1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Омадли қул

20:00 / 29.04.2020 1975 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сиз кўриб турган, «Омадли қул» деб номланган мазкур портрет оддий сурат эмас. Бу портрет 1733 йилда инглиз рассоми Уилям Ҳоар томонидан чизилган. Айни пайтда Қатарнинг Доҳа шаҳридаги Шарқшунослик музейида сақланмоқда.

Унда акс этган Айюб Сулаймон Диалло 1701 йилда Сенегалда, тақводор оилада туғилган. Айюб болалигиданоқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олди, Исломий фиқҳнинг асосий мактабларидан бўлган Молики мазҳабида таҳсил олди.

Айюб Сулаймон навқирон ёшида африкалик қул савдогарлари қўлига тушиб, 1731 йилда Америкага сотиб юборилади. Мэриленд штатидаги тамаки плантацияларига эгалик қилувчи хонадонда қулликка мажбурланган Айюб машаққатларга қарамасдан кундалик ибодат ва исломий амаллардан воз кечмади. Хонадон эгалари уни таҳқирлашар, намоз маҳали унга ахлат отишар эди. Унинг қочишга бўлган уринишлари бесамар кетарди. Бир гал у қочаётган пайтда ушлаб олиниб, қамоққа тушади.

Қамоқхонада Айюб Томас Блуэт исмли инглиз ҳуқуқшуноси билан учрашади. Ёш африкаликнинг тақвоси, саводи, ҳамда ақл-заковати, эътиқодига садоқати Блуэтни таъсирлантиради. Ҳуқуқшунос кейинчалик ўзининг «Касбим билан боғлиқ айрим хотиралар» номли китобида Айюб Сулаймон тўғрисида шундай ёзади:

«У бетакрор хотира соҳиби эди. Ўн беш ёшида Қуръонни ёддан сўзма-сўз айтар эди…»

Тақдир тақозоси билан, Айюбнинг қамоқхонада отасига ёзган мактуби Англияга бориб қолади. АҚШнинг Жоржия мустамлакаси асосчиси Жеймс Эдвард қўлига тушган арабий тилдаги мактубни таржима қилдириш учун Окфордга йўл олади.

Жеймс Эдвард мактубнинг баён услуби, ҳуснихат ва Айюб тасвирлаган машаққатлардан ниҳоятда ҳаяжонланади сўнгра зудлик билан Айюб Сулаймонни харид қилиб, озод инсон сифатида уни Англияга чақиради.

1733 йилда Англияга етиб келган Айюб инглиз киборлари каби тантанали кутиб олинади. Гарчи, қораларга маҳаллий аҳоли билан сўзлашиш тақиқланган бўлса ҳам, Айюб бундан мустасно эди. Африкаликларга паст назарда қараш, уларни ақлан қолоқ деб ҳисоблаш бу ерда оддий ҳақиқат бўлган. Айюб Сулаймоннинг насроний ва яҳудий руҳонийлари билан баҳслари тез орада Лондоннинг энг қизиқ томошаларидан бирига айланади.

Айюб Сулаймон нутқларида барча инсонлар тенг қилиб яратилгани, эътиқоднинг замири инсонийлик, адолат жамиятнинг бош эҳтиёжи эканига урғу қаратади. Ёш мусулмоннинг диний билимлари, тақвоси ҳамда илгари сураётган далиллари илмий давраларда ҳурмат қозонади. Бундан таъсирланган Жеймс Эдвдард Жоржияда бир муддат қулликни тақиқлаб ҳам қўяди.

Айюб Сулаймоннинг таниқли сурати 1734 йилда — она юртига қайтиш олдидан рассом Уильям Ҳоар томонидан чизилган.

Ўн саккизинчи асрда африкаликлар иштирокида ишланган суратларга эътибор қилсангиз, қиёфаларнинг нотабиий, жиркантирадиган қилиб ёки қораларнинг оқ танлиларнинг фонида тасвирланганига гувоҳ бўласиз. Ирқий нотенглик ва камситилиш санъатда ҳам йўл қўйилгани ҳақиқат.

Аммо, суратдаги бош ўзига хосликка энди тўхталамиз, бу — Айюб Сулаймоннинг бўйнида осиғлиқ жилд. Унда ўзи ёддан қайта кўчирган Қуръони Карим нусхаси сақланар эди. Айюб унинг суратини солишлари учун икки шарти борлигини айтган. Биринчиси, миллий-анъанавий оддий кийимда бўлиши, иккинчиси уни муқаддас китоб билан тасвирлашлари керак эди. Шу тахлит Ғарб тасвирий санъатида илк маротаба Қуръон туширилган мусулмон портрети ишланган.

Икки йиллик машаққат ва хўрланишларга қарамасдан африкалик бу йигит эътиқоди, ўзлиги ва илмини йўқотмади. Ўз навбатида, унинг эътиқоди, тақвоси, илми ва амали унинг ҳаётини сақлаб қолишига сабаб бўлди.

Айюб Сулаймоннинг беқиёс хотирага эга бўлиши, муқаддас китобни ёд олиши, қул қилиб олиб кетилиши, қамоққа ташланиши, ҳуқуқшунос билан учрашуви ҳамда мактубнинг кутилмаганда англиялик йирик киборнинг қўлига тушиши, озод этилиши ва қадр топиши каби вазиятларнинг барчаси ягона ҳикматнинг хосиятли кетма-кетлигидир.

                                                                                          Шуҳрат Сатторов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаъфар ибн Сулаймон Зубъийдан ривоят қилинади .Абу Тайёҳ Зубъий бетоб бўлган пайтда уни кўргани кирдик. У бизга қараб .Аллоҳга қасамки, бугунги кунда мусулмон киши давоми...

2077 08:43 / 10.04.2020
Ҳаммам ибн Яҳё айтади .Омир ибн Абдуллоҳ хасталаниб қолгач, қаттиқ йиғлади. Бу касаллик уни олиб кетиши аниқ эди. Ёнида ўтирганлар у зотга .Эй Абу Абдуллоҳ, нимага давоми...

3208 08:02 / 03.02.2020
Мазкур икки улуғ амалдан кўзланган мақсадлардан бири, ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни тўғри тутиш, хушуъ ва хузуъни қойиллатиб адо этиш, бир сўз билан давоми...

2367 20:00 / 23.07.2019
Уч киши баҳслашиб қолишди. Улардан бири .Замонамизнинг энг сахий кишиси Қайс ибн Саъд ибн Алқама,, деди. Бошқаси .Ҳозирги кунда энг сахий киши Абдуллоҳ ибн Жаъфар,, давоми...

3532 08:00 / 18.08.2020
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021