1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ибн Қуддома раҳматуллоҳи алайҳ

22:20 / 27.04.2017 4614 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу кишининг исмлари Муваффиқуддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қуддома ибн Миқдом бўлиб, Солим ибн Умар ибн Хаттоб ал-Адавий ал-Қуроший ал-Мақдисий ал-Жаммоъилий ва Димашқийнинг зурриёдидан бўлганлар. Ибн Қуддома (р.а.) Ҳанбалий мазҳабининг йирик шайхи ва кўзга кўринган олимларидан бўлиб, замонасида ягона, ижтиҳод мақомига етган деб уламолар томондан тан олинган.

Фаластин ҳудудига қарашли Жаммоъийл (хозирда Жамоъийн дейилади) қасабасида ҳижрий 541- (Милодий 1146-1147) йил Шаъбон ойида дунёга келадилар. Айни шу йилларда Франса шоҳи Луис еттинчи ва Олмония шоҳи Конрад учинчилар бошчилигида Фаластинга иккинчи салиб юриши бошланган эди. Ибн Қуддома (р.а.) дунёга келиб саккиз йил ўтгач, салибчилар Фаластинда тўлиқ назорат ўрнатишди. Шундан кейин Аҳмад ибн Қуддома (р.а.) оила аъзолари билан бирга Димашққа кўчиб ўтадилар ва ўғли Абдуллоҳ шу ерда илм талаб қила бошлайди. У киши балоғат ёшига қадар Қуръони каримни тўлиқ ёд олади, шунингдек “Мухтасари хирақий”ни ҳам ёшлик давридаёқ ёд олганлар. Сўнгра ибн Қуддома (р.а.) холасининг ўғли ҳофиз Абдулғани ал-Мақдисий билан бирга Бағдодга борадилар (Абдулғани ал-Мақдисий ҳам ўз даврида танилган муҳаддислардан бўлиб, у кишининг “Умдатул аҳком”, деган машҳур китоблари бор. Ҳижрий 600-йилда вафот қилган). Икковлари Бағдодга бориб у ерда Бағдодлик ҳанбалий мазҳабининг комил шайхи Абдулқодир Жийлоний ҳазратлари, Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ ва бошқа олимлардан сабоқ оладилар ва яна Дамашққа қайтиб келадилар.

Бағдоддаги талабалик даври тўрт йил бўлган. Тўрт йилдан сўнг Дамашққа қайтганлар. Шайх Абдулқодир Жийлоний ҳазратларидан эллик кун таълим олишга мушарраф бўлган. У киши келгач эллик кундан сўнг, Абдулқодир Жийлоний ҳазратлари вафот этади. Сўнгра ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳдан дарс ола бошлаганлар.

Муваффиқуддин ибн Қуддома ал-Мақдисий (р.а.) ўз илмий ишлари ва ёзган фойдалик китоблари билан ҳанбалий мазҳабининг ривожига беқиёс хизмат қилганлар. У кишининг китобларидан “Ал-Умда”, “Ал-Муқниъ”, “Ал-Кофий фи фиқҳи Аҳмад ибн Ҳанбал”, “Ал-Муғний” (Бу китоб энг катта китобларидан бири бўлиб бутун ислом оламида мўътабар манба сифатида тан олинади), “Ал-истибсор”, Ал-Эътиқод ва яна бир қанча ўнлаб китоблар номини келтириш мумкин.

Машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий (р.а.) ҳижрий 583-йили Фаластинни озод қилиш учун у ерга лашкар тортиб юриш бошлаганда шайх ибн Қуддома (р.а.) ўша лашкарларнинг аввалги сафидан жой олган эдилар. Аллоҳ ибн Қуддома (р.а.)ни бир қанча шаҳарларни озод қилишда Салоҳиддин Айюбийга шерик қилди. Тобар, Ако, Қайсария, Байрут, Асқалон ва Қуддуси шарифларни шу қаторда санаш мумкин. Бу вақтда ибн қуддома (р.а.) 42 ёшда эдилар. У киши, Аллоҳ йўлида, ватан озодлиги учун душманларга қарши жангларда қатнашишларига қарамасдан талабаларига дарс беришни қолдирмас эдилар. 

Ибн Қуддома роҳимаҳуллоҳнинг тенгсиз олим эканлигини ўз даврида номи чиққан барча олимлар эътироф этганлар. Жумладан: Абу Амр ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ Ибн Қуддома (р.а.) ҳақида шундай деган: “Мен Муваффиқуддинга ўхшаш олимни кўрмадим”.

Ибн Ражаб Ҳанбалий у киши ҳақида шундай дейди: “Ибн Қуддома парҳезгор фақиҳ, улуғ имом, шайхулислом ва олимлар ичида ягона , уммат муфтийси эдилар”.

Имом Заҳабий: “Ибн Қуддома гўёки “илм денгизи” бутун олам олими эдилар”, деган. Шунингдек, имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ Зиё ал-Мақдисийнинг ушбу сўзларини нақл қилади: “Мен Муфтий Абу Бакр Муҳаммад ибн Маолий ибн Ғаниймадан эшитганман. У киши: “Замонамизда ижтиҳод даражасига етган ҳеч кимни билмайман магар, Мувафффиқ етганди”, деганлар”.

Ибн Нажжор шундай деганлар: “Дамашқ жомесида Ҳанбалийлар имоми эди. Салафлар қонунини яхши биладиган ўта ишончли олим, ҳавас қилгудек обид ва тақволи бўлган. Уни кўрган киши сўзини эшитишдан олдиноқ ундан манфаат оларди.”

Ибн Қуддома (р.а.) 620-ҳижрий сана, муборак ийди фитр куни 49 ёшларида вафот қилдилар ва Дамашқ шаҳрида дафн этилганлар.  Аллоҳ охиратини обод, жойини Жаннат қилсин.


Интернет маълумотлари асосида Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ривоят қилишларича, бир куни Ҳазрат Абулмаъоний тушида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга муяссар бўлади. У зот Собитхон тўрага .Ватанга давоми...

2183 17:00 / 15.12.2021
Шайх, имом, ҳофиз, ўрнак бўлувчи, мусанниф, сиқа Абул Фатҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Самкувайҳ Асбаҳоний.Ҳиротда истиқомат қилганлар. Ҳадис илмининг давоми...

2024 15:00 / 06.12.2020
Ибн Ақийлнинг турли илмларга тегишли йигирмага яқин таснифотлари бўлган. Таснифотларнинг энг улкани .Фунун, китобидир. Бу жуда катта китоб бўлиб, унда ваъз, давоми...

2352 11:00 / 13.12.2020
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб давоми...

1698 14:00 / 16.10.2023
Аудиолар

210828 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10428 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130091 14:35 / 11.08.2021