1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қарздорнинг уйида таомланиш

16:40 / 27.04.2016 3780 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

CАВОЛ: Агар бир киши иккинчисидан қарздор бўлса, қарз берган инсон қарз олган биродарининг уйига борса, унинг уйида овқат ейиши мумкинми? Бир мажлисда »Бундай қилиш мумкин» эмас дейишди ва уй эгасига қарз берган биродаримиз мажлисни ташлаб чиқиб кетди. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ушбу савол ҳозирги кунда жамиятимизда ҳукм сураётган бир нохуш ҳолни ўзида акс эттирган саволдир. Бу нохуш ҳолат бизда Ислом таълимотини тўла-қонли Исломни ўрганишда пала-партишлик, интизомнинг йўқлигидан келиб чиққан бир нохушликдир. Китоб ёзиб ёки таржима қилиб уни бозорга чиқариш иштиёқида, билган-билмаган, шариатдан хабардор ёки хабардор эмас, турли савиядаги, турли маълумотдаги, турли дунёқарашдаги кишиларнинг диний китоблар орқали ҳам дунёвий, ҳам маънавий бир обрў қозониш мақсадида, яна бошқа бир мақсадларда ҳар хил китобларни тартибсиз равишда чиқаравериш оқибатида мана шу нохуш ҳолат юзага келган. Бунга ўхшаган саволлар анчагина бор, баъзи-бир кишилар юқорида айтилгани каби савиясиз ва билиб-билмай тасниф этилган китоб-ларни ўқиб олиб, ғоят катта тушкунликка тушганлари, шунча йилги имон-эътиқодим нима бўлди деган маънодаги саволларни ташлаётганлари ва ҳоказо ҳолатлар жуда кенг тарқалгани ҳаммамизга сир эмас. Бир катта ёшдаги ҳожи оғамиз бир сирли гап борлиги, ёлғиз гаплашиш кераклиги тўғрисидаги илтимосни қилиб, «мен бир китоб ўқиган эдим, саксон ёшимгача бўлган муддатдаги имон-эътиқодим тўғрисида шубҳага тушиб қолдим, энди буёғи нима бўлади, деган ташвишдаман» деб сўз бошладилар. Шунда эҳтимол фалон китобни ўқи-гандирсиз десам, «ҳа, ҳа ўша» дедилар. Мен ундай бўлса ташвишингиз беҳуда, у ерда бошқа маънодаги гаплар, сиз айт-ган каби ифода бўлиб қолган, шунинг учун сизга жуда оғир туюлиб кетган бўлса керак, деган жавобни бериб, кўнгилларини кўтариб, тўғрисини айтиб қўйдим. Яна масжид имомларидан бир киши дўстлари билан кечаси ёмғир ёғиб турган пайтда чақириб келишди. Ўтиргандан сўнг «фалон нарса бўлган эди, масжидда кейин уни бундай қилиб тузатдик. Лекин ҳозир мен мусулмонлигим қолдими-қолмадими, аёлим талоқ бўлдими-бўлмадими, шуни сўрагани келдим» дедилар. Мен у кишига билганимча тушунтириб, бу нарса билан имондан чиқилмаслиги, эр-хотиннинг орасига талоқ тушмаслигини тушунтириб бердим. Ундан кейин у киши қўйниларидан бир китобни чиқариб очиб менга кўрсатдилар. «Мана шу ерини ўқигандан кейин умуман уйқум ҳам йўқ, ҳаловатим ҳам йўқ, мен кофир бўлибман, аёлим талоқ бўлибди, деган хаёлдаман», деб китобни кўрсатди.
Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп, мана биттаси кўз олдимизда турибди. Бир одам иккинчи одамдан қарз олибди, қарз берувчи қарздорнинг уйига бошқа меҳмонлар билан қўшилиб келган. Ва қарз бергани баҳонасида, шуни рўкач қилиниб меҳмондорчиликдан чиқариб юборилган. Қарз бергани учун қарздорнинг уйидан овқат ейиши мумкин эмаслиги айтилган. Буни у мажлисда ўтирганлар ўзларининг хаёлларидан чиқариб айтишмаган. Балки ҳозирги кунларда таржима қилиниб кишиларнинг қўлига етиб борган китоб-ларнинг бирида мана шу нарса айтилган. Қарз берган киши қарз олганнинг таомини еса рибохўр бўлади, дарахтининг соясида ўтирса рибохўр бўлади ва шунга ўхшаган гаплар айтилган. Ана шунинг эътиборидан ҳалиги киши қарз-дорнинг уйидан чиқариб юборилган. Бу нарсалар тартибсизлик маъносида тар-қалиб қолган. Аслида ўша гапларни тушуниш учун бироз зиёда