1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вақт оз, тавбага шошилайлик!

19:00 / 08.01.2022 1850 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилмаганларингизда Аллоҳ сизларни кетказиб, (ўрнингизга) бошқа бир қавмни келтирар, улар гуноҳ қилиб, Аллоҳдан мағфират сўрашар ва У Зот уларни мағфират қилган бўлар эди».

Имом Муслим ривояти.

Инсон ҳеч гуноҳ қилмаса кибрланиб кетиши, гуноҳ қилмаябманку, деб Аллоҳга кечиришини сўрамай қўймаслиги учун инсонни хато содир этадиган қилиб яратди. Хато қилсинда, кейин Роббисидан кечиришини сўрасин.

Бандадан гуноҳ содир бўлмаслиги иложсиз нарса. Фақат пайғамбарларгина гуноҳдан пок бўладилар. Банда хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам гуноҳ ичида бўлади. Бу хусусда бандаларнинг яхшиси, ўша гуноҳларни тарк қилишга қаттиқ тиришиб, тавбада бардавом бўлувчисидир. Бу дегани билиб туриб гуноҳни содир этиб, яна тавбани қилавериш дегани эмас.

Банда модомики, ҳаёт экан олдинги гуноҳларига тавба қилиши вожибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда амр қилади: «...Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят).

Аммо бир инсон, мен ҳеч гуноҳ қилмайман, тавба қилиб ялинмасам ҳам бўлаверади деса, демак у энг катта хатони қилган ҳисобланади. Гуноҳ қилмайман, менинг гуноҳим йўқ, деб даъво қилувчилар ҳам учраб туради.

Яъни, «Ушбу баён қилинган ҳолатларда сиздан хато ўтган бўлса, Аллоҳга тавба қилинг ва бу хатоларни бошқа такрорламанг. Шундагина зафар топишингиз мумкин».

Ўрни келганда, ушбу ҳукмларга боғлиқ бошқа масалаларни ҳам эслаб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларнинг бегона эркак билан, ҳатто эркак қариндоши билан ҳам ёлғиз қолишини ман қилганлар. Фақат ёнида маҳрами бўлсагина, бошқалар билан бир жойда турса бўлади.

Имом Термизий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб аёлларнинг олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қонингизда юради», – деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, маҳрами йўқ аёл билан холи қолмасин, акс ҳолда учинчилари шайтон бўлади», – деганлар.

Агар номаҳрам эркак ва аёл бирга қолсалар, ҳеч бўлмаганда, бошқаларда шубҳа туғилади, турли гап-сўзлар кўпаяди. Бу эса ифк ҳодисаси каби мусибатларга олиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам бу масалада жуда ҳушёр бўлганлар.

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда қуйидагилар баён қилинган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирганларида, завжаи мутаҳҳаралари Софийя онамиз кечаси у зотни зиёрат қилгани келдилар. Суҳбатлари тугаб, у киши қайтиб кетаётганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кузатиб, эшик олдига бордилар. Икковлари гаплашиб турганларида, ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тез-тез юриб кета бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига:

– Шошманглар! Бу аёл Софийя бинти Ҳуяйдир, – дедилар. Улар:

– Субҳаналлоҳ! Эй Аллоҳнинг Расули! – дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, шайтон одамларнинг қон томирларида юради. Икковингизнинг қалбингизга бирор ёмонлик солмасин, деб қўрқдим, – дедилар».

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакнинг қўли номаҳрам аёлнинг ҳеч бир жойига тегмаслиги лозимлигини қаттиқ тайинлаганлар. Ўзлари байъат олган вақтларида ҳам аёлларнинг қўлларидан тутмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлнинг ёлғиз ўзи ёки номаҳрам эркак билан сафар қилишини қаттиқ ман этганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётиб:

– Бир эркак бир аёл киши билан ҳаргиз холи қолмасин, агар аёлнинг маҳрами бўлса, майли. Аёл киши сафарга зинҳор маҳрамсиз чиқмасин, – дедилар. Шунда бир киши ўрнидан туриб:

– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг аёлим ҳажга чиқди, мен эса фалон жойда бўладиган ғазотга ёзилдим, – деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Сен бориб, аёлинг билан бирга ҳаж қил! – дедилар».

