўлдим. Эй пок Парвардигор, нақадар раҳмли, ҳаким Зотсан! Эй пок Парвардигор, нақадар улуғ ва карамлисан!... » 

Кимнинг бошига қайғу тушмаган бўлса, бунинг учун хурсанд бўлмасин. Яхши кунларга алданиб, ғафлатда қолмасин. Дунёнинг иши бир кун кулдирса, бир неча кун йиғлатади. Бир кун тўқ қилса, бир неча кун оч тутади. Бир кун роҳат-фароғат, бир неча кун афсус-надомат. Арзимас дунё учун азиз дўстинг душманга айланар, яхши сирдошинг мол-дунё учун сиринг фош этар. Ер талашиб ака-ука юзкўрмас бўлган, бир парча латта учун опа-сингил юз-кўзин юлган.

Агар асли ғаминг охират ғами бўлса, дунё ғамлари кичик бир ғамга айланади. Билгинки, дунё аҳлининг ҳаммаси сенинг зиддингга туриб, жонингга қасд қилсалар, Аллоҳ тақдирингга битганидан ортиғига кучлари етмас. Ишингни Аллоҳга топшир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганларидек:

 «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал-вакийл, неъмал-мавлаа ва неъман-насийр», (Бизга Аллоҳ кифоядир ва У Зот нақадар яхши вакилдир. У Зот нақадар яхши мавло ва нақадар яхши ёрдам берувчидир) дегин.

Бошингга ҳар қандай ташвиш тушса, кенг дунё сен учун торайиб, қалбингни эзса, кундан-кунга ҳаётинг оғирлашиб, қийинчилик кетидан қийинчилик келса, замондан нолима, жазавага тушма, “Энг зўр фолбин қайда?” деб фолбин излама, бандалар эшигида хор-зор бўлма, балки, бандалар Холиқига юзлан. Мушкулларни осон қилгувчи Аллоҳнинг Ўзига арзингни айт. Қилган маъсиятларингга тавба қилиб, истиғфор айт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган дуоларини айт:

 «Ла илаҳа илла анта, субҳанака инний кунту миназ золимин. Ла илаҳа иллаллоҳу ал-Азим-ул Ҳалийм, ла илаҳа иллаллоҳу Роббус-самавати вал-арзи ва роббул-Аршил Карим». (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен поксан. Албатта мен зулмкорлардан бўлдим. Буюк ва ҳалийм бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир. У Зот осмонлару- ернинг ва карим Аршнинг Роббидир)

Мўмин одам бошига қайғу тушган маҳалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, ушбу дуони – мазкур калималарни айтиб, Аллоҳдан ёрдам сўрамоғи кифоя Иншааллоҳу Роббил аламийн.

ХАЙРУЛЛОҲ ҲАБИБУЛЛОҲ тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савдогар киши тижорат молларидан закот фарзлигини зинҳор унутмаслиги ва бу молиявий ибодатни вақтида адо этиб туриши лозим.Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат давоми...

2063 17:55 / 28.09.2019
Шайтонлар одамларнинг ақийдаси, иродаси ва амалини бошқариб туриши мумкинмиАгар банда Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрса, жинлар унга қарши ҳеч нарса қила давоми...

4431 13:09 / 22.12.2019
Ҳаж ибодатига борган бир мусофир киши кўчадан 25 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни топиб олибди. Пулнинг эгасини топиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларига эълон давоми...

4551 18:10 / 27.02.2019
Аслида инсон нафсига ўзини беадабларча тутишлик хосдир. Шунинг учун ҳам у бандага буюрилган ахлоқий меъёрларнинг риоясига қаттиқ қаршилик кўрсатади. Нафс ndash давоми...

2934 21:00 / 13.07.2019