илм керак, уларни ўқишни билиш керак, ораларини фарқлай олишни уддалаш керак. Шу каби маъноларни тушуниш учун сиз, муҳтарамларга бир мисол келтираман: шариатимизнинг аҳкомларини тушунишда фатво тарафи олинади. Яъни зоҳирий кўриниш, аҳкомларни ўрнига қўйиб адо этиш маънолари эътиборга олинади. Лекин руҳий тарбия, тасаввуфнинг юқори босқичидаги таълимотда, китобларда тақво тарафи эътиборга олинади, яъни гаплар тақво юзасидан гапирилади. Юқори савиядаги нарсанинг ички ру-ҳий, маънавий, ботиний аҳкомлари тўғрисида гап кетади. Фатво тарафини олиш фиқҳ илмининг ва шариатнинг асоси ҳисобланса, тақво тарафини олиш юқори даражага чиқариш, қалбга боғлиқ нарсаларни аҳкомларга боғлаш билан бўлади. Орадаги фарқни тушуниш учун айтамизки, тасаввуф китобларида рўза уч даражада бўлади, рўзанинг учта даражаси бор дейилган. Биринчи даража умум даражадаги, яъни оммавий рўза, авом ҳалқнинг рўзаси, иккинчиси хосларнинг рўзаси, учинчиси хослар хосининг рўзаси. Ана шу рўзаларнинг гапириб боради-да, умумий рўза қорин ва фарз шаҳватини тийиш билан бўлади, дейди. Демак, қоринга ёки жинсий алоқага оид нарсалардан ўзини тийиш билан инсон омиларнинг рўзасини, умумий рўзани тутади. Мана шу маънода рўза очилишига сабаб бўладиган нарсаларни қилмаса, келтирмаса рўзаси тугал бўлади, яхши бўлади, қабул бўлади. Энди хосларнинг рўзаси қорин ва фарж шаҳватларидан ўзини тийиш билан бирга зиёда равишда, кўз, қулоқ, оғиз, қўл, оёқ каби аъзоларини ҳам гуноҳ бўладиган нарсалардан тийиш орқали юзага келади, дейилади. Демак, хос рўза тутган одам фиқҳ китобларида, шариатда кўрсатилган рўзани қандай қилиб тутиш шартларидан юқори равишда кўзини ҳам гуноҳлардан рўза туттириши керак, оғзини ҳам гуноҳ гаплардан, сўзлардан, ғийбатдан, бўҳтондан, туҳматдан тийиш ила рўза туттириши керак. Қўлини ҳаромни ушлаш ёки шуни истеъмол қилиш маъносида тийиб, қўлига ҳам рўза туттириши керак, оёғига ҳам, қулоғига ҳам, бошқасига ҳам. Ана энди ўша умумдан юқори турадиган хосларнинг рўзаси ҳақида гап кетганида мисол учун Суфёни Саврийдан ривоят қилинадики, «ғийбат рўзани бузади» дейди. Ана ўша ерда «ғийбат рўзани бузади» дегани хосларнинг рўзасини тутиб, қориннинг, фаржнинг, шаҳватини тийиш билан бирга кўзини ҳаромдан, оғзини ҳаромдан, қулоғини ҳаромдан, қўлини оёғини харомдан тийиб юрган одам ғийбат гап гапириб юборса ёки чақимчилик қилиб қўйса ҳалиги хос рўзаси бузилади. Лекин ҳақиқий, Аллоҳ амр қилган фарз рўза бузилмайди, савоби камаяди. Мана бу тушунтиришсиз бир одам ўша тасаввуф китобларидан биттасини ўқиб бораётиб у ерда хос рўза тўғрисида сўз кетаётган бўлсаю, ичидан «ғийбат рўзани бузади» деган сўз чиққан бўлса, «ие, мен ғийбат қилиб юборган эдим-ку, ўтган йили ёки фалончини қилувдим, энди рўзам бузилибди-да, қазо рўзани тутай» деган хулосага келмаслиги керак. Бу ердаги бузилиш хос рўзанинг бузилиши, омма рўзасининг бузилиши эмас. Худди шунингдек қарз масаласига келадиган бўлсак, бир одам иккинчисига қарз берди, қоида бўйича қарз берувчи берган қарзининг устига фойда олса рибо бўлади. Шарт қилиб «мен сенга бунча нарсани қарз бераман, қайтараётганингда устига бунча қўшиб берасан» деса рибо бўлади, судхўрлик бўлади, бу–нотўғри, гуноҳ, ҳаром. Лекин ўша қарз берган нарсасини шартсиз, талабсиз қарз олган одам қайтариб бераётганида ундан кўра яхшироғини берса рибо бўлмайди. Бунга далил қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамдан бир ҳайвонни қарз олганлар, муддати келганда ҳалиги қарз берувчи келиб «мендан олган қарзингизни қайтариб