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, аёл кишини ҳатто ҳажга ҳам ёлғиз юбориб бўлмас экан. Ҳатто Аллоҳнинг, дину диёнатнинг йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, аёлнинг маҳрами у билан бирга ҳажга бориши кераклиги таъкидланмоқда. Чунки сафар машаққат ва хавфдан холи эмас. Мўмина аёлларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга унинг маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиб бориши керак.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркак-аёлларнинг бир-бирига аралашиб юришини жуда қаттиқ ман қилганлар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Усайд Ансорий айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ташқарисида туриб, йўлда эркаклар билан аёллар аралашиб кетганини кўрдилар ва аёлларга:

«Сизлар орқада қолинглар, сизлар йўлнинг ўртасидан эмас, чеккасидан юринглар!» – дедилар. Аёллар девор тагидан юра бошладилар. Улар деворга жуда яқин юрганларидан кийимлари унга тегиб кетар эди».

Жамоат бўлиб намоз ўқиш, Жума намозини адо этиш нақадар аҳамиятли эканини ҳар бир мусулмон яхши билади. Жума фарз. Жамоат намозини эса баъзилар вожиб, баъзилар суннати муаккада, дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат билан жума ўқиш ҳар бир мусулмон учун ҳаққу вожибдир. Фақат тўрт кишигагина: қулга, аёл кишига, ёш болага ва касал одамга (вожиб эмас)», – деганлар.

Жамоат намозига аёлларнинг қатнашмасликлари афзал эканини очиқ-ойдин айтганлар.

Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳумайд Соғидий исмли саҳобия аёл келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

– Аллоҳимнинг Расули, мен сиз билан бирга намоз ўқишни яхши кўраман, – деди. Ул зот cоллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Албатта, мен сенинг мен билан намоз ўқишни яхши кўришингни биламан. Сенинг уйингдаги намозинг ҳужрангдаги намозингдан яхшироқдир. Ҳужрангдаги намозинг ҳовлингдаги намозингдан яхшироқдир, ҳовлингдаги намозинг қавмингнинг масжидидаги намозингдан яхшироқдир, қавмингнинг масжидидаги намозинг менинг масжидимдаги намозингдан яхшироқдир, – деб жавоб берганлар.

Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга масжидга келиб намоз ўқишга рухсат берганлар. Лекин бу шартли рухсатдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хотинларингизни масжиддан ман қилманглар. Уйлари улар учун яхшироқдир», – деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мўътадил равишда зийнатланиб, лозим топилган жойларда атир-упалар билан хушбўйланиб юришга тарғиб қилганлар. Аммо шу билан бирга, зебу зийнат орқасидан қувиб, ҳаддан ошишдан, шариатга хилоф иш қилишдан қаттиқ қайтарганлар. Ана шундай ман қилинган ишлар қаторига аёл кишининг ўз сочига бошқа сочни улаши ва улатиши, ясама хол қўйиши ва қўйдириши, қошини ингичка қилиб териши ва тердириши, тишларининг орасини сунъий равишда очиши ва очдириши, юзининг рангини бутунлай ўзгартириш учун турли воситалар билан ювиши ва ювдириши каби амаллар ҳам киради.

Мўмина-муслима аёлларга бу ишларни қилишлари ҳам, бошқаларга бажартиришлари ҳам мутлақо мумкин эмас.

Буларнинг барчаси жамиятда беҳаёлик, шаҳвоний бузуқлик, фоҳиша гап-сўзлар, жинсий ахлоқсизлик ва зино тарқалишининг олдини оладиган чоралардир. Ушбу илоҳий тадбирларга бандалар чин ихлос билан амал қилган тақдирдагина жамият мазкур ифлосликлар ва ижтимоий касалликлардан пок бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни кўп тавба қилиб, истиғфор айтувчилардан қилсин!

Манбалар:

@arabicuz

«Тафсири Ҳилол» асари

Хуршид Маъруф тайёрлади

Муаллиф
Хуршид Маъруф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон зоти Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичида энг улуғи ва афзали ҳисобланади. Шундай афзаллик жиҳатларидан бири, унинг ҳар бир аъзосининг ўзига хос вазифа давоми...

5061 18:10 / 04.03.2019
Уч киши баҳслашиб қолишди. Улардан бир Замонамизнинг энг сахий кишиси Қайс ибн Саъд ибн Алқамаrdquo, деди. Бошқаси Ҳозирги кунда сахий одам Ароба Авсийrdquo, деди. Улар давоми...

3616 12:30 / 09.12.2018
Ҳасан Басрий айтадилар .Бир куни Абдуллоҳ ибн Муборак билан бирга кетаётган эдик. Сув ичадиган жойга келсак, одамлар тўпланиб, сув ичишаётган экан. Абдуллоҳ ҳам давоми...

4307 07:00 / 26.01.2019
Ибн Муғул айтади .Абу Миъшар Толҳа ибн Мусаррифга ўз ўғлидан шикоят қилди. Шунда у .Ушбу оят билан унинг ҳаққига дуо қил,, деди .Роббим Менга ва отаонамга инъом этган давоми...

1924 09:01 / 19.01.2020