беринг» деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга «қаранглар, бизнинг ҳайвонлар ичидан бу одамдан олган қарзимизни қайтариб беринглар» деганлар. Саҳобалар қараб қайтиб келишган, «худди шу одамдан олган ҳайвонингиз сифатига эга бўлган ҳайвон ҳозир у ерда йўқ, ундан яхшироғи турибди» деганлар. «Ўша яхшисини беринглар, қарзни қайтараётганида яхши деб қайтариш керак» деган маънодаги гапни айтганлар, яхши бўлади деган маънода. Демак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олган қарзларини қайтариб бераётганларида олганларидан кўра яхшироқ нарсани берганлар ва буни рибо ҳисобламаганлар, энди бу умумий қарз тўғрисида. Энди хос қарзлар, тасаввуф тушунчасидаги, юқори савияда тақво тарафини олган маънодаги китобларда «қарз бердингми, устига маълум миқдордаги фойда қўшиш у ёқда турсин умуман қарздордан ҳеч қандай фойда кўрмасанг савобинг кўп бўлади» деган маънони англатган гаплар. «Қарздорнинг уйида овқат еса рибо бўлиб қолади, дарахтининг соя-сида ўтирса рибо бўлиб қолади» деган гаплар тақво тарафини олган, тасаввуф оламидан келган гаплар ҳисобланади. Бу ўша савияда юриб, ўшани тўлиқ амалга ошираман деб ҳаракат қилаётган кишиларнинг савиясидаги, уларнинг ўзлари тушунадиган истилоҳдаги луғатлари билан ифода қилинган нарса бўлади. Мана бу ҳақиқатни ниҳоятда яхши тушунишимиз керак. Китоб чиқармоқчи бўлганлар, таржима қилмоқчи бўлганлар қарасин, таржима қилаётган, чиқараётган китобидаги ҳар бир сўзга эътибор билан боқсин. Одамлар ўртасида ихтилофга, келишмовчиликка, тушунмовчиликка сабаб бўладиган нарсаларга эҳтиёт бўлсинлар. Баъзи-бир лафзлар, шундай тушунчалар бўлса биладиганларга кўрсатиб, илова, изоҳ тарзида қўшимчалар билан кўрсатишлари керак бўлади. Халқни қийнаш керак эмас, динини ўрганиб келаётган мусулмонларга ғариб бўлган фикрларни, аҳкомларни, бошқа нарсаларни ҳеч қандай тушунтириш сўзларисиз, изоҳсиз тақ-дим қилмаслик керак. Орада ихтилоф чиқариш, мана бу саволга ўхшайдиган ҳар хил ҳолатларга сабаб бўлишдан четланиш керак бўлади. Яна умумий қоида сифатида айтмоқчимизки, китоб ўқийдиган бўлсаларингиз аввал китобнинг ўзи қандай китоб эканини яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилинглар. Китобнинг муаллифи кимлигини, ҳақиқий олимми, ҳалқ эътиборини қозонган, уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган зотми ёки қандайдир бошқа касбда юриб бу ерга бир хиссасини қўшмоқчи ёки обрўсини орттириш учун ҳаракат қилаётган зотми, таржимон ким–диний таълим олган одамми ёки диндан бехабар бир кишими, буларнинг ҳаммасини яхшилаб ўрганиб, кейин китобни ўқинглар. Ва китобни ўқиганда мана шундай умумий маъно ва хусусий маъно борлигининг эътиборини қилиб боринглар, иншоаллоҳ, шунда яхши бўлади. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Бирга ишлайдиган ҳамкасбим учрашувларга муттасил равишда огоҳлантирмай бир, бир ярим соат кечикиб келади. Шу пайтда менинг жаҳлим чиқади. Лекин унга ҳеч давоми...

2845 20:17 / 27.04.2016
САВОЛ Ислом динида аёлларнинг масжидларга чиқиб, жамоат намозларида қатнашишлари маъқулланмаслигидан хабарим бор. Аммо эркак ва аёлларнинг намоз ўқишида ҳам бир давоми...

3043 20:08 / 26.04.2016
СаволЁшим 21 да. Замонавий филм ва мусиқаларни ёқтираман. Араблар томонидан олинган видеода бу мутлақо мумкин емас, гуноҳ дейилган. Амалларни вақтида бажариб давоми...

8291 09:00 / 03.10.2017
Туғмаган аёлга туғсин деган мақсадда чиллаёсин ўқитиш мумкинмиБу савол ҳам аввалгига ўхшаган гаплардан ҳисобланади. Чиллаёсин дегани quotҚуръони Каримнинг ёсин давоми...

3298 14:50 / 26.04.2016